Аллоҳ таоло бу оламни, ундаги мавжудотларни, энг онгли ва ақлли махлуқ саналган инсонларни не сабабдан яратган? Холиқу Зулжалол бундай дейди: «Мен жин ва инсни (яъни, инсонни) фақат Ўзимга ибодат қилиш учунгина яратдим» (Ваз-зориёт, 56). Аллоҳ таоло инсонни энг мукаррам ва азиз қилиб яратди. Ўзининг ердаги сир-асрорини биладиган халифаси қилиб халқ этди. Ердаги, сувдаги, осмондаги барча ҳайвонот оламини унга бўйсундириб қўйди. Фақат Ўзига иймон келтиришлари юзасидан Одам болаларининг ваъдаларини олди.
Аллоҳ Ўзи яратиб, иймон ҳақида ваъдасини олган бандалари нега бундай турфа қавмларга бўлиниб кетган? Турли миллат, турли ирқ, турли динга ажралиб кетишган? Аллоҳ уларни нега бир хил қилиб, бир тилда сўзлашадиган, бир динга итоат этадиган қилиб яратмаган? Бунинг ҳам алоҳида илоҳий ҳикмати борки, буни қуйида кўриб чиқамиз.
Мана, ўзининг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ, ота-онанинг истак-орзуси билан чақалоқ дунёга келди. Ана шу гўдакнинг қандай камолга етиши, тарбия топиши, қайси динда бўлиши, мўмин ёки осий ҳолда тарбияланиши нимага ёки кимга боғлиқ бўлади? Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Ҳар бир туғилган бола тоза фитрий ҳолда, Исломда туғилади. Кейин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий (динсиз) қилиб бузуқ тарбия беришади» (Бухорий, Абу Довуд, Термизий), деганлар.
Одам фарзанди бир хил туғилса, унда нега турли миллат, турли қавм, турли динда бўлиб қолган? Бу тўғрида Аллоҳнинг Ўзи шундай марҳамат қилади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик» (Ҳужурот, 13). Яна бир ояти каримада эса: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач) Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди» (Бақара, 213), деб хабар берилади.
Инсоният яратилганидан буён Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилаётган муқаддас ваҳийи билан кишилик жамиятини тартибга солиб бошқариб келяпти. Инсонлардан айримлари ана шу даъватга қўшилишди. Баъзилари эса уни инкор қилишди. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина киши элчиларга эргашган. Муқаддас даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу халқлар Аллоҳ таолога осийлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга иймон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан кулишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳилликда, жодугарликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди.
Бундан ташқари, осийлар пайғамбарларнинг ҳар бири ўз халқига фақат даъват қилгани ва Аллоҳга бўйсунишга чорлагани, улар пул ҳам, амал ҳам, бошқа дунёвий лаззатлар талаб қилмагани ва улар ўз халқини мажбурловчи бўлмаганига қарамай, халқнинг пешволари кўп ҳолларда пайғамбарлар ҳаётига дахл қилишди. Ваҳоланки, элчилар, яъни набийлар ва расулларнинг бутун фаолияти қавмини ҳақиқий иймонга қайтишга ва бошқача ҳаётни бошлашга даъват қилишдан иборат эди.
Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, ердаги халифа қилиб яратиш билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилмоқчи бўлган ва одамзотга икки йўлни – иймон ва ҳидоят йўлини, куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннатда яшаш билан мукофотланишади.
Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс найрангига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар.
Хўш, қаршисида икки йўл турган инсон ҳақ йўлни, тўғри йўлни қандай танлай олади? Ҳар ишда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло шунда ҳам бандаларининг ғамини еган. Уларга раҳм қилиб, йўлларини тополмай, адашиб-улоқиб юрмасинлар, деб элчилари (пайғамбарлари) орқали уларга Ўзининг кўрсатма ва амрларини юбориб турган.
Ҳозиргача курраи заминда яшаб ўтган бирон-бир халқ ёки қавм йўқки, унга Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини юбормаган, набий ёки расул орқали даъватини етказмаган бўлсин! Тарихий манбаларда жами 24 минг пайғамбар юборилгани ҳақида хабар берилади. Шулардан 25 нафарининг зикри Қуръони каримда келган.
Набий ва расуллар, яъни пайғамбарлар Аллоҳ таоло инсонлар орасидан саралаб олган зотлар бўлиб, улар мўминларга дунё ва охират хушхабарларини етказишади. Кофир кимсаларни дунё ва охиратда шиддатли азоблар борлигидан огоҳлантиришади. Алоҳида шариат юборилмаган элчилар «набий», шариат юборилиб, бошқа кишиларнинг ақидасини тўғрилашга буюрилган элчилар «расул» бўлади. Ҳар бир расул набий бўла олади, аммо набий расул бўла олмайди.
Ўзбекистон телевидениеси бир вақтлар «Муҳаммадур-Расулуллоҳ» кўп серияли филмини намойиш қилаётганида бир ёзувчи дўстимиз шундай савол берган эди: «Мен бир нарсани тушуна олмай қолдим. Ислом дини Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган дин бўлса, унда нега у зотдан анча олдин ўтган Иброҳим алайҳиссаломни ҳам филмда мусулмон дейишяпти?» Ислом таълимотига кўра, Одам алайҳиссаломдан тортиб охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарлар Исломга – ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга даъват қилишган, қиёмат кунига ва унда ҳар ким бу дунёдаги амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонишга чақиришган, инсонларни икки дунё саодатига эришишига сабаб бўладиган шариат аҳкомларини баён қилишган. Чунки Ислом келажак, истиқбол рисолати бўлгани каби олис мозий рисолати ҳамдир. У ўз жавҳарида, эътиқодий ва ахлоқий моҳиятида ўтган барча пайғамбарлар ва нозил қилинган китоблар рисолатидир.
Демак, барча пайғамбарлар Ислом билан келишган, тавҳидга чақиришган. Бунга Қуръони каримнинг кўпгина оятлари далолат қилади. Ислом моҳиятига кўра, Нуҳ алайҳиссалом замонларидан то пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарларнинг рисолатидир.
Аммо инсониятнинг жуда оз қисми уларга эргашган. Гумроҳ ва сўқир инсонлар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто уларни ёлғончига чиқаришди, ўлдиришгача бориб етишди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою-офатларга, фалокатларга учраб, ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларида ана шу қавмларнинг фожиаси келтирилган: «(Эй Муҳаммад), агар улар (яъни, Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, (билингки) улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!» (Ҳаж, 42–44).
Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган.
Пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этди. Акс ҳолда уларни аламли азоб кутаётгани ҳақида огоҳлантирди. Аммо гумроҳ қавм пайғамбарининг куйиб-пишиб қилган даъватларига қулоқ солмади, аксинча, уни ёлғончига чиқарди. Шунда Аллоҳ томонидан Нуҳ алайҳиссаломга бир кема ясаш, унга ўзи, иймон келтирганлар ва баъзи жонзотларни чиқариб олиб, нажот топиш буюрилди. Иймонга келмаган золим қавм эса Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига кўра, кучли тўфон ичра ғарқ қилиб юборилди.
Од қабиласига ўз биродарлари Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилди. У қабиладошларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди, турли бутларга сиғинишдан қайтарди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини қайта-қайта уқтирди. Лекин жисмонан бақувват, баланд бўйли, қоматдор Од қавми ўз куч-қудратига мағрурланиб, Ҳуд алайҳиссаломни калака қилди. Оқибат Аллоҳ уларга қаттиқ қурғоқчилик азобини юборди. Бунинг устига бепуштлик дардига дучор қилди. Од қавми шу тариқа ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетди. Бунинг устига кофир ва қайсар қавм қиёматгача лаънатга дучор бўлди.
Самуд қабиласига эса биродарлари Солиҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилди. У ҳам қавмини ота-боболари сиғиниб келган бутларга ибодат қилишдан қайтарди, ягона Аллоҳнинг ўзига бандаликка ва итоатга даъват этди. Аммо бу исёнкор қавм ҳам пайғамбари даъватларига қулоқ солмади, аксинча ундан мўъжиза кўрсатишни талаб қилди. Мўъжиза туфайли харсанг тош туяга айлантирилганида Солиҳ алайҳиссалом туяга тегмасликни уқтиради. Аммо улар пайғамбар огоҳлантиришига парво қилмай, туяни сўйиб юборишади. Бунга Аллоҳнинг қаҳри келиб, адашган ва иймонсиз қавм устига қаттиқ азоб юборди. Қавм умрида эшитмаган даҳшатли ва кучли қичқириқдан турган жойида тутдек тўкилиб, ҳалокат топди.
Ўзидан кейинги барча пайғамбарларнинг отаси ҳисобланган Иброҳим алайҳиссалом кўп худолилик кенг тарқалиб, бут ва тимсолларга сиғиниш авжга чиққан бир даврда дунёга келди. Ҳатто унинг отаси ҳам бутларга сиғинар, ўзи бут ясаб сотарди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам қавмини ёлғиз Аллоҳга сиғинишга, Унинг амрига итоат этишга даъват қилди, бутларни синдириб ташлади. Аммо жаҳолатга ғарқ бўлган қавм унга қулоқ солиш ўрнига Иброҳимни ўтда куйдиришга қарор қилди. Ўша пайтдаги подшоҳ Намруднинг фармони билан Иброҳим алайҳиссалом бир ой ёқиб қўйилган катта гулхан қаърига улоқтирилди. Лекин у ўтдан эсон-омон чиқди, чунки Аллоҳнинг фармони илоҳийси билан олов уни куйдирмай омонда сақлаганди. Аксинча, золим ва жоҳил қавмга катта азоблар юборилди, подшоҳ Намрудга эса тузалмас бош оғриғи берилиб, ўша билан жони олинди ва дўзахга улоқтирилди.
Лут алайҳиссалом Ўрдун мамлакати атрофидаги Садум, Ғамура ерларидаги аҳолини даъват қилишга юборилганди. Аммо бу ерлик аҳоли ахлоқан бузуқ, қароқчилик билан ном чиқарган эди. Бундан-да даҳшатлиси, энг жирканч одат – ливота, яъни баччабозлик касалига мубтало бўлганди. Залолатга ботган қавмни ҳидоятга бошлаш йўлида Лут алайҳиссаломнинг барча ҳаракатлари бесамар кетди. Қавм тузалиш ўрнига баттар бузуқлик, жирканч ишлар ботқоғига ботиб бораверди. Охири Аллоҳ таолонинг амри билан Лут алайҳиссалом оиласи (хотинидан ташқари) ва ўзига иймон келтирган кишилар билан шаҳарни тарк этди. Хотини бузуқ қавм билан қолди. Лут ва унинг шериклари кўздан узоқлашгач, қавм устига Аллоҳнинг балоси ёғилди, шаҳар остин-устун бўлиб кетди, осмондан ёғилган сопол-тош парчалари остида бирон тирик жон омон қолмади. (Ўрдунда бўлганимизда ерли мусулмонлар Лут алайҳиссалом қавми ҳозирги Ўлик денгиз ва Лут ороли ўрнида яшаган ҳамда Аллоҳнинг лаънати теккан ердаги денгизда бирор жонивор яшамайди, деб ҳикоя қилишди.)
Шуайб алайҳиссалом ҳам, Мусо ва Исо алайҳиссалом ҳам, хуллас, барча пайғамбарлар ўз қавмларини ягона Аллоҳга иймон келтиришга, Унинг амрларини бажариб, солиҳ амаллар қилишга чақирдилар. Аммо оз сонли кишиларни истисно қилганда кўпчилиги пайғамбарлари даъватини инкор қилди. Ҳидоят йўлига юрмай, залолат ва куфрга юз бурди ҳамда оқибатда Аллоҳнинг қаҳру ғазабига учраб, ўзлари кутмаган даҳшатли бало-фалокатларга дуч келди. Фақат Юнус алайҳиссалом қавмигина иймон келтирди.
Нуҳ қавми пайғамбарлари Нуҳ алайҳиссаломни, Од қавми пайғамбари Ҳуд алайҳиссаломни, «қозиқлар эгаси» Фиръавн эса Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган. Самуд қавми пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломни, Лут қавми Лут алайҳиссаломни, «дарахтзор эгалари» бўлмиш Мадян аҳли ўз пайғамбарлари Шуайб алайҳиссаломни ёлғончи қилишган. Фақат Ислом уммати ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончи қилиш уёқда турсин, у зоти бобаракот вафотларидан ўн беш аср ўтиб ҳам аввалгидан кўпроқ севади, қадрлайди, эъзозлайди. Суннати мутоҳҳараларини авайлаб-асраб, унга оғишмай амал қилиб келмоқда.
Кўриб турибсизки, гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради. Тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради. Улар орасига бузғу-адоват, нифоқ солади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея раҳбарларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бундан-да осийлик борми?!
Гоҳида айримларнинг мана бундай «доно»ликларига дуч келамиз: «Яҳудий ва насронийлар ҳам бир Аллоҳга ибодат қилишади, мусулмонлар уларнинг пайғамбарлари Мусо ва Исо алайҳиссаломни Аллоҳнинг пайғамбарлари деб ишонишади. Шундай бўлгач, учала илоҳий дин ўртасидаги ихтилофларга чек қўйиш учун уларни бирлаштириб, ягона бир динга эътиқод қилса бўлмайдими?» Бундайин хато ва ботил фикрлар айрим китоб ва дарсликлар, оммавий чиқишларда ҳам бот-бот эсга олинаётгани айниқса хатарлидир.
Динлар тарихидан мутлақо бехабар кимсаларнинг бу «кашфиёт»лари мисрлик дин ислоҳотчиси Муҳаммад Абдуънинг «Ислом ва насронийлик» китобидаги мана бу жумлаларга ниҳоятда ҳамоҳанг ва ўхшаш бўлиб кўринмаяптими: «Барча динлар ягонадир. Улар ташқи кўринишлари билан фарқланади, холос. Мен хоҳлардимки, яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар бир-бирларини қўллаб-қувватласалар (Олимнинг фикри шу ергача мантиқан тўғри – муаллиф). Мен айтаманки, дунёнинг икки улуғ дини бўлган Ислом ва насронийлик бир-бирига қўлини чўзиб қучоқлашади. Ўшанда Таврот, Инжил ва Қуръон бир-бирини қувватлайдиган китоблар бўлади, ҳамма ерда ўқилади ва ҳар бир миллат томонидан эъзозланади». Муҳаммад Абдуъ мусулмонлар Таврот ва Инжил ўқийдиган бўлишларини кутаётганини ёзган. Ҳозирги пайтда динлар тарихи бўйича ёзилган ва ёзилаётган дарслик-қўлланмаларда ҳам ана шу «ғоя»га кўпроқ урғу берилмоқда.
Бу масалада ҳақиқат ким томонида? Агар юқоридаги фикрларда асос бўлса, унда Аллоҳ таоло нега бутун инсониятга охирги ҳақ дин деб Исломни танлаган? Унда нега Аллоҳ бутун кишилик жамиятига охирги пайғамбар қилиб Муҳаммад алайҳиссаломни юборган? Ана шу саволларга аниқ жавобни эса Қуръони карим оятларидан топамиз: «Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудийлар ва насронийлар) уларга (Ислом ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбарлиги ҳақида) аниқ билим-ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишишди» (Оли Имрон, 19); «Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида, 3); «У (Аллоҳ) Ўз Пайғамбари (Муҳаммад алайҳиссалом)ни ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, уни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир» (Фатҳ, 28).
Нега бунча пайғамбар юборилган?
Аллоҳ таоло бу оламни, ундаги мавжудотларни, энг онгли ва ақлли махлуқ саналган инсонларни не сабабдан яратган? Холиқу Зулжалол бундай дейди: «Мен жин ва инсни (яъни, инсонни) фақат Ўзимга ибодат қилиш учунгина яратдим» (Ваз-зориёт, 56). Аллоҳ таоло инсонни энг мукаррам ва азиз қилиб яратди. Ўзининг ердаги сир-асрорини биладиган халифаси қилиб халқ этди. Ердаги, сувдаги, осмондаги барча ҳайвонот оламини унга бўйсундириб қўйди. Фақат Ўзига иймон келтиришлари юзасидан Одам болаларининг ваъдаларини олди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Ислом
|
Калит сўзлар