close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳовузга, шафоатга ва Одам зурриётидан мийсоқ олишга иймон

Аллоҳ таоло у киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икром қилиб, у зотнинг қутқазиш учун берган ҳовуз ҳақдир.

Шарҳ: Ҳовузнинг сифатида келган ҳадислардан қуйидагилар фаҳмланади: «Албатта, у улкан бир ҳовуздир. Муҳтарам сувхонадир. У сутдан оқ, қордан совуқ, асалдан ширин ва миски анбардан хушбўй бўлган Кавсар анҳоридан жаннат шаробини олади. У жуда ҳам кенгдир. Эни билан бўйи тенгдир. Тарафларидан ҳар бири, бир ойлик йўлдир.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Албатта, ҳар бир пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбари-миз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг катта, энг ширин ва энг кўп одам келадиганидир».
Аллоҳ таоло Ўз фазли карами ила бизларни ҳам ўшалардан қилсин!
Далил: Кавсар сурасидир: «Албатта, Биз сенга кавсарни бердик. Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик қил. Албатта, сени айбловчининг ўзининг орти кесилгандир». (Кавсар: 1-3)
Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Менинг ҳовзимнинг миқдори Ийлаадан Яманнинг Санъоси қадардир. Унда осмондаги юлдузлар сонича идишлар бордир», деган ҳадислари. (Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.)
Яна: «Менинг олдимга сув олгани саҳобаларимдан одамлар борадилар. Мени уларни таниганимда улар мендан беркинишади. Мен: «Саҳобаларимми?!»-дейман. Бас, У зот: «Сендан кейин нималар қилганларини билмайсан»-дейди. (Имом Муслим)
Ҳовуз тўғрисидаги ҳадислар жуда кўпдир. Саҳобалардан ўттиздан ортиғи ривоят қилганлар. Шайх Имодуддин ибн Касир ўзининг «ал-Бидоя ван-Ниҳоя» номли катта тарих китобида ҳаммасини санаб чиққан.

 Хабарларда ривоят қилинганидек улар учун сақлаб қўйилган шафоат ҳақдир.
Шарҳ: Шафоат, луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, бирор нарсани унинг учун сўрашдир. Кўпгинча, шафоат, мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан паст одамнинг тарафини олиб унга қўшилишига истеъмол қилинади. Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир. («ал-Муфрадот фи ўарийбул Қуръон» 263 с.)
Шафоатчи ўзини, шафоат қилинадиган шахсга унга ёрдам бериш ва унинг учун бир нарсани тилаш учун, қўшади. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳузурида шафоат берувчилар ҳам, гуноҳкорларга кўмак берадилар.

ШАФОАТНИНГ ТУРЛАРИ

1. Биринчи шафоат.
Бу улуғ шафоат бўлиб, барча пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламлар ичидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос қилингандир. Бунинг далили, Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган «улкан шафоат» ҳадисидир.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, яхшиликлари ва ёмонликлари баробар бўлиб қолган одамларни жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, бошқа бир, дўзахга амр қилинган одамларни унга кирмасликлари учун шафоат қилишлари.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатга кирган одамларнинг амаллари савоби тақозо қилган даражадан юқори даражага кўтариш учун шафоат қилишлари.
5. Баъзи қавмларни жаннатга ҳисобсиз киришлари ҳақидаги шафоат.
Бу қисмга далил Укоша ибн Мусонинг ҳадисидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дуо қилиб, Аллоҳ уни жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг кишилардан қилишини сўраганлар. (Бухорий, Муслим).
6. Азобга сазовор одамлардан азобни енгиллатиш учун шафоат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалланинг амакилари Абу Толибнинг азобини енгиллатиш ҳақидаги шафоатларига ўхшаш. (Муслим Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча мўминларга жаннатга кириш изни берилишини сўраб қиладиган шафоатлари. Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бунга далилдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен жаннат ҳақидаги биринчи шафоатчиман»-деганлар. Яъни, одамларнинг жаннатга киришлари учун, деганлари.
8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларидан гуноҳи кабира қилганларига шафоат қилишлари. Шафоатнинг ушбу тури ҳақидаги ҳадислар кўпдир. Ушбу турдаги ҳадислардан бири:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадислари бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шафоатим умматларимдан аҳли кабоирлар (гуноҳи кабира қилганлар)гадир», дейдилар. (Имом Аҳмад).
Ушбу саккиз тур Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва шафоат қилинувчига нисбатандир.

Энди шафоат шафоатчига қараб ҳам саккиз турли бўлади:

1. Анбиё алайҳиссалломларнинг умматларига шафоати.
2. Фаришталарнинг гуноҳкорларга шафоати.
3. Кичик болаларнинг ота-онасига шафоати.
4. Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганнинг ўз аҳлидан етмиш кишига шафоати.
5. Қуръонни ёд олган кишининг аҳли байтига шафоати.
6. Мўминларнинг бир-бирлари ҳақидаги шафоати.
7. Қуръони каримнинг ўз қорисига шафоати.
8. Рўзанинг рўзадорга шафоати.

Далил: қуйидаги оятлар:

1. «У зотнинг ҳузурида шафоат берадиган, фақат Унинг изни ила бўлур». (Бақара: 255).
2. «У зот ишнинг таъбирини қилур. Ҳеч бир шафоатчи йўқ. Магар Унинг изнидан сўнг бўлур». (Юнус: 3)
3. «Шафоатга молик бўлмаслар. Магар Раҳмон ҳузурида аҳд олгангина бўлур». (Марям: 87)
4. «Ўша Кунда шафоат наф бермас. Магар кимга Раҳмон изн берса ва унинг гапиришига рози бўлса (наф берур)». (Тоҳа: 109)
5. «Ва шафоат бермаслар, магар кимга рози бўлса (берурлар). Улар Роббиларидан қўрққан ҳолларидадир». (Анбиё: 28)
6. «Осмонларда қанчадан-қанча фаришталарнинг шафоатлари ҳеч бир нарсани аритмас. Магар Аллоҳ хоҳлаган ва рози бўлган одамга изн бергандан кейингина (аритар)». (Нажм: 26)
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Бас Аллоҳ таоло: «Фаришталар шафоат берди. Набийлар шафоат берди. Мўминлар шафоат берди. Арҳамур Роҳиймийндан бошқа ҳеч ким қолмади», дейди. Сўнгра дўзахдан бир сиқим олади ва ундан ҳеч бир яхшилик қилмаган одамларни чиқаради», деган ҳадислари.(Муслим Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
8. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳиднинг олти хислатини баён қилган ҳадислари охирида: «Ва ўз қариндошларидан етмиш кишига шафоат беради», дейилган. (Термизий ва Ибн Можа).
9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менинг умматимдан кўпчиликка шафоат берадиганлар, қабилага шафоат берадиганлар, ота томон қариндошларга шафоат берадиганлар, ва бир кишига, токи жаннатга киришлари учун шафоат берадиганлар бор», деганлар. (Термизий).
10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон бандага шафоат берадилар»-деганлар. (Байҳақий «Шуабул Иймон»да ривоят қилган).
11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта «Сиқт»-(балоғатга етмай ўлган бола) ота-онасини дўзахга киргазган чоғда Роббиси ила тортишади. Шунда унга: «Эй Роббиси ила тортишувчи бола, ота-онагни жаннатга кирит», дейилади», деганлар. (Ибн Можа).

Аллоҳ таолонинг Одамдан ва Унинг зурриётидан олган мийсоқи ҳақдир.
Шарҳ: Яъни, Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳдонияти ва Робблигига нисбатан руҳ оламида Одам ва унинг зурриётидан олган аҳд рост ва ҳақдир. Аллоҳ таоло хабар берганки, У зот Бани одам зурриётини сулбларидан чиқариб, уларни ўзларини ўзларига гувоҳ қилиб туриб, Аллоҳ уларнинг Роббилари ва моликлари эканлигига ва Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигига аҳд олгандир.
Батаҳқиқ, Одам алайҳиссалом сулбидан зурриётини олганлик, уларни ўнг тараф, чап тараф эгалигига ажратилганлик ҳақида ҳадислар келган. Ўша ҳадисларнинг баъзиларида, уларни Аллоҳ Роббилари эканлигига гувоҳ қилиш ҳам бор.
Далил: қуйидаги оят:
«Ва Роббинг Бани Одамнинг белларидан зурриётларини олганини ва уларни ўзларига гувоҳ қилиб: «Мен Роббингиз эмасманми?»- деганини эсла. Улар, «Ҳа, гувоҳ бўлдик!» дедилар.
Қиёмат куни: «Албатта, биз бундан ғофил бўлган эдик»-деманглар». (Аъроф: 172)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари:
«Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг белидан мийсоқни Арафа куни Нўъмон(водийси)да олган. Бас, унинг сулбидан барча зурриётларини чиқариб, олдига ёйди. Сўнгра уларга гапириб: «Мен Роббингиз эмасманми?!»-деди. Улар: «Ҳа, гувоҳ бўлдик»-дедилар. (Аҳмад Ибн Аббосдан ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур оят ҳақида берилган жавобларида:
«Аллоҳ Одам алайҳиссаломни халқ қилди. Сўнг қўли билан орқасини силади ва ундан зурриётларини чиқариб олди: ва: «Анавуларни жаннат учун яратдим. Улар аҳли жаннат амалини қилурлар»-деди.
Сўнгра яна орқасини силади. Ундан зурриётини чиқариб олди ва: «Анавуларни дўзах учун яратдим. Улар аҳли дўзах амалини қилурлар», деди. (Имом Аҳмад).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни дўзах аҳлидан бўлган бир кишига: «Айтчи, агар ер юзидаги ҳар бир нарса сеники бўлганида тўлов учун берармидинг?»-дейилади.
У: «Ҳа!»-дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, мен сендан, бундан кўра осон нарсани сўраган эдим: Сендан, Одамнинг белида менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигинг учун аҳд олган эдим. Сен бўлсанг, менга ширк келтиришдан бошқа ишдан бош тортдинг!»-дейди. (Бухорий, Муслим).
46. Аллоҳ таоло азалдан, бирданига, жаннатга кирадиганларнинг сонини ҳам, дўзахга кирадиганларнинг сонини ҳам билгандир. Ўша сондан ортиқ ҳам, кам ҳам бўлмайди. Шунингдек, уларнинг қилмоқларини билган ишлари ҳам ўзгармайди.
Шарҳ: Аллоҳ таоло азалдан ва абадий ҳар бир нарсани ўта билувчилиги билан сифатлагандир. Нарсаларни билишдан олдин жоҳиллиги бўлмаган. Бас, У зот азалдан жаннат аҳлининг сонини ҳам, дўзах аҳлининг сонини ҳам билар эди. Ўша сондан ортиқ ҳам бўлмайди, кам ҳам бўлмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло азалдан аҳли жаннатнинг амалини ҳам, аҳли дўзахнинг амалини ҳам билар эди. Яъни, уларининг аҳли жаннатнинг амалини қилишларини ва буларининг аҳли дўзахнинг амалини қилишларини азалдан билар эди.

Далил:

1-«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир». (Анфол: 75)
2-«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчи бўлгандир». (Аҳзоб: 40)
3-«Роббинг эсдан чиқарувчи бўлган эмас». (Марям: 64)
4. «Аллоҳ уни ҳисоблади ва улар унутдилар». (Мужодала: 6)
5. «У зот сизларни яратди. Бас, сизлардан кофир бор. Сизлардан мўмин бор. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб-билиб турувчидир». (Тағобун: 2).

Ва Пайғамбаримиз аллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари:
«Қайси бир тирик жон бўлсаки, албатта, Аллоҳ унинг жаннатдаги ва дўзахдаги маконини ёзиб қўйгандир. Албатта, бадбахт ёки бахтли, деб ёзилгандир, дедилар.
Шунда бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, китобимизга ёзилган бўйича қолиб, амални тарк қилсак бўлмайдми?»-деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким, аҳли саодат бўлса, аҳли саодат амалига юради. Ким, аҳли бадбахт бўлса, аҳли бадбахт амалига юради», дедилар.
Бухорий, Муслим ривоят қилишган.


Ҳамма ўзи халқ қилинган нарсага муяссардир. Амаллар - ниҳоясига қараб эътиборлидир. Бахтиёр Аллоҳнинг қазоси ила бахтли бўлгандир. Бахтсиз Аллоҳнинг қазоси ила бахтсиз бўлгандир.
Шарҳ: Яъни, Аллоҳ ҳар бир одамга Ўзи азалдан ўша одам яратилганидан кейин қилишини билган иш ва амалларни осон қилиб қўяди.
Амалларнинг эътибори охирига қараб бўлади. Яъни, ҳаётининг охирида аҳли жаннатларнинг амалини қилган бўлса, аҳли жаннатлардан бўлади. Агар аҳли дўзахнинг амалини қилган бўлса, аҳли дўзахдан бўлади.
Некбахтлик ҳам, бадбахтлик ҳам Аллоҳнинг инсон бу дунёга келганидан сўнг қиладиган амалларини билиши асосида, «Аллоҳнинг қазоси» билан бўлади.

Далил:

1. «Аммо, ким (молидан) берса, тақво қилса ва тасдиқ қилса, бас уни осон (йўлга) муяссар қилурмиз. Аммо, ким бахил бўлса, истиғно қилса ва ёлғонга чиқарса, бас уни қийин (йўлга) муяссар қилурмиз». (Вал-Лайл: 5-10)
2. «У келган кунда ҳеч бир жон унинг изнисиз гапирмас. Бас, улардан бадбахти бор, некбахти бор». (Ҳуд: 105).
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамма ўзи халқ қилинган нарсага муяссардир», дедилар. (Бухорий, Муслим).
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амал қилинглар! Бас, ҳамма ўзи халқ қилинган нарсага муяссардир», деганлар. Муслим Суроқа ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир киши одамларга кўринишда аҳли жаннатнинг амалини қилади. Ҳолбуки, ўзи аҳли дўзахдан бўлади. Албатта, бир киши одамларга кўринишда аҳли дўзахнинг амалини қилади. Ҳолбуки, ўзи аҳли жаннатдан бўлади», деганлар. Бухорий «Албатта амаллар ниҳоясига қараб эътиборлидир», деган жумлани зиёда қилганлар. (Бухорий, Муслим).

Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талхийси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase