close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Авлиёларнинг кароматини исботлаш борасидаги калом

Кароматларни авлиёларга нисбат бериш ҳам ана шу қабилидандир. У имкон доирасидаги ишларданми ёки имконсизми?

Кароматларни авлиёларга нисбат бериш ҳам ана шу қабилидандир. У имкон доирасидаги ишларданми ёки имконсизми?
Муътазилийлар бунинг имконсизлигини даъво қилишади. Сабаби, агар бу жоиз бўлса, мўъжиза каромат билан чалкашиб кетади, Набийнинг набий эканини билишга йўл қолмайди. Бу эса ман қилинган. Қолаверса, одат (дан ташқари) ишлар набийни таниш, у билан ўзини набий қилиб қўрсатаётганларни ажрата билиш учун керак. Инсонларнинг бунга эҳтиёжлари бор. Валийни бошқалардан ажратишга эса, эҳтиёж йўқ.
Аҳли ҳақ эса кўплаб хабарлар, мустафиз (машҳур) ҳикоялар ворид бўлгани сабабли кароматнинг собит эканига ҳукм қилишади. Хабар ва ҳикоялардан бири - Сулаймон (алайҳиссалом)нинг ҳамроҳлари кўз очиб юммасдан Билқиснинг тахтини олиб келгани хабари; яна бири - Мадинада минбарда ўтириган Умар (розияллоҳи анҳу) Наҳованддаги қўшинни кўриб: «Эй сария, (отряд), тоққа, тоққа деганлари. Сория эса салкам беш юз фарсаҳ масофада туриб бу овозни эшитгани ва тоққа чиқиб, у ердан душманга пистирмадан ҳужум қилгани. Бу эса ғалабага сабаб бўлгани; Холид (ибн Валид (розияллоҳу анҳу) заҳар ичсада, зарар кўрмаганлари; Умар (розияллоҳу анҳу)нинг Нил дарёси борасидаги хабарлари шулар жумласидандир. Тобеин ва солиҳлардан беҳисоб кароматлар ривоят қилинган (кўрилган). Уларни инкор қилувчи киши, умумий маънода, кўриниб турган нарсани рад этувчилар қаторига киради.
Муътазилийлар уларни инкор этишади. Чунки бидъатларининг шумлиги сабаб кароматни ман қилишади. Имондан чиқишдан қўрқиб, ибодатларда ва гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда қаттиқ жидду жаҳд қилишларига қарамай, мазҳабларининг ботиллиги, эътиқодларининг фосидлигига кароматларни ман этишлари етарли, бошқа далил керак эмас. Сўнг уларнинг бирортасидан каромат зоҳир бўлмаган. Бу аслида уларнинг фикрлари ва иқрорларидан келиб чиққан. Бу ҳолга бузуқ эътиқодлари туфайли Аллоҳ таолонинг душмани, хорликка лойиқлиги сабаб бўлган. Уларнинг аксариятини кўрсангиз, (ҳолбуки, ўзи кўринишлари ёқимсиз бўлиб кетган) уларга қарашга кўзлар чидамайди, алоқа ва суҳбатларидан қалблар оғирлашади.
Уларнинг: «Авлиёлар қўлида кароматнинг зоҳир бўлиши анбиё (алайҳимуссалом)ларнинг мўъжизалари ботил бўлишини келтириб чиқаради», деган даъволари, ҳақни ботилдан, тўғрини фасоддан ажратадиган мезон бўлмиш ақлга кўра иш тутмасдан, ўйламасдан оғзига келганини гапираверадиган кимсанинг ишидир. Чунки тафаккур қилган киши валийнинг ҳар бир каромати (валийнинг) набийси (алайҳиссалом)нинг мўъжизаси эканини билади. Албатта, кароматнинг зоҳир бўлиши билан у кишнинг валий экани билинади. Унинг валий экани ақидаси ҳақ эканига далилдир. Ақидаси ҳақ экани (у ўз Расулига тобе бўлган ўринларда унинг рисолатини иқрор қилган бўлади) рисолатининг дурустлигига далилдир. Ана шу тадриж асосида бу (каромат) Расулнинг ўзи даъво қилаётган, дин ва шариатдан иборат етказаётган ишларида ростгўй эканига далил бўлади. Шундай экан, Расулнинг мўъжизаси ва унинг далолатини «мўъжизани ботил қилувчи» ва уни билишнинг йўлини тўсувчи деб билган киши ўта жоҳил ва аҳмоқдир.
Сўнг айтамизки: «Қандай қилиб каромат мўъжиза билан чалкашиб кетиши мумкин?! Ҳолбуки, мўъжиза рисолат (пайғамбарлик) даъвоси ортидан намоён бўлади. Агар авлиё рисолат даъво қилса, ўша ондаёқ кофир бўлади, Аллоҳнинг душманига айланади ҳамда унинг қўлида асло ғайриоддий иш намоён бўлмайди. Агар авлиёлик даъво қилса, ўша вақтдаёқ валоятдан тушади. Шунингдек, мўъжиза соҳиби (пайғамбар) мўъжизасини яширмайди. Аксинча, уни ошкор қилади. Каромат соҳиби эса имкон қадар кароматини яширишга уринади, кўпинча унга суянмайди, ишонмайди. Унинг каромат эмас, истидрож бўлишидан қўрқади. Агар Аллоҳ таоло солиҳ бандаларидан бирини валийнинг кароматидан воқиф қилиб қўйса, валий уни манфаатлантиради ва машҳурликка алданиб қолишидан қўрқиб, ундан бу сирни ошкор қилмаслигини ёлвориб сўрайди. Қолаверса, мўъжиза соҳибининг охири омонликда, ўзгаришдан маъсум бўлади. Валий эса, аксинча (бундай эмас).
Улар кароматнинг фойдаси йўқлигини айтишади. Биз эса: «Биз зикр қилган далиллар билан каромат собит бўлгандан сўнг унинг ҳикмат жиҳатини билмаслигингиз (олдинроқ ўтган тақрирга кўра) кароматнинг ботил эканини келтириб чиқармайди», деймиз.
Сўнг айтамизки: «Унинг фойдаси Аллоҳнинг ҳузуридаги (валийнинг) кароматини билиб олиш, ғайриоддий ишларни кўргани сабабли унга имон келтирган кишида Расулларнинг рисолати собит бўлишидир. Шунда у мўъжизага шоҳид бўлиш ва ғайриоддий ишларни кўришда анбиёлар замонида яшаган киши каби бўлиб қолади. Қолаверса, бу ҳол (валийнинг) ўзини ана шу даражада сақлаб қолиши, шарафли рутба ва олий манзилнинг ўзгариши ва йўқ бўлишидан сақлаш, бундан хабардор бўлган солиҳларни ўша даража ва манзилга етишиш учун шижоатга ибрат мақсадида ибодатларда ғайратли бўлишга, гуноҳлардан сақланишга ундайди.
Ҳақиқатларни сўзлаганлар айтадилар: «Ғайриоддий ишлар гоҳида унга машҳур бўлган, айрим мусулмонлардан ҳам содир бўлади ва бу уни машаққат ёки қийин-чиликдан халос этади. Бу каромат эмас, «маъунат» деб номланади. Гоҳида ғайриоддий ишлар ўзини илоҳ деб даъво қиладиган ёки нубувват даъво қилмаётган сеҳргар кимсалардан ҳам содир бўлади. Шунинг учун Муҳаммад ибн Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) дан бир ривоятни зикр қилганлар. Унга кўра, муаххаз ъиннийн (жинсий заиф киши) ўрнида бўлади. Муаххаз - сеҳр ёрдамида аёллардан ожиз қилинган кишидир. Бу иш у кишини ерга уриш, паст санаш (иҳонат) учун бўлади. Булардан кўринадики, ғайриоддий ишлар тўрт хил бўлади: мўъжиза, каромат, маъунат ва иҳонат. Улар ўртасидаги фарқ эса, баён қилганимиздекдир.

Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан
Убайдулла Уватов таржимаси

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase