Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай буюрдилар: “Ҳақ таоло қайсики банда тавозе қилса, унинг иззатини ошираверади”.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Бошида бирор ғами бўлмаган одам йўқ. У ғамни икки фаришта кўтариб туради. Банда тубан феъллик қилганда фаришталар ғамни юқорига кўтарадилар ва айтадилар: “Эй Роббимиз! Бу бандангнинг бошини кўтар”. Агар ғамда туриб ҳам кеккайиб кибр қилса, фаришталар унинг ғамини жуда пастга олиб кириб кетадилар ва айтадиларки: “Эй Роббимиз! Бу бандангнинг бошини қуйи қил ва ўзини хор айла!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Энг бахтли инсон камтарин кишидир, аммо бу тавозе чорасизлиги сабаб пайдо бўлмайди. Эҳсон қилса, эҳсони гуноҳ қилиб тўпланган бойликдан бўлмайди. Бева-бечораларга марҳамат кўрсатади. Донишмандлар ва олимлар билан бирга ўтиради”.
Бир куни Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир тиланчи келди. У муборак зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом танаввул қилаётган эдилар. Одамлар жирканиб қочадиган тиланчини ёнларига чақириб овқатлантирдилар. Қурайш қабиласидан бўлган бир одам тиланчига ижирғаниб қаради. Шу пайт ўзи ҳам тиланчининг ҳолига тушди ва ёмон касаллик билан вафот этди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдиларки: “Ҳақ таоло мени қул ва расул бўлиш билан подшоҳ ва набий бўлиш орасида ихтиёрий қолдирди. Ўйланиб қолдим. Дўстим Жаброилга қарадим. У менга айтдики: “Аллоҳга тавозе қил!” Мен: “Эй Роббим! Қулинг ва расулинг бўлишни танладим”, дедим”.
Ҳақ таоло Мусо алайҳиссаломга бундай ваҳий қилди: “Мен шундай кимсанинг ибодатини қабул қиламанки, у менинг улуғлигимга тавозе кўрсатсин ва ўзи одамларга кибрланмасин. Кўнглини қўрқув узра тутсин, кунини менинг ёдим билан ўтказсин. Мени ўйлаб бутун шаҳватлардан воз кечсин!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Карам тақводадир, шараф тавозедадир, бойлик Аллоҳга яқинликдадир”.
Исо алайҳиссалом бундай деган: “Бахтли киши дунёдаги энг очиқ кўнгил одамдир. Улар Қиёматда минбар соҳиби бўладилар. Уларнинг қалблари дунё севгисидан покдир. Бунинг ажр-мукофоти Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ бир кимсани Исломга йўналтирган бўлса, гўзал юз ва бенуқсон бадан ато этган бўлса, шу билан бирга, унга тавозе насиб этган бўлса, билингки, у кимса Аллоҳ таолонинг наздидаги энг бахтиёр кимсадир”.
Бир кишига чечак тошди. У бир неча киши овқатланиб ўтирган хонага кирди. Одамлар унга яқинлашмадилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёнларидан жой бердилар ва унга: “Е!” дедилар. Ўтирганлардан бири кибри туфайли ундан жирканди, ўзи ҳам шу касалликка чалиниб вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: “Уйининг эҳтиёжларини қондирган эркакни мен жуда яхши кўраман. Уйига бозорлик ташиган кишининг кўнглида кибр ва ғурур бўлмайди”.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстларига деди: “Нега мен сизда ибодат лаззатини кўрмаяпман?”.
Улар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ! Ибодатнинг ҳаловати қаерда?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердиларки: “Мутавозе кишини кўрсангиз, сиз ҳам тавозе кўрсатинг. Такаббур кимсани кўрсангиз, сиз ҳам унга кибр қилинг, токи ўзининг ҳақорат қилинганини билсин”.
Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо нақл қиладиларки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Ибодатнинг энг фазилатлисини билмайсиз. Бу тавозедир. Тавозенинг асл маъноси шуки, бир кишининг моли сеникидан оз бўла туриб, уни ўзингдан юқори кўришингдир. Бу билан сен ўзингга дунё нуқтаи назаридан қиймат ва баҳо бермаган бўласан. Ёки тескариси, яъни бир кишининг мол-дунёси сеникидан кўп бўлгани ҳолда, уни ўзингдан паст кўришингдир. Бу билан сен дунёнинг сенинг наздингда ҳеч қандай қиймати йўқлигини исботлаган бўласан”.
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий юбордики: “Сенга ҳар вақт неъмат бераман. Агар тавозеинг ортиб борса, Мен сенга неъматни бутун-бутун юбораман”.
Улуғлардан бири Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни тушида кўрди: “Ё Али! Менга ўгит бер!” деди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бундай деди: “Бойлар йўқсиллар олдида тавозе билан туриб, охиратда энг гўзал мақомга эришадилар. Ундан ҳам гўзалроқ мартаба эса йўқсилларнинг бойлар олдида Аллоҳга таяниб, кибрланиб туришларидандир”.
Яҳё ибн Холид айтади: “Обид киши карамли бўлса, мутавозе ҳисобланади. Обид киши пишиқ ва тор бўлса, мутакаббир ҳисобланади. Боязид Бастомий айтадики: “Кимки ўзини энг ҳақир деб билмаса, демак, у мутакаббирдир”. Жунайд Бағдодий бир куни жума намозидан олдин бундай деди: “Агар Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Охир замонда одамларга уларнинг энг разил кишиси бош бўлади”, демаганларида, сизларга бу ерда хитоб қилиб ўтирмаган бўлар эдим. Тавҳид аҳлининг ёнида тавозе қилиш кибрдандир. Яъни киши ўзлигини топиб туриб, яна қуйига тушмоқчи бўлади”.
Ато Суламий қачон чақмоқ чақса, кучлироқ шамол бўлса, аёлларга ўхшаб қорнини чангаллаб олиб бундай дер эди: “Бу офатлар менинг гуноҳларим туфайли халқ бошига келди”.
Бир гуруҳ одамлар Салмон Форсийнинг ёнига келиб, уни мақтай кетишди. У эса бундай жавоб берди: “Мен аслида бир томчи манийдан яралганман. Охири жасадга айланаман. Тавозе қиладиган бўлсам, бундан ҳам пастроқдаман. Менинг қийматим қилган амалларимдадир. Агар савобим кўп бўлса, яхши инсонман. Тарозида гуноҳларим оғир келса, мендан бечораси йўқ”.
Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
"Қалбнинг давоси" китобидан