Мўмин инсон ўтаётган кунлар, тунлардан, ибрат олмоғи керак. Зеро, кеча ва кундуз ҳар бир янгини эскитар, узоқни яқин қилар, умрни қисқартирар, ёшларни кексага айлантирар, кексаларни фоний этар.
Мўмин банда замон ўтиши, куну тун алмашишидан ибрат олмаслиги, тафаккур қилмаслиги мумкин эмас. Ўтаётган ҳар бир кун, ҳар бир соат, ҳар лаҳзада бу коинотимизда турли ҳодисалар воқеъ бўлмоқда. У ҳодисалардан кўринадигани бор, кўринмайдигани бор: Уруғ уняпти, унган нарса гул беряпти, гул мева тугяпти, мева териб олиняпти. Экинлар шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланмоқда. Ҳомила шаклланмокда, чақалоқ туғилмоқда, бола йигитга, йигит кишига, киши эса кексага айланмоқда, кекса вафот этмоқда. Буларнинг ҳаммасида ақли бор инсон учун оят, қалби пок инсон учун эслатма, кўзи бор инсон учун ибрат бордир. Аммо ақл эгаларидек фикр қилиш, қалб эгаларидек эслатма олиш, кўз эгаларидек назар солишдан маҳрум бўлган кимсалар кеча-кундузнинг алмашувидан ибрат олмаслар. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратгувчи ва Бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир”. (Оли Имрон су-раси, 190-оят).
Яна у Зот айтади:
“Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта бунда дил эгалари учун ибрат бордир”. (Нур сураси, 44-оят).
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси