close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Намознинг фарзлиги ва унинг фазли ҳақида

Намоз арабчада «солат» дейилиб, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади.

Шариатда эса: такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган зарур шартга эга амал намоз дейилади.
Намоз Исро кечасида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган.
Беш вақт намоз фарзлиги Қуръонда ҳам, суннатда ҳам, ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган.
Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмон учун фарзи айн бўлиб, ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир.

НАМОЗНИНГ ҲИКМАТЛАРИ

Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.
У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига банда шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп.
Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситаси.
Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат-ла руҳий, маънавий лаззат олади.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир.
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўл бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
Намоз қилувчини Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.
Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга, эга бўлади.
Намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзал бўлиб, намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди, куч жамоатда бирликда эканини англатади, ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради.
Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган энг муҳим омил. Намозда бандалар ким бўлишидан қатъи назар, бир жойда, бир сафда туради бир хил амални бажарадилар ва Аллоҳ таологагина банда эканлари изҳор этадилар.
Бандаларнинг намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниши, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади.ҳатто жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.
Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар.
Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи энг асосий белги. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.
Қолаверса, намоз поклик рамзи.
Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.
Намознинг фойдаларини қатор оят ва ҳадисларда батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ.
«Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», (Нисо сураси, 103-оят, мазмун)
Бу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг бири бўлиб, ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.
«Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир», (Анкабут сураси, 450-оят, мазмун)
Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга, оятда намознинг ҳикматларидан бири, ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши таъкидланмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:
«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Исро кечаси ҳақида Ал-Исро сурасида баён этилади. Бу ҳодисани муфассал баён қилинган ҳадиси шарифлар ҳам кўп, ҳаммаси иншааллоҳ, ўз ўрнида ўрганилади. ҳозир эса маълумот учун қисқача қилиб, қуйидагиларни билсак кифоя:
«Исро»нинг луғавий маъноси «кечаси сафар қилиш»дир.
Шариатда эса, «Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси Буроққа миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилишлари тушинилади.
Бу ҳодиса баъзи ҳанафий уламоларининг таҳқиқ қилишларича, ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган.
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга, Меърожга олиб чиқилганлар. Ўша ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган. Кунига эллик вақт намоз фарз қилинган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаётганларида Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар ва у киши:
«Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар. У зот:
«Эллик вақт намозни», деганлар.
Мусо алайҳиссалом:
«Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ таоло бир оз камайтирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундоқ қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор, бориб қайтганлари- дан сўнг Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва:
«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмас. Албатта, сенга мана шу бештада элликтанинг (ажри) бор», деган.
Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Роббимдан уяламан», деб қайтмаганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Намознинг Аллоҳ таоло томонидан фарз қилингани.
2. Намоз Исро кечасида фарз қилингани.
3. Намоз аввал эллик вақт фарз қилиниб, кейин беш вақтга туширилгани.
4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги сўз ўзгартирилмаслиги.
5. Ислом умматига Аллоҳ таоло меҳр кўрсатиб, беш вақт намозига эллик вақт намознинг ажрини бериши.
6. Ислом осонлик дини экани. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.
Демак, беш вақт намозни янада чин ихлос билан ўқимоғимиз керак.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эдию, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир кечаю бир кундузда беш вақт намоз», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рамазон рўзасини тутишлик», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Бас, ўша одам:
«Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман», дея орқага қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиси шарифнинг ровийи Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Талҳа ибн Убайдуллоҳ Қураший ат-Тамимий. Бу улуғ саҳобани Абу Бакр розияллоҳу анҳу Исломга даъват қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келадилар. Талҳа Исломга биринчилардан бўлиб киради.
Бу зот ҳижратдан олдин Маккада саҳоба Зубайр билан Исломий биродар эдилар. ҳижратдан сўнг Абу Айюб Ансорий билан биродар бўлдилар. Жаннатга киришлари башорат берилган ўн саҳобанинг бири эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Талҳа ва Зубайр жаннатдаги менинг қўшниларим», деб марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр кунида бу зотни Шомга хабарларни билиб келишга жўнатганлари учун бу жангда иштирок эта олмадилар. Уҳуд жанги, Ризвон байъати ва булардан кейинги барча жангларда қатнашдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким тирик юрувчи шаҳидни кўришни хоҳласа, Талҳага қарасин», деганлар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 38 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритищган.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ Жамал воқеъасида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. ҳижратнинг 36-санасида 62 ёшларида ана шу урушда шаҳид бўлдилар.
Бу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса жуда ҳам маш¬¬¬ҳур. Ўша аъробнинг исми Замом ибн Саълаба эди.
Бу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: «Биз масжидда ўтирган эдик. Бирдан бир одам туя миниб масжидга кириб келди. Туясини чўктириб, тушди-да, қайси бирингиз Муҳаммад, мен – Бани Саъд ибн Бакрлик Замом ибн Саълабаман», деди», дейилган.
Нажд араб юртларидан бирининг номи бўлиб, Туҳама билан Ироқнинг орасида жойлашган. ҳозирда Саудия Арабистони ҳудудига қарашли бўлиб, ўша вақтларда наждликлар саҳровий бўлишган. ҳадису шарифда:
«Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эдию, нима деяётганини фаҳмлаб бўл¬-мас эди», деб васф қилиниши ҳам шуни кўрсатади.
Замом ибн Саълаба яқин келиб, яхшироқ гапирганидан кейингина унинг Ислом ҳақида сўраётгани англанди. Пайғамбаримиз унга намоз, рўза ва закотни баён қилиб бердилар. Унинг саволларига ҳам жавоб бердилар, бошқа ривоятларда келтирилишича, шариат амалларини баён қилиб бердилар.
Суҳбатнинг охирига келиб, Замом ибн Саълаба Пайғамбаримиз баён қилиб берган ўша нарсаларга оширмай ҳам, камайтирмай ҳам тўлиқ ва тўғри амал қилишга аҳд қилиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб, чиқиб кетади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».
Ўша инсоннинг икки дунёдаги ютуғига сабаб бўладиган шариат амалларининг биринчиси сифатида намоз зикр қилингани учун ҳам бу ҳадис ушбу фаслда келтирилди.
ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Исломнинг ҳукмларини ўрганиш учун зарур бўлса, узоқ юртларга вақт, куч, маблағ сарфлаб сафар қилиш кераклиги.
2. Саҳровйи одамнинг содда ва тўғри бўлиши.
3. Намоз Исломнинг рукнларидан бири экани.
4. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз экани.
5. Беш вақт намоздан бошқа фарз намоз йўқлиги.
6. Рамазон рўзаси Исломнинг рукнларидан бири экани.
7. Рамазон рўзасидан бошқа фарз рўза йўқлиги.
8. Закот Исломнинг рукнларидан бири экани.
9. Закотдан бошқа молиявий фарз ибодат йўқлиги.
10. Зарурат бўлмаса ҳам Аллоҳнинг номи ила қасам ичиш мумкинлиги.
Замом ибн Саълаба шундоқ қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса инкор қилмадилар.
11. Мазкур нарсаларни тўлиқ ва доимий адо этиш ютуққа сабаб бўлиши.
12. Ушбу ҳадисда иймон келтирса, бўлди, амал қилмаса ҳам, намоз ўқиб, рўза тутмаса ҳам бўлаверади, дейдиган ботил Муржиъа мазҳабига кучли раддия бор.
Биз эътибор қилишимиз лозим бўлган нарсалардан яна бири ютуққа эришиш учун сабаб бўладиган амаллар фақат намоз, рўза ва закотдангина иборат эмас. Шу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган бошқа ривоятида:
«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Ислом шариати ҳақида хабар бердилар. У эса «Аллоҳ менга фарз қилган нарсалардан кам ҳам, зиёда ҳам қилмайман, деб қайтиб кетди», дейилади.
Ислом шариати ва Аллоҳ фарз қилган нарсалар мазкур уч амаллардан бошқа кўпгина нарсаларни ҳам ўз ичига олиши ҳаммага маълум.
Усул қоидаси бўйича, бир ҳадисни икки ровий ривоят қилган бўлса, улардан бирида зиёда бўлса ва ўша зиёда иккинчи ривоятни ўзгартирмайдиган бўлса, у қабул қилинади. Чунки ровийлар ҳадиснинг бир қисмини эшитмай қолган, унутган ёки ҳолатга қараб, қисқартириб айтган бўлади.
Мисол учун, намоз ҳақида сўз бораётган мажлисда ўзи билган узун ҳадиснинг намозга тегишли жойини айтган бўлиши мумкин қолаверса, бошқа оят ва ҳадисларда баёни келган фарзларни ҳам унутмаслигимиз керак.

Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Муҳаммад витр намози вожиб, деб даъво қилди. Бас, Убода ибн Сомит:
«Абу Муҳаммад хато қилибди. Гувоҳлик бераманки, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни фарз вақтида, рукуъ-хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа мағфират қилади. Хоҳласа азоблайди», деганларини эшитганман», деди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий улуғ тобеъинлардан эдилар.
Абу Умар айтадилар:
«Бу киши Абу Абдуллоҳ Санобиҳий бўлиб, асл исмлари Абдурраҳмон ибн Усайладир. Бу зот Расулуллоҳ билан кўришмаганлар. Пайғамбаримизни зиёратларига йўлда кетаётганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган эдилар».
Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилдилар. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Ривоятда:
«Абу Муҳаммад витр намозини вожиб, деб даъво қилди» деган жумладаги Абу Муҳаммад ансорий саҳобалардан биридирлар.
Ушбу ривоятни далил қилиб, ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб уламолари Витр намозини вожиб эмас, дейдилар.
Мана шу масалани тўғрироқ тушунишимиз учун ҳанафий мазҳабдан бошқа мазҳабларда амаллар фақат фарз ва суннатга бўлинишини, ҳанафий мазҳабида эса, фарз, вожиб ва суннатга ажратилишини эслаб қўймоғимиз керак. Бошқа мазҳабларда фарз билан вожиб бир нарса бўлиб, икки истилоҳ бир-бирининг ўрнида ишлатилаверади. ҳанафий мазҳабида эса фарз билан вожиб алоҳида нарсалар ҳисобланади. Вожиб суннатдан кучли нарса бўлиб, фарз бўлишига далилининг қуввати етмай қолган ҳукмдир.
ҳадисдаги сўзларга эътибор берадиган бўлсак, витрни вожиб ёҳуд вожиб эмаслиги ҳақида сўз юрита туриб, унинг вожиб эмаслигига Аллоҳ фақат беш вақт намозни фарз қилгани далил сифатида келтирилмоқда.
Демак, вожиб ва фарз калималари «Фарз» маъносида ишлатилмоқда. Бу ерда ҳанафийлар Витрни вожиб, деганлари маъносида сўз йўқ.
ҳанафий уламолар витр намозини вожиб, деганларида ўз хаёлларидан чиқариб эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суяниб айтганлар.
Саккизта саҳобий, шу жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди. У витрдир», деганлар. Яъни, беш вақт фарз намозлар устига бир намозни зиёда қилди, деганларидир.
Имом Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа, Аҳмад ибн ҳанбал, Ибн ҳиббон ва Имом ал-ҳокимлар Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Витр ҳар бир мусулмонга ҳаққу вожибдир», деганлар.
Кўриниб турибдики, витр намози суннат намози савиясидан юқори. Агар шундоқ бўлмаса, ушбу ҳадислар айтилмас эди. Шу билан бирга бу ҳадисларнинг кучи фарз намозларига далил бўлган оят ва ҳадислар далиллик кучи даражасида эмас. Шунинг учун ҳанафий уламолар витр намозини вожиб, деб фарз намозидан кейинги, суннат намозидан олдинги ўрнига қўйганлар.
ҳадисни ўқибоқ ҳанафийларнинг хатосини топдик. Витр намози вожиб, деб нотўғри айтишган экан, дея жар солишга ошиқмайлик. Бунинг устига Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳу ҳам саҳобий, у киши витрни вожиб, деб айтишлари ҳам бежиз эмас. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу эса, Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳунинг йўқларида витрни олтинчи фарз намоз, деб айтилган, деб ўйлаб раддия қилмоқдалар. ҳолбуки, ҳеч ким олти вақт фарз намоз мавжуд, демаган.
ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам витрни олтинчи фарз намоз, деганлари йўқ. Улар Хуфтондан кейин ўқиладиган витр намозини вожиб намоз, деб таърифлаганлар, холос.
Уларнинг энг кучли далилларидан бири бу намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч тарк қилмаганларидир. Бу эса ушбу намоз оддий суннат намози эмаслигини яққол кўрсатади. Буни бошқа мазҳаблар ҳам таъкидлайдилар. Энг муҳими, витр вожиб деганлар ҳам, суннат деганлар ҳам, бу намозни тарк қилмай ўқиш зарурлигини таъкидлаб айтадилар.
ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Аллоҳ беш вақт намозни фарз қилгани.
2. Таҳоратни яхши қилиб намоз ўқиш муҳимлиги.
3. Намознинг рукуъ ва бошқа арконларини жойига қўйиб ўқиш лозимлиги.
4. Намозда хушуъ-хузуъ муҳимлиги.
5. Намозни тўлиқ ва хушуъ-хузуъ билан ўқиган одамни Аллоҳ таоло мағфират қилишга ваъда бергани. Зотан, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайдиган зотдир.
6. Намозни хушуъ-хузуъ ила ўқимаган одамга Аллоҳ мағфират қилишни ваъда бермагани.
Демак, нажотга эришиш учун беш вақт намозни канда қилмай ўқиш керак. Ўқиганида ҳам яхшилаб, арконларини жойига келтириб, хушуъ ва хузуъ ўқишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ана шундагина Аллоҳ таолонинг мағфират қилиш ҳақидаги ишончли аҳдидагинасига етказган бўламиз.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси қудсийдир. Чунки уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар.
Ушбу ҳадиси қудсуйдан олинадиган фойидалар:
1. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига беш вақт намоз фарз қилгани.
2. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, Аллоҳ таоло уни, албатта, жаннатга киритиши.
3. Ким беш вақт намозни ўз вақтида яхшилаб ўқимаса, унга Аллоҳ томонидан яхши ваъда бўлмаслиги.

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.
«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: ҳадиси шарифдан намознинг фазилати ва гуноҳларнинг ювилиши бобида тутган ўрни яққол аён бўлмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маънони яхшироқ тушунтириш учун мисол келтирлар.
Бировнинг эшиги олдидан анҳор оқиб турсаю, у одам ўша анҳордан ҳар куни беш маҳал ювиниб турса, кир қолмаганидек, ҳар куни беш марта намоз ўқиган одамнинг гуноҳлари ювилиб, унда гуноҳ ҳам қолмайди.
Ким бир вақт намозни ўқимаса, унинг гуноҳларидан бир қисми тўкилмай, баданида кир қолади. Икки вақтни ўқимаса, яна ҳам кўпроқ қолади ва ҳоказо. Бир кунги намозларини ўқимаса, анчагина кир тўпланади. Бир ҳафта ўқимаса, бир ой ўқимаса, бир йил ўқимаса нима бўлиши маълум. Бир умр ўқимаганлар эса, бир умр ювинмаган одамдан кўра бир неча милён марта жирканч ҳолга келади. Чунки бадан кири моддий кир. Намоз ўқимаганнинг кири эса маънавий руҳий кирдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шаръий масалаларни тушунтириш учун шундай ёрқин мисоллар келтириш яхшилиги.
2. Намознинг ўта фазилатли эканлиги.
3. Намоз туфайли банданинг гуноҳлари ювилиши.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод намозида ва аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Улар:
«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган
Шарҳ: ҳадиси шарифда зикри келаётган фаришталар бандаларни муҳофаза қилиш учун ер юзига навбат билан тушиб туришади. Кундузи муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Кечаси муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Улар бомдод ва аср намозлари вақтида алмашадилар.
Бомдод намози вақтида кечасининг фаришталари кўтарилиб, кундузининг фаришталари муҳофаза учун тушадилар. Ана шу вақтда икки тоифа фаришталар жамланиб, бир-бирлари билан кўришадилар.
Аср намозида эса кундузи муҳофаза қилган фаришталар кўтарилиб, кечаси муҳофаза қиладиган фаришталар тушадилар. Бу пайтда ҳам икки тоифа фаришталар бир-бирлари билан учрашадилар.
Бандаларнинг ичида юрган фаришталар кўтарилганларида Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса ҳам фаришталардан:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўраши намозхон инсоннинг шаънини олий мақомга кўтаришдир. Аллоҳнинг ҳузурига, Аллоҳга муқарраб бўлган фаришталар тўпига кўтаришдир. Бу эса намознинг ўта улкан ва фазилатли ибодат эканидандир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Намоз энг олий мақом ибодат эканлиги.
Чунки Аллоҳ билан фаришталар орасидаги савол-жавобда намозгина зикр этилмоқда.
2. Бомдод ва аср намозларининг бошқа намозлардан устун туриши.
3. Бомдод ва аср намозлари вақти афзал ва баракали вақтлар эканлиги.
Чунки худди шу вақтларда фаришталар жамланади. Асарларда келтирилишича, ризқ бомдод намозидан кейин тақсимланади. Кундалик амаллар эса аср намозидан кейин Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади. Шунинг учун ҳам бу вақтни тоат-ибодатда ўтказса, ризқи ва амали баракали бўлади.
4. Малоикаларнинг мусулмонлар ичига тушиб туришлари- дан Ислом уммати бошқа умматлардан кўра шарафли экани келиб чиқади.
5. Аллоҳ таолонинг фаришталар билан гаплашиши.
Қаранг, намоз ўқиган одам ҳар куни икки марта Аллоҳ билан фаришталар ўртасидаги суҳбатда зикр қилинар экан. Бу қандай улуғ шараф! Кишилар бирорта амалдор у ҳақида танишидан: «фалончи тинч юрибдими?» деб сўраб қўйса, умрбод мақтаниб юрадилар. Намозхонни эса Аллоҳ таоло ҳар куни фаришталардан икки марта: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрар экан. Фаришталар эса намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик, деб жавоб берардилар. Намоз ўқимаганлар эса бу бахтдан бебаҳрадирлар.
Шунинг учун ҳам намозни канда қилмайлик. ҳар куни Аллоҳ таоло томонидан икки маҳал ҳол-аҳволи сўраладиган бандалар қаторида бўлишга ҳаракат қилайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Беш вақт намоз ва жумадан жумагача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффоротдирлар. Модомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса?!» дедилар.
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётганда бу ҳадиси шарифда беш вақт намоз орасида ва бу жумадан у жумагача бўлган гуноҳлар вақти ўқилган намоз ва жума намози туфайли ювилиб кетиши баён қилинмоқда. Яъни, беш вақт намоздан бири ўқилгандан сўнг навбатдагиси келгунича содир бўлган гуноҳлар навбатдаги намоз ўқилгач, ўша намоз туфайли ювилади.
Жума намозини ўқиганидан кейин янаги жума келгунича бўлган даврдаги беш вақт намоз билан ювилмай қолган гуноҳлар жума намози билан ювилади.
Шу билан бирга, ҳадисда ҳаммаси учун бир умумийшарт зикр қилинмоқда.
«Модомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса».
Яъни, беш вақт намоз ва жума намози катта гуноҳлардан бошқа гуноҳларни кечирилишига сабаб бўлар экан.
Шундоқ экан, беш вақт намозни ва жума намозларини канда қилмайлик. Намоз ўқиш билан нафақат бандалик бурчимизни адо этамиз, балки ўз гуноҳларимизни ювишга ҳам муяссар бўламиз. Банда гуноҳдан ҳоли эмас. Аллоҳ таоло бизларга ўта меҳрибон бўлганидан осонлик ила гуноҳларимизни тез-тез ювиб туриш имконини яратиб қўйибди. Бу имкониятдан фойдаланиб қолишимиз керак.
Жума намози ҳам худди шундоқ, балки ундан ҳам кўра каттароқ ва кучлироқ имкониятдир.

Амр ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви чақирди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Қайси бир мусулмон одамга фарз намоз (вақти) келса-ю, унинг таҳоратини, хушуъини ва рукуъини яхшилаб адо этса, албатта, у ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлур. Модомики, катта гуноҳ қилмаган бўлса. Бу доимо ҳамма вақт учундир», деганларини эшитганман», деди».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиси шарифнинг ровийи Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Амр ибн Саъийд ибн Осс ал-Қураший. Акаларидан сал кейинроқ Исломни қабул қилиб, ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилдилар.
Амр ибн Саъд ва акалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккани фатҳ этишда, ҳунайн, Тоиф, Табук ғазотларида иштирок этадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини ҳайбар меваларига бошлиқ қилиб тайинлайдилар.
Амр Абу Бакрнинг халифалик даврларидаги Ажнодин ҳодисасида шаҳид бўладилар.
Бу ҳадис ҳам ўзидан олдинги ҳадиснинг маъносини таъкидлаб келмоқда. Бироз фарқи гуноҳлар кечирилиши учун намозни яхшилаб қилинган таҳорат билан хушуъини ва рукуъини жойига қўйиб, ўқишни шарт қилиб қўймоқда.
Намознинг хушуъи дейилганида уни сергаклик билан Аллоҳдан қўрқувни тўла ҳис қилган ҳолда ўқиш тушунилади.
Намознинг рукуъи дейилганида эса, қиёмда туриш, рукуъ қилиш, сажда қилиш, ўтириш каби амаллар тушунилади.
Бу ҳадисда ўтган ҳадисга қўшимча тарзда, ушбу фарз намозлар ўзидан олдинги гуноҳларга каффарот бўлиши доимий эканлиги айтилмоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Баъзи ибодат ва амаллар вақти келганда билган одам ўша ибодат ёки амалнинг фазлини бошқаларга билдириб қўйиши яхши экани.
2. Таҳорат сувини чақириб келтириш мумкинлиги.
3. Фарз намознинг фазли улуғ эканлиги.
4. Фарз намоз ўзидан олдин ўтган кичик гуноҳларга каффорот бўлиши.
5. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги.
6. Намозни хушуъ билан ўқиш кераклиги.
7. Намознинг арконларини жойига қўйиб ўқиш кераклиги.
8. Катта гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги.
9. Катта гуноҳлар намоз билан ювилмаслиги.
Кишининг катта зино, арақ ичиш каби Аллоҳнинг ҳақига боғлиқ гуноҳлар бўлса, фақат ихлос билан қилинган тавба билангина ювилади. Аммо: етимнинг молини ейиш, рибохўрлик, бировнинг обрўсини тўкишлик каби бандалар ҳақига боғлиқ катта гуноҳлар бўлса, ўша ҳақларни ўз эгасига қайтарилмагунича ва уларнинг розилиги, кечириши олинмагунча ювилмайди.
Мана шулардан келиб чиқиб, фарз намозларимизни ўз вақтида пухта таҳорат билан, хушуъ ва рукуъларини жойига қўйиб ўқиб юрмоғимиз керак. Катта гуноҳларга эса умуман яқин келмаслигимиз лозим.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам бир аёлни ўпиб олди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб хабар берди. Аллоҳ таоло: «Намозни наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир қисмида адо эт. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказур», оятини нозил қилди.
Сўнгра ҳалиги одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули. Бу менинг ўзимгами?» деди.
«Барчага, менинг умматимнинг ҳаммасига», дедилар».
Шарҳ: Уламоларимизнинг аниқлашларича, ўша бегона аёлни ўпиб олган кишининг исми Абул Юсир экан. Имом Термизий Абул Юсирнинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Бир аёл ҳузуримга хурмо сотиб олиш учун келди. Мен уйда бундан яхши хурмо бор, дедим. У мен билан уйга кирди. Унга томон энгашиб, ўпиб олдим. Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, унга ҳалиги ишни зикр қилдим. У:
«ҳеч кимга билдирма. Тавба қил», деди.
Сўнг Умарнинг олдига бориб ҳалиги ишни зикр қилдим.
«Ўзингни бекит. Тавба қил. ҳеч кимга хабар берма», деди.
Сабр қила олмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. У зот бошларини қуйи солиб, узоқ туриб қолдилар. То Аллоҳ таоло у кишига «Намозни наҳорнинг икки тарафидан ва кечанинг бир қисмида адо эт» оятини нозил қилгунича турдилар».
Оятдаги «...Наҳорнинг икки тарафи»дан мурод, бомдод, пешин ва аср намозларидир. «Кечанинг бир қисми»дан мурод эса шом ва хуфтон намозларидир.
Мана шу ҳодиса саҳобалар авлодига хос хусусиятларидан биттасини яққол кўрсатмоқда. Улар ҳар қанча улуғ зот бўлсалар ҳам, ичларидан баъзи бирлари гоҳида инсоний заифлиги тутиб, Абул Юсир розияллоҳу анҳуга ўхшаш ишларни қилиб қўяр эдилар. Бу ажабланарли эмас. Беайб Парвардигорнинг Ўзи. Аммо, саҳобалар авлоди гуноҳ содир бўлганидан кейиноқ зудлик билан ўзларига келар ва ўша гуноҳни ювиш пайидан бўлар эдилар. Гуноҳ ювилганига ишонч ҳосил қилмагунларича бошқа ишга қўл урмас эдилар.
Абул Юсир розияллоҳу анҳу ҳам дарҳол Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумларга мурожаат қилдилар. Уларнинг жавоблари тўғри бўлса ҳам кўнгиллари тинчимайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордилар.
Бу масалани Аллоҳнинг Ўзи ҳал қилди. Абул Юсир розияллоҳу анҳу ва бошқа мўминлар адо этиб юрган беш вақт намоз оддий нарса эмас, балки уларнинг гуноҳларини тинмай ювиб турувчи каффорот эканини баён қилди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Саҳобалар даврида гуноҳнинг ювишга ҳаракат кучли экани.
2. Гуноҳ қилган одам тезда эътироф этиб, уни ювишнинг пайидан бўлиши зарурлиги.
3. Гуноҳ қилган одам уни ювиш йўлини билмаса, биладиганлардан сўраши лозимлиги.
4. Гуноҳ қилган одам уни ҳеч кимга айтмай, тавба қилса жоизлиги.
5. Ўпич учун тайин қилинган жазо йўқлиги.
6. Беш вақт намознинг фазилати улуғлиги.
7. Яхшиликлар ёмонликларни кетказиб туриши.
Шулардан келиб чиқиб, ҳеч бир гуноҳ қилмасликка тиришайлик. Худо кўрсатмасин, баъзи бир гуноҳлар содир этиб қўйсак, дарҳол уни ювиш пайи¬дан бўлайлик. Беш вақт намозимизни вақтида адо этайлик. Ёмон ишлардан кўра, яхши ишларни қилишга кўпроқ ҳаракат қилайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?» деб сўрадим.
«Ўз вақтида ўқилган намоз», дедилар у зот.
«Сўнгра қайсиниси?» дедим.
«Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар.
«Сўнгра қайсиниси?» дедим.
«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.
«Буларни менинг ўзимга айтдилар, агар зиёда сўраганимда, зиёда айтар эдилар», деди».
Икки ҳадисни тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадисдан ҳам намоз қанчалар улуғ ибодат эканини билдириб турибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга маҳбуб амаллар ичида биринчи галда намозни зикр қилишлари ҳам бунга ёрқин далилдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Аллоҳга маҳбуб ишлар бир-биридан афзал бўлиши.
2. Ўз вақтида ўқилган намоз Аллоҳга энг маҳбуб амал экани.
Шу билан бирга бошқа ҳадисларда таом бериш, давомли иш ёки бошқа амаллар Аллоҳга энг маҳбуб ишлар сирасидан экани айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг ўзига мувофиқ жавоб берганлар. Қолаверса, вақт ҳам эътиборга олинган. Мисол учун баъзи вақтларда рўза энг афзал амал саналган бўлса, баъзи вақтларга келиб давр талаби билан садақа энг афзал амалга айланиб қолган.
3. Ота-онага яхшилик қилиш намоздан кейинги энг афзал амал экани.
4. Бир вақтнинг ўзида бир неча савол сўраш мумкинлиги.
5. Ниҳоят, саволни кўпайтириб ҳам юбормаслик кераклиги.
Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яна сўрасалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб беришга тайёр эканларини билиб туриб ҳам саволни кўпайтирмаганлар.
Аллоҳ таолога энг маҳбуб амалларни қилиб, унинг розилигига эришмоқчи бўлсак, аввало, намозимизни вақтида ўқийлик, ота-онамизга яхшилик қилайлик, доимо энг афзал ишларни адо этиш пайидан бўлайлик.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг аҳлидаги, молидаги, боласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: «Фитна» сўзи «синов» маъносини англатади. Арабларда аслида маъданни ўтга солиб, синаб кўриш «фитна-синов», дейилади.
Маънавий соҳада эса, инсоннинг иймон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари учун синов бўладиган нарсалар «фитна» дейилади.
Шу маънода инсон учун унинг аҳли аёли ҳам фитна бўлади. Аҳли аёлига қизиқиб, уларни рози қиламан, деб баъзи хатоларга йўл қўйиши мумкин.
Шу билан бирга, молу дунё тўплаш, уни сақлаш, жой-жойига сарфлаш ҳам маълум маънода фитнадир. Мол-дунёга ва унга тааллуқли ишлар билан машғул бўлиб кетиб, инсон баъзи камчиликларга йўл қўйиши мумкин.
Бола-чақа ҳам инсон учун фитнадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Албатта, молларингиз ва болаларингиз фитнадир», деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида масжидга кириб келган жажжи набираларини йиқилиб тушганини кўриб, югуриб бориб уни кўтариб олганлар ва юқоридаги оятни ўқиганлар. Демак, бола-чақа, деб ҳам баъзи камчиликлар содир бўлиши мумкин. Бу болаларнинг фитнасидир.
Қўшнилар билан бўладиган муносабатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлса, бу қўшнининг фитнаси дейилади.
 Мазкур хатоларга йўл қўйганда уларни ювиш учун Аллоҳ таоло мусулмонларга тўрт нарсани: намозни, рўзани, садақани ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункарни бергандир.
Мусулмон бу тўрт ибодатни ўз вақтида адо этиб турса, аҳли аёли, моли, боласи ва қўшнисидан иборат тўрт нарсанинг фитнаси туфайли содир бўлган хатолари ювилиб туради экан. Ана шу фитналар туфайли содир этиладиган хатоларнинг каффоротига бўладиган ишларнинг бошида намознинг туриши бу ибодат нақадар зарур ибодат эканини кўрсатмоқда.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Савбон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Савбон ибн Юждуд, кунялари Абу Абдуллоҳ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорларидан бўлиб, Яман билан Макка орасидаги Сирот деган жойдан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини сотиб олиб:
«Агар биз билан бир оилада яшашни хоҳласанг, биз билан яшагин. Агар бошқа киши билан яшашни хоҳласанг, ихтиёр ўзингда, сен озодсан» деб мар¬ҳамат қилганларида, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни ихтиёр қилдилар ва вафот этгунларига қадар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хизматларида бўлдилар.
Савбон розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 128 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Шаддод ибн Авс, Жубайр ибн Нуфар, Абу Идрис ҳувлоний, Абу Салом ҳабаший, Маъдон ибн Абу Талҳа, Абулашъас Саъоний, Абу Асмо Раҳабий, Абу Хайр Язаний ва бошқалар ривоят қилишди.
Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалардан:
«Қайси бирингиз кишилардан ҳеч нарса сўрамайман деб ваъда беради. Мен ана шу кишини жаннатга киришлигига кафиллик бераман», деб сўраганларида Савбон ваъда бердилар ва ҳаётларининг охиригача бировдан ҳеч нарса сўрамадилар».
Бу зот Миср фатҳида иштирок этдилар. Шомда ва Фаластинни Рамла деган жойида истиқомат қилдилар ва бу ердан Хумсга кўчиб ўтдилар. ҳижратнинг 54 -санасида ана шу ерда вафот этдилар.Савбон ибн Юндуд ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида эканларида, бир куни одамлар у кищидан Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўрадилар. У киши сукут сақлаб, жим қолдилар. Яна савол берилди. Савбон розияллоҳу анҳу яна жим эдилар. Одамлар учинчи марта Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўраганларида, ушбу биз ўрганаётган ҳадисни айтдилар.
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳга сажда қилишни, яъни, намоз ўқишни тавсия этмоқдалар. Зотан, намозсиз сажда бўлмас. Шу билан бирга ҳар бир сажда туфайли сажда қилувчининг даражаси бир поғона кўтарилиб, хатоларидан биттаси ўчирилиши ҳам таъкидланмоқда.
Бу эса ўз навбатида намоз нафақат гуноҳларнинг ювилишига балки даражаларнинг кўтарилишига ҳам хизмат этади экан.
Демак, Аллоҳнинг ҳузурида даражам юқори бўлсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимизни кўпайтирайлик. ҳар бир саждамиз туфайли даражамиз бир поғона кўтарилса, қандай яхши!
Хатоларимиз ювилсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимиз сонини кўпайтирайлик. Чунки ҳар бир саждамиз туфайли бир дона хатомиз ювилажак.

Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга таҳорат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. У зот:
«Сўра», дедилар.
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», дедим.
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар.
«Шунинг ўзини», дедим.
У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиснинг ровийи Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Робийъа ибн Каъб ибн Молик ибн Яъмур ал-Ас¬-ламий, куниялари Абу Фирос. Бу киши ҳижоз аҳлидан бўлиб, улуғ саҳобалардан ҳисобланар эдилар.
Бу зот суффа аҳлидан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Бу кишидан Абу Салама ибн Абдурраҳмон, Ханзала ибн Амр, Абу Имрон ал-Жуъфийлар ривоят қилишган.
Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кечаси бирга қолган эдилар. Ўшанда у зотнинг хизматларини ихлос билан қилиб таҳорат суви, мисвок ёки жойнамозга ўхшаш ҳожат тушадиган нарсаларни келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлиб, хоҳлаган нарсангни сўра, деганлар. Ана ўшанда Робийъа ибн Каъб ал-Асламий:
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», деди.
У киши жуда катта нарсани, умуман ҳаётнинг асосий муддаосини сўраган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг нияти жиддийлигини билиш учун:
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар».
Лекин Робийъа розияллоҳу анҳу жиддий эдилар:
«Шунинг ўзини», дедилар.
«Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Бу Пайғамбаримизнинг, мен сенинг жаннатда рафиқим бўлишинг учун қўлимдан келган ҳаракатни қиламан, аммо ўзинг ҳам бу ишда менга ёрдам бер, менга ёрдам беришинг, саждани кўп қилиш билан бўлсин, деганларидир.
Бундан жаннатга киришнинг энг асосий омиллари намоз ва ундаги саждалар экани билинади.
Ушбу ҳадис шарифдан олинадиган фойидалар:
1. Аҳли фазл кишиларнинг хизматида бўлиш фазилатли иш экани.
2. Улуғ кишиларга таҳорат суви ва шунга ўхшаш ҳожатлари тушиб турадиган нарсаларни муҳайё қилиб туриш кичикларнинг вазифаси экани.
3. Аҳли фазл кишилар ўзларини рози қилган атбоъларига мурувват этиб туришлари.
4. Сўраганида охират саодатини сўраш кераклиги.
5. Биров бир нарсани сўраганида: «Бундан бошқани эмасми?» деб сўраш жоизлиги.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари бевосита, амал қилмаган одамнинг жаннатга киришига бўлишига сабаб бўлмасликлари.
7. Намознинг фазилати катта бўлиб, жаннатга кириш учун зарур амал экани.
8. Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.
Демак, иложи борича кўп намоз ўқиб, саждани кўпайтиришимиз лозим. Ана шунда жаннатдан ва ундаги олий мартабалардан умидвор бўлсак ярашади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб:
«Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, (Рамазон) рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва иш бошингизга итоат этинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Маълумки, видолашув ҳажи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида бўлган. Ўша ҳажда у зот ҳамма билан видолашганлар. «Эҳтимол бу йилдан кейин сиз билан учрашмасман», деганлар.
Дарҳақиқат, ўша ҳаждан кейин вафот этганлар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур видолашув ҳажида кўплаб пурмаъно ваъз-насиҳат, хутба ва васиятлар қилганлар. Ушбу ҳадисда ҳам ўшалардан айримлари айтилмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига хитоб этиб:
1. «Аллоҳга тақво қилинглар»;
2. «Беш намозингизни ўқинглар»;
3. «Ойингиз рўзасини тутинглар»;
4. «Молларингизнинг закотини беринглар»;
5. «Иш бошингизга итоат қилинглар»;
6. «Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар» дедилар.
Инсон жаннатга кириши учун адо этиши зарур саналган ана ўша нарсалар ичида намоз биринчи бўлиб зикр қилиниши унинг қанчалик аҳамиятли ибодат эканини кўрсатмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ бандага у ўқийдиган икки ракат намоздан афзал нарсани буюрмаган. Модомики, банда ўз намозида бўлса, унинг бошидан, албатта, яхшилик ёғилиб туради. Бандалар Аллоҳга ундан чиққан нарса билан яқинлашганидек, бошқа нарса билан яқинлаша олмаслар», дедилар. Яъни, Қуръон демоқчилар».
Икковини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган ҳадисда Аллоҳ бандаларига амр қилган амалларнинг ичида энг афзали ҳақида сўз бормоқда.
«Аллоҳ бандага у ўқийдиган икки ракат намоздан афзал нарсани буюрмаган».
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларга кўпгина амалларни, ибодатларни буюрган. Ўша амалларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан буюрилган амаллар сифатида банда томонидан адо этилиши керак. Шу билан бирга, мазкур амаллар бир-биридан афзалликда фарқ ҳам қилади экан. Айниқса, бу амаллар нафл маъносида, яъни, Аллоҳ фарз қилган нарсага банда ўз ихтиёри билан кўнгилли равишда ва савоб умидда қўшимча амал қилишни ирода этган кезда қайси бир амал афзал деб сўралса, албатта, намоз устун қўйиди экан.
Чунки намозда Аллоҳга қулчиликни тўкисроқ ифода этмоқ мумкин. Намоз энг афзал ибодат бўлгани учун ҳам:
«Модомики, банда ўз намозида бўлса, унинг бошидан албатта, яхшилик ёғилиб туради».
Банда намоз ўқир экан, Аллоҳнинг раҳмати ҳам устидан тинмай ёғилиб туради. Намоздан чиққач у ҳам тўхтайди.
«Бандалар Аллоҳга ундан чиққан нарса билан яқинлашгандек, бошқа нарса билан яқинлаша олмаслар».
Аллоҳдан чиққан нарса Қуръон карим бўлиб, Аллоҳга яқинлашишни хоҳлаган банда, Қуръони карим тиловат билан Унга яқинлашиши мумкин. Ундан бошқа нарса билан Аллоҳга У (Қуръон) билан яқинлашганчалик яқинлашиб бўлмас экан.
Демак, ҳамма нарса аён. Аллоҳ буюрган энг афзал амални қилмоқчи бўлсак, намоз ўқийлик.
Аллоҳнинг раҳмати бошимиздан ёғилиб турсин ҳам, намоз ўқийлик.
Аллоҳга яқинлашишнинг энг маҳбуб йўли – намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилишдир. Бошқа нарса билан бунчалик яқинлаш олмасмиз!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase