close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Алданган муллалар ҳақида

Алданганларнинг биринчи синфи уламолар ҳақида. Улар бир неча тоифага бўлинади:

Алданганларнинг биринчи синфи уламолар ҳақида. Улар бир неча тоифага бўлинади:

Биринчи тоифа
Булар шаръий ва ақлий илмларни пухта эгаллагандан сўнг унга чуқур кириб кетганлар ва тана аъзоларини маъсиятлардан сақлаш ва тоат-ибодатларга ундашда бепарво бўлганлардир. Илмларига алданиб, Аллоҳнинг ҳузурида даражам баланд деб ишониб қолганлардир. Улар ўз гумонларича илмнинг шундай даражасига эришганларки, бу даражадагиларни гўё Аллоҳ азобламайди, уларга меҳр кўрсатади, халқни шафоат қилиш ҳуқуқини беради, гуноҳларини сўрамайди. Улар алданганлар, агар қалб кўзи билан боққанларида эди, илм икки турли бўлишини билардилар.

Биринчиси — муомала.
Иккинчиси — мукошафа илми.

Мукошафа илми Аллоҳ таоло ва Унинг сифатларини билиш илмидир. Яратишдан кўзланган мақсад тамомига етиши учун муомала илмини билиш лозим. Ҳалол-ҳаром, яхши-ёмон инсонлар хулқларини билиш муомала илмидир.
Улар мисоли бир табиб бўлиб, ўзи касал, лекин ўзгаларни даволайди ва ўз касалига бепарво бўлади. Касаллик қуруқ сифатлаш билан даволанмайди, балки иситмадан сўнг дори истеъмол қилсагина фойда беради. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидан ғафлатда қолдилар: “Батаҳқиқ, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришди”. Бу ерда Раббимиз ким покласа деяпти, поклаш йўлини ўрганиб( Табароний “Авсат” да келтирган.), одамларга ўргатиб, сўнг ўзига эътиборсиз бўлса демаяпти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни энг қаттиқ азобга қолувчи киши Аллоҳ илмидан фойдалантирмаган олимдир, деган сўзларидан ғафлатда қолишди.
Бундай алданганларда - Аллоҳ асрасин дунё муҳаббати, охират муҳаббати ҳамда роҳат муҳаббати бор ва амал қилмасалар ҳам илмлари билан нажот топамиз деб ўйлайдилар.
Булар: бошқа бир тоифа илмни пухта эгаллаган, зоҳирий амаллари пухта, зоҳирий маъсиятларни тарк этган, лекин қалбидан ғофил, ундан Аллоҳнинг наздида манфур бўлган сифатларни тозаламаганлардир. Манфур сифатлар сирасига кибр, риё, ҳасад, риёсат талаби, тенгдошларидан устун экани ҳақида мақтов эшитишни ёқтириш ва бошқалар киради. Бу алданишнинг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан ғафлатдаликларидир: “Риё кичик ширкдир”(Абу Довуд ривояти.). “Худди олов ўтинни егани каби ҳасад ҳасанотларни ейди”. “Мол-давлат муҳаббати ва обрўпарастлик худди ёмғир ўтўлан ўстиргани каби цалбда нифоҳ ундиради”.
Аллоҳ Таолонинг: “Магар, ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келса (манфаат топар) (Шуаро сураси, 89-оят), деган сўзини унутдилар.
Қалбларига бепарво бўлиб, зоҳирларига эътибор беришди, ахир қалби соф бўлмаганнинг амаллари дуруст бўлмайди-ку. Ундайлар мисоли бир касал, қичима аломатлари кўринган, табиб ёғ суртиш ва дори ичишга буюрган, лекин ёғ суртяптида дори ичмаяпти, натижада, устки аломат йўқоляпти лекин ички касал қоляпти. Зоҳирий аломат асли ботиний сабабдан келиб чиққан. Модомики ботин тузалмас экан, қичима қайталанишда давом этади.
Ёмонлик, хабисликлар ҳам худди шундай, агар қалб тўрида яширин бўлса, аъзоларда аломати кўринади, агар ичкари тозаланса, тана ҳам роҳатланади.

Учинчи тоифа
Бу тоифадагилар манфур хулқларни танийдилар, шариат тарафидан қораланган эканини биладилар, лекин уларда манманлик борлиги учун ўзларида у сифатлар ҳеч қачон бўлмайди деб биладилар, ўзларини Аллоҳнинг ҳузурида буюк мартаба соҳиблари деб ҳисобганлари учун ёмон хулқ ва сифатлар уларга илашмайди деб ўйлайдилар. Бундай манфур сифатлар оми халкда бўлиши мумкин. Улар эса гўё илмда юксак даражаларга эришганлар, Аллоҳнинг наздидаги мартабалари бундай иллатлардан сақлайди. Уларда кибр бўлиб, обрў ва шараф талабидаги кишилардир. Алданганлари эса бу ҳолни кибр эмас, балки дин азизлиги, илм шарафи ва динга бўлган ёрдам деб билишларидир. Улар иблиснинг севинишидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам берилиши сабабидан ғафлатдалар. Саҳобалар (розияллоҳу анҳум) тавозеси, фақир ва синиқликларидан ғафлатда қолдилар. Умар розияллоҳу анҳу Шом ўлкасига кириб келганда уст кийими ҳақида маломат қилинган эди: “Биз Аллоҳ Ислом билан азиз қилган жамоамиз, азизликни ундан бошқадан талаб қилмаймиз”, деди.
Сўнг бу алданиш дин азизлиги учун, деб ҳашаматли либос кийишни талаб қилади, ўз обрўйим учун эмас, балки дин азизлиги учун кийиняпман, деб билади. Тенгдошларига ёки сўзини рад этганларга ҳасад қилиб, тилига қанчалик эрк берса ҳам, буни ҳасаддан деб билмайди.
Ундайларни Исо алайҳисалом ажойиб тамсил қилган: “Ёмон олим сув йўлини тўсиб қўйган катта харсангтош кабидир: ўзи сув ичмайди ва сувни экинларга ўтиб кетишига ҳам йўл бермайди”, деган.
Аҳли илмлар орасида алданган тоифалар жуда кўп, уларда ислохдан кўра фасод кўпроқдир.

Тўртинчи тоифа
Бу тоифа олимлар илмни пухта эгаллаган, аъзоларини поклаб, тоат-ибодатлар билан безаган, зоҳир гуноҳлардан четланган, нафс ва қалбни риё, ҳасад, кибр, гина ва обрўпарастлик каби иллатлардан тозалаш учун астойдил курашган ва қалбдан у иллатларнинг аниқ ва кучли экинзорини олиб ташлаган. Лекин шундай бўлса ҳам, улар алданган, чунки қалбнинг ҳар бурчагида шайтон макрлари яширин қолиб кетган. Улар жуда нозик. Улар мисоли экинзорни турли ёввойи ўтлардан тозоловчидир. Ўтларнинг ҳаммасини синчиклаб ўрганиб, кейин юлиб ташлайди, лекин ҳали-ҳануз бош чиқармаган ўтларга эътибор бермайди, ҳаммаси униб чикди, деб ўйлайди. Лекин қолганлари кейинроқ ўсиб чиқиб, экинга талафот етказади. Гоҳо кибрдан келиб чиқиб узлат қиладилар, одамларга паст назар билан қарайдилар, айримлари одамлар паст назар билан қарамасин деб ташқи кўринишига қаттиқ эътибор, беради.

Бешинчи тоифа
Бу тоифа муҳим илмлар қолиб илмларга эътиборсиз бўладилар ва аъзолар айбини ўрганмайдилар, тирикчилик йўлида халқ орасида жорий дунёвий муомалотлар тафсилотига киришади. Улар ўзларига фақиҳ деб ном қўйиб олган, фиқҳ, мазҳаб илми деб ўз илмларига ном беришган. Шу билан машғул бўлиб кўп зоҳирий ва ботиний илмларга эътиборсиз бўладилар ва аъзолар айбини ўрганмайдилар. Тилларини ғийбатдан, қоринларини ҳаромдан, қалбларини риё, ҳасад ва кибрдан ва бошқа кўп ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан тозаламайдилар. Улар икки жиҳатдан алданган: биринчиси — амал жиҳатидан бўлиб, “Иҳёу улумид динда унинг муолажа йўлини кўрсатиб ўтдим. Улар мисоли бир касал, ўз хасталлиги ҳақида тафаккур қилмайди, лекин ўзгалар касалини ўрганади. Улар жар ёқасида турган кимсалар каби ўз нафсларини поклаш ўрнига ҳайз, дия, даъво, зиҳор ва лион каби масалаларни ўрганиш билан овора, умрларини шу билан зое қилишади. Халқнинг иззат-икром кўрсатиши, уларни алдаб қўйди. Алоҳида бўлса бири бошқасини қоралайди, жамланиб қолсалар таъна-маломатлар йўқолади.
Иккинчиси — улар илм жиҳатидан алданганлардир. Олган илмларидан ўзга илм йўқ деб биладилар, шугина нажот беради ва Аллоҳнинг муҳаббатига етказади дейдилар ва Аллоҳнинг муҳаббатига эришишни фақат шу илмда кўрадилар.
Аллоҳни таниш нима билан амалга ошади?
Аллоҳни таниш зот, сифат ва афъолларни таниш билан амалга ошади, бу тоифа эса бундай илмларга эътибор бермаслик билан ҳаж сафарига отланиб, йўлда савдо-сотиқ билан чалғиб юрганлар каби бўлдилар ва ҳақиқий фиқҳ Аллоҳ таолони таниш ва Унинг сифатларини би-лиш эканини англамадилар, токи уни танишдан қалбда муҳаббат ва хавф туйғулари жўшсин ва тақво мустаҳкам ўрнашсин. Аллоҳ таоло: “Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англашлари учун”, деган (Тавба сураси, 122-оят).
Улардан айримлари фиқҳ илмидан фақат ихтилофлар билан чекланди, уларни фақат тортишиш ва хасимларини мот қилишгина қизиқтирар эди. Эртаю кеч тенгдошлари айб-камчилигини излаш билан машғуллар, мақсадлари илм эмас, балки ўзлари кабиларни омма олдида мот қилиб, обрў-эътибор қозонишдир. Фойдаси фақат дунё билан чекланган илм билан машғул бўлмай, қалбларини поклашга эътибор қаратганларида эди, ўзларига яхши бўларди. Бу каби илм дунёда мутакаббирлик ва охиратда алангали олов азобига сабаб бўлади. Агар мақсадлари ҳақиқатда илм олиш бўлганда эди, мазҳабдаги ихтилофларни эмас, балки уларнинг манбаси бўлган китоб ва суннатни ўрганган бўлардилар.
Уларнинг алданиши бунча ҳам қабиҳдир.

Олтинчи тоифа
Бу тоифа калом ва мужодала илми билан машғул бўлди ва бутун ишлари фақат қарама-қарши фикрлилар билан тортишиш эди.
Фикрларига қарши бўлган ҳамма фикрларни ўрганиб, уларнинг соҳибларига қарши мужодала олиб бордилар. Лекин улар икки тоифага бўлинар эди: бири — адашган ва адаштирувчи, иккинчиси эса ҳақни изловчи тоифа.
Адаштирувчи тоифанинг алданиши ўзининг адашганидан ғафлатда экани ва ўзларини нажот топувчи деб ўйлаганида эди. Улар жуда кўп фирқалар бўлиб, бир-бирлари устидан кофир деб ҳукм чиқарадилар. Далилларнинг шартлари ва манҳажини пухта эгалламаганлари учун адашдилар, шубҳаларни далил ва далилларни шубҳа деб кўрдилар.
Аммо тўғри йўлни изловчи тоифанинг алдангани эса мужодала олиб боришни энг аҳамиятли амал ва Аллоҳнинг динидаги энг афзал қурбат деб билишлари эди. Гумонларича, баҳс-мунозара орқали имонга келмаган кимсанинг имони тўлиқ бўлмайди, Аллоҳга бўлган имонига баҳс-мунозара ва далиллар орқали эришмаган мўмин уларнинг наздида мўмин ёки комил мўмин эмас.
Улар Исломнинг энг аввалги даврига эътибор бермадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу даврдагиларни халқнинг энг яхшиси деб гувоҳлик берганлар ва улардан далил талаб қилмаганлар. Абу Умома ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эришган ҳидоятидан сўнг адашган цандай қавлл бўлса уларга тортишув берилган”(Термизий ривояти.), деганлар.

Еттинчи тоифа
Улар ваъз-насиҳат билан машғул, нияти энг тозалари нафс ахлоқи ва қалб сифатига алоқа-дор хавф, умид, сабр, шукр, таваккул, зоҳидлик, имон, ихлос ва садоқат кабилар ҳақида гапирадилар. Уларнинг алданганлари ушбу сифатлар ҳақида гапириш ва халқни унга даъват этиш билан ўзларини бундай сифатлар билан васфланган деб гумон қилдилар. Аслида эса оммада бўлган айрим сифатларга эга бўлгандилар, холос. Уларнинг алданиши ўз ҳолатини англаб етмаслик ва манманликка кетишдир.
Улар Аллоҳнинг муҳаббатига эришиш ҳақида оғиз кўпиртириб гапириш билан Аллоҳнинг ҳузурида нажот топамиз деб ўйладилар, амал қилмасалар ҳам зоҳидлар сўзларини ёдлаб олиш билан мағфиратга эришамиз деб билдилар. Улар ўзларидан аввалгилардан ҳам алданганроқ эди, чунки Аллоҳ ва Расули йўлида ўзаро муҳаббатли бўлишга чорлаш билан ўзларида бу сифат бор деб ўйлайдилар, ихлосга даъват қилиб, ўзларини ихлос соҳиби ҳисоблайдилар, нафсни айб-камчиликлардан тозалашга чорлаб, ўзларини бундай камчиликлардан пок деб биладилар, бошқа сифатлар борасида ҳам худди шундай. Улар дунёга ҳаммадан кўра кучли муҳаббат қўйганлар, лекин ўзларини зоҳид қилиб кўрсатадилар, Аллоҳга илтижо қилиб, дуо қилаётгандек кўринадилар, асли Қорундан фарқлари йўқ, ўзлари қўрқмайди, лекин ўзгаларни Аллохдан қўрқишга даъват қиладилар, ўзлари унутганлар, лекин ўзгаларни Аллоҳни эслашга чақирадилар. Ўзлари узоқ, лекин ўзгаларни Аллоҳга яқин бўлишга ундайдилар, ўзларида бор ёмон сифатлардан ўзгаларни қайтарадилар, одамларни халқдан тама қилмасликка чақирадилар, лекин ўзлари ғирт тамагир. Дунё тор бўлиб кетади, мақсадимиз халқни ислоҳ қилиш, деб даъво қиладилар, лекин халқ уларнинг эмас, бошқаларнинг даъвати билан ислоҳ бўлаётганини кўрсалар, ҳасад ва ғамдан ўлай дейдилар. Шогирдларидан бири бошқа бирор олимни уларнинг ҳузурида мақтаса нақд балога қолади ва энг манфур махлуққа айланади. Бундайлар жуда қаттиқ алданган бўлиб, уларни уйғотишдан, тўғриликка қайтаришдан умид йўқдир.

Саккизинчи тоифа
Бу тоифа ваъз ва иршоддаги вожиб йўлдан чиқиб кетган, Аллоҳнинг Ўзи асрамаса бу замон воизларининг ҳаммаси шу балога дучор бўлган. Ўзгаларда ажабланиш пайдо қилмоқчи бўлиб, баландпарвоз ва ҳамма ҳам тушуна олмайдиган, шариат ва адолат қонунларидан ташқарида бўлган лафзлардан фойдаланадилар. Қофияли лафзлар, висол, ҳижрон ҳақидаги шеърларни қўллайдилар, асл мақсадлари мажлисларида одам кўпайишидир. Улар одам суратидаги шайтонлардир, адашдилар ва адаштирдилар. Улардан аввалгилар ўзларини ислоҳ қилмаган бўлса-да, ўзгаларни ислоҳ қилган, сўз, ваъз-иршодлари тўғри бўлган, булар бўлса ҳақиқат йўлидан тўсади, умид лафзлари билан халқни Аллоҳдан чалғитади, сўзлари одамларда маъсиятга журъат ва дунёга муҳаббат пайдо қилади.

Тўққизинчи тоифа
Бу тоифа зоҳидларнинг дунёни қоралайдиган сўзларини ёдлаб олади ва худди тўти каби ёдлаб олган нарсасини қайтаради, минбарлар, меҳроблар, айримлари бозорларда ўз шериклари билан ваъз-насиҳатлар қилади. Бундай амал-лари билан Аллоҳнинг ҳузурида нажот топамиз, амал қилмасак-да, зоҳидлар сўзларини ёдлаб олиб такрорлаш билан мағфиратга эришамиз деб ўйлайдилар. Улар аввалгилардан ҳам қаттиқроқ алданганлардир.

Ўнинчи тоифа
Бу тоифа вақтларини ҳадис илми билан ўтказадилар. Бу билан ҳадис тинглаш, ривоятларни жамлаш, ғариб иснодлар излашни назарда тутяпман. Айримлари шаҳарлар кезиб ҳар хил шайхлардан ривоят қилади, мақсади ўзини фалончидан кўра ривояти кучли қилиб кўрсатиш. Фалончилар билан кўришдим, ўзгаларда бўлмаган иснодлар топдим каби сўзлар билан мақтовлар эшитишни истайди. Уларга бир неча жиҳатдан алданган деб қаралади: китоб юкланган эшак кабилар, чунки ёдлаётган ҳадислари маъносига эътибор бермайдилар, ёдлаб бировга етказишнинг ўзи кифоя деб биладилар. Ахир асли ҳадис ўрганишдан мақсад уни тушуниш, маънолари ҳақида тадаббур қилишку. Энг аввалги мақсад ҳадисни бировдан эшитиш, сўнг англаб етиш, сўнг ёдлаб олиш, сўнг амал қилиш ва шулардан сўнг ўзгаларга ёйиш бўлиши лозим.
Улар амал учун эмас, фақат эшитиб олиш учун интиладилар, кейин уни пухта эгалламайдилар, гўдаклар каби ҳадислар етказадилар, фалон шаихдан эшитдим, деиди, аслида, у шаихнинг ўзи бу ҳадисни билмайди. Буларнинг бари алданишдир. Асли ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, сўнг саҳобадан, сўнг тобеиндан эшитилади. Саҳобадан эшитиши худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан эшитгандек бўлади, чунки саҳоба эшитиб ёдлаб олганини етказади ва ҳатто бир ҳарфида ҳам шак қилмайди, агар шак қилса, етказиш жоиз эмаслигини билади. Ҳадис ёдлаш икки йўл билан амалга ошади.
Биринчиси: давомли такрорлаш ва музокара орқали ёдлаб олинади.
Иккинчиси: эшитиб ёзиб олади, ёзишда тўғри ёзишга қаттиқ эътибор қилади ва ёзгани ўзгариб кетиш эҳтимоли бўлгани учун унга қўшимча ёдлаб ҳам олади, сўнг ёзганларини ишончли ўринларда сақлайди. Гўдаклар ва ғофил кимсалардан эшитилган нарса ёзилмайди. Чунки ҳадис тинглашнинг ҳам жуда кўп шартлари бор.
Ҳадис ўрганишдан мақсад унга амал қилиш бўлиб, у ҳам худди Қуръон каби пурмаъно сўзлардир.
Айрим шайхлар ҳақида ривоят қилинишича (уларнинг бири), бир мажлисга ҳадис эшитиш учун кирибди ва эшитган биринчи ҳадиси: “Беҳуда нарсаларни тарк цилиш кишининг Исломи гўзаллигидандир” деган ҳадис бўлибди. Шайх ўрнидан туриб, шу менга кифоя, унга амал қилиб, сўнг кейингисини тинглайман, деб кетибди. Доноларнинг ҳадис тинглаши худди шундай бўлиши лозим. Айтишларича, у шайх Абу Саид ибн Абу Хайр Манҳий бўлиб, Ибн Аҳмад Сарахсий мажлисида бўлган экан.

Ўн биринчи тоифа
Бу тоифа наҳу, шеър, луғат ва шулар кабилар билан машғул, шу билан алданишган, лекин ўзларини мағфиратга эришган уммат уламолари деб биладилар. Араб тилини бошқа тиллардан фарқи шариат у билан келганидир деган тушунча билан умрларини луғат ва наҳунинг дақиқ тарафларини излаш билан ўтказадилар. Бу уларнинг алданганидан даракдир. Агар ақлларини ишга солиб фикрлаб кўрсалар эди, араб тили ҳам худди турк тили каби бир тил эканини, араб тилига умрини зое қилган турк ва ҳинд тилига умрини зое қилган каби эканини билардилар. Араб тилининг бошқа тиллардан фарқи шариат у билан келганидадир. Луғатлардан Китоб ва суннатга алоқадорларини наҳудан ҳам Китоб ва суннатга алоқадорларини ўрганиш лозим. Аммо ниҳоясиз равишда чуқур кетиш ортиқча ва унга берилганлар алданганлардир.
Иккинчи синф сирасига кирувчи алданганлар обидлар ва шаръий ҳукмларга амал қилувчилар орасидагилардир.
Ундайларни ҳам жуда кўп гуруҳларга бўлиш мумкин, кимлардир риёзатда ва кимлардир зоҳидликда алданган.

Биринчи тоифа
Бу тоифа фарзларга эътиборсиз, нафллар билан машғул, гоҳо шунчалар чуқур кетишганки, ҳаддан ошишгача етиб боришган, айримлари таҳоратда восвосга чалинган, унда ўта муболаға қилади, шариат фатвосидаги сув поклиги ҳукмига рози бўлмайди, нажосат эҳтимоли бор деб узоқ ва яқин ҳолатлар ҳақида бош қотиради. Ҳалоллиги аниқ бўлган нарсага узоқ ва яқин ҳаромлик эҳтимолларини келтиради ва гоҳо аниқ ҳаром бўлган нарсани тап тортмай ейди.
Таҳорат сувида эмас, ейиш-ичиш борасида эҳтиёткорлик қилса, тушунса бўларди ва шунда саҳобалар сийратига эргашарди. Умар розияллоҳу анҳу нажосат эҳтимоли бўлишига қарамай насроний кишининг сув идишидан таҳорат олди, лекин шундай бўлса ҳам, ҳаромга тушиб қолишдан сақланиб, бир қанча ҳалол эшикларини ўзи учун беркитиб олган эди.

Иккинчи тоифа
Бу тоифа намоздаги ният ҳақида восвосга чалинган. Ниятим тўғри бўлди дейишга шайтон имкон бермайди, балки шундай восвос қиладики, жамоадан маҳрум бўлади ва ҳатто намози вақтидан ўтиб кетади. Таҳрима такбири ўтиб кетади, лекин унинг қалбидан ниятим тўғрими-йўқми деган тараддуд кетмайди. Гоҳо такбирда восвос бўлади, ўта эҳтиёт бўлганидан такбир сифатини ўзгартириб юборади ва фотиҳани эшита олмайди. Шу восвослар билан чалғиб қалбга бепарво бўладилар, намозда қалб ҳозирлиги вожиб эканини билмайдилар. Уларни иблис алдади ва зийнатлаб кўрсатди ҳамда: “Бу эҳтиёткорлик билан оммадан ажралиб турасиз ва Раббингиз ҳузурида мартабаларга эришасиз”, деди.

Учинчи тоифа
Бу тоифага “Фотиҳа” ўқишда ҳарфларни махражидан чиқариш восвоси ғолиб келган, бошқа зикрларни ўқишда ҳам худди шундай. У ташдидлар, “зод” билан “изғи” ўртасидаги фарқ кабиларга бутун эътиборини қаратади, лекин Фотиҳанинг маънолари ҳақида тадаббур йўқ. Қуръон тиловат қилишда халқ ўз каломларидаги одатга қараб ҳарфлар махражини амалга оширишга буюрилган эканини билмайди.
Бу жуда қаттиқ алданишдир. Масалан, султон олдига юборилган элчига маълум хабарлар еткзиш вазифаси топширилди, у, подшоҳ ҳузурида туриб ҳарфлар махражини чиқариш, уларни такрорлаш билан овора, тўғри талаффуз қилай деб такрор такрор қайтаряпти, лекин топширилган вазифаси ва мажлис одобидан ғофил. Бундайларнинг ўрни жиннихона бўлиб, уларга ақлсиз деб ҳукм қилинади.

Тўртинчи тоифа
Бу тоифа Қуръон тиловати билан алданган бўлиб, тиловат томоқларидан нари ўтмайди, гоҳо бир кунда хатм қиладилар, тиллари югуради, лекин қалблари қаерлардаги орзу-ҳавас водийси ва дунё ҳақидаги фикрлар гирдобида. Қуръон маънолари ҳақида тафаккур, қайтарувлардан қайтиш, насиҳатлардан таъсирланиш, ибрат ўринларида тўхташ деган нарсалар улар учун тамоман ёт. Аслида, маъносидан лаззатланиш керак, улар эса назмидан лаззат олади. Аллоҳ таолонинг Китобини бир кунда юз бор ўқисин, лекин амр-фармонлар ва қайтарувларга бепарво бўлса, савобга эмас, балки жазога лойиқ бўлади. Ёқимли овоз эгаси бўлса, тиловатидан лаззат олса, Аллоҳга муножот қилиш ва унинг сўзини тинглашдан лаззатланяпман, деган гумонга боради. Қани энди ростдан ҳам шундай бўлса. Унинг лаззати ўз овозидандир. Агар Аллоҳ таоло Каломининг лаззатини идрок қилганда эди, овозининг ёқимлилиги қулоғига эшитилмасди, Аллоҳ тало каломининг лаззати унинг маъноларидадир.

Бешинчи тоифа
Бу тоифа рўза билан алданган. Бир умр рўза тутади, улуғ кунларда ҳам рўзани канда қилмайди. Лекин тилини ғийбатдан, кўнглини риёдан, қорнини ифтор вақти ҳаромдан ва ортиқча дабда-бадан сақламайди. Бу жуда қаттиқ алданиш бўлиб, улар вожибни тарк этиб мандубга қаттиқ берилгандир. Бунча ҳам ёмон адашганлар! Саломат қалб билан Аллоҳнинг ҳузурига борганларгина ҳақиқий муслмондир.

Олтинчи тоифа
Бу тоифа амри маъруф ва наҳий мункар билан алданган. Одамларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаради, лекин ўзини унутади. Мақсади обрў ва риёсат. Мункар устидан чиқиб қолса, ғазабланиб, ўзини муҳтасиб ҳисоблайди. Мажлис қурса, одамлар кўп жамланишини истайди, кеч қолганни жеркиб ташлайди. Асл мақсади риё, сумъа ва обрў топиш.
Айримлари муаззинлик қилади, амалим Аллоҳ учун деб ўйлайди, бошқа бир киши келиб у йўқ вақт азон айтса, қиёмат қоим бўлади, ҳаққимни олди, дейди, масжидни бошига кўтаради.
Айримлари масжидга имомлик билан алданади, яхшилик қиляпман деб ўйлайди, мақсади имом деган обрў орттириш. Амали риё эканининг аломати шундаки, бошқа тақволи киши келиб имом бўлса, ўзига оғир олади.

Еттинчи тоифа
Бу тоифа Макка ва Мадинани маскан тутган, улар билан алданган. Улар на ботин ва на зоҳирларини ислоҳ қиладилар. Қалбларида асл юртларига нисбатан муҳаббат бор, одамларга фалон вақтдан бери Маккада яшайман деб кериладилар. Аслида, бошқа юртда яшаб, қалбларида Маккага нисбатан муҳаббат бўлгани маъқул эди. Маккага қўшни бўлган (киши) унинг ҳақларини адо қилиши лозим. Макканинг ҳақлари Аллоҳнинг амру фармонларига амал қилиш ва Мадина ҳақлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақларини адо этиш билан бўлади. Ким ҳам бунга қодир бўла оларди? Улар зоҳир билан алданганлару (мени) деворлар қутқаради деб ўйлаганлардандир.
Гоҳо мискинга бир луқма садақа қилишга бахиллик қилади. Оддий одамлар билан қўшни бў-лиш қанчалик масъулият бўлса, Яратган билан қўшни бўлиш қанчалик масъулият бўлади, унинг адоси учун аъзолар ва қалб ислоҳи лозим.

Саккизинчи тоифа
Бу тоифа молдавлатдан воз кечган бўлиб, таом ва либосдан озига қаноат қилади ва масжидни маскан тутади. Бу билан ўзича зоҳидлар мартабасига эришдим деб билади, лекин, аслида, риёсат ва обрўга қаттиқ эътибори бор. Зоҳидлик таълим олишдан ёки насиҳат эшитишдан келиб чиқиши мумкин, улар эса бундай осон амални ҳам қилмадилар ва энг ҳалокатли нарсага ёпишдилар. Обрў молдан кўра кучли таъсирга эга, мол-дунёга қизиқиб обрў-эътибордан воз кечган саломат қолишга яқин бўлади. Улар дунёда зоҳидмиз деб ўйлаб алдандилар, ўзларига нисбатан қандай макр бўлганини англамадилар. Гоҳо бойлар фақирлардан афзал бўлиши мумкин.
Айримлари илмидан манманликка кетган, айримлар шарти тўла бўлмаган бўлса-да узлатга кетган, айримларига мол берилса, зоҳид эмас экан дейилишидан қўрқиб олмайди, асли дунёга қаттиқ рағбати бор, фақат одамлар мазамматидан қўрқади. Айримлар масжидларда қаттиқ ибодатга берилади, кунига минг ракатдан намоз ўқийди, ҳар кун хатм қилади, лекин қалбини риё, кибр, манманлик ва бошқа ҳалок қилувчи сифатлардан поклашни хаёлига ҳам келтирмайди. Зоҳирий ибодатлар билан ҳасанот паллалари оғир келади деб ўйлайди. Ҳар қанча амал ҳам мисқолча тақвога тенг кела олмайди. Бир дона мустаҳкам ўрнашган гўзал хулқ тоғ каби аъзо билан қилинган зоҳир амаллардан афзалдир. Айримларнинг: “Сен ер юзи валийларидансан деган гапига алданиб, уларни эшитиб қаттиқ севинади, зоҳирида нафсонияти жуда пок ҳолда эканини кўрсатишга интилади, лекин бир инсондан ҳақорат эшитса, ўзини тута олмайди ва ҳатто ҳақорат қилганга: Бу гуноҳингни Аллоҳ кечирмайди дейишгача боради.

Тўққизинчи тоифа
Бу тоифа нафлларга қаттиқ берилган, фарларга эса эътиборсиздир. Зуҳо ва таҳажжуд намозларидан лаззат олади, лекин фарзларни адо этишда лаззат топмайди ва Аллоҳдан бирор хайр умид қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қурбат ҳосил қилувчи Аллоҳнинг фарзларидан афзал амал топа олмайди”(Имом Аҳмад ўз “Муснад”ида келтирган.), деган сўзларини унутган. Алдангани боис солиҳ амаллар ўртасидаги тартибни йўқотган.
Гоҳо инсон икки фарзни бажариши лозим бўлади. Бунда бири тезроқ бажарилиши керак, иккинчиси эса унчалик эмас. Ёки икки хил нафл бўлиши мумкин, бирининг вақти чеклаб қўйилган, иккинчиси чекланмаган. Бундай ҳолатларда тартибга риоя қилмаса, алданади. Гуноҳлар аниқ бўлгани учун улардан сақланиш маълум, лекин ибодатларни бир-бирига қиёслаш мушкул. Барча фарзлар нафллардан олдинда туради. Фарзи айнлар кифоялардан, аҳамиятли фарзу айнлар пастроқларидан олдинда туради. Масалан, онанинг ҳаққи отаникидан, қарз бошқа ҳақлардан олдинда туради. Буларни тартиблаб олиш банда учун жуда оғир. Шунинг учун ҳам унинг дақиқ тарафларини англай олмай алданиб қоладилар ва бу нозик тарафларни илмда мустаҳкам олимларгина тушуниб етади. Уларга Аллоҳнинг ризоси ва мағфирати бўлсин.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
"Алданганлар" китобидан
Азимжон Жўраев таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase