close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Намоздан аввал бажариладиган шартлар

Намозхон киши намоздан аввал таҳоратсизлик ва нажаслардан юқорида айтиб ўтганимиздек таҳорат олиши вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло: "Либосингни пок тут!" (Муддассир сураси, 4-оят) деб марҳамат қилган. Яна бир сурада: "Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз!"  (Моида, 6) деб буюрган.
Қудурий (р.а.) дедилар: “Авратларини беркитади”. Чунки Аллоҳ таоло: "Эй Одам болалари, ҳар бир намоз олдинги зийнатларингиз (пок кийимларингизни) кийиб олингиз” (Аъроф, 3) яъни намоз чоғида авратларингизни тўсиб турадиган нарсалар назарда тутилган.
Расулуллоҳ (с.а.в.): "Балоғатга етган аёлнинг рўмолда ўқиган намозигина қабул", деганлар.
"Эркак киши авратининг чегараси киндик остидан бошлаб, то тиззагачадир". Расулуллоҳнинг (с.а.в.): "Эркак кишининг аврати киндикдан бошлаб, то тиззасигача", деган ҳадислари ҳужжат бўлади.
Яна бир ривоятда, киндик авратга кирмайди, тиззанинг эса, охиригачадир, дейилган. Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, киндик аврат эмас экан, лекин Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) бунинг хилофини айтганлар.
"Тизза эса, аврат ҳисобланади, Шофиъийга хилоф равишда   «إلى » калимаси (арабча «إلى » — "ила" бу ерда худди  «حتى » – "ҳатта" каби «مَعَ»  "бирга" маъносида келган (яъни, тиззагача деганда, тизза билан бирга, дейилган). Ёки Расулуллоҳ (с.а.в.)
"Тизза ҳам авратдир", деган сўзларига мувофиқдир.   
"Ҳур аёлнинг юзи ва қўлларидан бошқа ҳаммаёғи авратдир",
Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ҳақда: "Аёл киши ўранган авратдир", деганлар.
Аёл киши юз ва қўлларини очиш мажбуриятида бўлгани учун бу икки аъзо аврат ҳисобланмайди. Бу қадам аврат эканлигига ҳужжатдир. Бир ривоятда  қадам аврат эмасдир, дейилган. Ва бу тўғрироқдир.
"Агар аёл киши болдирини тўртдан бири ёки учдан бири очиқ ҳолда намоз ўқиб қўйса, намозини қайта ўқийди".
Бу Абу Ҳанифа ва Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) наздларидадир.
"Агар тўртдан биридан кам бўлса ҳам, намозни қайтиб ўқимайди".       
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ) эса, ярмидан кам бўлса ҳам, қайтиб ўқимайди, дейдилар. Чунки бир нарсани кўп деб сифатлаш учун унинг қаршисидаги нарса ундан кам бўлиши керак, зеро, уларнинг ҳар иккови бир-бирига тенг маънодаги  исмлардир.
"(Абу Юсуфдан) аёл болдирининг ярми очиқ бўлган ҳақида икки ривоят келган".
Абу Юсуф озлик чегарасидан чиқишини ёки ознинг зидди бўлган кўпга кирмаганлигини эътиборга олган.
Абу Ҳанифа ва Муҳаммад наздларида: тўртдан бир бутуннинг ўрнига ўтади. Худди таҳоратда бошнинг тўртдан бйрига масҳ тортиш ҳаммасига кифоя қилгани ёки қажда сочнинг тўртдан бирини олиш гўё сочнинг ҳаммасини олган ҳукмига ўтгани каби. Бир киши бировнинг юзини кўрса, уни кўрганини айтади. Унинг тўрт томонидан биттасини кўрган бўлса ҳам.
"Соч, қорин ва соннинг ҳукмлари ҳам юқоридекдир". Яъни, ҳукми юқоридаги ихтилофларга кўрадир. Чунки уларнинг ҳар бири алоҳида аъзодир.    
Сочдан мақсад осилиб тушиб турган сочдир, шу тўғридир. Жунуб бўлганда ўрилган сочни ювмаслик, машаққат бўлгани учундир. Уятли авратлар ҳам юқоридаги ихтилофга кўрадир. Закар (эркаклик аъзоси) ёлғиз ўзи эътиборга олинади, мояклар ҳам ёлғиз эътиборга олинади, уларни закарга қўшмасдан эътиборга олиш саҳиҳдир.
"Эркак кишиларда аврат ҳисобланган нарсалар чўрида ҳам аврат саналади, яна чўрининг қорни ва орқаси ҳам авратдир, баданининг бундан ўзга ерлари аврат эмасдир".
Ҳазрати Умарнинг (р.а.) бир чўрига айтган ушбу сўзлари далилдир: "Эй Дифор, устингдан рўмолингни олиб ташлагин, нима ҳур аёлларга ўхшамоқчимисан?" Чунки у хўжайиннинг хизмати учун иш кийимида уйдан ташқарига чиқиб туришига тўғри келади.
Ҳамма эркакларга бу аёл маҳрам деб эътибор килинди, машаққатни кетказиш учун.
"Кимки нажосатни кетказиш учун сув топа олмаса, ушбу нажосат билан ўқийверади,  намозни қайтариб ўқимайди".
Бунингикки шакли бордир: агарда кийимнинг тўртдан бири ёки ундан кўпи тоза бўлса, ушбу кийимда намоз ўқийди, агарда яланғоч ўқиса, жоиз бўлмайди, чунки бирон нарса (кийим)нинг тўртдан бири унинг ҳаммасининг ўрнига ўтади. Агар покиза қисми тўртдан бирдан кам бўлса ҳам, Имом Муҳаммад наздларида ҳам шундайдир. Ва бу Шофиъийнинг икки сўзларидан биридир. Чунки биринчи ҳолда намознинг битта фарзи тарк бўлаётган бўлса яланғоч ўқилганда, бир қанча фарзлари тарк бўлади.   
Абу Ҳанифа ва имом Абу Юсуф наздларида, намозхон яланғоч ўқиш ёки нажосатли кийимда намоз ўқиши ихтиёрлидир, лекин нажосатли кийимда ўқиган афзалдир. Чунки ихтиёр шароитида икки ҳолат ҳам барибир намознинг жоиз бўлишига монеъ ҳолатдир.  Шундай экан, улар миқдорда баробардирлар ва намознинг ҳукмида ҳам баробардирлар. Ўринбосари бўлган нарсани тарк этиш тарк саналмайди. Афзаллик авратни ёпиш намоз билан хослангани учун эмасдир. Поклик намоз билан хослангандир.
"Кимки намоз ўқишга кийим топмаса, яланғоч ҳолда ўтириб, рукуъ сужудларга ишора қилиб ўқийди".
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобалари шу ҳолда ўқишган.
"Тикка туриб ўқиса ҳам, жоиз бўлади".
Чунки ўтириб ўқиганда уятли аврат ёпилади, тикка туриб ўқиганда намоз аркони бажарилади. Киши шундан хохлаганига мойил бўлади.
"Лекин биринчиси афзалдир".
Чунки сатри аврат намоз ҳақида ва кишилар ҳақида вожиб қилингандир ва унинг ўрнини босувчи нарса йўқ. Имо-ишора эса, арконнинг ўрнига ўтади.
Қудурий айтадилар: "Намозхон ўзи кириб турган намозига ният қилади ва такбири таҳрима билан ниятнинг орасини бирор амал билан бўлиб қўймайди".
Бунда Расулуллоҳнинг (с.а.в.): "Амаллар ниятга кўра бўлади", деган сўзлари аслдир.
Чунки намознинг бошланиши қиём билан бўлади. Қиём (туриш) эса, намоз ва одат ўртасида муштаракдир. Буни ўртасини ният билангина ажратилади.
Такбири таҳримадан олдин қилинган ният ҳам, агар ўртага намозга лойиқ бўлмаган амал тушиб қолмаса, мақбулдир. Такбири таҳримадан сўнг қилинган ниятга эътибор қилинмайди. Ниятдан олдин ўтган нарсалар ният бўлмагани учун ибодат ҳисобланмайди. Рўзада бўлса, зарурат жиҳатидан жоиз қилинган. Ният бу хоҳишдир, шарти шуки,киши қалби билан қайси намозда эканини билсин. Лекин ниятни тил билан зикр қилиш эътиборга лойиқ эмас, аммо қасд хоҳиш билан жам бўлиши учун тил билан ифодаласа яхши бўлади.
Агар намоз нафл бўлса, мутлақ ниятнинг ўзи кифоя қилади. Суннат намозларида ҳам шундай, бу саҳиҳ ривоятларга кўрадир. Агар фарз намози бўлса, албатта ниятда ўша ўқиётган намозини тайин қилиши зарур (мисоли, пешинни ўқияпман, деганидек). Чунки фарз намозлари турлича.
"Агар киши имомга иқтидо қилса, намозни ва унга эргашганлигини ният қилади",
Чунки жамоат билан ўқилган намозда намознинг фасод бўлиши имомга боғликдир, шунинг учун эргашувчи (муқтадий) имомга эргашмоғи лозим.
Қудурий айтадилар:
Намозхон Аллоҳ таолонинг "Юзларингизни қиблага бурингиз" (Бақара, 50) оятига биноан юзини қиблага қаратади. Кимки Макка шаҳрида турса, Каъба томоннинг айнан ўзига қараш фарздир. Кимки ўзга шаҳарларда яшаса, Каъба томонни    топиши фарздир, чунки  таклиф инсоннинг тоқатига қараб бўлади. Ва у тўғридир      
"Кимки юзини қиблага қаратишдан қўрқса қудрати етган томонга қараб намоз ўқийди".
Узр юзага келгани учун бу одам қиблани билмаган кишига ўхшаб қолади.
"Агар киши қиблани тополмаса ва у яқинорада қибланинг қаердалигини сўрайдиган ҳеч кимни топмаса, ижтиҳод қилиб намоз ўқийди".
Чунки саҳобалар бунақа вазиятда бир тарафни қибла деб қасд қилиб намоз ўқишган. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.) инкор қилмаганлар, чунки устун бўлган далил йўқ пайтда зоҳир далил билан амал қилиш вожибдир. Бошқа бир кишидан сўраш эса, ижтиҳод қилишдан устундир.
"Агар киши намоз ўқиб бўлганидан сўнг (қиблада) янглишганини билса, қайта ўқилмайди". Шофиъий айтадилар: "Агар намозда орқасини қиблага қилиб турганини аниқ билса, хатоси сабабли намозини бошқатдан ўқийди".
Биз айтамизки, киши қила оладиган нарса фақатгина қасд қилган тарафига юзланиш эди. Диндаги мажбурият тоқатга боғлиқдир..
"Агар намозхон намози асносида қибланинг бошқа тарафда эканини билиб қолса, ўша томонга ўгирилиб олиб намозини давом эттираверади ".
Чунки Қубо аҳллари намоз ўқиётганларида қибла ўзгарганини эшитибоқ намозларини бузмасдан Каъба томонга юзланишган, буни эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.) маъқуллаганлар. Яна,намоз ўқиётганида фикрига қибланинг бошқа томонида экани келган киши ижтиҳод билан амал қилиш вожиб бўлгани учун аввалги амалларини бузмасдан секин қибла томон юзланиб давом эттираверади
Киши қоронғи кечада бир қавмга имомлик қилса, қиблани қасд қилади ва машриққа қараб намоз ўқиб қўйди, унинг орқасидагилар ҳам қиблани қасд қилиб, бошқа тарафга юзланиб ўқишди, уларнинг ҳаммалари имомнинг орқасида туриб, имомнинг қаёққа қараб юзланганини билмасалар ҳам намозлари жоиздир".
Чунки қасд қилинган жиҳатда юзланилгани учун. Ва ушбу қарама-қаршилик худди Каъбанинг ичида  ҳолатдек, монеъ эмасдир.
"Улардан  кимки имомни ҳолидан хабар топса, намози бузилади".
Чунки у имомнинг намозини хато деб эътиқод қилади.
"Шунингдек, имомдан олдинга ўтиб қолган бўлса ҳам шундай". Чунки фарз бўлган жойни тарк қилди.

Бурҳониддин Марғиноний
"Ҳидоя" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase