close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Дин учун ҳаракат қилиш – ҳамманинг вазифаси!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин! Сўнг ...

Илм талабаларидан бири Африканинг номаълум бурчакларига Аллоҳ йўлига даъват қилиш учун борганини айтиб берди:
– Йўлнинг олислиги ва ҳаво ҳароратининг баландлиги туфайли қаттиқ қийналиб, анчагина пулларимни сарфлаб, фаровонлиги етарли бўлмаган шаҳарга етиб келдим ва ўша кечаси дам олдим. Эртаси куни эрталаб шаҳар билан танишмоқчи бўлдим ва кўчалардан бирида оқ танли европалик жувонни учратдим. “Унинг табиати ўз мамлакатининг табиатидан тубдан фарқ қиладиган, фаровонлик ва маданиятнинг асари бўлмаган бу давлатда нима иши бор экан?”,– деб ҳайратга тушдим. Атрофдаги одамлардан у ҳақда сўрасам: “У, маҳаллий аҳолини саккиз йилдан бери насроний динига чақиради!”,– дейишди. Даъват йўлида қилган ишларимнинг озлигидан уялиб кетдим ва бор кучимни даъватга сафарбар қила бошладим.
Бошқа бир талаба ҳикоя қилади:
– Мен ўз ватанимдан чиқиб, Европада ўқиб диплом олмоқчи бўлдим. Европада яшар эканман кунларнинг бирида эрталаб квартирамнинг эшигини биров таққиллатиб олди. Эшикни очсам бир жувон турибди. У мендан бир неча дақиқамни олишга ва Ийсо алайҳиссалом ҳақида муждалар беришга ижозат сўради. Мен эшикни унинг юзига ёпдим. Бироқ, жувон эшигим олдида ярим соатча қолиб, баланд товушда ўз истакларини айтгачгина кетди!
Япония ҳукумати “Японияда ишлаб чиқарилаётган моторларнинг отаси” лақабини олган доктор Осаҳирони докторлик диссертациясини ёқлаши учун Европага юборади. Бироқ, олмон устози унга ўқиб ўрганиши учун (техникадан бошқа мавзуларга оид) китоблар бера бошлайди. Бу ҳақда самурайлар оиласига мансуб Осаҳиро шундай дейди:
– Агар мен унинг насиҳатларига қулоқ солсам бирон нарсага эриша олмас эдим. ... Мен темир, мис ва бошқа металларни эритувчи заводларга борар, улардан ўрганиш учун иш коржомаларини кияр, ҳатто, тамадди қилаётган ишчиларга хизмат қилар эдим. Шундай бўлсада, аслида, мен Япония учун хизмат қилар эдим. Япония равнақи йўлида хизмат қилиш олдида бошқа нарса ҳеч гап эмас!
Доктор Осаҳиро шундай изланишлари натижасида барча нарсалари Япониянинг ўзиники бўлган моторни ишлаб чиқарди.
Буларнинг барчаси, ботил аҳлининг ботил нарсалари учун кўрсатган фидокорлик намунасидир. Шундай экан, менинг ва сизнинг динимиз учун фидокорлигимиз қаерда?!
Менинг ва сизнинг Аллоҳ йўлидаги ҳаракатимиз қаерда?!
Доктор Осаҳиро: “Япония равнақи йўлида хизмат қилиш олдида бошқа нарса ҳеч гап эмас!”,– деди. Хўш, биз учун Ислом дини ҳаёт ва ҳаётдаги барча нарса олдида аҳамиятлими?!
Ислом дини учун ҳаракат қилиш, Аллоҳ йўлида фидокорлик, Ислом байроғини юксалтиш, Исломнинг барча халқ ва динлар устидан олий бўлиши учун интилиш, Ислом умматини Аллоҳнинг дини билан жаҳонга йўлбошчи қилиш, бутун инсониятни оламлар Роббисига банда қилиш – бир шахс ёки муайян жамоатнинг масъулияти эмас. Аксинча, ўз кучи, тоқати ва имкониятига қараб, ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.
Биз ўз жонимизни қутқариш, дунё ва охиратимизниг бахту саодати учун ушбу солиҳ амал ва фидокорликка муҳтожмиз. Бунга динимизнинг ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ! Чунки Ислом дини ўз таркиби билан қудратли ва ғолибдир. Зеро, у – ҳақиқат, бошқа динлар эса ботилдир. Шунинг учун ҳам, мусулмонларнинг кучсиз ва ожиз бўлишларига қарамай Ислом дини дунёнинг чор атрофига тарқалиб, унга юзлаб балки минглаб одамлар кириб келмоқда.
Келинглар, Яъқуб алайҳиссаломнинг охирги нафасини олаётган пайтида ҳаёти давомида бирга яшаб, барча қийматли нарсаларини сарф этган ғоясидан хотиржам бўлиш учун фарзандларини тўплаган манзарага кўз ташлайлик:
«(Эй яҳудийлар) ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» — де¬ганида: «Сенинг тангринг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг тангриси бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйинсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?» (Бақара: 133).
Яъқуб алайҳиссалом иймон билан вафот этишнинг ўзигагина қониқмади, аксинча, фарзандлари ва умматининг келгусида Аллоҳ таолога ибодат ва итоатда бўлишлари ҳақида ҳам қайғурди.
Бобоси Иброҳим алайҳиссалом ҳам шундай қайғуда бўлган эди:
«Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг!»» (Бақара: 132).
Иброҳим алайҳиссаломнинг набираси Юсуф алайҳиссаломнинг бошига келган зиндон, зиндондаги зулм ва аламлар ҳаётидаги асосий вазифа – дин учун ҳаракат қилиш ва Аллоҳ йўлига даъват қилишдан чалғита олмади. У, тушларининг таъбирини сўраб келган икки кишини Аллоҳнинг йўлига чақирди:
«Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ — турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одам¬ларнинг кўплари буни билмайдилар»» (Юсуф: 39, 40).
Фиръавн хонадонидан бир мўмъмин киши кейинроқ Мусо алайҳиссалом замонида тилга олганидек, Юсуф алайҳиссалом салтанат ва қиролликни қўлга киритгач ҳам ўзининг асосий вазифасидан чалғимади:
«Дарвоқеъ илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа-гумон қилиб туриб олган эдинглар. То қачон у ҳалок бўлганида эса: «(Энди Юсуфдан) сўнг Аллоҳ ҳаргиз пайғамбар юбормас», дединглар» (Ғофир: 34).
Нуҳ алайҳиссалом қавмини тўққиз юз эллик йил Ислом динига чақирди. Бироқ қавми унинг чақириғини ўжарлик ва куфр билан кутиб олди:
«Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар» (Нуҳ: 7).
Шундай бўлсада, Нуҳ алайҳиссалом даъватида давом этди ва: “Улардан бирон яхшилик чиқмайди?” ёки “Улардан бирон нарсани умид қилинмайди?”,– демади. Аксинча, кечаю кундуз демай шахслар ва жамоатларни жаннатга тарғиб қилиб, жаҳаннамдан огоҳлантириб даъват қилишда давом этди:
«Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим. Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!» (Нуҳ: 8 – 13).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка шаҳрида Аллоҳ йўлига даъват этар, бор кучини аямас эди. Мушриклар Уни рад этиб даъватга қарши ўжарлик қилишган пайтда, даъват учун янги майдонларни очиш учун Тоиф сари йўл олдилар. Даъват манфаати бўлган ҳар бир жой, даъватчининг маконидир. Бироқ, тоифликлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни маккалик мушриклар каби балки улардан ҳам шафқатсизроқ кутиб олдилар. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ва Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган шаҳарни, киндик қонлари тўкилган жойни, Аллоҳ йўлидаги ҳижрат ва ҳаётларининг охирги дамларигача давом этадиган жиҳод учун тарк этишга мажбур бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги нафасларини олар экан уммати, дини ва динини ҳимоя қилишга ҳарислигини кўрсатдилар. У зот охирги гапларида: «Намозга ва қўл остингиздаги (қул ва жория)ларга ҳушёр бўлинглар!» (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари. Аллома Носируддин Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деган) ҳамда «Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънат қилсин! Улар пайғамбарларининг мозорларини саждагоҳ қилиб олишган эди!» деб, улар қилган ишлардан огоҳлантирган эдилар (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбарлар – ўрнак ва намунадир:
«Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг!» (Анъом: 90). Чунки улар ҳар бир аср ва ҳар бир маконда раббоний дастурни ҳаётга татбиқ қилганлар.
Хандақ ҳодисасининг қаҳрамони бўлган бола, Аллоҳ таоло ҳидоят қилгани маҳал ҳануз ўспиринлик чоғига келмаган эди. Шундай бўлсада Аллоҳнинг йўлига муттасил чақирдики, унинг овозаси қиролгача етиб борди. Дарғазаб бўлган қирол уни қатл қилмоқчи бўлсада, уни ўлдира олмади. Боланинг ўзи қандай ўлдирилиши мумкинлигини айтиб берди. У – дини учун яшади ва даъватининг ўлкадаги ҳар бир одамга етиб боришини хоҳлади. Бунинг учун жонини фидо қилди ва даъватининг самарасини кўрмасада, одамлар иймон келтиришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рошид халифаси Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа қилиб сайланган, араблар орасида муртадлик рўй берган ва закотни беришдан бўйинтовланган пайтда ўзининг: «Мен тирик эканман, динда нуқсонга йўл қўйиладими?!» деган машҳур гапини айтади! Яъни, бунинг рўй бериши мумкин эмас. Ҳолбуки, Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳаётини жиҳодлар билан ўтказган, Аллоҳ йўлида қўлида борини сарф этган, ҳаётининг охирги лаҳзасигача дини ва динига ёрдам бериш билан ўтказиб, дунёдан кўз юмган эди.
Туфайл ибн Амр Давсий разияллоҳу анҳу Ислом динини шаҳодат калималарини айтиб қабул қилгани маҳал ўз дини ва динига ёрдам беришга нисбатан мажбурияти борлигини эълон қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Давс (қабиласи) Аллоҳга кофир бўлди. Менга амр қилинг, уларнинг олдига борай!”,– деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча саҳобалари йигирма уч йил мобайнида қилган фидойиликлари, озор ва машаққатларни кўтаришлари, оила, ватан ва фарзандларни тарк қилишлари, бойликларини сарф этишлари ва бошқа ишларига қарамай ҳордиқ чиқармадилар, орден ва медалларни кутмадилар, ўтмишдаги қаҳрамонлик ҳикояларини айтиш билан кифояланмадилар. Балки ҳаммалари дин ва динга ёрдам бериш учун амал қилишга мудом ҳаракатда бўлдилар. Шунинг учун ҳам, уларнинг аксари Ер куррасининг турли қитъаларида жонларини қурбон қилишди.
Нуриддин Зангий ва Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳумаллоҳлар ҳам ҳаётларини Аллоҳ учун атадилар. Ҳатто Аллоҳ таоло Ақсо масжидини Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг қўлида (насронийлардан) озод қилди. Буларнинг ҳар иккиси ҳам ўзларининг машҳур: “Қуддус асир экан, мен қандай куламан!” деган гапларини айтишган эди.
Шонли аждодимиз – салаф солиҳ ҳаётида Ислом дини ва унга ёрдам бериш ҳамда Аллоҳ учун фидойиликларнинг сони қанча бўлганини ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигина билади. Уларнинг бири: “Мункар нарсани кўриб уни ўзгартиришга кучим етмаса, қон сияман!” деган бўлса, бошқаси: “Одамлар оламлар Роббисига ибодат қилишса, қайчилар билан териларим қиймаланишига розиман!”,– деган.
Балки сиз: Мен кимман–у, қилган ишимнинг қиймати нима?!,– дейишингиз мумкин. Биз эса сизга шундай деймиз: “Ўзингизни камситманг! Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг қўлингиз билан катта яхшиликларни бериши мумкин. Аллоҳга содиқ ва ихлосли бўлиб, амал қилиш учун тиришсангиз, Аллоҳнинг изни билан яхшиликларни кўрасиз. Аллоҳга даъват қилиш тажрибасига эга бўлган одам, олдида кўп ва ширин самараларни кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Аллоҳга содиқ бўлсанг, Аллоҳ ҳам сенга содиқ бўлади» (Насоий ва Ҳоким ривояти. Аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деди);
«Савобли ишлардан биронтасини ҳам камситманг!» (Имом Муслим ривояти)”.
Биз Аллоҳ таолога амал билан ибодат қиламиз, натижалари билан эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга халқларни намойиш этилди. Бир пайғамбарни ёнидаги гуруҳ билан, (бошқа) пайғамбарни бир ёки икки киши билан кўрдим. Бир пайғамбарнинг ёнида эса ҳеч ким йўқ эди» (Муттафақун алайҳ). Яъни бу (охирги) пайғамбарга бирон киши иймон келтирмаган бўлсада, у зиммасидаги масъулиятни адо этиб, ўз ролини бажарган эди.
Сиз: “Менинг қандай ролим бўлиши мумкин? Динимга ёрдам бериш учун нималар қилишим мумкин?”,– деб сўрашингиз мумкин.
Аввало, сиз ўзингиз учун бир ролни қидиринг. Ролингизни айтиб бериши учун бировни кутманг. Динингизга бўлган муҳаббатингиз билан бир неча ролларни топишингиз мумкин.

Мана булар сизга ёрдам берадиган рол калитларидир:
1 – Аллоҳнинг шариатига риоя қилишингиз ва фарзандларингизни Ислом дини асосида тарбия қилишингизнинг ўзи динимизга қилган катта ёрдамингиздир.
2 – Аллоҳ таолонинг йўлига чорлаш, савоб ишларга буюриб, гуноҳ ишлардан қайтариш.
3 – Ислом динини ўрганиш, одамларга ўргатиш, жумладан, хутба ва дарслар уюштириш.
4 – Ер юзидаги мусулмонларнинг муаммоларига эътибор бериш, у муаммоларнинг ҳақиқати ва душманлар макрини одамларга танитиш.
5 – Етимлар, камбағаллар ва бечораларга ғамхўрлик қилиш ва уларни кафолатга олиш.
6 – Дарсларда илғор бўлиш. Дарсларни мукаммал билаш натижасида Ислом умматининг иқтисодий, сиёсий, илмий ва технология жиҳатдан равнақ топишига ёрдамчи бўлиш.
7 – Мулозим ёки ишчи ёхуд доктор ёда муҳандис ва бошқа касб эгаси бўлсангиз, мусулмонларга иш жойингизда хизмат кўрсатиш ҳамда ҳаромдан узоқ туриш.
8 – Мусулмонларга ёрдам бериш учун дуо ва ёлборишда бўлиш. Бу ва бунга амал қилишга ҳамманинг имкони бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга (ичингиздаги) бечоралар туфайли нусрат ва ризқ берилмайдими?!» (Имом Бухорий ривояти) ва «Аллоҳ бу умматга бечораларининг дуолари, намозлари ва ихлослари билан зафар беради» (Насоий ривояти. саҳиҳ).
9 – Ўзингиз яшаб турган минтақадаги уламо ва Аллоҳ йўлига чорлаётганлар олдига боринг. Улар сизга даъват йўлида муҳтож бўлишаётган йўлни кўрсатишади ва сиз кучингизни ўша йўлда сарф этасиз.
Ихлосли бўлинглар ва бирон ишни камситманглар! Чунки Аллоҳ таолонинг тарозиси зарраларни ҳам тортади. Баъзи кичик амаллар борки, уни нийятлар буюк амалларга айлантиради. Баъзи буюк амаллар борки, нийятлар уни кичик қилади.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Сарҳон
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase