close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фазилатли вақтларни топиш

Эзгуликка эришишга ҳарис бўлган мусулмон Аллоҳ таоло муайян руҳий хусусиятлар билан у ўзгалардан фазилатли қилиб қўйган вақтларни тоат-ибодат ва дуо-истиғфор учун ғанимат билмоғи даркор.

Эзгуликка эришишга ҳарис бўлган мусулмон Аллоҳ таоло муайян руҳий хусусиятлар билан у ўзгалардан фазилатли қилиб қўйган вақтларни тоат-ибодат ва дуо-истиғфор учун ғанимат билмоғи даркор.
Бу хослаш Ёлғиз Аллоҳнинг ишидир. У Зот истаган бандасини, истаган нарсасини Ўз раҳматига хослар.
Аллоҳ таоло баъзи шахсларни баъзиларидан, баъзи навъларни баъзисидан, баъзи жойларни баъзи жойлардан афзал қилганидек, баъзи вақтларни ҳам баъзисидан афзал қилган.
“Парвардигорингиз Ўзи хохдаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир...”. (Қасас сураси, 68-оят).
У Зот тунда саҳар соатларини афзал қилганки, у кечанинг охирги учдан бир қисмидир.
У Зот ҳар кеча то тонггача бандаларига яқин бўлади, қуйи осмонга тушади ва: “Мағфират сўровчи борми, мағфират қиламан, тавба қилувчи борми, тавбасини қабул қиламан. Сўровчи борми, дуо қилувчи борми”, деб нидо қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Парвардигор бандасига яқин бўладиган пайт туннинг охирги қисмидир. Агар сен ана шу соатда Аллоҳни зикр қилишга қодир бўлсанг, ўшандан қолма”.
Аллоҳ таоло ҳафтанинг жумъа кунини фазилатли қилди. Жумъа мусулмонлар учун ҳафталик ҳайит кунидир. У кунда жумъа намозини ўқиш фарз қилинган. Жумъа намози пайти дуоларнинг ижобат бўладиган пайтидир. Ўша кунда Аллоҳга дуо қилган ҳар бир мўминнинг дуоси ижобат бўлар.
Аллоҳ таоло йил ичида зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигини фазилатли қилди. Ўша ўн кунликнинг афзали эса арафа кунидир. Балки у бутун йилдан афзалдир.
Саҳиҳул Бухорийда ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мана шу ўн кундаги амалдан кўра Аллоҳ таолога суюклироқ амал йўқдир”. Сўрашди: Ё Расулуллоҳ, Аллох йўлидаги жиҳоддан ҳамми? Дедилар: “Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳам мана шу ўн кундаги амал афзал. Фақат киши жони ва моли билан чиқса-ю, иккисидан биронтаси билан қайтмаса, у афзалроқдир”.
Аллоҳ таоло ойлар ичида рамазон ойини фазилатли қилди.
“(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи) нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган”. (Бақара сураси, 185-оят).
У ойда рўза фарз бўлди. Қиём суннат бўлди. Солиҳ амалларни кўпайтириш мустаҳаб бўлди. У ой мўминлар мавсумидир, тақводорлар тижоратидир, тоат-ибодатда мусобақалашувчилар учун энг муносиб майдондир. Салафи солиҳлар бу ойни завқу шавқ билан кутиб олганча дер эдилар: Гуноҳларни покловчи ой, марҳабо! Улар шу ой туфайли гуноҳларидан покланишни умид қилар эдилар. Зеро, Аллоҳ тавба қилувчилар ва покланувчиларни севар.
Убода ибн Сомитдан ривоят килинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кунларининг бирида саҳобаларига айтдилар:
“Барака ойи бўлмиш рамазон ойи кириб келди. Бу ойда Аллоҳ Ўз раҳматини тушириб, хатоларни ўчирар, дуоларни ижобат этар. Бу ойда Аллоҳ таоло сизларни бир-бирларингиз билан мусобақалашаётганларингизни кўриб, сизлар билан фаришталарига мақтанади. Бас, Аллоҳ таолога ўз яхшиликларингизни кўрсатинглар. Бу ойда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлган кимса бахтсиздир”.
Рамазоннинг ҳар бир куни муҳимдир. Лекин у ой ичидаги энг муҳими ойнинг охирги ўн кунидир.
Унинг аҳамиятли эканлигининг икки сабаби бор:
Биринчиси: У кунлар рамазон ойининг хотимасидир. Амаллар хотимаси биландир. Шунинг учун ушбу дуо ривоят қилинган: “Аллоҳим, умримнинг охирини ҳам, амалим хотимасини ҳам яхши қилгин ҳамда Сенга йўлиқадиган кунимни кунларимнинг энг яхшиси қилгин”.
Иккинчиси: У кунлар лайлатул қадр кечалари кутиладиган кундир. У шундай кечаки, Аллоҳ таоло уни минг ойдан яхши қилган. Ўша кеча фазилатини сифатлаб Қуръонда қадр сураси нозил бўлган.
“Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Қадр кечаси нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёрила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир.”. (Қадр сураси, 1-5-оятлар).
Бу кечанинг қандай кеча эканлигини ушбу оят орқали биламиз: У кечада Қуръон нозил бўлган. Демак, Қуръон нозил бўлган кеча мана шу қадр кечаси экан. Ҳадисларда ушбу кечани рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан исташ кераклиги айтилади.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам белни қаттиқ боғлаб, кечаларни бедор ўтказар, аҳли-оиласини ҳам уйғотиб, эътикоф ўтирар эдилар.
Рамазон ойидан кейинги Аллоҳ таоло афзал қилган ойлар ушбу (уруш) ҳаром қилинган ойлардир: Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам.
Бошқа ойларда ҳам бировга зулм қилмоқ ҳаромдир. Аммо бу тўрт ойда қилинган зулм ўта қаттиқ гуноҳлардан саналур.

Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси



Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase