Бу ояти карима мўминлар учун энг севимли «Эй иймон келтирганлар!» нидоси билан бошланяпти. Бу нидо ҳар бир иймонли шахснинг қалбини жунбушга келтириб, иймон шабадасини эсдиради, кўнгилда иймон номи билан буюриладиган ҳар бир амру фармонга тайёрлик руҳини оширади. Жумладан, ушбу оятдаги буйруқ ва қайтариқларга ҳам сўзсиз амал қилишга чорлайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати ила ҳар бир оятнинг нозил бўлиш вақти ва макони ҳам энг таъсирли бир ҳолатларда бўлиб, кейинчалик оятлар мазмунини тушунишга ва унга амал қилишга бевосита ёрдам беради. Жумладан, мазкур оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятда айтилишича, ҳижратнинг тўққизинчи йили Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига Бану Тамийм қабиласининг вакиллари келиб, Исломни қабул қилган пайтларида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, уларга Қаъқоъ ибн Маъбадни амир қилинг”, дедилар. Ҳазрати Умар эса: “Ақраъ ибн Ҳобисни амир қилинг”, дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Сен менга хилоф қилишни хоҳлаб, шундай қилдинг”, деган эдилар, ҳазрати Умар: “Мен хилоф қилишни хоҳлаганим йўқ”, деб жавоб бердилар. Орада гап айланиб, бир-бирларига овозларини кўтардилар. Шу воқеа мазкур оятнинг нозил қилинишига сабаб бўлган экан.
«Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг…» Демак, мусулмон инсон Набий алайҳиссалом бор жойда овозини у зотнинг овозларидан баланд қилмаслиги керак. Уламоларимиз ушбу маънога қиёс қилиб, «Мусулмонлар ўз ота-оналари, устозлари, раҳнамолари ва муҳтарам зотлар бор жойда ҳам овозларини баланд кўтармасликлари, одоб доирасидан чиқмасликлари матлубдир», дейдилар. «...ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек, баланд сўзламанг...» Яъни «Набий алайҳиссаломга бошқа оддий мусулмонларга айтадиган дағал сўзлар ила муомала қилманг. Ул зот билан бўладиган сўзлашувингизда юксак одоб доирасида бўлинг. Яна «…ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин».
Демак, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбаридан олдин шошилиш ҳамда Набий алайҳиссалом бор жойда овозни у зотнинг овозларидан баланд кўтариш ва, ниҳоят, у зотга бошқаларга айтган каби дағал сўзларни айтиш инсонлар қилган савобларининг ҳабата бўлишига, яъни бефойда бўлиб қолишига сабаб бўлар экан. Шунинг учун бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқ зарур. Ушбу оят нозил бўлгандан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, энди сиз билан фақат сирдошим билан гаплашгандек гаплашаман», деган эканлар.
Қуръони Каримнинг бошқа оятлари каби, бу ояти карима ҳам барча саҳобаларга қаттиқ таъсир қилди. Улар ушбу оятдаги «…ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» жумласининг ҳақиқий маъносини англаб етганларидан сўнг, қалблари ларзага келди, вужудларини титроқ босди, ўзларини тафтиш қила бошладилар. Баъзиларида оятда зикр қилинган камчилик бўлса, тузатдилар, баъзилари эса оят айнан ўзлари ҳақида нозил бўлган деб қабул қилдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Собит ибн Қайс ибн Шаммос баланд овозли одам эди. «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг...» ояти нозил бўлганда у киши «Овозини Набийга кўтарган ўша одам менман, дўзах аҳлидан бўлган ҳам менман, қилган амалим ҳабата бўлди», деб аҳли аёли ичида хафа-ҳазин бўлиб ўтириб қолди. Шу пайт уни Расулуллоҳ алайҳиссалом излаб қолдилар. Кишилар унинг ҳузурига бориб: “Сени Расулуллоҳ алайҳиссалом излаяптилар, сенга нима бўлди?” дейишди. Шунда у киши: “Овозини Набийнинг овозидан баланд кўтарган менман, у кишига дағал сўз айтган ҳам менман, амалим ҳабата (бекор) бўлди, мен дўзах аҳлиданман”, деди. Келиб, Набий алайҳиссаломга хабарни етказдилар. Шунда у зоти бобаракот: “Йўқ, у жаннат аҳлидандир”, дедилар».
Буюк тафсирчилардан Ибн Касир: «Набий алайҳиссаломнинг қабрлари олдида овозни баланд кўтариш, худди тирикликларида ҳузурларида овозни баланд кўтаргандек макруҳдир, чунки у киши ҳаётларида муҳтарам бўлганларидек, қабрларида ҳам муҳтарамдирлар», деган эди.
Бир куни ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг масжидларида икки кишининг овози кўтарилганини эшитиб, олдиларига келиб: “Икковингиз қаерда турганингизни биласизми?” дедилар ва сўнгра яна сўрадилар: “Қаерликсизлар?” Улар тоифлик эканликларини айтишди. Шунда ҳазрати Умар: “Агар мадиналик бўлганларингизда яхшилаб адабингизни берардим”, дедилар.
Келаси оятда Аллоҳ таоло овозини пастлатиб сўзлашиш Набий алайҳиссаломга ҳурмат бўлиши билан бирга, қалбдаги тақвонинг нишонаси ҳам эканини таъкидлайди. Ушбу ояти каримадан олдин келган икки оятга амал қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларида овозларини пастлатганлар улкан даражага эришган зотларга айланар эканлар.
«Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир». Яъни бундай кишиларнинг қалблари тақво имтиҳонидан муваффақиятли ўтиб, ўзлари ҳақиқий тақводорлик мартабасига сазовор бўлган зотлардир. Охиратда эса «Уларга мағфират ва буюк ажр бор».
Бу ояти каримадан кўплаб ҳукмлар келиб чиқади. Жумладан, инсон қалбининг нажоти Набий алайҳиссаломга нисбатан бўлган одобига боғлиқ. Уламолар «Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёки қабрлари ёнида овозни баланд кўтариш ман бўлганидек, у кишининг ҳадисларини ўқиётганда, олимлар ҳузурида ҳам ман қилинади», дейишган.
Яна оятдан тушуниладики, инсон қалби имтиҳон қилинар экан, имтиҳондан ўтганига «тақво» деб номланган улуғ неъмат раво кўрилар, ўтмаганига эса раво кўрилмас экан. Худди шу маънони Набий алайҳиссаломдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисдан ҳам тушуниб оламиз: «Қалблар бир-бир фитналарга учратиб чиқилади. Қайси қалб уларни қабул қилса, уларга қора доғ тушади, қайси қалб инкор қилса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади. Бир хили Сафо сингари оппоқ бўлиб, осмонлару ер бор экан, унга фитна зарар қила олмайди. Иккинчиси қоп-қора бўлиб, бундай қалбнинг эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди, ҳавойи нафси буюрганидан бошқани қилмайди».
Имом Аҳмад «Китобиз-Зуҳд»да Мужоҳиддан қуйидаги ривоятни келтирган: «Ҳазрати Умарга: «Эй мўминларнинг амири, гуноҳ ишни хоҳламайдиган ва қилмайдиган одам афзалми ёки хоҳлаб туриб, қилмайдиган одам афзалми?» деб хат ёзишибди. Ҳазрати Умар: «Албатта, гуноҳни хоҳлаб туриб, қилмайдиганлар афзал, ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир», деб ёзган эканлар.
Ҳа, тақво улкан неъмат бўлиб, бу неъмат ҳар кимга ҳам берилавермайди. Синовдан яхши ўтган, қабул қилишга тайёрланган, шундай улуғ илоҳий неъматга ҳақли бўлган қалбларгагина Аллоҳ таоло тақвони беради.
“Тафсири Ҳилол”дан