close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Алданган сўфийлар

Биринчи тоифа. Аллоҳ таоло асраганларни эътиборга олмаганда, замона сўфийларининг бари шу тоифа жумласидандир. Улар либос, гапириш оҳанги ва ҳайъат билан алданганлардир. Либослари, ҳайъатлари, лафзлари, одоблари, маросимлари, истилоҳлари, куй тинглаш ва рақсда зоҳирий, таҳоратда, намозда, жойнамозда бошни эгиб ўтиришда худди мутафаккирлар каби бошни ёқа орасига тиқиб олиш, чуқур қайғудаги инсонлар каби нафас олиш, гапирганда паст овозда гапириш, дод солиш ва бошқа ҳолатларда ҳақиқий содиқ сўфийларга ўзларини ўхшатишга интиладилар. Шу амалларни ўрганиб, шулар билан нажот топамиз деб ўйлайдилар.

Биринчи тоифа. Аллоҳ таоло асраганларни эътиборга олмаганда, замона сўфийларининг бари шу тоифа жумласидандир. Улар либос, гапириш оҳанги ва ҳайъат билан алданганлардир. Либослари, ҳайъатлари, лафзлари, одоблари, маросимлари, истилоҳлари, куй тинглаш ва рақсда зоҳирий, таҳоратда, намозда, жойнамозда бошни эгиб ўтиришда худди мутафаккирлар каби бошни ёқа орасига тиқиб олиш, чуқур қайғудаги инсонлар каби нафас олиш, гапирганда паст овозда гапириш, дод солиш ва бошқа ҳолатларда ҳақиқий содиқ сўфийларга ўзларини ўхшатишга интиладилар. Шу амалларни ўрганиб, шулар билан нажот топамиз деб ўйлайдилар.  Қалбни ва зоҳирни яширин ва ошкор иллатлардан поклаш учун ҳеч бир риёзат ва нафсга қарши кураш олиб бормайдилар. Замона сўфийларининг аҳволи шундайдир. Арзимаган нарса устида талашадилар, бир-бирларига ҳасад қиладилар, номусларига ўзаро тажовуз қиладилар. Улар алданганлардир. Улар мисоли бир кампир буюк қаҳрамон, паҳлавонлар ҳақидаги яхши сўзларни ўқиб, уларнинг либослари каби кийиниб подшоҳ ҳузурига борган ва ўзини буюк паҳлавон ва қаҳрамонлардан деб танитган. Синчиклаб қаралса, у ожиз бир қари кампирдир. Подшоҳ ҳузурида қаллоблик қилишга уялмадингми? Шунчалик қаҳрамон бўлса фил олдига ташланг, қанчалик паҳлавон эканини кўрайлик, дейилди ва фил олдига ташланган эди, уни босиб эзғилаб ташлади.

Иккинчи тоифа. Бу тоифанинг алданиши аввалгилардан ҳам баттар, чунки булар либос, таом ва масканда оддийликка рози бўлмайдилар. Зоҳирларида сўфийликларини кўрсатиш учун сўфий либоси кийишга мажбурлар, лекин ундай либослар ҳам ўта қимматбаҳо матодан тўқилган, жойнамозлари ҳам оддий эмас, тикилган матоси тоза ипакдан ҳам қиммат. Ботиний маъсиятларни қўя туринг, ҳатто зоҳирийдан ҳам тийилмайдилар. Мақсадлари султонлар молини ейиш, лекин шундай бўлса ҳам, ўзларини энг солиҳ инсонлар деб биладилар. Улар қароқчилардан ҳам зарар-лироқдир. Чунки устки кўриниши билан одамлар қалбига чанг солади, бошқалар эргашиб, улар сабаб ҳалок бўлади. Одамлар уларнинг шармандалигини фош қилиб, ҳамма сўфийлар шу аҳвол, деган гумонга боради ва мутлақ сўфийликни қоралай бошлайди.

Учинчи тоифа. Бу тоифа мукошафа илмини, ҳақни кўриш даражасига кўтарила олишини, энг юқори мақом-ларга эришганини даъво қилади. Лекин, аслида, ҳеч нарсага эришмаган. Қуруқ сўз ва маъсиятлар билан бу мақомга эришиб бўлармиди. Ҳар турли баландпарвоз сўзларни ёдлаб олиб, доимий равишда такрорлаб юради. Ўзидаги маълумотларни аввалгию охиргилар илмидан аъло деб билади. Авом халқ у ёқда турсин, ҳатто қорилар, муфассир, муҳаддис ва бошқа ҳар турли олимларни таҳқирлайди. Деҳқонлар деҳқончилиги ва тикувчилар тикувчилигини ташлаб бир неча кунлаб у билан бирга бўлишларини талаб қилади ва улар ҳам унинг талабига рози бўладилар. Ҳар хил ёлғон-яшиқ сўзларни худди ваҳийдек одамларни алдаб тинмай такрорлайди. Ўзидан бошқа ҳамма унинг наздида паст, ҳақир инсонлардир. Обидларни риёкор, олимларни тамагир деб айблайди. Ўзини ҳаққа эришган деб даъво қилади. Аслида, фожир ва фосиқ инсон, уйғоқ қалб эгалари наздида ғирт аҳмоқ. На илмга эга ва на ахлоқан покланган, ҳавойи нафснинг қули. Уларга ачинасан, ҳолатлрини ўзгартириб, фойдали амаллар билан машғул бўлганларида эди, балки нажот топармидилар, дейсан киши.

Тўртинчи тоифа. Бу тоифа олдингиларга яқин, лекин буларда солиҳ амал, ҳалол талаби, қалб поклигига эътибор қаратиш кабилар мавжуд. Аммо зоҳидлик, таваккул, ризо ва муҳаббат даражаларини даъво қиладилар, лекин бу мақомлар шарти, аломати ва офатларидан бехабарлар.
Айримлари қалбида ҳориқий (мўъжизавий) ҳолатлар пайдо бўлганини ва Аллоҳга қаттиқ ошиқлардан эканини даъво қилади. Гоҳо бидъат бўлган фосид хаёлларга ҳам боради. Шуларни даъво қила туриб Аллоҳни ғазаблантирадиган амаллардан тийилмайди, Аллоҳ таолонинг амру фармонларидан ҳавойи нафсини устун кўради. Қандайдир амалларни одамлардан уялиб тарк этиши мумкин, лекин Аллохдан уялиб ҳаромлардан тийилмайди. Қилаётган амаллари даъво қилаётган муҳаббатига зид эканини англаб етмайди. Айримлари таваккулни даъво қилиб, ҳеч бир озуқасиз саҳроларга чиқиб кетади, лекин бу амали бидъат экани, салаф саҳобалардан нақл қилинмаганини билмайди. Ахир улар таваккул борасида бундан олимроқ бўлишган. Жонни хатарга солиш, озиқ-овқат олмасдан сафарга чиқиш деган нарсалар уларда кўрилмаган. Саҳобалар сафарга отлансалар, ўзлари билан сафар озуқасини олган ва оқибатларини Аллоҳга топширганлар. Мана шу ҳақиқий таваккулдир. Булар эса озуқа олмайди, лекин оқибатини қандайдир сабабларга топширади, уларга таяниб қалби хотиржам бўлади. Бундайлар ҳамма даъволарида алданганлардир.

Бешинчи тоифа. Бу тоифага мансублар ҳалол луқма бораси-да жуда қаттиқ муболағага кетган, лекин қалб ва аъзоларни разолатдан поклашга бепарво, айримлари эса аксинча, таом, либос ва касбида эътиборсиз, лекин бошқа жиҳатларга, яъни ўзини ахлоқий поклашга чуқур кетган. Бу бечора билмайдики, Аллоҳ таоло бандаларидан тоат-ибодатда комилликни талаб қилади, айримларини бажариб, бошқаларини тарк этган кимса эса алданганлар тоифасидандир.

Олтинчи тоифа. Бу тоифа гўзал хулқ, мутавозелик ва саҳоватни даъво қилади, сўфийларга ҳизмат қилишни мақсад қилади. Жамоа тўплаб, уларга хизмат қилишни зиммасига олади, лекин мақсади дунё, мол жамлаш, бойлик ва обрў орттиришдир. Улар зоҳирларида холис бўлиб кўринади, лекин ҳаромми ҳалолми эътибор бермай мол тўплайди, эргашувчилари кўп бўлишини ва машҳур бўлишни истайди. Айримлари султонлардан мол олиб сарфлайди. Айримлари одамлардан пул йиғиб, ҳажга кетаётган мусофирларга инфоқ қилишни даъво қилади. Буларнинг бари эзгулик йўлида-ги амаллар бўлиб кўринса-да, бунда асл ундовчи омил риё ва сумъадир. Уларнинг бари Аллоҳнинг амрларига очиқ-ойдин эътиборсизлик кўрсатади.

Еттинчи тоифа. Бу тоифа риёзат ва нафсга қарши курашни даъво қилади, унга жуда чуқур киради, нафс айбларини ва алдовларини билишни ўзлари учун илм ва касб деб билади. Улар доим нафс айбларини излаш билан машғуллар, ўзлари учун қандайдир тушунарсиз сўзлар топиб олганлар, вақтларини шу каби беҳуда нарсаларга сарфлай-дилар. Худди ўзларини ўзлари учун фидо қилган каби, яратувчи Холиқлари ҳақида асло фикрламайдилар. Улар мисоли ҳаж йўллари ва ундаги қийинчиликларни пухта ўрганиб ҳаж қилмаган кимса кабидирлар. Ахир бу ҳолатда ундан ҳаж фарзи соқит бўлмайди-ку.

Саккизинчи тоифа. Бу тоифа юқоридагилар мартабасидан ўтган. Аллоҳни таниш сари анча йўл босишган. Уларнинг олдида маърифат эшиклари очилган, ҳар гал маърифатнинг ёқимли ифори димоқларига урилганда қаттиқ таажжубланиб севинадилар, қалблари унга қаттиқ боғланиб қолади. Буларнинг бари алданишдир, чунки Аллоҳнинг йўли-даги ажойиботларнинг ниҳояси йўқ, ҳар қандай ажойиботлар олдида таажжубга тушиб тўхтаб қолган кимса узоққа бора олмайди ва мақсадга эришмайди. Улар мисоли подшоҳ билан учрашувга бориб саройга кирган ва сарой боғчасидаги ажойиботларга сархуш бўлиб қолиб кетган ва подшоҳ билан учрашиш вақтини ўтказиб юборган кимса кабидир.

Тўққизинчи тоифа. Бу тоифа йўлда ҳар турли ажойиботларни кўрсалар-да, улар билан алданиб қолмай йўлларида давом этадилар, лекин етишга оз қолганда етиб келдик деб ўйлайдилар ва юришни тўхтатадилар, шу тўхтаб қолишлари хатолари бўлади. Аллоҳ субҳанаҳунинг нур ва зулматдан иборат етмиш пардаси бор. Бу пардаларнинг бирига етган йўловчи мақсадга етиб келдим деб ўйлайди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақида хабар берган ушбу сўзида шу маънога ишора бор: “Уни тун ўраб олганида юлдузни кўрди” (Анъфол, сураси, 79-оят). Бу мақомга эришиш олдида жуда кўп пардалар бор.
Банда билан Раббиси ўртасидаги энг биринчи парда унинг жонидир. У Раббоний, улуғ нарса. У Аллоҳ таолонинг нурларидан бўлган нур, ҳақиқат борича жилваланадиган қалб сирини назарда тутяпман, бу жилваланишдан сўнг бутун оламни эшитади ва халқ суратини қамраб олади.
Шу вақт улкан нур чарақлайди, чунки унда бутун вужуд борича зоҳир бўлади. У, ишнинг аввалида бир токчада, тўсилган ҳолда бўлади. Нур жилваланса, Аллоҳ таолонинг нури чарақласа, қалбнинг жамоли очилади, гоҳо қалб эгаси қалбни кўради, кўрганларидан даҳшатга тушади ва гоҳо: “Мен ҳақман”, деб дод солади, охирини ўрганмай тўхтаб қолган ҳалокатга дучор бўлади. Насоролар Исо алайҳиссаломга шу назар билан қаради, унда чарақлаган Аллоҳнинг нурини кўриб хато қилдилар. Улар худди ойнинг аксини кўзгу ёки сувда кўриб, кўзгуни юлдуз деб ўйлаб қўл узатган кимса кабидир. Улар алданганлардир.
Аллоҳ таолога эришиш мақсадида йўлга чиққанлар орасида алданишнинг жуда кўп тури бор. Уларни санаб битириш махфий илмларнинг барини шарҳлаб чиқишни тақозо этади, лекин унга рухсат йўқ.
Тавфиқ Аллоҳдан, У Зотнинг Ўзи бизга кифоя, Буюк Аллоҳдан ўзга ҳеч кимда куч ва қудрат йўқдир.
Китобнинг кўчирилиши, таржима ва тайёрланишига ҳисса қўшган барчага Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
"Алданганлар" китобидан
Азимжон Жўраев таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase