Қибла аҳлини қилган гуноҳи учун, уни ҳалол ҳисобламаса, кофир демаймиз. Қибла аҳлидан мурод Пайғамбаримиз (с.а.в.) етказган барча нарсага ишонган, тасдиқлаган кишидир.
“Мавоқиф” номли китоб шориҳи бундай дейди: «Фатво китобларида бундай ёзилган: “Ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умарни сўкиш ҳамда уларнинг халифалигини инкор этиш куфрдир”».
Қози Азизуддин “Ал-Мавоҳир”да бундай дейди: “Ҳеч бир қибла аҳли, мусулмон, агар Аллоҳ таолони инкор қилмаса ёки Аллоҳ таолога ширк келтирмаса ёки Пайғамбаримиз (с.а.в.) бизга етказганлари аниқ, собит бўлган ҳукмни инкор этмаса ёки ҳаромлиги қатъий бўлган нарсаларни ҳалол демаса ё иттифоқ этилган шаръий масалани инкор этмаса, кофир дейилмайди”.
Яна билки, қибла аҳлидан мурод оламнинг яратилганлигига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга, Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсанинг қисмлари, бўлакларини билишига ва шунга ўхшаш эътиқодий масалаларга ишонган кишилардир. Аҳли сунна наздида қибла аҳлидан ҳеч ким кофир дейилмаслигидан мурод куфр аломатларидан бир аломат бўлмаган қибла аҳлидир.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан