close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соч бўяшлари ҳақида келган ривоятлар

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соч бўяганлари ҳаҳида турли қавллар айтишган. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Бўямаганлар”, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса: “Бўяганлар”, деган. Яна бир гуруҳ уламолар: “Хушбўйликни кўп ишлатганларидан сочлари қизғиш тус олган. Кўрган одам у зот соч бўяганлар, деб ўйлаган. Аслида бўямаганлар”, деб ҳам айтишган. (Манба: Ибн Қаййим. Зодул маод (1/176)

Қуйида уларнинг шарҳини ўрганиб, кейин умумий хулоса чиқарамиз.

Абу Римса розияллоху анҳудан ривоят қилинади: “Мен ўғлим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим. Шунда у зот: “Бу ўғлингми?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа. Бунга гувоҳлик бераман”, дедим. У зот: “У сенинг зиёнингга жиноят қилмайди. Сен ҳам унинг зиёнига жиноят қилмайсан”, дедилар”. (Абу Римса) айтди: “Мен (у зотнинг) оқарган сочларини қизил ҳолида кўрдим”. (Буни Абдуллоҳ ибн имом Аҳмад “Муснад”га зиёдаларида (7113) ривоят қилган)
Абу Исо айтди: “Бу (ҳадис) мана шу бобда ривоят қилинган энг яхши, (ҳолатни) яхшироқ изоҳловчи (ривоят)дир. Чунки саҳиҳ ривоятларга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам (соч-соқоллари) оқаришигача етмаганлар. Абу Римсанинг исми Рифоа ибн Ясрибий Таймийдир”.
Шарҳ. Ривоятда айтилишича, Абу Римса Таймий розияллоҳу анҳу ўғли билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борган. Бу ерда эътибор берадиган жиҳати шундаки, фарзандини аҳли илмлар олдига олиб бориш, илмий мажлисларда қатнаштириш болада илмга, олимларга муҳаббат уйғотади, унинг жажжи қалбида маърифатга интилиш пайдо бўлади. Салоҳиятли фарзандлар тарбиялашда аҳли илмлар билан яхши муносабат ўрнатиш, уларнинг илмидан унумли фойдалиш муҳим.
Абу Римса ўғли билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом олдиларига киргач, у зот: “Бу ўғлингми?” деб сўрадилар. Абу Римса: “Ҳа. Бу ўғлим эканига гувоҳлик бераман”, деб таъкидлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У сенинг зиёнингга жиноят қилмайди. Сен ҳам унинг зиёнига жиноят қилмайсан”, дедилар. Яъни, агар у бирон айб иш ҳилса, бунинг зарари ўзига. Қилган ишига ўзи жавоб беради. Агар сен бирон гуноҳга қўл урсанг, қилмишинг зарари ўзингга. Ҳеч бир жон бошқа бир киши гуноҳини зиммасига олмайди.
Жоҳилият даврида бир бузуқ одат бор эди. Агар ўғил бирон қабиладан бўлган кишини ўлдирса, ўша қабила вакиллари қотилнинг отаси, ака-укаси ёки оила аъзоларидан бирини ўлдиришарди. Соддароқ қилиб айтганда, Алининг ўчини Валидан олишарди. Ўша замонларда киши емаган сомсасига пул тўлашга мажбур бўларди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “У сенинг зиёнингга жиноят қилмайди. Сен ҳам унинг зиёнига жиноят қилмайсан”, дея ҳар ким қилмишига ўзи жавоб беришини айтдилар. Бу билан жоҳилий одатлардан бирини амалдан қолдирдилар, жамият ҳаёти низомини тўғриладилар.
“(Абу Римса) айтди: “Мен (у зотнинг) оқарган сочларини қизил ҳолида кўрдим”.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бошларида оқ толалар жуда кам бўлган. Ўша оқ туклар қизғиш рангда эди. “Бунинг сабаби нима?” деган саволга икки хил жавоб берилган:
1. Баъзи аҳли илмларга кўра, ҳина билан бўялгани учун соч қизил рангда кўринган. (Ҳоким ривоятида “Оқ толалари ҳина билан бўялганди”, деб келган).
2. Кўп ёғ суртилгани учун сочдаги оқ толалар қизғиш тусга кирган. (Абдураззоқ Абдулмуҳсин. Шарҳу шамоилин набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
Абу Исо айтди: “Бу (ҳадис) мана шу бобда ривоят қилинган энг яхши, (ҳолатни) яхшироқ изоҳловчи (ривоят)дир. Чунки саҳиҳ ривоятларга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам (соч-соқоллари) оқаришигача етмаганлар. Абу Римсанинг исми Рифоа ибн Ясрибий Таймийдир”.
Мусанниф - имом Абу Исо Термизий раҳматуллоҳи алайҳга кўра, юқорида келтирилган ривоят соч-соқол бўяш бобидаги энг салмоқли, маъноси равшан, ҳолатни очиқ баён қилувчидир.
Бундан келиб чиқиб, имом Термизий “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соч бўямаганлар” деган қавлга мойил бўлган, дейиш мумкин. Яна Аллоҳ билади. (Абдураззоқ Абдулмуҳсин. Шарҳу шамоилин на-бий соллаллоҳу алайҳи ва саллам)

Усмон ибн Мавҳабдан ривоят қилинишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (соч-соқолларини) бўяганмилар?” деб сўралди. Шунда у: “Ҳа”, деб жавоб берди. (санади заиф. Уни Термизийнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган. Бу ҳадис санадида Шарик Қози бор. Аҳли илмлар зикр қилишича, унинг ҳифзи ёмон. Ишончли ровийлар Шарикка хилоф қилишган, бу ҳадисни Умму Салама розияллоҳу анҳо муснадидан санашган. Мана шуниси тўғри (Абдураззоқ Абдул-муҳсин. Шарҳу шамоилин набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
Абу Исо айтди: “Бу ҳаднснн Абу Авона Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Мавҳабдан, у Умму Саламадан ривоят қилган” (Усмон ибн Мавҳабдан ривоят қилинади: “Мен Умму Салама олдига кирдим. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳина ва катам билан бўялган сочларини олиб чиқди” (Бу ҳадисни Бухорий “Саҳиҳ”да (5897), Ибн Можа “Сунан”да (3623), Аҳмад “Муснад”да (6/296, 319, 322) ривоят қилган).
Шарҳ. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочлари рангини ҳина ва шунга ўхшаш нарсалар билан ўзгартирганмилар?” деб сўралганида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Ҳа”, деб жавоб берган.
Ҳадисда савол эгасининг исми айтилмаган. Чунки бу ерда мақсад савол берувчи номини зикр қилиш эмас, балки Пайғамбаримиз алайҳиссалом сочларини бўяган-бўямаганларига ойдинлик киритишдир.
Башир ибн Хасосиянинг аёли Жаҳзама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан бошларини (қўллари билан) сидирган ҳолда чиқаётганларини кўрганман. У зот ғусл қилган эканлар. Бошларида ҳина изи бор эди...” (санади заиф. Чунки Назр ибн Зурора ва Абу Жаноб Калбий: Яҳё ибн Абу Ҳайя заиф ровийлардир. Буни ҳам Термизийнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган)
Шарҳ. Жаҳзама розияллоҳу анҳо Бани Шайбон қабиласидан эди. Айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг исмини “Лайло”га ўзгартирганлар. Жаҳзама розияллоҳу анҳо ривоятини ёлғиз имом Термизий “Шамоил” китобида келтирган.
Жаҳзама розияллоҳу анҳо айтишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларида ҳина асарини кўрган экан. Айрим шориҳлар (ривоят маъносини шарҳловчилар) айтишича, бу ҳолат у зот алайҳиссалом сочларини бўяганларини билдирмайди. Балки, муолажа, салқинланиш ва шу каби мақсадларда ҳина қўйган бўлишлари мумкин (Абдураззоқ Абдулмуҳсин. Шарҳу шамоилин набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини бўялган ҳолида кўрганман...” (санади заиф. Чунки Амр ибн Осим заиф ровий. Буни ҳам Термизийнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган.)
Шарҳ. Эътибор берсак, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини бўяганмилар”, деган масалада икки хил ривоят собит бўляпти. Биринчисида “бўямаганлар”, дейилса, бошқасида “бўяганлар” деб айтилмоқда. Буни қандай тушуниш керак?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларидаги оқ толалар сони жуда кам эди, йигирматага ҳам бормасди. Шунинг учун сочни бўяшга ҳожат қолмаган. Оқ толанинг қизғиш рангда кўринишига келсак, бу сочга суртилган ёғ ёки мушки анбар изи бўлиши мумкин.
Бу борада имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Мухтор (танланган қавл) шуки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан соч-соқолларини бўяганлар. Ибн Умарнинг “Саҳиҳайн”даги ривояти шунга далолат қилади. Кўпинча бўямасдилар. Ҳар ким ўзи кўрганини ривоят қилган ва у ростгўйдир. Валлоҳу аълам” (Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизий. Аш-Шамоилун набавия вал хасоилул мустафавия /Муҳаққиқ: Саййид ибн Аббос Жалимий).

Бу бобга хулоса ўрнида қуйидагиларни айтамиз:

1.    Соч-соқолдаги оқ тола қиёмат куни нур бўлади. (Бу ҳақида бир қанча ривоятлар нақл қилинган. Жумладан, Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Оқ толани юлиб ташламанглар. Чунки у мусулмоннинг нуридир. Кимнинг бир дона туки Ислом (йўли)да оқарса, Аллоҳ (ўша битта оқ тола сабабидан) унга битта ҳасана ёзади, унинг битта гуноҳини ўчиради, мартабасини бир поғона юқори кўтаради” (Аҳмад “Муснад”да (6962) ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ лиғайриҳ).
Абу Нажиҳ Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг Аллоҳ йўлида бир дона туки оқарса, қиёмат куни унинг учун нур бўлади”, деб айтганларини эшитганман” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да (2984) ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).)
2.    Оқ толани юлиб ташлаш макруҳ.
3.    Оқ толани қорадан бошқа рангларга (жумладан, қизилга, сариққа) бўяш жоиз. (Мулла Али Қори. Жамъул васоил)

Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг
"Шамоили Муҳаммадия" китобидан
Таржима ва шарҳ муаллифи Зиёуддин Раҳим

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase