Шайтон мўмин бандадан имонни мажбурлаб ва зўрлик билан олиб қўяди, демаймиз. Балки: банда ўз хоҳиши билан имонидан кечади (диндан чиқади). Банда имонидан кечганда шайтон ундан имонини олади, деймиз.
Шарҳ: Банда имондан ўз ихтиёри билан, шайтон иғвосига учиб ё орзу-истакларига эргашиб кечади.
Аллоҳ таолонинг амридан узоқлашган кимсага шайтон ҳоким бўлиб, ўзига тобе қилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
«(Аллоҳ) деди: “Менинг зиммамдаги тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу тўғри йўлдан оздира олурсан)» (Ҳижр сураси, 41-42-оятлар).
«Айтди: «Ундан (жаннатдан) айбланган ва ҳайдалган ҳолингда чиқ! Қасамёд этаманки, кимки сенга эргашса, сиз-ларнинг барчангиз билан жаҳаннамни тўлдиражакман» (Аъроф сураси, 18-оят).
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан