close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Илми билан алданиб қолган жоҳил олимнинг ахлоқи

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари ва мусулмонлар имомларидан олимларнинг сифатлари тўғрисида хабарлар етиб келган. Яъни, илмни фахр, баҳс, тортишув, бойларнинг молини ейиш, подшоҳлар ва уларнинг ўғиллари билан ўтириш, дунёга эришиш учун ўрганган олимларга Аллоҳ таоло илм билан манфаат бермаган.

Ундайлар ўзини олимлардан ҳисоблайди, аммо ахлоқи жафо ва жаҳл аҳлиники, барча мафтун бўлганлар учун у бир фитнадир. Унинг сўзлари олимларнинг гаплари бўлса-да, аммо амали ахмоқларникидир. Агар сўровчи: “Бизни огоҳлантирган нарсадан сақланишимиз учун ўша ҳолатлар ҳақида хабар беринг”, дейилса,“Ҳа, Аллоҳ хоҳласа”, деб жавоб берилади.

64.    Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳдан ўзга учун илм ўрганса ёки илм билан Аллоҳ ризосидан бошқасини хоҳласа, дўзахдан жойини тайёрласин!”, деганлар.

65.    Жобир разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илмни олимларга у билан мақтаниш, аҳмоқлар билан баҳслашиш ва мажлисларда рақобатлашиш учун ўрганманглар. Кимки шундай қилса, дўзах, дўзах!”, деганлар.

66.    Каъб ибн Молик разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деяётганларини эшитганман деганлар:
“Кимки илмни олимлар билан рақобатлашиш, аҳмоқлар билан баҳслашиш ва одамларга сотиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади!”.

67. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анхудан ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида одамларнинг энг азобланадигани илми манфаат бермаган олимдир”, деганлар.

68.    Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида одамларнинг энг азобланадигани бу илми манфаат бермаган олимдир!”, деганлар.

69.    Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Охирзамонда жоҳил бандалар ва фосиқ (гунокор) олимлар (кўп) бўлади”, деганлар.

70.    Суфён Саврий разийаллоҳу анҳу: “Аллоҳдан жоҳил бандаларнинг ва фожир олимларнинг фитнасидан сақлашни сўранглар. Чунки, уларнинг фитнаси уларга эргашган барча одамларнинг фитнасидир”, деганлар.

71.    Абдурраҳмон ибн Язид ибн Жобир раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. У мен Макҳул раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини эшитганман, дейди: “Одамларга ваъда қилинган нарса (қиёмат) то уларнинг олими инсонлар орасида ўлимтик эшакдан кўра ҳам сассиқроқ бўлмагунча келмайди!”.

72.    Валид ибн Мазид раҳимахуллоҳдан ривоят қилинган.Имом ал-Авзоий раҳматуллоҳи алайҳининг бундай деганларини эшитганман: “Ибодатсиз фақиҳларга ва шубҳалар билан ҳаромларни ҳалоллайдиганларга вой бўлсин!”.

73.    Ваҳб ибн Мунаббиҳ разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Аллоҳ азза ва жалла Бани Исроил руҳонийларига танбеҳ бериб, “Диндан бошқа нарса учун фақиҳ бўлдингизлар, амал қилмаслик учун илм ўргандингизлар, дунёни охират амали билан сотдингизлар. Қўй терисини кийиб олиб, бўридек қалбингизни яшириб келдингизлар. Шаробларингиздан тақво истадингиз, ҳаромлардан тоғдек луқмаларни ҳам ютиб юбордингиз, одамларнинг устига “Мана шу - дин!”, деб тоғдек юкларни солдингиз. Ибодатларингизни узундан узоқ қилдингиз. Оппоқ кийимлар кийиб олдингиз. Етим ва беваларнинг молини едингиз. Иззатимга қасам ичдим, сизларга шундай фитнани соламан. У билан фикрли инсоннинг раъйи ҳам, ҳаким кимсанинг ҳикматлари ҳам адашиб кетади”.

74.    Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимлар икки хил бўлади: дин олими ва дунё олими. Дунё олимининг илми тарқатилган ва охират олими илми эса яширингандир. Охират олимига эргашинглар ва дунё олимидан эҳтиёт бўлинглар.
Сизларни олимнинг ёмонлиги (Аллоҳга тоат қилишдан) тўсиб қўймасин”.
Кейин бу оятни тиловат қилдилар: “Эй, имон келтирганлар! (Аҳли китоблар ичидаги) руҳоний ва роҳибларнинг кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақлик билан ейдилар ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсадилар” (Тавба сураси, 34-оят).
Руҳонийлар олимлардир, роҳиблар эса обидлардир. Олимларингиз кўпчилигининг кўриниши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра Кисро ва Қайсарнинг кўринишига ўхшайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хом ғишт устига хом ғиштни, қамиш устига қамиш қўймаган(яъни, баланд уйлар қурмаганлар). Лекин, у зотдан илм-ирфон тарқаган, у зот фақат илмга енг шимарганлар.
Олимлар кўп, ҳакимлар кам.“Кимга ҳикмат ато этилган бўлса, унга кўплаб яхшилик ато қилинибди”, деган мазмундаги оятдаги илмдан мақсад ҳикмат назарда тутилган.
“Фақиҳлар кўп, ҳакимлар кам”, деган гапнинг маъноси дунёдан илмини қўриқлайдиган ва илми билан охиратни излайдиган олимлар кам. Ўз илмига алданган олимлар кўпдир. Ҳакимлар камдир. Илми билан охиратни талаб қиладиган киши қандай азиз!

75.    Абу Ҳурайра разийаллоху анҳудан ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илм ўрганса, Аллоҳ учун ўрганиши зарур. Ким дунёдан нимагадир эришиш учун илмни ўрганса,  қиёмат куни жаннат ҳидини ҳаргиз топмайди”, деб марҳамат қилдилар.

76.    Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу бундай деганлар: “Илм аҳли илмни ҳимоя қилсалар ва уни ўз аҳлига тақдим қилсалар, бу билан замондошларини бахтли қилган бўладилар. Аммо, улар дунё аҳлининг бойлигига эришиш учун илмни уларга исроф қилиб, ўз аҳлларига хиёнат қиладилар. Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини  эшитганман: “Ким мақсадларни ягона - охирати учун қилса, Аллоҳ унга дунёдаги мақсадини ҳам  таъминлайди. Кимни дунёвий мақсадлари қамраб олса, Аллоҳ унга дунёнинг қайси водийсида бўлса ҳам эътибор қилмай ҳалок қилади”.

77.    Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. У Ато ал-Хуросоний раҳматуллоҳи алайҳига бундай деган эканлар: “Биздан олдинги олимлар илмлари билан ўзларидан бошқанинг дунёсига ҳожатсиз бўлганлар. Шунинг учун улар бошқаларнинг дунёсига эътиборни қаратмаганлар. Дунё аҳли эса ўша олимлар илмини хоҳлаб, уларга дунёларини сарфлаганлар. Бугунги кунда биздан бўлган илм аҳли дунёдорларнинг дунёсини хоҳлаб, ўз илмларини дунё аҳли учун сарфлайдиган бўлдилар. Дунёдорлар эса, уларнинг илмидан аллақачон воз кечиб бўлдилар. Чунки, улар олимлардаги илм ўрнини нотўғри ҳисобладилар. Сен бу ҳолатдан ва улар эшикларидан сақлан. Чунки, уларнинг эшикларида фитналар бор бўлиб, худди туяларнинг қўтонлари каби (хавфли)дир. Улар сенинг динингдан олганлари миқдорича, сен уларнинг дунёсидан нарса ололмайсан”.
Ўша замонда олимларга дунё йўлдан уриши хавф солган бўлса, бизнинг бу замонимиз ҳақида фикринг қандай? Аллоҳ ёрдам сўралгувчидир!
Олимларни қамраб олган фитналар қандай ҳам катта! Олимлар бу ҳақида ғафлатдадир.

78. Ҳишом ад-Дастувоий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган: “Менга етиб келган бир китобда, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг ушбу сўзини ўқиб қолдим: “Кимдир ўз ризқидан ғазабланадиган ва ўз манзилидан ҳазар қиладиган бўлса, уни қандай қилиб, аҳли илм дейиш мумкин?! Албатта, унинг ризқи ҳам, қудрати ҳам Аллоҳнинг илми ва қудратидан эканини билади-ку! Аллоҳни қазосида айблайдиган ва у берган нарсага қаноат қилмайдиган кимса қандай қилиб аҳли илм бўлади?! Йўли охиратга бўла туриб, дунёга юзланувчи кимса қандай қилиб аҳли илм бўлади?! Дунёсини охиратидан ортиқ кўрувчи кимса қандай қилиб аҳли илм бўлади?! Ҳолбуки, дунёсида энг афзал хоҳиш охиратдаги ризолик бўлиши керак-ку! Илмни амал қилиш мақсадида эмас, баҳслашиш учун ўрганадиган кимса қандай қилиб аҳли илм бўлади?!

79.    Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади:“Аллоҳ азза ва жалла тавозели олимни яхши кўради ва золим олимдан нафратланади. Ким Аллоҳ учун тавозели бўлса, Аллоҳ унга ҳикматни пайдо қилади”.

80.    Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сизлар ранг-баранг замондасиз. Замонингизни зийрак кўрувчигина тушунади. Сизлар кеккайишлар замонидасиз. Одамларнинг оғизларидаги тиллари кеккайган, холос. Улар охират амали билан дунёни талаб қилганлар бўлиб, ўзларингизни улардан сақланглар. Сизлар улар ўзларининг тўрлари домига сизларни ҳам тушуришликларидан огоҳ бўлинглар.
Эй, олим! Сен илминг билан ейдигансан, илминг билан фахрланадигансан, илминг билан кўпайтирадигансан ва илминг билан узундан-узоқ орзуларингни амалга оширадигансан. Агар бу илмни Аллоҳ учун ўрганган бўлсанг, ўйлайманки, ўша (илм) сенда ва амалингда мавжуд бўлади”.
Агар бир киши: “Бизга илми ўзларига қарши ҳужжат бўладиган олимлар хулқларини тасвирлаб бер. Қачонки, бир киши илми билан машҳур бўлса, унинг зоҳирий ахлоқига эътибор берайлик. Агар ўша кишида илм аҳлига хос бўлган фазилатни кўрмасак, ундан ўзимизни олиб қочайлик. Агарда ўша кишининг зоҳирий ахлоқи пасткашликданда ёмонроқ хулқларни яширганини ва унинг фитна эканини билсак, ундан ўзимизни олиб қочайлик. Шоядки, улар фитна қилганлари каби биз ҳам фитнага гирифтор бўлиб қолмайлик! Аллоҳ таоло бизларни тўғри йўлга муваффақ қилгувчидир!”, деса, унга бундай деб жавоб берилади:
“Ҳа, тўғри! Биз юқоридаги олим ахлоқларини кўз олдимизга келтирамиз. Агар илм билан танилган кишида ёмон хулқлар борлиги эшитилса, ўша кишининг ўзига қараб, унинг иши диққат билан кузатилади. Мабодо ёқимсиз хулқлардан бири ўша кишида мавжуд бўлса, у Аллоҳга тавба қилиши ва тезда ёмон хулқларидан афзалроқ бўлган, Аллоҳ таолога уни яқин қиладиган хулққа қайтиши ҳамда Аллоҳ таолодан узоқлаштирадиган хулқдан воз кечиши лозим.
Илми ўзига қарши ҳужжат бўладиган олимнинг илм ўрганишидаги сифати шуки, у илмни билмасдан (илм соҳасига тасодифан кириб қолиб) ва ғафлат босган ҳолда ўрганади. Қачонки, у илм ўрганса, илмга нисбатан қизиқиши баланд бўлмайди. Агар “Бу қандай бўлади?”, - деб сўраса, бундай жавоб берамиз: “Унинг илм ўрганишидан мақсади фарз қилинган илм, яъни фарзларни адо қилишда Аллоҳга қандай ибодат қилишни ва ҳаром ишлардан қандай тийилишни ўрганиш бўлмайди. Қачонки, унинг илм ўрганишдан мақсади ўзини илм ўрганувчи сифатида кўпроқ танитиш бўлса, у мақсадига етиши мумкин. Агар у шу мақсадига эришса, ўз-ўзига таълим беради (ҳақиқий шогирд бўлмайди). Қачонки, инсонлар ўртасида шуҳрат топиш учун ҳар бир илмни эшитса ёки ёд олса, унга шошилади ва уни ўрганишда шахдам бўлади, енгил йўл билан уни эгаллашга интилади. Ўша кишига ўзи ва Роббиси ўртасида билиши лозим бўлган илмни ўрганиши ва билганига амал қилиши эса малол келади, ўша илмга ниҳоят даражада муҳтож бўлишига қарамасдан уни диққат билан ўрганишни тарк қилади.
Гарчи ўша киши илм ўрганишни хоҳлаб, ҳаттоки, ўзига илмни эшитишда жидду-жаҳд қилишни шарт қилган бўлса-да, унга илмни эшитиши учун ўтказган вақти малол келади. Қачонки, ўша киши илм эшитса, олган илмига хиёнат қилиб, унга амал қилишни тарк этади ва амал қилиш шарт бўлган нарсани ўзига лозим тутмайди. Эшитиш лозим бўлганидек, амал қилиш ҳам лозимлигини тушунмайди. Ушбу ҳолат катта ғафлатдир. Агар ўша киши илмдан бирор нимани эшитишни ўтказиб юборса, уни ўша ҳолат қайғуга солади ва уни ўтказиб юборганига афсус қилади. Бироқ, бу унинг яхшилигига аломат эмас. Чунки, ўша кишининг ўзи эшитиб, унга риоя этишга ҳужжат бўладиган илмга амал қилмагани учун афсус чекиши афзалроқ бўларди. Ушбу ҳолат ўша кишини қайғуга солса ва ундан ўзи афсусланса, мана шу афзалроқ бўлади.
Ундай киши риё учун фақиҳ бўлади ва шубҳа учун баҳслашади. Шунингдек, ўша кишининг илмдаги мунозораси унга гуноҳ келтиради. Мунозарасида, эса балоғатни билишини кўрсатиш ва баҳслашаётган кишини адаштириш мақсад қилинади. Агар ўша киши билан мунозара қилаётган шахс ҳақ бўлса, шу ҳолат уни хафа қилади. Шайтонни хурсанд қиладиган нарса уни севинтиради. У шу нарса учун зўр бериб ҳаракат қилади. Раҳмон яхши кўрган нарсани ўша киши ёмон кўради. Ўша кишининг ўзи ҳужжатлашишда адолатсиз бўлган ҳолда мунозарада инсоф қилмаган кимсадан таажжубланади. Ўша киши хато қилаётганини билгани ҳолда хатосини асослаш учун ҳужжат келтиради ва у ўз хатоси туфайли айбланишидан қўрқиб, уни тан олмайди.
У яхши кўрган кишисига енгил фатво ва ёмон кўрган инсонига қийин фатво беради. Шунингдек, яхши кўрган кишисига ҳукм ва фатво беришга эҳти-ёжи туғилса, баъзи қарашларни ёмонлаб, яхши кўр-ган кишисини ёмонланган қарашга далолат қилади ҳамда йўлланган киши эса, унга амал қилади.
Ким илм ўрганмоқчи бўлса-ю, ҳиммати дунё манфаатларига етиш бўлса, ундай одамдан таълим олишдан қўрқишинг керак. Агарда ўрганувчидан унга дунё манфаатлари эмас, балки охират манфаатларигина тегадиган бўлса, ундай кимса ўша ўрганувчига таълим беришдан малолат сезади.
Гарчи ушбу киши ўрганган илмига амал қилмаса-да, у учун савоб умид қилади ва амал қилинмаган илм ҳақида сўралиш оқибати ёмонлигидан қўрқмайди. У софдил кишилар ҳақида ўзича ёмон гумон қилиб, уларга нисбатан нафрати эвазига Аллоҳнинг мукафотини умид қилади. У ёмонотлиқ қилувчиларга хушомадгўйлиги учун Аллоҳнинг ғазабидан қўрқмайди. У ҳикматли гапириб, ўзини ҳам “ҳикмат аҳли”дан деб гумон қилади ва аксинча ўша ҳикматга амал қилишни тарк қилганлиги ўзининг зарарига жуда катта ҳужжат бўлишидан қўрқмайди. Агар илм ўрганса, у мақтаниш ва иккиюзламачиликда кучайиб боради. Агар унинг илмий маърифатга эҳтиёжи пайдо бўлса, илмни дарҳол тарк этиб қўя қолади.
Агар ушбу кишига замондош илм билан танилган олимлар кўп бўлса, у ўшалар қаторида ўзининг эсланишини яхши кўради. Олимлар бир масала ҳақида сўралганларида ўша киши сўралмаса, бошқалар сўралгани каби у ҳам савол сўралишини яхши кўради. Аслида, бошқа шахс томонидан сўралган саволга жавоб берилганда, ўша кишидан масала сўралмагани учун Роббисига ҳамд айтиши унга яхшироқдир.
Агар бошқа бир олимнинг хато қилгани ва бирор офат етгани ҳақида хабар ўша кишига етиб борса, ўзидан бошқанинг хатосидан хурсанд бўлади ва бу ишининг ҳукми хато қилган кишиники билан бир даражада бўлади.
Агар бир олим вафот этса, олимнинг ўлими ўша кишини одамлар унинг илмига эҳтиёжи тушсин учун хурсанд қилади. Агар ўша киши ўзи билмайдиган нарса ҳақида сўралса, “Мен бу саволнинг жавобини билмайман” дейишдан ҳазар қилади. Ҳаттоки, у жавоб беришга қодир бўлмаса-да, нимадир гапиради. Агар у ўзидан бошқа бир кишидан мусулмонлар учун фойда борлигини билса, ўша кишининг ҳаётлигидан нафратланади ва инсонларни у томонга йўналтирмайди. Агар ўша киши бир гап айтса-ю, ўша гапига эргашилишни билса ҳамда у туфайли нодон кимсалар ҳузурида унга даража берилса, кейин унинг хато қилгани маълум бўлиб қолса, ўзининг қилган хатосидан қайтишни ор билиб, хатонинг ғалабаси билан ўзи-ни тутиб туради. Кошки, инсонлар ҳузурида унинг даражаси тушса эди!
Ўша киши ўзи амалга оширган таъвил билан подшоҳлар ва бадавлат шахслардан улушига эришиш учун уларнинг ҳузурида илми билан камтар бўлади. Бойлиги бўлмаган софдил кишилар ва камбағалларга нисбатан такаббурлик қилиб, ўзи амалга оширган таъвилга асосланмасдан уларни маҳрум қилади.
Ўша киши ўзини олимлар қаторида санаса ҳам, қиладиган амаллари аҳмоқларнинг ишидир. Мол-дунёга муҳаббат, мақтов, шараф ва давлатманд одамлар хузуридаги обрў уни мафтун қилиб қўйган. Гўзал аёл кийим-бош билан дунё учун безангани сингари ўша киши ҳам илм билан безанади. Лекин, илмини унга амал қилиш билан безамайди.
Ким ушбу хислатларни мулоҳаза қилиб, биз келтирган нарсалардан баъзиси ўзида борлигини билса, унга Аллоҳ таолодан ҳаё қилиши ва тезда ҳақ йўлга қайтиши шарт бўлади. Энди, Аллоҳ хоҳласа, олим киши одобланиши учун баён этган нарсаларимнинг баъзисига далиллар келтираман:
“Ўша киши илм билан безанади ва лекин илмини унга амал қилиш билан безамайди”, деган гапимизга далиллар:

81.    Ҳабиб ибн Убайдраҳимаҳуллоҳ айтади: “Илм ўрганинглар, уни тутинглар ва у билан фойда олинглар. Илм билан безаниш учун уни ўрганманглар. Агар умринг илм билан безалса, худди, бир киши кийими билан безангани каби умринг узун бўладими?!”.

82.    Товус раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Нима ўргансанг, ўзинг учун ўрган. Омонат ва ростгўйлик одамлардан аллақачон кетиб бўлган”.
Ким фатво беришни ёқтирмаса, бошқа фатво берувчи борлигини билса, ўша фатво берувчи кифоя қилади.

83.    Абдурраҳмон ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 120 нафар ансорий саҳобалари билан учрашдим. Уларнинг биридан бирор нарса ҳақида савол сўралганда, савол сўровчини дўстига йўналтиришни яхши кўрарди”.

84.    Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен масалалар ва фатволарга жавоб беришларини ёқтирмайдиган фақиҳларни кўрдим. Улар фатво беришлари зарур, деб топмагунларича, фатво бермасдилар”.
Яна Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Олим ва фақиҳларни кўрганман. Улар масалаларни бир-бирига қайтарардилар ва фатволарда жавоб беришларини ёқтирмасдилар. Олимлар фатво сўрашлардан озод қилинсалар, уларга севимли бўларди”.

85. Умайр ибн Саъид раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен Алқама раҳматуллоҳи алайҳидан бир нарса ҳақида савол сўраганимда, у менга “Убайданинг олдига бор ва ундан сўра”, дедилар. Мен Убайда раҳимаҳуллоҳнинг олдига бордим. У эса “Алқамага бор”, - деди.
Шунда мен унга: “У кишининг ўзлари мени сизнинг олдингизга жўнатди”, дедим. Кейин, у менга: “Ундай бўлса, Масруқнинг олдига бор ва ундан сўра”, деди. Мен Масруқ раҳимаҳуллоҳнинг олдига келдим ва ундан саволимни сўрадим. У эса, “Алқаманинг олдига бор ва ундан сўра”, - деди. Мен: “Алқама мени Убайданинг олдига, Убайда эса, сизнинг олдингизга жўнатди”, - дедим. У зот: “Ундай бўлса, Абдурраҳмон ибн Абу Лайлонинг олдига бора қол”, - дедилар. Кейин мен Абдурраҳмон ибн Абу Лайло раҳматуллоҳи алайҳининг олдига бориб, ундан савол сўрадим. У эса савол беришимни ёқтирмади. Кейин мен яна Алқама раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига қайтиб келдим ва у ҳақида гапириб бердим. У зот эса: “Фатво беришга одамларнинг энг журъатлиси илми энг озидир!”, дедилар.

86.    Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ: Ким савол ўзидан сўралишини яхши кўрса, у савол сўралувчи одамлардан эмас!”, деганлар.

87.    Абу Ҳамза раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган: “Иброҳим ан-Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳи менга: “Аллоҳга қасамки, эй Абу Ҳамза! Мен кўп гапирганман. Агар иложим бўлганда эди, асло гапирмасдим. Кўфа аҳлининг фақиҳи бўлиб танилган замоним энг ёмон даврим эди. Кимдир бир иш ҳақида сўралса, “Бўлиб ўтган иш ҳақидами?”, деб сўрайди. Агар “Бўлиб ўтган иш ҳақида” дейилса, фатво беради. Агар “Бўлмаган иш ҳақида” дейилса, фатво бермайди. Ўша ҳолатларнинг ҳар бири фатволарнинг хавф-хатари борлигидандир”.

88.    Хорижа ибн Зайд ибн Собит раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. У зот бирор нарса ҳақида сўралганда, “Бўлган воқеами?”, деб сўрар эди. Агар унга “Бўлиб ўтмаган иш” десалар,уларга масалани изоҳламаганлар. Агар у зотга сўралаётган воқеа ҳақиқатдан ҳаётда содир бўлгани айтилса, уларга масалани шарҳлаб тушунтирар эдилар.

89.    Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳунинг олдига биров келиб, бир иш ҳақида савол сўради. Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳу: “Аллоҳ ҳаққи, айтгин, бу иш бошингга тушганми?”, дедилар. Ўша киши: “Худо ҳаққи, бу иш бошимдан ўтди”, деганди, унга фатво бергандилар. Агар ўша кимса қасам ичмаса, унинг саволига жавоб бермаган бўларди.

90.    Масруқ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу билан кетаётганимда, бир киши у зотга “Амаки, шундай-шундай саволларим бор. Бунга нима дейсиз?”, деб қолди. Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу: “Эй жиян, бў айтаётганларинг бўлган воқеами?”, дедилар. У: “Йўқ, бўлмаган” деди. Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу: “У бўлмагунча, бизни ундан сақла!”, дедилар”.

91. Ибн Рошид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Товусдан бир нарса ҳақида сўрагандим, мени жеркиб бердилар. “Бу бўлган воқеами?”, дедилар. Мен тасдиқ жавобимни қилувдим, менга қасам ичтирдилар. Мен ўша иш бўлиб ўтганига қасам ичдим. Шунда, Товус раҳимаҳуллоҳ: “Устозларимиз бизларга Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳудан хабар берганлар” дедилар. Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу: “Эй, инсонлар! Бало келмасидан олдин уни пайдо қилманглар, акс ҳолда бало сизларни у ер-бу ерда олиб кетади. Агар бало келишидан олдин уни пайдо қилмасангизлар, мусулмонлар орасида савол сўралса, уни тўғрилаб, олдини оладиган йўлбошчилар доим бўлади”, дедилар.
Биз янглишиш ва чигал масалалар ҳақида келтирганларимиз, олим ўзини бўлмаган ва абадий бўлмайдиган нарса ҳақидаги баҳсдан тийиши учун зарур нарсалардир. Баъзилар фақат мунозара, баҳс ва тортишув билан машғул бўладилар, ҳатто, энг муносиб нарса билан шуғулланмай қоладилар. Натижада, бир-бирини адаштирадилар, бир-бирларидан хатони излайдилар ва бир-бирларига савол бергани-берган. Булар барчаси қайтарилган макруҳдир. Ўз динида манфаат хоҳлаган кимсага бу фойда бермайди ва у салафи солиҳлар томонидан тақдим қилинган йўл эмас. Яъни, салафи солиҳлар бир-бирларини хато қилишини изламаганлар ва уларнинг мақсади бир-бирларини адаштириш бўлмаган. Балки, улар оқил олимлар бўлиб, илмда дўстона маслаҳат суҳбатлашардилар ва Аллоҳ таоло уларга илм билан наф берган.

92.    Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар орасидаги энг оғир гуноҳкор киши бу - ҳаром қилинмаган иш ҳақида сўраб, шу масаласи сабабли ўша иш ҳаром қилинадиган одамдир”, дедилар.

93.    Муғийра ибн Шўъба разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам “деди-деди” деб кўп гапиришдан ва кўп савол сўрашдан қайтардилар.

94.    Савбон разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан шундай қавмлар пайдо бўладики, уларнинг олимлари масалаларни чигаллаштириш билан шуғулланадилар. Ана ўшалар умматимнинг энг ёмонларидир”, деганлар.

95.    Муовия ибн Абу Суфён разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламчалкаш саволлардан, адаштириш учун бериладиган саволлардан қайтардилар. Чалкаш савол бу - қандай ва қандай дейишга эҳтиёж туғдирмайдиган нарсадир.
96.    Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳайтадилар: “Аллоҳ бандаларининг энг ёмони бу - ёмон саволларни яхши кўрувчи қавмдир. Аллоҳнинг бандалари у билан кўр бўладилар”.

97.    Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳу бир куни: “Мендан қизиққан нарсангиз ҳақида сўранг”, дедилар. Ибн ал-Куво деган кимса “Ойдаги қоралик нима?”, -деб сўраганида, Али каррамаллоху важҳаҳу: “Сени Аллоҳ яксон қилгур, бу дунёнгда ёки охиратингда сенга фойда берадиган нарса ҳақида сўрамайсанми? Бу тун белгисининг йўқолишидир”, деганлар.

98.    Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан чигал масалаларни сўрай бошлади. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Икки қул ҳақида сўраяпсанми? Сенга фойда бўладиган намоз ва закот ҳақида, шунга ўхшаш нарсалар ҳақида бирор нима сўра. Эҳтилом бўлган кишининг рўзаси ҳақида нима дейсан?”, дебдилар. Ўша киши “Билмайман!” деди. Шунда, имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Сенга наф бўладиган нарсани тарк этиб, икки қул ҳақида сўраб юрибсанми?”, деганлар.

99.    Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Эҳтилом бўлган кишининг рўзасида ҳеч нарса йўқ. Унинг рўзаси бузилмайди”, деганлар.

100.    Жобир ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ: “Эҳтилом бўлган кишининг рўзасида ҳеч нарса йўқ. Аммо, у тезда ғусл қилиб олиши керак”, деганлар.
Олимлар ўзларини ва бошқаларни ўтган мусулмонларнинг имомлари наф олган хулқлар каби ахлоқлар билан тарбияласалар, ўзлари ва бошқаларга фойдали бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга кам илмларида ҳам барака беради ва ҳидоят қилинадиган имомларга айланадилар.
Олимдан билмайдиган нарсаси ҳақида сўрал-са, “Билмайман!” дейишини уят ҳисобламайди. Бу йўл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган саҳобалардан бўлган имомлар ва улардан кейинги имомларнинг йўлидир. Чунки, Аллоҳ азза ва жалладан ваҳий илми орқали тақдим қилинмаган нарса ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўралганда, “Билмайман!" деб айтардилар. Худди шу тарзда инсондан бирор нарса ҳақида сўралганида, ўзининг билимдонлигини пеш қилмасдан, “Тўғрисини Аллоҳ билгувчироқ, менинг бу борада билимим йўқ экан”, дейиши лозим. Билмаган нарсасига жавоб беришга тиришмаслиги керак. Ана шу Аллоҳ таолонинг ҳузурида ва ақлли зотларнинг олдида унинг узри бўлади.

101. Ибн Умар раэийаллоқу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хузурларига бир киши келиб, "ё, Расулуллоҳ! Қайси макон яхши (ер юзидаги)?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Билмайман!” дедилар ёки сукут қилдилар.Ўша киши яна "Қайси макон ёмон (ер юзидаги)?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: "Билмайман!” дедилар ёки сукут қилдилар.
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша савол ҳақида ундан сўрадилар. У ҳам “Билмайман!” деди ва “Раббингиздан сўранг!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундан нимани сўрайман?!”, - деди. Жаброил алайҳиссалом қанот қоқиб, учиб кетдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ҳушлари кета ёзди Жаброил алайҳиссалом кўтарилиб кетганда, Аллоҳ таолога: “Муҳаммад алайҳиссалом мендан: “Қайси макон яхши?” ва “Қайси макон ёмон?” лиги ҳақида сўради. Мен “Билмайман!”, деб жавоб бердим. Аллоҳ таоло унга: “Яхши макон бу - масжидлар, ёмон макон бу - бозорлардир”, деб айтиб бор, деди.

102.    Ибн Майсара раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган: Бир куни Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анху қоринларини силаган ҳолда бизнинг олдимизга келиб, “Жигарим куйиб кетса ҳам, билмаган нарсам ҳақида сўралганимда, Аллоҳ билади, мен билмайман!”, дея олдим, деганлар.

103.    Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоху анху деганлар: “Эй, инсонлар! Сизлардан кимдир илми бўлса, ўша билан гапирсин. Агар билими бўлмаса, “Аллоҳ билади, мен билмайман!” десин. Албатта, киши билмаган нарсасини “Аллоҳ билади” дейиши унинг илмидандир. Ахир, Аллоҳ таоло ҳам сўраганингизга ҳақ олмайман, мен такаллуф қилувчилардан эмасман, деб айтишни буюрган”.

104.    Ибн Умар разийаллоху анхудан билмайдиган нарсаси ҳақида сўралганда, “Билмайман!”, деб жавоб берганлар.

105.    Бир киши Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, авлоддан мерос ҳақида сўраганда, у “Билмайман!” деди. Ўша киши кетганда, унинг ёнларидан ўтирган кимдир “Ўша кишига нимага маълумот бермадингиз?” деди. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, жавобини билмадим” дедилар.

106.    Яҳё ибн Саид разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг неварасидан бир нарса ҳақида сўралди, Унда саволга жавоб йўқ эди. Шунда, мен: “Пешво имомнинг ўғли бўла туриб, сўралаётган нарса ҳақида билмаслигингиз менга оғир ботди”, дедим.У зот эса: “Аллоҳга қасамки, менинг ўзимга илмсиз гапирганим ва ишончсиз одамдан ҳадис айтганимдан кўра, Аллоҳ таоло ҳузурида ва ақлли инсонлар олдида туришим оғирроқ туюлади”, дедилар.

107.    Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бундай деганлар: “Олим киши “Мен билмайман!” дейиш ўрнига хато гапни айтиши уни ўлимга йўлиқтиради”.

108.    Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Ибн Ажлон раҳматуллоҳи алайҳининг бундай деганларини эшитдим, деганлар: “Олим “Билмайман!” дейиш ўрнига ғафлатда сўз айтиши уни қотилликларга йўлиқтиради”.

109.    Абдурроҳман ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган: “Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳи ҳузурларига бир киши келиб, ундан бир нарса ҳақида савол сўради. Савол сўровчига Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Мен билмайман!”, дедилар.Ўша киши: “Ўзингиз ҳақингизда эслаб кўринг, сиз билмас эканмисиз?”, деди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ унга: “Ҳа, мен ҳақимда одамларга айтиб бера қол! Мен ҳақиқатда билмайман!”, дедилар.

Ким бу ахлоқ билан хулқланса, унинг васфи, биз олдинроқ эслатган таърифлар бўлади.

Абу Бакр Ал-Ожуррийнинг
"Ахлоқ ал-уламо" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase