Кишида ҳеч нарса бўлмаса ҳам, ўзининг бу ҳолига қаноат қилиши лозим. Мол-дунёга бўлган ҳирси бўлмаслиги керак. Агар мол-мулки бўлса, хасис бўлмаслиги, балки жўмард, сахий бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Жўмардлик жаннатдан бир дарахтдир. Шохлари ер юзига тушган. Кимки унинг шохларидан бирини ушлаб олса, ўша шох уни жаннатга олиб боради. Хасислик эса жаҳаннамдан бир дарахтдир. Кимки хасислик дарахтининг шохини ушлаб олса, ўша шох уни жаҳаннамга олиб боради”.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Ахлоқнинг икки турини Аллоҳ таоло яхши кўради. Бири сахийлик бўлса, иккинчиси гўзал муомала, гўзал хулқдир. Яна икки хил ахлоқ Ҳақ таолонинг душманидир. Бири хасислик бўлса, иккинчиси ёмон ахлоқдир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Аллоҳ таоло сахийлик сифати ва гўзал ахлоқли бўлмаган бирорта валий яратмаган”.
Яна Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Сахийнинг айбини кечиринг. Зеро, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло унинг қўлидан тутади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жанг охирида бир неча асир ушлайдилар. Уларнинг биттасидан ташқари ҳаммасини жазолашди. Бунинг сабабини сўрашганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб бердилар: “Мени ёнимга Жаброил келиб, унинг жўмардлигини айтиб, ўлдирмаслигимни тайинлади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай дедилар: “Сахийнинг овқати даводир. Хасиснинг овқати эса дарддир”.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Сахий киши Аллоҳ таолога, жаннатга ва одамларга яқиндир, жаҳаннамдан йироқдир. Хасис эса Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва жаҳаннамга яқиндир”.
Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай дейдилар: “Аллоҳ таоло қўли очиқ жоҳилни ибодат қиладиган хасисдан устун кўради. Айбларнинг энг каттаси хасисликдир”.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Менинг умматимнинг дарвешлари на намоз билан, на рўза билан жаннатга эришадилар. Улар фақат сахийлик, қўли очиқлик, бағрикенглик билан ва одамларга насиҳат қилиш билан жаннатга эришадилар”.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Агар дунё фақат сенга юз тутган бўлса, қўлингни очиқ тут, зеро, у камайиб қолмайди”.
Бир киши ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўғли ҳазрати Ҳусайнга тилаклар ёзилган бир қоғоз берди. Ҳазрати Ҳусайн у қоғозни олиб: “Тилагингни айт, у бажарилади”, дейди. У ерда турганлар эса ажабланиб ҳазрати Ҳусайндан нима учун қоғозни ўзи очиб ўқимаганини сўрашади. Ҳазрати Ҳусайн бундай деб жавоб берди: “Аллоҳ таоло унинг ҳузуримда хор бўлиб туришининг ҳисобини мендан сўрайди”.
Муҳаммад ибн Мункадир бундай ривоят қилади: “Умму Зар ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳонинг чўриси эди. У менга бундай деди: “Бир куни Ибн Зубайр ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳога икки идишда минг танга кумуш юборди. Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо келган нарсаларни тарқатиб юборди. Шом бўлгач, рўзасини очиш учун овқат сўради. Мен унга нон ва зайтун олиб бордим. Чунки гўшт йўқ эди. Мен унга кумушнинг ҳаммасини тарқатиб юборганини айтиб, ҳеч бўлмаса ўзи учун бир танга бўлса ҳам олиб қолмаганини сўрадим. Шунда ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо: “Эслатганингда олиб қолардик”, деб жавоб берди.
Абул Ҳусайн Мадиний бундай дейди: Ҳасан, Ҳусайн ва Жаъфар ўғли Абдуллоҳ Ҳаж сафарига кетишаётганди. Ориқ туяларини бир жойда қолдириб, оч ва ташна ҳолда бир араб аёлининг уйига келишди. Ундан ичиш учун сут сўрашди. Аёлнинг бир қўйи бор эди. У қўйни соғиб, уларга сут олиб келди. Сўнг аёлдан овқат исташди. Аёл ҳеч нарсаси йўқ-лигини, лекин қўйни сўйишлари мумкинлигини айтди. Меҳмонлар қўйни сўйишди ва пишириб едилар. Шундан сўнг аёлга қараб, бундай дейишди: “Биз қурайшликмиз. Агар бу сафардан қайтсак, ёнимизга кел. Бу ишларинг эвазига биз ҳам яхшилик қайтарайлик”.
Меҳмонлар уйдан кетишгандан сўнг уларнинг ортидан аёлнинг эри уйга келди. Қўйнинг сўйилганини кўриб, аёлига жаҳл қилди. Аёлга қараб: “Сен кимлиги номаълум билган одамлар учун қўй сўясанми?” деб бақирди. Орадан бир неча кун ўтди. Аёл ва эри биргаликда Мадинага келишади. Жуда ҳам камбағал бўлишгани учун туяларнинг тезагини тўплаб сотишарди. Бир куни аёл бир маҳалладан ўтаётиб, ҳазрати Ҳасаннинг уйи олдига келди. Ҳазрати Ҳасан аёлни кўриб, уни таниди ва унга ўзини эслатди. Дарҳол одамларини чақириб, аёлга минг олтин ва мингта қўй берди. Бир киши аёлни ҳазрати Ҳусайннинг ёнига олиб келди. Ҳазрати Ҳусайн ҳам минг олтин ва мингта қўй совға қилди. Сўнг Жўмардликнинг фазилатлари навбат билан аёлни Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг ёнига олиб боришди. Абдуллоҳ аёлдан шерикларининг нима берганини сўради. Аёл икки минг олтин ва қўй ҳақида гапиргач, у ҳам шунча олтин ва қўй совға қилди ва бундай деди: “Агар биринчи менинг ёнимга келганингда мен уларни қийин аҳволга солиб қўярдим. Мен сенга шунча олтин ва қўй берсам, уларнинг ҳам шунча беришларига тўғри келарди”. Аёл эрининг ёнига тўрт минг олтин ва шунча қўй билан борди.
Араблар орасида сахийлиги билан ном қозонган бир киши бор эди. Бир қавм сафардан қайтаётиб, унинг қабрининг ёнида тунашди. Оч ҳолда ухладилар. Улардан бирининг туяси бор эди. Бу одам тушида ўша машҳур одамни кўрди. Тушида у сахий одам шундай дейди: “Сен бу туянгни бундан яхшироқ туя эвазига бера оласанми?” Туянинг эгаси сотишга рози бўлади. Қабр эгаси туяни сотиб олиб, уни сўяди”. Уйқудан уйғониб қарашса, ростдан ҳам туя сўйилган бўлади. Уни пишириб ейишади. Сўнг йўлга тушдилар. Уларнинг ёнига бир карвон келди ва ундаги бир киши сўйилган туянинг эгасини чақирди. Унга қараб: “Фалон қабрда ётган одамдан ўзингникидан яхшироқ туянинг пулини олдингми?” деди. Туя эгаси олмаганини ва бу воқеанинг тушида бўлганини айтиб берди. Карвондаги одам: “Ундай бўлса, мана буни ол. Бу ўша айтилган туянинг эвазидир. Мен ҳам ўша қабр эгасини тушимда кўрдим. Менга бу туяни сенга беришимни айтди”.
Рабиъ ибн Сулаймон айтади: “Шофеъий Маккага кетганди. Унда ўн минг олтин бор эди. Макка ташқарисида бир чодир тикди. Ким унга салом берса, олтиндан бир ҳовуч олиб тарқатди. Пешин намозига қадар олтинларнинг барчасини тарқатиб бўлди. Яна бир куни бир киши Шофеъий отининг узангини тутди. Шунда у ёнидаги ҳамроҳига келган одамга тўрт минг олтин бериб юборишини айтади”.
Бир киши дўстининг ёнига боради ва унга тўрт минг олтин қарзи борлигини айтади. Дўсти дарҳол айтган пулни чиқариб беради ва йиғлай бошлайди. Хотини ундан нима учун йиғлаётганини сўрайди. Одам бундай жавоб берди: “Мен берган пулимга эмас, дўстимнинг шу ҳолга тушишидан бехабар қолганимга йиғлаяпман. Мен уни мендан пул тиланишига мажбур қолдирдим”.
Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
"Қалбнинг давоси" китобидан