Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Яман томондан ипакдан майин бир шамолни юборади ва у қалбида - Абу Алқаманинг айтишича «бир дон миқдорича», Абдулазизнинг айтишича «зарра миқдорича» иймони бор кишини қўймай жонини олади», дедилар».
Шарҳ: «Яман томондан ипакдан майин бир шамол юборади», яъни мўминлар Қиёматнинг даҳшатларини кўрмасликлари учун Аллох таоло уларнинг руҳларини майин шабода билан олиши мазкур ҳадисда баён қилинмоқда. Бу ерда шамолни Ямандан келиши айтилса, «Саҳиҳи Муслим»даги Дажжол воқеасига бағишланган ҳадисда Шом томондан шамол эсиши зикр қилинган. Бу икки ҳадисда айтилганидек, шамол икки жойдан бошланиши ҳам ёки бир жойдан бошланиб иккинчи жойда тугаши ҳам мумкин. Бу шамол Қиёматга яқин қолганда содир бўлади. Унинг тафсилоти Қиёматнинг аломатларига бағишланган бобда батафсил баён этилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан мавқуф тарзда ривоят қилинган ҳадисда, бу шамол Қиёмат юз беришидан юз йил олдин содир бўлиши айтилган.
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан