close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 113-182 саналарда яшаб ўтган ва 69 йил умр кўрган.

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 113-182 саналарда яшаб ўтган ва 69 йил умр кўрган.
У кишининг тўлиқ насаби - Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ибн Хунайс ибн Саъд ибн Ҳабтата ал-Ансорий. Исми Яъқуб, отасининг исми Иброҳим, куняси Абу Юсуфдир.
У кишининг насабдаги катта бобоси Саъд ибн Ҳабтата ал-Ансорий саҳобий бўлган. У кишининг онаси Ҳабтата бинту Молик бўлиб, у Бану Амр ибн Авф қабиласидан бўлган. Имом Абу Юсуфнинг бу катта бобоси онаси тарафига нисбатланган. Отасининг исми Буҳайр бўлган. Шу сабаб баъзи китобларда Саъд ибн Буҳайр ҳам дейилади. Яъни Саъд розияллоҳу анҳу баъзи ривоятларда отасига, баъзиларида онасига ҳам нисбатланган.
Саъд розияллоҳу анҳу Уҳуд ғазотига чиқишни ниҳоятда истарди, лекин ёши кичик бўлгани боис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга изн бермаганлар. Кейинчалик, Хандак ва бошқа ғазотларда қатнашади. Умрининг охирида Куфани ватан тутиб, шу ерда вафот этади. У кишига жаноза намозини Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ўқийди.
Аллома Абдулбар раҳимаҳуллоҳ «Истиоб» номли китобда айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ ғазотида Саъд розияллоҳу анҳунинг ниҳоятда қаттиқ жидду жаҳд билан курашаётганини кўрадилар ва ундаги бу ғайратни кўриб, уни ёқтириб қоладилар. Шунда уни ҳузурларига чақириб: «Кимсан?» дейдилар. У эса: «Саъд ибн Ҳабтата», деб жавоб беради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо қилиб, «Яқинроқ кел!» дейдилар. Саъд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келади ва у зот Саъд розияллоҳу анҳунинг бошини муборак қўллари билан силайдилар».
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен ҳали-ҳануз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўллари баракасини ўз бошимда ҳис қиламан».
Хуллас, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг катта бобоси Ансорий саҳобалардан бўлган.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг отаси камбағал киши эди. Шу сабаб ўғли Яъқуб илмга иштиёқли бўлишига қарамасдан, уни ишлашга мажбур қиларди. Лекин, Имом Абу Юсуф ёшлик чоғидайоқ улуғ инсонларнинг дарс ҳалқаларига қатнаб, дарсларда иштирок этиб турарди.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен дастлаб Ибн Абу Лай-ю раҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқасига қатнашардим. У киши ҳам мени қадрларди. Агар дарсда бирор тушунарсиз ҳолат юзага келса. уни Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ воситасида тушуниб лардим. Мен Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг дарсида катнашишни жуда қаттиқ хоҳлардим. Лекин бундай қилишим устозим Ибн Абу Лайлога оғир ботишидан қўрқардим. Мени Абу ҳанифа раҳимаҳуллоҳга шогирд бўлишдан мана шу нарса тўсиб гурарди. Ва ниҳоят, маълум сабаблар туфайли Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқасига қўшилишга муваффақ бўлдим. Кунларнинг бирида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг дарсига кел-гандим, ортимдан отам етиб келиб, мени мажбурлаб дарсдан олиб чиқиб кетди. Уйга борганимиздан сўнг у менга тушунтирди: Болам, Абу Ҳанифа бой одам. Аллоҳ таоло уни ризқ топиш ташвишидан беҳожат қилган. Сен эса камбағал ва муҳтож одамлар сирасидансан. Шунинг учун сен Абу Ҳанифа билан тенглашаман, деб ўйлама. Унинг ўрнига тирикчилик билан машғул бўл». Шундан кейин мен отамнинг гапига қулоқ солиб, дарсларни тарк қилдим ва касб-ҳунарга киришдим. Устозим Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ икки-уч бор мени дарсда кўрмаганидан сўнг одамлардан мен ҳақимда сўрабди. Кейин у зот мени излатиб, ҳузурига чақирди ва мен у кишига бор гапни айтдим. Шунда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ менга бир халтачани берди. Уйга бориб қарасам, унинг ичида юз дирҳам пул бор экан. Бу жуда катта пул эди. Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мабодо пул тугаб қолса, яна сўрашим мумкинлигини айтди».
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг хос шогирди Имом Музаний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ аҳли раъй ичида ҳадисга эргашувчироқ эди».
Яҳё Ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳли раъй орасида Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ каби ҳадис илмида пухта инсон йўқ эди. У киши суннат ва ҳадис соҳиби эди».
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳам Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳни ҳадис билан сифатлаб: «У киши ҳадис соҳасида адолатли шахс бўлган», деган.
«Ал-Жавоҳирул музийя» китобида Имом Аҳмад, Ибн Маъин ва Ибн Мадиний раҳимаҳумуллоҳ Имом Абу Юсуфни сиқа (ишончли) шахс деганлар.
Тарихчи Ибн Халликон раҳимаҳуллоҳ Билол ибн Яҳё раҳимаҳуллохдан нақл қилиб айтади: «Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ тафсир, мағозий ва араблар тарихининг ҳофизи эди».
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ илк бор ҳадисга шавқланган вақтида Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келади.
Ҳозирги кундаги аҳли ҳадисларнинг имоми бўлган Сиддиқ Ҳасанхон Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақида шундай деган: «Имом Абу Юсуф Куфада яшаган ва Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлган. Ибн Маъин, Имом Аҳмад ва Алий ибн Мадиний раҳимаҳумуллоҳ каби фақиҳ ва муҳаддис зотлар у кишини сиқа ровий, деб айтганлар.
Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ «Китабул интиҳо»да айтади: «Имом Абу Юсуф ҳофиз эди. У киши бирор муҳаддиснинг ҳузу-рига борадиган бўлса, эллик-олтмишта ҳадисни эшитиб ёдларди. Дарсдан чиққач, барча эшитган ҳадисларини бекаму кўст ёддан ёзиб оларди.
Имом Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Абу Юсуф раъй аҳлидан бўлгани учун ҳамда қозилик мансабида ишла-гани учун баъзи бир аҳли ҳадислар у кишининг ҳадисларидан ўзларини тийганлар».
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар бирор масала бораси-да уч кишининг фикри жамланадиган бўлса, бирор кишининг их-тилофи эътиборга олинмайди. Улар: Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳдир. Мазкур уч имом орасида Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қиёсда беназир эди. Имом Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳадис ва асарларда етук бўлган. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эса араб тилида устун эди».
Аслини олиб қараганда, ҳукуматни бошқариш ва подшоҳга ҳам сухбат бўлиш шахсни айбловчи сабаблардан бўлолмайди. Тўғри, ҳукуматни нотўғри бошқариш жиноят саналади. Шунингдек, ҳукуматни номуносиб бошқараётганларга кўмаклашиш ҳам гуноҳ ва дловатга ёрдам бериш ҳисобланади. Бироқ ҳукуматни адолатли бошкариш ибодатдир. Унинг фазилатлари ҳадиси шарифларда ҳам баён килинган.
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик раҳимаҳумуллоҳ ҳукумат ишларини қабул қилмасликлари бошқа масаладир. Абу Жаъфар Мансурдан сўнг вазият ўзгаради ва аббосийлар салтанатида катта ижобий ўзгаришлар юзага келади. Шунда Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ташқаридан туриб ҳукуматни ислоҳ қилиш қийин иш экани эорасида фикр қилади. Шу эътибордан, катта козилик мансабини кабул қилади ва мамлакатда барча шаръий аҳкомлар жорий этилишини ўз назоратига олади.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ қозийи қуззотлик даврида ҳам такво ва парҳезкорликка ниҳоятда қаттиқ аҳамият қаратади.
Аллома Заҳабий раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ борасида алоҳида рисола ёзиб, унда у киши ҳақида кўплаб таърифларни келтиради.
Муҳаммад ибн Самоа раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ қозийи қуззот (бош қози) бўлган вақтида ҳам ҳар куни икки юз ракъат намоз ўқирди».
Кундузи ҳукумат ишлари билан банд, кечалари дарс бериш билан машғул эди. Масала сўраб келган кишиларга жавоб бериш билан вақт ўтказарди. Қисқаси, у зот ҳар икки тарафни ўз ўрнида олиб борарди.
Умавийлардан сўнг аббосийлар давлати ниҳоятда тараққий этади. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу давлатнинг катта қозиси сифатида ҳукуматни идора қилган ва ноўрин ишлар содир бўлса, унга ўз ўрнида фикр билдириб, ҳал этган.
«Китабул хирож»да қуйидаги воқеа келтирилади:
«Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ халифа Ҳорун ар-Рашидга шундай ёзади: «Эй мўминлар амири! Уз халқингизга адолат қилиш мақсадида уларга ойда бир марта қабул ташкил қилсангиз ва мазлум, фақир кимсаларнинг фарёдига қулоқ тутсангиз. Агар шундай йўл тутсангиз, мен сизнинг ўз раиятидан беркиниб олган халифа сифатида танилмаслигингизни умид қиламан. Агар бу ишни амалга оширсангиз, унинг хабари бутун мамлакат бўйлаб тарқалади ва натижада барча золимлар зулм қилишдан тийилади. Шу қаторда сиз тайинлаган волий ва ҳокимлар ҳам инсонларга инсофли муносабатда бўладилар».
Муҳаммад ибн Самоа раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ вафот этар чоғида ушбу сўзларни айтган: «Эй Аллоҳ! Сенга маълумки, мен бирор ҳукмни ноўрин қасд ила қилмадим. Ҳамиша Сенинг китобинг ва Расулингнинг суннатини муқаддам қилдим. Агар бирор мушкул масала рўбарў келса, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг воситаси билан уни ҳал этдим. Мен аниқ биламанки, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Сенинг аҳкомларингни ниҳоятда яхши англар эди. Бирор ўринда қасд қилиб, ҳақнинг доирасидан чиқмадим. Кўрабила туриб, бирор кимсага зулм қилмадим. Бирор тоифанинг, у хоҳ подшоҳ бўлсин, хоҳ амалдор бўлсин, риоясини қилмадим. Эй Роббим, Ўзингга аёндирки, мен бирор ҳаром ишга қўл урмадим ва бирор дирҳамни ҳаром йўл билан касб қилмадим».
Мана шундай сифатларга эга бўлган инсон кандай қилиб жарҳ сифатларига муносиб бўлиши мумкин?
Шунингдек, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ мазҳабида илк бор усулул фиқҳ китобини ёзган. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўз мазҳабида биринчилардан бўлиб усулул фиқҳ китобини ёзади.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ таълиф этган асарлар
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ёзган асарлар маноқиб ва тарих китобларида кўп ададни ташкил этади. Лекин воқеликда мавжудлари кам.
«Кашфуз-зунун» китоби соҳиби Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг амолий (имло қилган китоб)лари уч юз жилд бўлганини ёзади. Улар орасида мавжудлари қуйидагилар:
1. «Китабул осор». Бу китоб фиқҳий далилларни ўзида жамлаган катта қийматга эга захира саналади. Унинг аксар қисми Абу Ҳанифа рахимаҳуллохдан ривоят қилинган.
2. «Ихтилофи Абу Ҳанифа ва Абу Лайло». Бу китобда Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ икки устозининг ихтилофли қарашларини жамлаган ва ўз ижтиҳодига мувофиқ бирининг сўзини бошқасига нисбатан устун қўйган.
3. «Ар-Радду ала сиярул Авзоий». Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг «Китабул жиҳод» номли асарига Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ тарафидан баъзи эътирозлар билдирилади. Мазкур китобда Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ Китоб ва суннатдан далиллар келтириб, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни қувватлаб, Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳга раддиялар беради.
4. «Китабул харож». Бу китоб халифа Ҳорун ар-Рашиднинг таклифига биноан ёзилган. Унда хирож, жизя ва уларга тегишли бўлган масалалар ёритилади.
5. «Китабул хориж вал ҳиял». Бу асар ҳам Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган.
Илмга бўлган шавқи
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илм йўлидаги шавқи борасида шундай ҳикоя қилинади: у кишининг ўғли вафот этади. Бу вақтда Имом Абу Юсуф Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг дарсида эди. Ўғлининг вафоти хабарини эшитгач, устознинг дарсидан қолиб кетишни истамагани учун ўзининг яқинларига маййитни ювиш ва кафанлаш ишларига бош-қош бўлиб туришларини айтади.
Иброҳим ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ вафот этар чоғида мен у кишини кўриш учун бордим. Шу ҳолатда ҳам у киши илмий мунозарада эди. Кейин бирданига ҳушидан кетди. Ўзига келгач, менга деди: «Эй Иброҳим! Рамюл жимар (шайтонга тош отиш) амалини уловда қилган афзалми ёки пиёдами?» Мен: «Пиёда», дедим. У зот: «Нотўғри», деди. Шунда мен: «У ҳолда уловга миниб», дедим. Мунозара тугагач, мен у кишининг ҳузуридан чиқиб, дарвоза олдига етиб борганимда у кишининг жон таслим қилгани хабарини эшитдим».
Баъзи китобларда келтирилишича, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга: «Жонингиз қийналиб турган вақтда ҳам масалаларни баён қилиб бермоқдасиз. Бу ҳолатда ўзингизни қийнаманг», деганларида, у киши айтади: «Бунинг қандай зарари бор!? Шояд, Ҳожам шунинг баракотидан гуноҳларимни мағфират қилса».
Аллома Кашмирий раҳимаҳуллоҳ бу борада ажиб бир нуктани баён қилиб айтади: «Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ мунозара қилган рамюл жимар (шайтонга тош отиш) масаласи билан вафот ҳола-тининг ўртасида бир муносабат мавжуд. Бу муносабат шуки, шайтон вафот ҳолатида инсонни иймонидан айиришга ҳаракат қилади. Рамюл жимарда ҳам шайтонга қарата тош отилади. Зеро, у зот вафот ҳолатида шайтоннинг васвасасидан қутулиш учун рамюл жимар масаласини мунозара қилган. Қолаверса, бу ҳолат уламолар ўртасида жорий бўлган.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ касал бўлиб ётган чоғида Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ ўзининг бир дўстига у кишининг ҳолати ҳақида шундай дейди: «Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг касали оғир. Бу ҳолат гўёки менга у зотнинг охирги дамидек туюлмоқда. Шу сабаб агар у киши вафот этса, менга зудлик билан хабар беринг». Шундан сўнг Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллох вафот этди ва Имом Кархийнинг дўсти жаноза намози ўқиб бўлинганидан сўнг у кишига вафот хабарини етказади. Бу хабарни эшитган Имом Кархий истиржони қайта-қайта айтиб, ниҳоятда оғир ғамга ботади. Кейин ҳалиги киши Имом Кархийга қараб: «Жаноза намозига қатнаша олмаганингиздан шунча надомат чекмоқдамисиз?» дейди. Имом Кархий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен бир туш кўргандим. Тушимда жаннатда бир қаср ҳозирланиб, унда барча нарса тахт қилинган экан. У ернинг ходимлари ҳожаси келишини интизорлик билан кутиб турган эдилар. Яъни меҳмон келиши учун барча тайёргарлик ишлари кўриб қўйилган эди. Кейин мен: «Бу тайёргарликлар ким учун?» деб сўрадим. У ердаги ходимлар: «Буларнинг барчаси Абу Юсуф учун», дедилар. Шунда мен таажжубланиб сўрадим: «Субҳаналлоҳ! У киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида бу мартабага қандай қилиб эришди?» Шунда менга: «Илм ўргатиш ва одамлар тарафидан етган азиятларга сабр қилиш натижасида», дея жавоб берилди.

"Ҳидоя шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Уламолар
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase