close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аллоҳга ишонч

Қайси дўстим менга яқин эканлигини ким айта олади: ёнимдагисими ёки узоқларда мени эслайдиганими? Ким менга бойликларимдан қай бири ҳақиқатда ўзимга тегишли эканлигини айта олади? Бизни ўраб турган бу оламда ҳамма нарса нисбий ва ҳар нарса ҳам кўринганидай эмас. Ҳеч нарсага ишониб бўлмайдиган бу дунё эътиқод синови учун мукаммалдир.

Бу ерда йўқотиш аслида топиш бўлиши, омад эса зиён келтириши мумкин. Нотаниш сенинг халоскоринг, дўстинг эса шунчаки вақтинчалик йўлдошинг бўлиши мумкин. Фақатгина Аллоҳ ва Унинг Каломи – мустаҳкам, ўзгармас, доимий ва ишончли  ҳақиқатдир.
Аллоҳ бизни фақат Ўзигагина ибодат қилишимиз учун яратди ва Унинг розилигини қидирганлар, Унга ширк келтирмаганлар учун абадий ҳаёт ваъда қилди. У бизни беҳисоб неъматлар билан ўради ва Унга умид қилганларнинг муҳтожликларини кетказишга ваъда берди. Лекин биз шунчалик моддийлашиб кетганмизки, маънавий озуқаларга қаноат қилмай, бу дунё билан оввора бўлиб қолгенмиз, натижада ўзимиз ҳам унинг бир қисмига айланиб бораяпмиз. Ёки аксинча у бизнинг бир бўлагимизга айланган ва биз қанчалик кўп тўплашни уддалаган бўлсак, биз шунчалик аҳамиятлимиз деб ҳисоблаймиз. Ва эга бўлганимизга ишона бошлаймиз, Берганни ва нима сабабдан булар бизга берилганини унутамиз.
Аллоҳ таоло бизнинг ҳолимизни жуда аниқ таърифлайди: (Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдин) машғул қилди! (Такосур сураси, 1)
Яъни биз муҳим деб ҳисоблаган нарсаларга улгуришга бўлган интилишимиз, аслида аҳамиятли нарсалардан чалғитиб қўяди. Чалғитади ва шу даражада ўз домига тортадики, ўзимизга келишимиз учун енгил силкитишлар етарли бўлмай қолади. Шунда Аллоҳ мусибат юборади, йўқотиш ва муҳтожлик билан синайди.
Аниқроғи бу қийинчиликлар бизга мусибатдай кўринади, ваҳоланки бунда сабрлилар учун кўплаб яхшиликлар берилган. Йўқотишлардан оладиган ягона дарсимиз Аллоҳга бўлган муҳтожлигимизни англашимиздир. У – ўз бандасига энг яхши ҳомий ва ҳимоячидир. У сотмайди ва зулм қилмайди, Ўз қулини синовларга дучор қилар экан, ҳолатини енгиллатиш ва сабрига лойиқ мукофотлаш учун қалбининг ҳар бир ҳаракатига қулоқ тутади. Наҳотки бу ҳаммаси?!
Агарда биз ҳаётимизга четдан назар ташлай олганимизда эди, Аллоҳ биз учун танлаган нарсаларда қанчалик хайр борлигини кўрган ва Унга албатта бош эгиб сажда қилган бўлардик. У киришга шошилаётганимиз эшикни ёпар экан, бизни унинг ортидаги мусибатлардан муҳофаза қилади ва боғланиб қолаётган инсонларимиздан улар бизни янада қаттиқроқ жароҳатламасликлари учун эҳтиёткорлик билан узоқлаштиради. Кўпинча биз ўзимиз билан содир бўлаётган ҳодисаларнинг маъносини тушунмаймиз. Мусо пайғамбар ҳам Хазрнинг уни илтифот билан кемага олганларнинг кемасини нима сабабдан тешганини, қаршисига чиққан ёш болакайни нега ўлдирганини, кейин эса унга меҳмондўстлик кўрсатган қишлоқ деворларини нимага мустаҳкамлаганини англамаган эди.
“Каҳф” сурасида баён қилинган ушбу ривоятда жуда кўп ибратлар бор. Баъзида биз мол - мулкимизни йўқотамиз, бунда Аллоҳ бизни янада каттароқ мусибатдан ҳимоя қилаётган бўлади ва қўшимча равишда сабримиз учун бизларни мукофотлайди. Баъзида бу содир бўлмаганда тақдиримиз қандай бўлишини билмаган ҳолда биз яқинларимиздан жудо бўламиз. Баъзида эса биз ўз интилишларимиз билан эмас, балки ота – онамиз ва бошқа яхши инсонларнинг дуолари сабаб хайрли қисматга эга бўламиз. Ҳеч қайси яхшилик шунчаки йўқолиб кетмайди ва ҳеч қайси синов тасодиф эмас, Жаннатда шундай даражалар борки, унга инсон йўқотиш ва қийинчиликлардан ўтиш орқали эришади.
Сен билан нималардир содир бўлмасин, бу сен туғилишингдан анча илгари битиб қўйилган ва сен ундан қочиб қутулолмас эдинг. Қайси гуноҳларинг сенга бу мусибатни келтиргани эмас, балки энди сен қандай ҳаракат қилишинг муҳим. Аллоҳга томон интил, У ўз бандаларини ўз ҳолига ташлаб қўймайди ва унутмайди. У мусибатзодаларнинг ва эҳтиёжмандларнинг илтижоларини эшитади ва Унинг фаришталари улар учун дуо қилиб туради.
Бугун сен уйғондинг, демак сенда ҳаётингни ўзгартириш имкони бор. Илгарилашингга халақит бераётган ҳамма нарсадан воз кеч ва Аллоҳ таолодан барча истаганингни сўра. У айтади: “Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман” (Ғофир сураси, 60). Шунинг учун кутган шаклингда жавоб келмаётган бўлса сен иккиланма ва ноумид бўлма, янада иштиёқ ва қатъийлик билан сўрашда давом этавер.
Аллоҳга ишон, бўшашма ва меҳнат қилишда давом эт. Яқин ва келгусидаги ҳаётингда нималар қилишинг мумкинлиги ва қаерда кўпроқ фойда келтира олишингга диққатингни қарат. Сенинг соатинг келмасидан бугунги кунингдан эртанги кунинг учун захира қил, унда бу дунёга қайтишни ҳохласанг ҳам имкон топилмайди. Ўз йўлингдаги тўсиқларни енгиб ўт, орқада қолаётганларга эътибор берма, сабр қил ва бошқаларга чидашга ҳаракат қил. Мана шундай ибодат учун Аллоҳ бизларни яратган.

Абу Муслим тайрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Қуръон, ёмғир ва юрак Мунофиқ »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase