close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қиёмат қоим бўлишига далиллар

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб ибора ва жумлаларни ишга солган. Уларда ўша кундан огоҳлантириш ҳам, унга ишора қилиш ҳам, ундан қўрқитиш ҳам, унинг улкан даҳшатлари васфи ҳам ва бошқа ҳолатлар ҳам бор. Келинг, ўша ояти карималардан баъзилари билан танишайлик.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!» (87-оят).
Яъни, ягона Аллоҳнинг Ўзигина бандаларининг ибодатига лойиқ зотдир. Ким Аллоҳни ибодатга сазовор ягона зот, деб эътиқод қилса ва ҳаёти давомида фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшаса, унинг кўрсатмасидан чиқмаса, тавҳидга амал қилган бўлади. Ҳамда қиёмат куни мукофотини олади. Ким бунга амал қилмаса, жазосини олади. Бунга шубҳа йўқ. Чунки
«У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлайдир».
Бу гап чин ҳақиқат. Чунки бу гап Аллоҳдан келмоқда.
«Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!»
Ҳеч ким!
Аллоҳ таоло «Назиат» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Сендан, қиёмат қачон бўлур, деб сўрашадир. У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг. Унинг интиҳоси Роббинггагина хос. Албатта сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос. У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар», (42-46-оятлар).
Яъни, Эй Пайғамбарим, одамлар сендан «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрарлар.
Уларнинг бу саволи истеҳзо учундир. Улар, сен айтаётган қиёматинг бўладиган бўлса, бўла қолмайдими, қабилида савол бермоқдалар.
«У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг.»
Яъни, қиёмат қачон бўлишини сен билмайсан. Аллоҳнинг Ўзигагина хос бўлган нарсани сен қаёқдан ҳам билар эдинг.
«Унинг интиҳоси Роббинггагина хос.»
Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди.
«Албатта, сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос.»
Қачон бўлиш вақтини белгилаб берувчи эмассан. Сенга бу хусусда топширилган вазифа одамларни қиёмат бўлишидан огоҳлантириш, уларни ўша кунга тайёрланишга ундаш, холос.
«У(қиёмат)ни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар.»
Яъни, улар бу дунёда ғурурга кетиб юрган бўлишларига қарамай, қиёматнинг даҳшатидан бу дунёда кечирган ҳаётлари бир кун ҳам яшамаганга ўхшаб туюлади.

"Сунний ақидалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase