«Қуёш чиқаётган, қиёмга келган ва ботаётган вақтда намоз ўқиш жоиз эмас». Бунга Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта вақтда бизларни намоз ўқишдан ҳамда вафот этганларимизни қабрга қўйишдан қайтардилар. Улар - қуёш чиқаётган вақт, то у кўтарилиб олгунча; қуёш заволга етган вақт, то заволдан оққунча; қуёш ботаётган вақт, то ботгунча» мазмунидаги ҳадис далил бўлади.
Ҳадиси шарифда келган «вафот этганларимизни қабрга қўйиш» жумласидан жаноза намози ирода қилинган. Чунки (мазкур вақтларда маййитни) қабрга дафн қилиш макруҳ эмас.
Ушбу ҳадис ўзининг мутлақлиги билан (мазкур вақтларда) фарз намозларни ҳамда Маккаи Мукаррамада нафл намозларни (ўқиш жоиз) деб хослашда Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳга қарши ҳужжатдир. Шунингдек, мазкур ҳадис жума куни завол вақтида нафл намоз ўқиш мубоҳ бўлишида Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга қарши ҳужжатдир.
Шарҳ: Юқоридаги фаслларда намознинг мустаҳаб ва макруҳ вақтлари баён қилинди. Бу ўриндаги макруҳлик умумий бўлиб, у намознинг макруҳлик билан жоиз бўлишини ҳам, умуман жоиз бўлмаслигини ҳам ўз ичига олади. Яъни матнда санаб ўтилган учта вақтда намоз ўқиш умуман жоиз эмас.
Масаланинг хулосаси шуки, бизнинг наздимизда қуёш чиқаётган, тик ҳолда қиёмга келган ва ботаётган вақтда на фарз намоз, на нафл намозларни ўқиш жоиз.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «Бундай вақтларда барча жойларда фарз намозларни адо этиш жоиз бўлади. Маккаи Мукаррамада эса нафлларни ҳам ўқиш жоиз», деб айтган.
«Фатҳул Қодир» китобида ҳам Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида мазкур вақтларда Маккаи Мукаррамада фарз ва нафл намозларни адо этиш жоиз экани айтилган.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: «Жума куни қуёш қиёмга келган вақтда барча жойларда нафл намоз ўқиш жоиз», деб айтади. У киши бу борада Абу Ҳурайра ҳамда Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу-монинг қуйидаги ҳадисларини далил сифатида келтиради:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куннинг ярмида қуёш оққунча намоз ўқишдан қайтардилар. Лекин жума куни мустаснодир».
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ мазкур уч вақтда фарз намозларини ўқиш жоиз эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини далил сифатида келтиради:
«Ким бирор намозга ухлаб қолса ёки унутса, уни эслаган вақтида адо этсин. Чунки мана шу унинг вақтидир».
Ушбу ҳадисдан мазкур уч вақтда ҳам фарз намозларни ўқиш жоиз экани маълум бўлмокда. Бу вақтларда Маккаи Мукаррамада фарзлар қатори нафл намозларни ҳам адо қилиш жоиз эканига Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг «Бу вақтларда Маккаи Мукаррамадан бошқа ерларда нафл намоз ўқишдан қайтарилган» деган сўзи далил бўлади.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Бану Абдуманоф! Хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, бирор кишини бу Байтни тавоф қилишдан ёки намоз ўқишдан тўсманглар!» деб марҳамат қилганлар.
Бу ҳадисдан маълум бўладики, Маккаи Мукаррамада ҳар қандай вақтда намоз ўқишга рухсат бор экан.
Бу масалада бизнинг далилимиз Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадисидир:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта вақтда бизни намоз ўқишдан ҳамда маййитларимизни қабрга қўйишдан қайтарар эдилар. Улар: қуёш чиқаётган вақт, то у кўтарилиб олгунча; қуёш заволга етган вақт, то заволдан оққунча; қуёш ботаётган вақт, то ботгунча».
Мазкур ҳадисдаги «намоз» лафзи умумий бўлиб, у нафл, суннат, вожиб ва фарз намозларнинг барчасини ўз ичига олади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай вақтларда нафл, фарз, ҳатто жаноза намозини ўқишдан ҳам қайтарганлар.
Ушбу ҳадис мутлақлиги эътиборидан Имом Шофеъий ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумуллоҳга қарши ҳужжат саналади.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ далил сифатида келтирган ҳадис матнидаги «Лекин жума куни бундан мустаснодир» ибораси мунқотеъ (узилган) истиснодир. Истисно мунқотеъ бўлган суратда мустасно (истисно қилинган нарса) мустасно минҳудан (ундан истисно қилинган нарсадан) алоҳида бўлади.
Ёки бўлмаса,
«Лекин жума куни бундан мустаснодир» ибораси
яъни «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни ҳам (қиём вақтида намоз ўқишдан қайтардилар)» деган маънони англатади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ далил сифатида келтирган
«Ким бирор намоздан ухлаб қолса» мазмунидаги ҳадисга жавоб шуки, тўғри, зоҳирий эътибордан бу ҳадисдан мазкур уч вақтда нафл намоз ўқишнинг мубоҳ экани собит бўлмокда. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳунинг ҳадисида эса бу уч вақтда намоз ўқиш мумкин эмаслиги собит бўлмоқда. Шу сабабдан ҳам Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳунинг ҳадиси устун бўлади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу тарафидан келтирилган ҳадисдаги
лафзи ҳам юқорида айтиб ўтилганидек, маъносида бўлади. Чунки ояти каримада ҳам лафзи маъносида келган. Шу мазмунга кўра, бу ҳадис Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ фойдасига далил бўла олмайди. Валлоҳу аълам!
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Ҳидоя шарҳи" китобидан