Аллоҳ таоло махлуқларни куфр ва имондан холи қилиб яратди.Сўнг уларга хитоб қилди, буюрди ва қайтарди. Кофир бўлган ўзининг феъли (амали), инкори, ўжарлиги ва Аллоҳ таолонинг унга ёрдами бўлмаганидан кофир бўлди. Мўмин бўлган ўз феъли, иқрори, тасдиғи ва Аллоҳ таолонинг унга берган тавфиқи ва ёрдами билан мўмин бўлди.
Шарҳ: Жаноби ҲақЎзига инсонларни итоат этишларига ҳам, исён этишларига ҳам қобилиятли қилиб яратган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“У сизларни яратган зотдир. Бас, сизлардан (баъзиларингиз) кофир ва сизлардан (баъзиларингиз) мўминдир” (Тагобун сураси, 2-оят).Кофир бўлган ўз ихтиёри, феъли (амали), нодонлиги, ўжарлиги, унга Аллоҳ таолонинг нусрати, тавфиқи бўлмаганидан кофир бўлди. Бу Аллоҳ таолонинг адолатидандир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирор зулм-адолатсизлик қилмас. Балки инсонлар ўзларига ўзлари зулм қилурлар” (Юнус сураси, 44-оят).
Мўмин бўлган Аллоҳ таолонинг амри ва иродасига мувофиқ, ўз ихтиёри билан Унинг амрларига бўйсунгани, тили билан иқрор бўлиб, дили билан тасдиқ қилгани (ишонгани) ҳамда Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва нусрати билан мўмин бўлди. Бу Аллоҳ таолонинг фазлидандир.
Аллоҳтаоло бундай марҳамат қилади:
“Албатта Аллоҳ одамларга фазлу карам қилгувчидир. Лекин жуда кўп одамлар (бунга) шукр этмайдилар” (Бақара сураси, 243-оят).
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи"китобидан