close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мавзуъ

Мавзуъ ҳадиснинг таърифи:

Мавзуъ ҳадиснинг таърифи:
«Мавзуъ» сўзи исми мафъул бўлиб, «бир нарсани қўйди», «пастлатди», «туширди», «тўқиди» маъноларини билдиради. Умуман олганда, пасайишни англатади:
«Мусталаҳул ҳадис» уламоларининг таърифида: «Мавзуъ хабар» - тўқилган ёлғон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабардир»Бундай нарсанинг «мавзуъ» деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди. Бу нарсанинг ўзи ҳам паст нарса, ярамас нарса ҳисобланади. Унинг «ҳадис» дейилиши эса уни ёлғондан тўқиган кимсанинг даъвосига асосан ва унинг ўзини ҳамда санадини ўрганиб, рад қилинган эканини исбот қилиш кераклигидан келиб чиққан.
Мавзуь ҳадиснинг мартабаси
У заиф ҳадисларнинг энг ёмони ва энг хунуги ҳисобланади. Баъзи уламолар: «Мавзуъ»нинг ўзи алоҳида мустақил қисмдан иборат, уни заиф ҳадислар қаторига қўшиб бўлмайди», деганлар.
Мавзуъ ҳадисни ривоят қилишнинг ҳукми
Уламолар иттифоқ билан, «Мавзуъ ҳадис қандай маънони ифода этмасин, уни ривоят қилиш ҳалол эмас», деганлар. Ким унинг ҳолини билган, «мавзуъ» экани ҳақидаги маълумот унга етган бўлса, унинг тўқима ҳадислигини одамларга билдириб, уларни бундан огоҳлантиришдан ўзга мақсадда ривоят қилиши мумкин эмас. Бу ҳақда имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам бор.
Мугийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мендан ёлғони кўриниб турган ҳадисни ривоят қилса, бас у икки ёлғончининг биридир», - дедилар».
Бу ҳадисга ортиқча изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.Ҳадисни ёлғондан тўқишнинг турлари
Ёлғон ҳадис тўқувчиларнинг икки хил йўли бор:
а)ёлғончининг ўзи бир гапни тўқийди. Кейин тўқилган ёлғон сўзига санад келтирадида, «ҳадис» деб ривоят қилади;
б)ёлғончи баъзи бир ҳакимларнинг сўзларини оладида, унга ўзи санад тўқиб чиқариб, «ҳадис» деб ривоят қилади. Бунга қуйидаги икки мисолни келтиришимиз мумкин.
Анас ибн Моликдан марфуъ тарзда ривоят қилинади:
«Ким билганига амал қилса, Аллоҳ унга билмаган нарсасининг илмини мерос қилиб беради», - дедилар».
Аслида бу гапни Ийсо алайҳиссалом айтган бўлиб, уни имом Аҳмад ибн Ҳанбал баъзи тобеъинлардан ривоят қилган. Аммо баъзи ровийлар уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб, мавзуъ ҳадисга айлантирганлар.
«Ошқозон дарднинг уясидир. Парҳез давонинг бошидир».
Ушбу гапни ҳам баъзи сохтакорлар «ҳадис» деб келтиришган. Аммо, аслида, бунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Балки араб табиби Ҳорис ибн Калада томонидан айтилган ҳикматли сўздир.Мавзуъ ҳадис қандай билинади?
Мавзуъ ҳадисни унинг иснодига қарамасдан билишнинг бир неча турлари бор:
1.Мавзуъ ҳадисни тўқувчи шахснинг ўзи иқрор бўлиши.
Мисол учун, Абу Исма Нуҳ ибн Абу Марям ўзи тўқиган ҳадисларни: «Мен тўқидим», деб айтган. Бу одам Қуръони Карим сураларининг фазилатлари тўғрисидаги ҳадисларни тўқиган. Ҳар бир сурага ўзича биттадан фазилат айтиб чиқиб, «Ибн Аббосдан ривоят қилинган», деб айтган.
2.Иқрорнинг ўрнига тушадиган нарсалар.
Мисол учун: «Бир шайхдан», деб ўзи ёлғон ҳадисни ривоят қилади. Кейин ундан қачон туғилгани сўралса, «фалон йилда», дейди. Қаралса, ривоят қилаётган шайхи унинг туғилишидан аввал вафот этгани маълум бўлади. «Демак, бу айтаётган ҳадисинг тўқима экан», дейилади. Шунингдек, мазкур ҳадисни бу кишидан бошқа ҳеч ким ривоят қилмаган бўлади.
3.Ёлғончи ровийнинг ўзида ҳадиснинг тўқима эканини билдириб турувчи аломатнинг бўлиши.
Мисол учун, ровий рофизийлардан бўлиб, ривоят қилаётган ҳадиси ахди байтнинг фазилатлари ҳақида бўлиши. Яъни ўзининг гапини тўғрилаш, мазҳабини кучайтириш, фикрини қўллаш учун тўқиб олган бўлади.
Ҳозирги кунда ҳам шундай кимсаларни учратишимиз мумкин. Мисол учун, касбини, шаҳрини, миллатини, мазҳабини улуғлаш учун ёлғон ҳадис тўқийди ёки бундай ёлғон хабарни қаердандир топиб, тарқатиб юради.
4.Ривоят қилинган хабарда ёлғон аломати бўлиши.
Мисол учун, ривоят қилинган ҳадиснинг сўзлари тумтарақай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болиғ ифодаларидан йироқ, сўзнинг гўзаллиги ҳам йўқ бўлади. Ёки инсоннинг фитрати (соғлом табиати) кўтармайди, ёхуд Қуръонда келган очиқ-ойдин оятларга тескари бўлади.
Ёлғон ҳадис тўқиш сабаблари, омиллари ва ёлғон ҳадис тўқувчиларнинг синфлари
Ёлғондан ҳадис тўқишнинг кўп омиллари бор. Мазкур омиллардан кўзга кўринганлари қуйидагилардир:
1.Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида тўқилган ҳадислар.
Одамларни яхшиликка тарғиб қилиш, ёмон ишлардан қайтариш ва қўрқитиш мақсадида ёлғондан ҳадис тўқилади. Бундай ҳадисларни тўқувчилар кўпроқ зоҳидликка, аҳли салоҳликка мансуб кишилардан бўлади. Мана шулар ёлғон ҳадис тўқувчиларнинг энг ёмонидир. Чунки одамлар унинг зоҳидлигини, аҳли салоҳлигини кўриб, билиб туриб, айтган гапини қайтармасдан қабул қиладилар.
Ана шундай кишилардан бири Майсара ибн Абду Роббихдир. Ибн Ҳиббон ўзининг «Зуафа» деган китобида Ибн Маҳдийдан ривоят қилади: «Майсара ибн Абду Роббиҳга: «Бу ҳадисларни қаердан олдинг? «Ким фалон нарсани ўқиса, ундай бўлади, бундай бўлади»-ларни», дедим. Шунда у: «Буни одамларни тарғиб қилиш учун ўзим тўқиганман», деди».
2.Ўз мазҳабига ён босиш мақсадида тўқилган ҳадислар.
Хусусан, сиёсий фирқаларнинг ва мазҳабларнинг одамлари шу ишни кўп қиладилар. Бу иш мусулмонларнинг ичида фитна зоҳир бўлганидан, сиёсий фирқалар юзага чиққанидан, Хавориж, Шиаларга ўхшаган тоифалар пайдо бўлганидан кейин бошланган. Бир-бири билан тортишаётган ҳар бир гуруҳ, фирқа ўзининг мазҳабини қўллаш мақсадида ёлғон ҳадисларни тўқишга ўтганлар.
Баъзи мисолларни келтирамиз.
Жобирдан ривоят қилинади:
«Алий башарнинг яхшисидир. Ким бунга кўнмаса, кофирдир».
Хатиб ривоят қилган ва: «Бу мункар ҳадисдир. Уни Алавийдан бошқа биров ушбу санад ила ривоят ҳилганини билмайман. Собит эмас», деган.
«Алавий» - «ҳазрати Алийнинг тарафдори» деганидир.
Шунингдек, ҳазрати Муовия ибн Абу Суфённинг тарафдорлари ҳам ўзларича тўқима ҳадис келтирганлар.
«Омонатдорлар учтадир: Мен, Жаброил ва Муовия».
Имом Абу Ҳанифанинг тарафдорлари ҳам бу ишда ўзларича ҳаракат қилганлар.
«Умматимда Абу Ҳанифа деган бир киши бўлади. У умматимнинг чироғидир. У умматимнинг чироғидир». 3.    Исломга зарар етказиш учун тўқилган ҳадислар.
Бундай ҳадисларни тўқувчи кишилар зиндиқлардир. Улар Исломга очиқ-ойдин зарар етказа олмаганларидан сўнг, мана шу ифлос йўл билан Аллоҳнинг динига за-рар етказиш пайида бўлганлар ва бир қанча ҳадисларни тўқиб, Исломни қоралаш, унга таъна етказишни қасд қилганлар.
Ана шундай иш қилганлар ичида Муҳаммад ибн Саъид Шомий бўлиб, у зиндиқликда айбланиб, осиб ўлдирилган. Ана шу шахс Ҳумайддан, у Анасдан марфуъ тарзда ривоят қилиб, қуйидаги гапни айтган:
«Мен Набийларнинг сўнггиман, мендан кейин Набий йўқ, илло Аллоҳ хоҳласа бўлади».
Мазкур нобакор асли бор ҳадисга «илло» ва ундан кейинги сўзларни ўзидан қўшган ва Исломга зарар етказишни кўзлаган.
Мана бундай сохта, тўқима ҳадисларни ҳадис илмининг бобокалонлари жуда яхши баён қилиб берганлар.
4.Ҳокимларга тилёғламалик қилиш учун.
Баъзи иймони заиф кишилар ҳокимларга яқинлашиш мақсадида уларнинг кўнглини олиб, дунёвий мақсадини ҳосил қилиш ниятида ёлғон ҳадисларни тўқиганлар. Бунга мисол тариқасида бир машҳур ривоят келтирилади. Ғиёс ибн Иброҳим Нахаий Куфий деган одам амирул мўминин Маҳдийнинг олдига кирган. Қараса, халифа каптар учириб ўйнаётган экан. Уни кўриши билан Ғиёс ибн Иброҳим Нахаий Куфий тўхтамай санадни келтириб, шундай ҳадис айтибди:«Ўқ отиш, туя чоптириш, от чоптириш ёки қанотдан бошқасида соврин йўқ».
Бу билан у «халифа жаноблари ҳадисда бор нарсани қилмокдалар» деб хушомадгўйлик қилиб, ёлғон ҳадис тўқиган. Аслида ҳадисда «ёки қанотдан» деган жойи йўқ. Халифа Махдий илмли одам эди. У мазкур гапни эшитиши билан: «Агар мен шундай қилмаганимда, бу ёлғон тўқимас эди», деди ва дарров каптарвозликни тўхтатиб, каптарларни сўйишга амр қилди. Ҳалиги ёлғончи Ғиёс ибн Иброҳим Нахаийнинг қасди ундан мукофот олиш, яқин бўлиш, ҳурматини қозониш эди. Лекин иш аксига айланди.
5.Касб ва ризқ талаб қилиш.
Баъзи қиссачилар одамларга ёқиш учун, уларнинг мақтовини, ихлосини қозонсам, бсштўрт сўмлик бўлиб оламан, мулким кўпаяди, деган ният билан ёлғондан ҳадис тўқийдилар. Булар турли қиссалар билан одамларнинг кўнглини олиб, оғзини очириб, хурсанд қилиб, пулини олишга уринадиган шахслар бўлган. Қиссачиларнинг машҳурларидан бири Абу Саъид Маданий деган одам. Бундай шахслар кўплаб учраб туради. Бугунги кунда ҳам тез-тез улар ҳақида эшитиб турамиз.
Аҳмад ибн Ҳанбалга «Сизнинг номингиздан бир киши сиз айтмаган ҳадисларни ривоят қилмокда» деган хабар келибди. Имом Аҳмад шериклари билан ҳалиги одамнинг олдига борса, катта масжидда бир киши имом Аҳмад ва у кишининг номидан ёлғон ҳадисларни ривоят қилаётган экан. Кейин ҳалиги кишининг олдига бориб: «Мен Аҳмад ибн Ҳанбал бўламан, мана бу шеригим фалончи. Сен иккимизнинг номимиздан ҳадис ривоят қиляпсан, бу ривоятларни биздан қачон эшитгансан? Буларни биз ривоят қилмаганмиз», дебди. Ҳалиги киши яна муттаҳамлик қилиб: «Сендан бошқа Аҳмад ибн Ҳанбал йўқми?» деб жавоб берган экан.
6.Шуҳрат қозониш.
Одамлар «Ҳеч ким билмайдиган нарсани айтибди, зўр экан», дейишлари учун, ҳадисларнинг санадини ўзгартириб, ровийларини ҳам алмаштириб, эшитган одамни қойил қолдириш мақсадида ривоят қилишар экан. Буларга иккита шахс мисол бўла олади. Улар Ибн Абу Диҳя ва Ҳаммод Насийбийлар.
Карромия мазҳабининг ёлғон ҳадис тўқиш борасида тутган йўли
«Карромия» ҳижрий 255 санада вафот этган Муҳаммад ибн Карром Сижистоний исмли бузғунчининг мазҳабидир. У ниҳоятда пасткаш одам бўлиб, турли мазҳабларнинг энг ёмон фикрларини ўзида жамлаган ва ҳадисларнинг энг кучсиз ва ёлғонини айтиб юрган.
«Карромия» деб ном олган бу бидъатчи тоифа «Яхшиликка тарғиб қилиш, ёмонликдан қўрқитиш учун ёлғон ҳадис тўқиса, бўлади», деган фикрни илгари сурган. Бунга яна ўзларининг услуби билан ёлғондан ҳадис ҳам келтирар эдилар, яъни саҳиҳ ҳадисга ёлғон қўшимчалар қўшишарди.
Улар «Ким қасддан менинг номимдан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин» деган ҳадисга «инсонларни адаштириши учун» деган жумлани зиёда қилган эканлар. Бу билан улар: «Адаштириш учун бўлмаса, ёлғондан ҳадис тўқиса бўлаверади», демоқчилар. Лекин бу зиёда ҳадис ҳофизлари наздида собит эмас.
Карромия тоифасига мансуб баъзи кишилар: «Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ман казаба алаййа» (менинг зараримга ёлғон тўқиса), деган-лар, «Ман казаба лий» (менинг фойдамга ёлғон тўқиса), деб айтмаганлар. Биз зиёнларига ёлғон ҳадис тўқиёт-ганимиз йўқ, балки фойдаларига тўқимокдамиз», деб даъво қилишади.
Ушбу даъво мусулмонларнинг ижмоига хилофдир. Аслида эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари уларга ўхшаган ёлғончиларга муҳтож эмас. Шариатнинг ўзи покиза ва покизалигича қолади.
Баъзи уламолар: «Ақоид бўйича ёлғон ҳадис тўқиган кимса кофир бўлади», «Фазилатли ишлар, тарғиб ҳамда қўрқитишлар бўйича ёлғон ҳадис тўқиш ҳаромдир», деганлар.
Имоми Ҳарамайннинг оталари Шайх Абу Муҳаммад Жувайний: «Ёлғон ҳадис тўқиган одам кофир бўлади», деб қаттиқ олган.
Баъзи муфассирларнинг тўқима ҳадисларни тафсирларда келтиришдаги хатолари ҳақида
Баъзи муфассирлар тафсирларида ёлғондан тўқилган ҳадисларни келтириб, уларнинг ёлғон эканини баён қилмаслик билан, хатога йўл қўйганлар. Хусусан, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан Қуръони Каримнинг фазилатлари тўғрисидаги ҳар бир сурага атаб тўқилган ҳадислар кўплаб келтирилган. Ана шу ишни қилган муфассирлардан энг машҳурлари қуйидагилардир:
а)Саълабий;
б)Воҳидий;
в)Замахшарий;
г)Байзовий;
д)Шавконий.
Мавзуъ ҳадислар ҳақидаги китобларнинг энг машҳурлари
1.Имом Абул Фараж Абдурраҳмон ибн Алий ибн Жавзийнинг «Китобул мавзуъотил кубро» номли асари. Бу китоб ушбу фандаги энг қадимги ва энг аввал тасниф қилинган китоблардан саналади. Лекин Ибн Жавзий ҳадисларга «мавзуъ» деб ҳукм қилишни жуда ҳам енгил санаган. Шунинг учун уламолар уни танқид қилиб, хатоларини тузатганлар.
Ибн Жавзийнинг «Китобул мавзуъотил кубро» номли асарини кўпчилик уламолар алоҳида аҳамият билан ўрганганлар. Унга таълиқ ва талхислар ёзганлар ҳамда танқид ҳам қилганлар. Айниқса, ҳофиз Ибн Ҳажар бу китобни чуқур ўрганган ва танқид қилган. Ибн Ҳажар Ибн Жавзийнинг «Китобул мавзуъотил кубро» номли асарида асосан мавзуъ ҳадислар келтирилган бўлса ҳам, баъзи ўринларда саҳиҳ ҳадисларни келтириб, уларни «саҳиҳ эмас» деб юборган ҳолатлари ҳам борлигини таъкидлаган.
Ибн Ҳажар Ибн Жавзийнинг «Китобул мавзуъотил кубро» номли асаридан у киши «мавзуъ» деб айтган йигирма тўртта ҳадисни чиқариб, ундай эмаслигини исбот қилган. Мазкур ҳадислар имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад» китобларида келтирилган бўлиб, Ибн Ҳажар уларни жамлаб, алоҳида китоб таълиф этган ва имом Аҳмаднинг «Муснад»ини ҳимоя қилган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар Ибн Жавзийнинг «Китобул мавзуъотил кубро» номли асарида имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида келган бир ҳадис ҳам «мавзуъ» дейилганини топган ва танқид қилган.
Ибн Жавзийнинг «Китобул мавзуъотил кубро» номли асарини бир қанча уламолар мухтасар қилганлар. Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
а)Амр ибн Бадр Мусилий;
б)Ферузободий;
в)Шамсуддин ибн Қайюм Жавзия.
2.Имом Жалолуддин Суютийнинг «Ал-Лаалил маснуъа фил аҳадисил мавзуъа» деган китоби бўлиб, у Ибн Жавзийнинг юқорида зикр қилинган китобининг мух-тасаридан иборатдир. Шу билан бирга, Суютий Жав-зийнинг баъзи бир хатоларини тўғрилаб, у келтирмаган ҳадисларни келтирган.
Имом Жалолуддин Суютий Ибн Жавзийнинг «Ки-тобул мавзуъотил кубро» номли асарида Ибн Ҳажарнинг эътиборидан четда қолган ва имом Аҳмаднинг «Муснад»ида келган яна ўн тўртта ҳадис «мавзуъ» деб нотўғри баҳоланганини топган ва буни «Ал-қавлул ҳасан физ-забби анис-сунан» номли китобида келтирган. Имом Суютий мазкур китобида бир юз йигирмадан ортиқ ҳадиснинг мавзуъ эмаслигини исботлаган.
3.Ибн Ироқ Кинанийнинг «Танзийҳу ашшаръийъа-тил-марфуъати анил аҳадийсиш-шаниъатил мавзуъати» номли китоби. Бу китоб Ибн Жавзий билан Суютийнинг аввал зикр қилинган китобларига талхис ҳисобланади. У жуда ҳам кўп нарсаларни ўз ичига олган, тартибга солинган, ниҳоятда фойдали китоб саналади.
4.Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Иброҳим Жавзақий-нинг «Китобул аботийл» номли асари.
5.Қози Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий Шавконий-нинг «Ал-фавоидул мажмуъа фил аҳадисил мавзуъа» номли китоби.

Шайх Муҳаммад Содик Муҳаммад Юсуф
"Мусталаҳул ҳадис"китобидан




Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase