close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Дин холис Аллоҳники экани ҳақида

Муҳтадий Абу Шакур Солимий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: Билингки, дин хослик ва холисликка кўра Аллоҳ таолоникидир. Бунга далил “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар.

Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят) ва “(Эй инсонлар!) Огоҳ бўлинг, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир...” (Зумар сураси, 3-оят) оятлари. Бу дин - Аллоҳ таолонинг дини, фаришталари, расуллари ва пайғамбарларнинг дини, Аллоҳ таолонинг авлиёлари ва мусулмонларнинг динидир. Ким бу жамоатдан ажраб чиқса, диндан адашган бўлади. Бунга далил: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...” (Оли Имрон сураси, 103-оят) ояти. Аллоҳ таолонинг динини, яъни суннат ва жамоатни маҳкам тутинглар.
Суннат ва жамоатдан ажраб чиқиш бидъат ва адашишдир ҳамда ажраб чиққан киши дўзах аҳлидандир. Бунга далил “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшаманг! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 105-оят) ояти. Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилинади: “Умматим мендан кейин етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг биттасидан ташқари барчаси дўзахда бўлади”. Мана шу биттаси аҳли сунна вал жамоа бўлиб, уларга Пайғамбар (алайҳиссалом) жаннатий деб гувоҳлик бердилар. “Зеро шайтон бир киши билан бўлади, икки кишидан узоқроқ бўлади...”. Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилади: “Аллоҳ таоло бу умматни залолат устида жамламайди. Аллоҳ таолонинг яди жамоат билан бирга ва жамоат устида мана бундай. Катта жамоатга эргашинглар. Ким катта жамоатдан ажралиб, якка ҳолда бўлса, дўзахда ҳам якка ҳолда бўлади” (Ҳоким "Мустадрак"да ривоят қилган). Жамоат - бу катта қоралик (жамоат)га тўпланган кишилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) битта тўғри чизиқ чизиб, айтдилар: “Бу Аллоҳ таолонинг дини”, деб кеин ушбу чизиқнинг ўнг ва чап томонига бир нечта чизиқлар чизиб, айтдилар: “Булар ҳам йўллар бўлиб, ҳар бир йўлнинг бошида унга даъват қиладиган шайтон бўлади”. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашинг! (Бошқа турли) йўлларга эргашманг! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди...” (Анъом сураси, 153-оят).
Катта жамоат аҳли - булар Абу Саид Худрий, Ҳасан ибн Абу Саид Басрий, Суфён Саврий, Авзоъий, Алқама, Асвад, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий, Молик, Ҳаммод, Ибн Абу Лайло, Абу Ҳанифа каби саҳобалар, тобеинлар ва таба тобеинлар ҳамда уларнинг издошлари ва шогирдларидан Қози Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд, Довуд Тоий, Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий,бу Абдуллоҳ Музаний, Хуросон фақиҳларидан Абу Мутеъ Балхий, Абу Сулаймон Жузжоний, Абу Ҳафс Жаъфар Кабир Бухорий, Шақиқ ибн Иброҳим ва Иброҳим ибн Адҳам кабилар. Буларнинг барчаси Жаъфар Содиқ ва Абу Ҳанифанинг шогирдларидир. Улардан кейин издошлари, яъни Пайғамбар (алайҳиссалом) вақтидан бошлаб ҳозирги кунга қадар мусулмонлардан иборат дин фақиҳлари ва жамоати катта жамоат аҳли ҳисобланади. Булар динни саҳобалар ва бошқалардан иборат жамоанинг оғизлари ва қўлларидан олганлар ва бу нарса ҳеч қандай низосиз ва инкорсиз нақл қилинган.
Али суннат вал жамоа аҳли мазкур саҳобалар ва имомлар ҳамда уларнинг издошлари бўлган мусулмонлар ва имомлардан иборат эканига далил - ҳавои нафс ва бидъат аҳли етмиш иккита фирқага бўлинди. Улардан бир фирқа бирор масалада бизга хилоф қилса, қолган етмиш битта фирқа биз билан ҳамфикр бўлса, мана шу битта фирқа ўз сўзида хато қилувчи ва динида бидъатчи бўлади. Шунингдек, иккинчи фирқа бирор масалада бизга қарши бўлса, биринчи фирқа унинг хатоси ва бидъатида бизга ҳамфикр бўлса, мана шу иккинчи фирқа ўз сўзида хато қилувчи ва динида бидъатчи бўлади. Шунингдек, барча бидъатчи фирқалар умматга ва жамоатга бирор-бир масалада хилоф қила олмайдилар. Балки ўзларидан бирортасига хилоф қилиши мумкин, бошқага хилоф қилолмайди. Бирор-бир масалада улардан битта фирқанинг хилофи эътиборга олинмайди ва ўзига қайтарилади. Бундан маълум бўладики, жамоат ва суннат саҳобалар, тобеинлар ва таба-тобеинлар ҳамда қиёмат кунигача бўладиган уларнинг издошлари бўлган фақиҳлар ва мусулмонлар билан бирга бўлган.
Ҳақиқатда сунна ва жамоатга эргашиш ва улар билан ҳамфикр бўлиш юқорида зикр қилинган имомлар ва саҳобаларда мавжуд. Хуросон ва Мовароуннаҳр, Ғазна шаҳарлари ва Турк диёрларидан иборат Шарқ ва Хитой шаҳарларидаги тўғри йўл имомлари - машойихларимиздан ҳам бу нарса амалга ошган. Улар Аллоҳ таолонинг китоби, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннати ва юқорида зикр қилинган саҳобалар ва тобеинлар сийратидан иборат ҳужжатлари ва далиллари билан дин қоидалари ва рукнларини ягона йўл ва суннатга кўра исбот қилдилар. Бу Аллоҳ таолонинг, мурсалин ва мусулмонларнинг йўлидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: “Айтинг: Менинг йўлим - шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз...” (Юсуф сураси, 108-оят) деб марҳамат қилади. Мазкур оят: “Айтинг: Бу - ҳужжат, ривоят, далил, нур, зиё ва аниқ ҳужжат билан бўлган менинг диним. Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этаман” маъносига далолат қилади. Сўнг ким ҳужжатсиз бирор йўлни танласа, адашган бўлади ҳамда хато қилувчи ва бидъатчи бўлади.

Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Солимий Кешийнинг
"Ат-тамҳид фи баёнит-тавҳид" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase