close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Насиҳат ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мўминлар динда ўзаро биро-дардирлар...» (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мўминлар динда ўзаро биро-дардирлар...» (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом томонидан хабар бериб айтади:
«...Сизларга насиҳат қиламан...» (Аъроф сураси, 62-оят).
Ҳуд алайҳиссалом томонидан хабар бериб айтади: «...мен сиз-ларга ишончли насиҳатгўйман...» (Аъроф сураси, 68-оят).
Шарҳ. Насиҳат дегани хайрихоҳлик маъносида ишлатилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллохдан қўрқингиз, шояд раҳм қилинсангиз».
Ака-ука бўлиш учун эса ўртада боғловчи восита бўлиши керак. Бу ерда мусулмонларни бир-бирига боғлаб турадиган нарса иймон бўлади. Аслида иймон Пайғамбар алайҳиссалом воситалари билан етиб келди. Шу эътибордан у зот барча мўминларнинг оталаридирлар. У зотнинг аёллари эса барча мўминларнинг оналаридир. Шундай экан барча мўминлар ака-ука ҳисобланади. Бир ривоятда: «Мўминлар бир киши кабидир. Бир аъзоси дарддан шикоят қилса, бошқа аъзолар унга қўшилади. Агар боши азиятланса, бутун аъзоси азиятланади», дейилган. Бошқа бир узун ҳадисда: «...Аллоҳнинг бандалари, узаро биродар бўлинглар» дейилган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
«...Сизларга насиҳат қиламан...»
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом тилидан ҳикоя қилган. У зот қавмларини 950 йил даъват қилиб, насиҳат қилдилар. Қавм бошлиқлари эса: «Биз сени очиқ залолатда кўряпмиз», дейишди. Шу каби гаплар билан азиятлар бериши етмагандай жисмоний азиятлар ҳам беришди. Нуҳ алайҳиссалом бундай азиятларга қарамай ўз қавмларига доим насиҳат қилганлар.
Демак, инсон феъли ва сўзи билан бошқаларга яхшилик хоҳлаши насиҳат ҳисобланади. Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳ: «Инсон ўзи учун яхши кўрган нарсасини бошқаларга ҳам улашиши - насиҳат», деганлар.
Яна бир оятда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
«...мен сизларга ишончли насиҳатгўйман...»
Бу оятни Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссалом тилидан ҳикоя тарзида келтирган. Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмларини узоқ йил ҳалимлик билан даъват қилдилар. Сўз ва жисмоний азиятларга сабр қилиб доим насиҳат қилганлар.
Ҳадисларга келадиган бўлсак:Абу Руқайя Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин хайрихоҳликдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» деб сўрадик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва барчаси учун», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мана шу насиҳат деган арабий сўзни ифодалаб бериш учун арабларнинг ўзида ҳам биронта сўз йўқ». Аллома Нававий раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Бу ҳадис диннинг тўлиқ хулосаси саналади. Насиҳатнинг бир маъноси ихлос сўзига яқин бўлиб, ихлос ҳам барча амалларнинг асоси саналади», деганлар.
Юқорида айтганимиздек насиҳат деганда хайрихоҳлик, яхшиликни исташ маънолар назарда тутилади. Саломга алик олиш, касалларни зиёрат қилиш, заифларга ёрдам бериш, камбағалларга ёрдам бериш, ғийбатдан тийилиш каби ўзгаларга хайрихоҳлик қилиш ҳам насиҳат бўлади.
Диннинг Аллоҳ учун насиҳат бўлиши дегани, Аллоҳнинг зотига, сифатларига иймон келтириб, унга ширк келтирмаслик, буюрганларини қилиб, қайтарганларидан қайтиш каби амалларни қилишимиз Аллоҳ учун қилган насиҳатимиз бўлади. Яъни Унга бўлган хайри-хоҳлигимиздир.
Аллоҳнинг Китобларини У Зотнинг ҳузуридан эканлигига ишо-нишимиз, уни тиловат қилишимиз - Аллоҳнинг Китобига бўлган хайрихоҳл игимиздир.
Аллоҳнинг Расулини қалбдан қабул қилиш, унга итоат қилиш, суннатларга муҳаббат қўйиб бажариш, у зотни барча нарсадан кўра яхши кўриш - Аллоҳнинг Расулига бўлган хайрихоҳлигимиздир.
Раҳбарларга хайриҳоҳлик эса гуноҳга буюрмаса уларга итоат қи-лиш, тўғри йўлдан чиқадиган бўлса, ҳикмат билан тушунтиришдир.
Омма мусулмонларга хайрихоҳлик эса барча мусулмонларнинг диний ва дунёвий ислоҳотлари ҳаракатида бўлишдир.
Уламолар ушбу ҳадисни жавомеъул калим - қисқа лафзлар билан кўплаб маъноларни, барча яхшиликларни қамраб олган ҳадис, дейишган.Ҳадис ровийси Абу Руқайя Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳу. Исмлари Тамим бўлиб, Шом юртида яшаган, кўринишлари гўзал, тавозели саҳоба бўлганлар. Набий алайҳиссалом ва икки халифа даврларида Мадинага бориб яшаганлар. Ҳазрат Ус-мон розияллоҳу анҳу даврларида юртларига қайтиб келганлар ва 40-ҳижрий йилда вафот этганлар. У кишидан 18 та ҳадис ривоят қилинган.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни адо қилиш, закотни бериш ва ҳар бир мусулмонга хайрихоҳлик қилишга байъат қилдим», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ. Бир ривоятда эса: «...қодир бўлган нарсамда ва барча мусулмонларга хайрихоҳлик қилишга байъат қилдим» деб келган. Яъни тоқатим етганча солиҳ амалларда бардавом бўлишга ва ҳар мусулмонга насиҳат қилишга байъат қилдим, деган маъно айтилган.
Умумий ибодатлар икки турли бўлади: баданга оид ибодатлар, молиявий ибодатлар. Баданга оид ибодатга ҳадисда айтилган намоз ўқиш киради. Молиявий ибодатга эса закот бериш киради. Ҳадисда рўза ва ҳаж айтилмади. Чунки бу пайтда улар фарз бўлмаган бўлиши мумкин.
Аллома Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу от сотиб олиш учун сотувчининг олдига бориб, нархини сўрайди. Сотувчи отни 300 дирҳам дейди. У киши эса, отни 400 қилгин деб, ўзлари нархни кўтарадилар. Сотувчи рози бўлади. У киши эса 500 дейдилар. Шундай қилиб отнинг нархини 800 дирҳамгача кўтариб, сотиб оладилар. Бунинг сабабини ўзларидан сўрашганда, шундай жавоб берганлар: «Мен Пайғамбар алайҳиссаломга барча мусулмонларга хайрихоҳ бўламан деб байъат берганман. Шунинг учун бир мусулмонга хайрихоҳлигимни шундай изҳор қилдим. Чунки отнинг асл нархи 800 дирҳам эди» деб жавоб берадилар.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўзига яхши кўрадиган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча мўмин бўлолмайди», дедилар» (Муттафакун алайу).
Шарҳ. Бир ривоятда: «...ҳатто ўз нафсига яхши кўрадиган хайрли нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча...» деб келган. Яъни бу ҳадисдаги «хайрли» деган сўздан дунё ва охират яхшилиги назарда тутилган. Дунёдаги яхшилик иззат, обрў, ҳалол, туганмас маишатдир. Охиратга тегишли яхшилик эса дунёда солиҳ амалларга йўлланиши, хотимаси гўзал бўлиши, ўлимдан кейинги ва охиратдаги азоблардан нажот топиб, жаннатга киришидир. Шундай яхшиликлар-ни ўзингизга истасангиз, бошқаларга ҳам раво кўриш керак бўлади.
Аллома Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадис шарҳида шундай деганлар: «Инсон ўзи яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўрсин. Худди шунингдек, бунинг акси ҳам бўлсин. Яъни ўзига нимани раво кўрмаса, ўзгалар учун ҳам раво кўрмасин. Зеро, ко-мил иймоннинг тақозоси айнан мана шундай бўлади».

"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase