close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аҳли китоблар куфри

Учинчи ўрин яҳудийлар ва насронийлар куфридир.

Учинчи ўрин яҳудийлар ва насронийлар куфридир. Уларнинг кофир бўлишларига сабаб Аллоҳ сўнгги рисолат билан юборган ҳамда ўзидан аввалги китобларни - Таврот ва Инжилни бир томондан тасдиқлайдиган, яна бир томондан уларни тўғрилайдиган Қуръонни нозил қилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатини ёлгончи қилишларидир. Аллоҳ таоло айтади:
“Сизга эса (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз ўзидан олдинги Китоб(ларни) тасдиқ-лагувчи ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!”. (Моида сураси, 48-оят)Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсалардан бири аҳли китобларнинг илоҳиёт ҳақидаги тушунчаларини тўғрилашдир. Дарҳақиқат, уларнинг китоблари, ақидаларига кўплаб аралашмалар аралашган бўлиб, ана шу аралашмалар у китобларнинг софлигини кетказиб, пайгамбарлар отаси Иброҳим алайҳис-салом келтирган тавҳиддан - поки-заликдан чиқарди. Масалан, Таврот Якка-ю, Ёлғиз Аллоҳ таолони бир нарсага ўхшатиш, Уни гавдалантиришга урғу берганки, ҳатто сиз У Зотни махлуқ бўлган башардан бири деб ўйлайсиз. Яъни, гўё Аллоҳ қўрқади, ҳасад қилади, рашк қилади, Таврот китобида Аллоҳ Яъқуб алайҳис-салом билан курашиб, уни енггани ёзилганидек, бир инсон билан курашиб уни енгади.
Яҳуд, насронийлар гарчанд Ислом рисолатини ёлғончи қилиб Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарлигини тасдиқламаганлари учун кофир деб эътибор қилинсаларда, уларнинг “самовий аҳли китоб” деган хос ўринлари бордир. Чунки улар умуман олганда илоҳийликка, самовий рисолатга, Охиратдаги жазога иймон келтирадилар. Шунинг учун ҳам улар бошқа кофирлардан кўра мусулмонларга яқиндирлар. Қуръон уларнинг таомларини ейишга, улар билан қуда-андачилик қилишга рухсат берган:
“Бугун сизлар учун (барча) покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Қачонки зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир”. (Моида сураси,5-оят)
Моида сураси насронийларнинг куфри ҳақида айтади:«Аллоҳ - Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар”. (Моида сураси, 72-оят)
«Аллоҳ - Учтанинг (яъни, Аллоҳ, Марям, Ий-сонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўлдилар”. (Моида сураси, 73-оят)
Демак бирор кимса бугунги насронийлар аввалги Қуръон нозил бўлган пайтдаги насронийлардан фарқли дейиши ўринсиздир.
Саҳобалар ўз замоналаридаёқ аҳли китобларни хусусан насронийларни ўзларига яқинлигини билганлар. Ҳатто румликларнинг (улар насронийлар) форсларга (булар мажусийлар) мағлуб бўлишларидан қайғуга тушганлар. Айни пайтда Макка ахди бўлган бутпараст мушриклар форснинг ғалабасидан хурсанд бўлганлар. Ҳар икки гуруҳ ўзларига ким яқин-у ким узоқлигини билар эдилар. Қуръонда тез кунда рум форсни енгиши ҳақида оят нозил бўлди. Мана ўша оятлар:
Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу охир барча иш Ёлғиз Аллохдинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишиларни ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат Эгасидир. (Рум сураси, 1-5-оятлар)
Изоҳ:Рум мамлакати арабларга яқин бўлиб, румликлар насроний динига мансуб, форслар эса мажусий эдилар. Шунинг учун ҳам форслар ғолиб бўлгани ҳақидаги хабар Маккага етиб келганида, Макка мушриклари қувонишиб мўмин-мусулмонларга: «Сенлар Қуръонга ишонганларинг каби румликлар Инжилга ишонишади, форслар эса худди бизларга ўхшаб ҳеч қандай Илоҳий Китобга иймон келтиришмаган. Мана бугун форслар румликларни енгишганидек, яқинда бизлар ҳам сенларни енгамиз», дер эдилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб мўминларга таскини дил бахш этди ва дарҳақиқат, у оятларнинг берган башорати рост бўлиб чиқди. Барча Ислом уламоларининг наздида, ушбу оятлар ғайб-келажак ҳақидаги бу ҳақ хабарни берганлиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари эканликларига, Қуръон эса Аллоҳнинг Каломи эканлигига яна бир далилдир.
Демак, бу нарсалар бизнинг кўз олдимизга мусулмонлардан бошқалар билан бўлган муомалада устун кўриш ва мувозанат учун ҳамда умумий ҳолда ахди китобни худосизлар ва бут-парастлардан кўра яқинлигини эътибор қилиш учун муҳим қоидани қўяди. Модомики, аҳли китобларни мусулмонларга гина ва адоват жиҳатидан қаттиқроқ эканликларини кўрсатадиган алоҳида омиллар бўлмаса.
Сир эмас, кофирлардан муросага келганлари бор, биз ҳам уларни тинч қўямиз. Улар ичида душманлик қиладиганлари бор. Ҳам золим, ҳам Аллоҳнинг йўлидан тўсувчилари бордирки, уларнинг ҳар бирининг ўз ҳукми бордир. Аллоҳ таоло айтади:“Аллоҳ Дин(ингиз - Ислом) тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан - уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. Аллоҳ сизларни фақат Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалардан - улар билан дўстлашишларингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир”. (Мумтаҳана сураси, 8-9-оятлар)
Аниқки, аҳли зиммалар (мусулмонлар ҳимояси остидаги яҳудий ва насронийлар) Ис-лом ҳовлисининг аҳлидан бўлганлари сабабли уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари бордир.Бизларга нима бўлса, уларга ҳам ўша бордир. Фақатгина дин тақозо қилган нарсагина бундан мустаснодир. Яъни, уларга динлари бекор қилган нарса уларга фарз қилинмайди, худди бу нарса мусулмонлардан талаб қилинмаганидек.

Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase