Пайғамбарликнинг жуда кўп хусусияти ва шартлари бор. Пайғамбарнинг эркак бўлиши шулар жумласидандир. Бу борада Қуръони каримнинг Юсуф сураси 109-оят, Наҳл сураси 43-оят ва Анбиё сураси 7-оятларида очиқ баён этилган. Мисол учун Наҳл сураси 43-ояти маъно таржимаси қуйидагича: "(Эй, Муҳаммад) Биз сиздан (яъни, сизни пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас) фақат сиз каби кишиларни - инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан (пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй мушриклар) агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар!" Оятдаги "эркаклар" маъносини ифодаловчи кишилар сўзи ҳар уч оятда ҳам "рижалан" шаклида келган. Аёллардан пайғамбар юборилмаганлигининг ҳикматлари ҳақида қуйидагиларни ҳам айтиш мумкин: Пайғамбарлик оғир юк, машаққатли вазифа. Аёл эса яратилиш жиҳатидан нозик ва заифа бўлгани учун ҳам бундай оғир ва ниҳоятда қийин вазифани бажара олмайди. Чунки пайғамбарлик доимий равишда сабр ва матонатни талаб қилади. Истисносиз барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ҳақ динни тушунтиришда турли бало ва мусибатларга дучор бўлишган. Одамдан (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз Муҳаммадгача (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўтган барча пайғамбарларга ҳар хил бўҳтон ва ҳақоратлар қилинган. Закариё, Яҳё ва Жиржис (алайҳимуссалом) каби пайғамбарлар эса шаҳид этилган.
Пайғамбарларнинг ҳаммаси барча зулм ва азиятларга сабр ҳамда сабот билан жавоб беришган. Аллоҳ таоло бундай қийин ва оғир вазифани аёллар зиммасига юкламаган. Қолаверса, аёлнинг фитрий тузилиши ҳам бунга монелик қилади. Зеро у нубувват вазифасини ойда беш-ояти кун ҳайз сабабли адо этиб, имомликка ўта олмас, рўзасини тута олмас эди. Бундан ташқари нифос ва лоҳусалик ҳолатлари ҳам борки, ҳомиладорлигида иш юритиши бутунлай қийинлашарди. Чунки фарзандини қорни ёки қўлида кўтариб юриш билан бирга қўшинга бошчилик қилиши, жисмонан бақувват бўлиб олдинги сафларда эпчил ҳаракат қилиши лозим бўларди. Буларнинг барчаси аёлнинг пайғамбар бўлишига имкон бермайдиган ҳолатлардир. Вахолангки, бу масъулиятли ишларни аёлларга хос узрлар билан бирга олиб боришнинг имкони йўқ. Пайғамбарлар Саййиди (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам шу масалага эътибор қаратиб, уларни "динга оид масалаларни тулиқ адо қилмайдиган ва баъзи нарсаларни идрок эта олмайдиганлар", деб тушунтирганлар. Фарзанди туфайли ибодатлари қусур ва нуқсонли аёл қандай қилиб пайғамбарлик қилсин... Ҳолбуки пайғамбар ҳамма нарсада ўрнак, раҳбар ва қусурсиз йўлбошчи бўлиши керак. Зеро ҳамма унинг ҳолатига қараб ўзини тузатади. Аёлларга оид жиҳатлар эса пайғамбар саодатхонасидаги аёллардан ўрганилади.
"Ҳақиқат куртаклари" китобидан