Ширкнинг ҳақиқати - инсоннинг Аллоҳ Узининг олий зотига хос қилган ҳамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун бажаришидир.
Мисол учун, ўша махлуққа сажда қилиши, унга атаб жонлиқ сўйиши, назр қилиши, бошига мушкул иш туш-ганда ундан ёрдам сўраши ва уни ҳар жойда ҳозиру нозир, деб эътиқод қилиши ҳамда унда тасарруф қилиш қудрати бор, деб ўйлашидир. Буларнинг ҳаммаси ширкдир. («Ал-Ақийдатул Исломия ас-Суннийя» 85-бет. Ал-лома Абул Ҳасан Али Надавий).
Имом Валиюллоҳ Дехдавий наздида ширкнинг моҳияти шуки, инсон томонидан баъзи шаъни улуғланган одамлардан содир бўлган ғаройиб ишлар улар башар жинсида учрамайдиган, улуғ Аллоҳгагина хос бўлган камолот сифатларидан бирига эга бўлгани учунгина содир бўлди, деб ишонишдир. Инсоннинг «Бу хусусият Аллоҳ таоло-дан бошқада йўқ, У фақат улуҳият либосини Узидан бошқага ечиб берсагина ёки ўша бошқа кимса гўё Аллоҳнинг зотида бирлашиб, Аллоҳнинг зоти қолсагина, бу нарса амалга ошади», деб ишониши ёки шунга ўхшаш турли хурофотларга эътиқод қилиши ширкнинг ҳақиқатидир.
ИМОМ ДЕҲЛАВИЙНИНГ «АЛ-ФАВЗУЛ КАБИР»ИДА ШИРКНИНГ ТАЪРИФИ
Ширк - Аллоҳ таолога хос бўлган сифатларни Ундан ўзгага нисбат беришдир. Масалан, бирорта инсон ҳақида оламда «Бўл!» дейиш билан бўладиган ирода ила тасарруф қилади деб; ёки ҳис қилиш аъзолари, ақл, ваҳий, илҳом ва шунга ўхшашлар билан касб қилинмайдиган зотий илмга эга деб; ёки беморга шифо беради деб; бировни лаънатласа ёки ундан норози бўлса, бемор, фақир, бадбахт бўлиб қолади, раҳматини кўрсатса, ўша раҳмат туфайли бой, соғ, бахтиёр бўлиб қолади деб эътиқод қилишдир.
Жоҳилият мушриклари жисмларни яратишда ва буюк ишларни қилишда Аллоҳга ўзгани шерик қилишмас эди. («Ал-Фавзул Кабир», 4-бет).
ШИРКНИНГ ШАРЪИЙ ТУШУНЧАСИ
Билингки, ширкнинг юқоридаги уч таърифи, аслини олганда, унинг шаръий таърифи ва баёни эмас. Балки улар ширкка келтирилган мисоллардир. Чунки ширк фақат Аллоҳ таолога хос бўлган сифат ва ишлардагина бўлмайди. Балки гоҳида Аллоҳ таолонинг зотида, гоҳида сифатларида, гоҳида исмларида, гоҳида ишларида, гоҳида ҳукмларида бўлади. Бунга тавҳиднинг таърифида ишора қилган эдик.
Ширкнинг шаръий тушунчаси - беш ишдан бирида махлуқни Роббил оламийнга тенглаштиришдир. Яъни Аллоҳ таолонинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва ҳукмларида шериги бор, деб эътиқод қилишдир.
Аллоҳ таборака ва таоло Шуаро сурасида мушрикларнинг қиёмат куни қиладиган эътирофлари ҳақида ҳикоя қилиб дейди:
«Аллоҳга қасамки, албатта, биз очиқ-ойдин адашувда эканмиз. Чунки сизларни оламлар Роббига тенглаштирар эдик» (Шуаро сураси, 97-98-оятлар).
Демак, мазкур беш ишдан қай бирида бўлса ҳам, бошқани Роббил оламийнга тенглаштириш ширкдир. (Муфтий Аъзамнинг «Маоруфил Қуръон» китобидан).
НАССДА КЕЛГАН ШИРКНИНГ ТУРЛАРИ
1. Ибодатда ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин», деган (Каҳф сураси, 110-оят).
Оятнинг мазмуни ширк келтириш барча солиҳ амалларда, жумладан, сажда, тавоф, назр, рўза, ҳаж, нафақа, садақа ва бошқа жисмоний, молиявий ва қавлий ибодатларда бўлишига далолат қилади.
Ибодатда ширк келтиришдан қайтариш жамики анбиё алайҳиссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир.
Чунки келган ҳар бир набий ва ҳар бир расул албатта ўз қавмига:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ», дегандир (Аъроф сураси, 59-оят).
2. Дуода ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Сен: «Албатта, мен фақат ўз Роббимга илтижо қилурман ва Унга ҳеч кимни ширк келтирмасман», деб айт», деган (Жин сураси, 20-оят).
Ва яна У Зот: «Ва албатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг», деган (Жин сураси, 18-оят).
Ва яна: «Бас: «Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмасмиз. Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз», деган (Каҳф сураси, 14-оят).
Ва яна шундай дейди: «Йўқ! Фақат Унгагина илтижо қилурсиз. У эса хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берур» (Анъом сураси, 41-оят).
Имом Валиюллоҳ Дехдавий: «Дуодан мурод тафсирчилар айтганларидек ибодат эмас, балки ёрдам сўрашдир. Чунки Аллоҳ: « Йўқ! Фақат Унгагина илтижо қилурсиз. У эса хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берур», демокда», деганлар. («Ҳужжатуллоҳул Болига», 1-жилд, 129-бет).
Бандаларнинг тоқатларидан ташқари ва оддий сабаблардан устун нарсаларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқадан нусрат ва ёрдам сўраб дуо қилиши ширк бўлиб, бу иш инсонни тавҳид майдонидан чиқариб, куфр доирасига киритади.
3. Рубубиятда ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Ва ўз Роббимизга ҳеч кимни ширк келтирмасмиз», деган (Жин сураси, 2-оят).
Аллоҳ таолога хотин ёки болани нисбат берганлар -Роббларига бошқани ширк келтирганлардир.
Шунингдек, Аллохдан бошқани ўзларига бандалар қудратида бўлмаган нарсани беради, деб эътиқод қилганлар ҳам Роббларига ширк келтирганлардир.
Рубубиятда ширк келтириш ибодатда ва улуҳиятда ҳам ширк келтиришга олиб боради. Чунки аввал ҳам айтилганидек, рубубиятдаги тавҳид улуҳиятдаги тавҳидга далилдир.
4. Ҳукмда ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Уларга Ундан ўзга валий йўқдир. Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас», деб марҳамат қилган (Каҳф сураси, 26-оят).
Яъни оятда ҳақларида сўз юритилаётган каҳф (ғор) аҳли учун ҳам, улардан бошқалар учун ҳам Аллохдан ўзга ёрдам берадиган ва улар ҳақида хохдаган ҳукмини қиладиган валий - дўст йўқ. Чунки Аллоҳ таоло уларга ишларида рушду ҳидоятни муҳайё қилиб қўйди. Уларга Ўз ҳузуридан раҳматни берди ва қулоқларини бир неча йилгача эшитмайдиган қилиб қўйди.
Ўша Аллоҳ уларнинг қалбини мустаҳкамлади, уларга янада зиёда ҳидоят берди, Ўз раҳматини таратди ва ишларида осонлик яратди. Уларга уйқуларида ҳам манфаат оладиган нарсани тайёрлаб қўйди. Аллоҳ таоло уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турар эди. Уларга қуёшни беминнат хизматкор қилиб қўйди. Қуёш ғорларининг ўнг ва чап томонидан мойил бўлиб ўтар эди. Сўнгра Аллоҳ уларни уйқуларидан уйғотди. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соати келишида шубҳа йўқлигини билдириш учун, одамларни уларнинг ҳолидан хабардор қилди.
Аллоҳ таоло улар ҳақидаги Ўз ҳукмларига ва уларга берган ёрдамига Ўз махлуқларидан бирортасини шерик қилмаганидек, Ўзининг тузиш ва қонунлаштириш ҳукмларида ҳам ҳеч кимни шерик қилмайди.
«Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди» (Юсуф сураси, 40-оят).
Демак, тўғри дин - ҳукмдорлик ҳам, ибодат ҳам холис Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғидир. Ҳукмни У Зот қилиб, бошқага ибодат қилинишида эмас.
5. Мулк ва султонликдаги ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Сен: «Фарзанд тутмаган, мулкда шериги бўлмаган ва хорликдан қутқаргувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дегин», деган (Исро сураси, 111-оят).
Бу оятда Аллоҳ таборака ва таоло Ўз Расулини бола тутишда маҳлуқотларга ўхшамаган, борликда салтанати ва мулкида ҳеч бир шериги бўлмаган Аллоҳга ҳамд айтишга амр қилмокда. Чунки мулк Унинг қўлидадир.
У Зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳамма нарсаларнинг эгалиги Унинг қўлидадир. Осмонлару ернинг мулки ҳам Унга хосдир.
«Сен: «Аллоҳдан ўзга гумон қилганларингизга дуо қилаверинглар!» деб айт. Улар осмонлару ерда зарра вазнидаги нарсага ҳам молик эмаслар. Уларга бу(икки)ларида шериклик ҳам йўқ. Ва У Зотга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ», дегин» (Сабаъ сураси, 22-оят).
Яъни сиз валийлар - дўсту ёрдамчилар деб гумон қилиб, Аллоҳга шерик қилаётган, хожатингиз тушганда илтижо қилаётган «худо»ларингизнинг зарра миқдорича ҳам мустақил эгалиги йўқдир. Улар бу нарсаларда шерик ҳам эмаслар. Аллоҳга бирор нарсада ёрдам ҳам бера олмайдилар. Нима учун уларга илтижо қиласизлар ва уларга ибодат қиласизлар?!
«Ана ўша Роббингиз Аллоҳдир. Подшоҳлик Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз эса данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар» (Фотир сураси, 13-оят).
(«Қитмир» - хурмо данагини ўраб турувчи юпқа парда).
Ушбу оятдан олдин Аллоҳ таоло кечаю кундузнинг низоми, қуёш ва ойнинг низоми ҳамда уларнинг жараёни Ўз қўлида эканини исбот қилди. Кейин: «Ана ўша Роббингиз Аллоҳдир. Подшоҳлик Уникидир», деди. Агар мулк - подшоҳлик Унинг махлуқларидан бирортасида бўлганида, кечаю кундузнинг низоми ҳозирги ҳолидан бошқача бўлар эди. Қуёш ва ойнинг ҳаракати ҳам, уларнинг чиқиши ва ботиши ҳам ҳозирги маълум ва машҳур тариқасидан бошқача бўлар эди.
Қуръоннинг услуби шу қадар гўзалки, баёни шу қадар мўъжизакорки, Аллоҳ таоло Бану Исроил (Исро) сурасида аввал мулкда шерикликнинг йўқлигини зикр этиб, сўнг ҳукмда ширк келтиришни инкор қилди, суранинг охирида эса ибодатда шерикликнинг йўқлигини зикр этди. Чунки ибодат ва бўйин эгиш ҳукмдан кейин бўлади. Ҳукм эса ҳоким мулкка ва ҳукмга эга бўлганидан кейингина ижро этилади. Бунга тасарруфдаги ширк ҳам киради. Чунки тасарруф мулкнинг ажралмас қисмидандир.
6. Халқ - яратишдаги ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Сен: «Менга Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринг-чи?! Менга кўрсатинглар-чи, улар ерда нимани яратдилар?! Ёки уларнинг осмонларда иштироклари борми?!» деб айт», деган (Фотир сураси, 40-оят).
Ва яна шундай дейди: «Сен: «Аллохдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини берингчи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар? Ёки осмонларда иштироклари борми?’...» деб айт» (Аҳҳоф сураси, 4-оят).
Бу икки оятда мушрикларга қўрқитиш ва дўқ уриш йўли билан айтилмоқда: «Аллохдан бошқа дуо ила илтижо қилаётган худоларингизда яратувчилик сифати топиладими? Ёки уларнинг Аллоҳ билан бирга осмонларни яратишда - Аллоҳ асрасин! - шериклик қилганлари борми? Яъни ўзлари мустақил равишда ёки Аллоҳ билан шерикликда бирор нарса яратганларми?»
Йўқ, мутлақо ундай эмас, чунки Аллоҳ таоло:
«Албатта, Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар», деган (Ҳаж сураси, 73-оят).
Ва У Зот: «Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махлуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилар-у, уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? «Барча нарсанинг яратувчиси Аллохдир. Ва У ягонадир, барчани қабзасида тутиб, ҳукмини юритиб турувчидир», дегин», деган (Раъд сураси, 16-оят).
7. Итоатда ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар», деган (Анъом сураси, 121-оят).
Бас, Аллоҳ таолонинг итоатига муқобил равишда Аллохдан ўзгага итоат қилиш ширкдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиққа маъсиятда махлуққа итоат қилиш йўқ», деганлар. (Аҳмад, Ибн Жарир, Ибн Хузайма, Та-бароний Ибн Қонеъ ва Ҳоким Имрон ибн Ҳусойн ҳамда Ҳакам ибн Амр ибн Ғифорийдан ривоят ҳилишган).
8. Шариатни жорий қилишдаги ширк келтириш.
Аллоҳ таоло: «Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шериклари борми?!» деган (Шуро сураси, 21-оят).
Демак, савоб умидида ёки гуноҳ қўрқинчида, адо этиш ёки тарк этиш учун ҳар бир янги чиқарилган, ихтиро қилинган иш, унга Қуръон ва Суннатдан далил бўлмаса, шариат бобида ширк келтириш бўлади.
ИМОМ ДЕҲЛАВИЙ НАЗДИДА ШИРКНИНГ КЎРИНИШЛАРИ ВА ҚИСМЛАРИ
Имом Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳил Болиға»нинг 1-жилд, 128-бетида айтади:
«Биз сени Аллоҳ таоло шариати Муҳаммадияда -соҳибига салавот ва саломлар бўлсин - ширк ҳисоблаб, улардан қайтарган ишлардан огоҳлантирамиз:
1. Саждада ширк келтириш.
Жоҳилиятда мушриклар санамларга ва юлдузларга сажда қилишарди. Улар Аллоҳдан ўзгага сажда қилишдан қайтарилдилар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бас, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманг. Уларни яратган Аллоҳга сажда қилинг» (Фуссилат сураси, 37-оят).
2. Ёрдам сўрашда ширк келтириш.
Шунингдек, улар беморга шифо бериш, камбағални бойитиш каби ҳожатталаб ишларда Аллохдан ўзгадан ёрдам сўрар эдилар. (Назр қилишдаги ширк келтириш ҳам шулар жумласига киради. Чунки Аллоҳдан ўзгага назр қилувчи келган ёрдамга шукр қилиш мақсадида ёки бўлажак ёрдамдан умид қилиб назр атайди). Мушриклар ҳам санамларига назр атар ва ўша назр туфайли улардан мақсадларига эриштиришларини кутар эдилар. Баракот умидида уларнинг исмларини тиловат қилардилар.
Аллоҳ таоло мусулмонларга намозларида «Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн - Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 4-оят), деб айтишни вожиб қилди. Бу сажда ва ибодатда ширк келтиришдан, шунингдек, ёрдам сўрашда ширк келтиришдан қайтариш эди.
Аллоҳ таоло марҳмат қилади: «Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!» (Жин сураси, 18-оят).
(Чунки дуо ёрдам сўраш учун бўлади. Шунинг учун ҳам ҳожатларда, мусибат ва аламларда Аллохдан бошқага дуо қилиш ман қилинган).
3. Улуҳиятда ширк келтириш.
Мушриклар ўзларининг баъзи шерик худоларини Аллоҳнинг қизлари, ўғиллари деб аташарди (ва буни -Аллоҳ асрасин - бут-санамлар (ўз эътиқодларига кўра) илоҳнинг жузъи бўлганлари учун улуҳият ҳаққини бериш учун қилар эдилар). Батаҳқиқ, бу ишдан жуда ҳам қатъий равишда қайтарилдилар:
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, охиратга иймон келтирмаганлар фаришталарни аёл номи билан номларлар. Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Улар гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас» (Нажм сураси, 27-28-оятлар).
«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатурлар. Аллох уларни лаънатласин. Қаёққа ўгирилиб кетмоқдалар?!» (Тавба сураси, 30-оят).
4. Шариат жорий қилишда ширк келтириш.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шериклари борми?!» (Шуро сураси, 21-оят).
Яҳудийлар ўз аҳбор(диний олим)лари ва роҳибларини Аллохдан ўзга робблар қилиб олар эдилар. Яъни ўшалар ҳалол деган нарсани қилса бўлаверадиган ҳалол нарса, улар ҳаром қилган нарсани эса гуноҳ бўладиган ҳаром нарса деб эътиқод қилар эдилар.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳдан бошқа ўзларининг ҳибр ва роҳибларини Робб тутдилар» (Тавба сураси, 31-оят) ояти нозил бўлганида Адий ибн Хотим Расулуллоҳ алайҳиссаломдан у ҳақда сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар аларга бир нарсаларни ҳалол қилишса, ҳалол деб қабул қилишар, ҳаром қилишса, ҳаром деб қабул қилишарди», дедилар.
Бир нарсани ҳаром қилишнинг маъноси - фалон нарса учун жазо чораси кўрилади, дейишдир. Ҳалол қилиш эса - фалон нарса учун жазо чораси кўрилмайди, дейишдир. Бас, жазо чорасини кўриш ва кўрмаслик Аллоҳнинг сифатларидандир.
Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳалол ва ҳаром қилиш нисбатини бериш эса у кишининг гаплари Аллоҳнинг ҳалол ёки ҳаром қилганига қатъий белги бўлганидандир. Аллоҳ таоло у зот ҳақида дейди: «Уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қилади» (Аъроф сураси, 157-оят).
Ушбу икки нарсани у зотнинг умматидан бўлган мужтаҳидларга нисбат бериш эса уларнинг шариатда Аллоҳ таолодан келган нассни ривоят қилишлари ёки Унинг каломидан ушбу маънони чиқариб олишлари маъносидадир.
5. Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйиш ила ширк келтириш.
Мушриклар санамларга ва юлдузларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида уларга атаб жонлиқ сўяр эдилар. Бунда ўша нарсаларнинг номини баралла айтиб сўйишар ёки махсус бутларига олиб бориб сўйишарди. Бас, Аллоҳнинг қуйидаги сўзлари ила бундан қайтарилдилар:
«...Аллохдан ўзгага атаб сўйилган...» (Моида сураси, 3-оят).
«Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» (Анъом сураси, 121-оят).
Баъзи ҳайвонларни шерик худоларга атаб, улардан фойдаланмасдан, қўйиб юборишлари ҳам шу турдаги ширк қаторига киради.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Аллоҳ на баҳийра, на соиба... қилгани йўқ» (Моида сураси, 103-оят).
6. Аллоҳдан ўзганинг номи билан қасам ичиш ила ширк келтириш.
Улар баъзи кишиларнинг исмларини муборак, улуғ деб эътиқод қилишар, уларнинг исми билан ёлғондан қасам ичганнинг молу дунёсига ва ахдига нуқсон етади, деб ўй-лар эдилар. Шунинг учун бу ишни қилишмас ва талашиб қолган одамлардан ўшаларнинг исмлари ила қасам ичишни талаб қилишарди. Бас, бу ишдан ман қилиндилар.
8 Жоҳилият даврида ўнта урғочи тева туққан туяни олиҳалар учун деб қўйиб юборилар, минилмас, сутини ичилмас эди. Унинг сути фақат боласига ёки меҳмонга бериларди, холос. Улгандан кейингина гўштини ер эдилар. Ана ўшандай туя «соиба» (қўйиб юборилган) деб номланган. «Соиба»нинг ўнинчи урғочи боласини ҳам қулоғини тилиб, онаси каби қўйиб юборишган. У «баҳийра» (қулоғи тилинган) деб аталган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», дедилар».
(Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган).
Бундан мурод тахдид қилиш эмас, балки биз юқорида зикр қилган эътиқодга кўра, Аллоҳнинг номидан бошқа ном ила айтилган ўтимли ёки ёлғон қасамдан қайтаришдир.
7. Аллоҳдан ўзгага ҳаж ёки зиёрат қилиш ила ширк келтириш.
Яъни ўша Аллоҳга шерик деб эътиқод қилинаётганларга хос табаррук жойларга уларга қурбат ҳосил қилиш учун бориш. Шариат бу ишлардан қайтарган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади...» дедилар».
(Бешовлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).
8. Ном қўйишдаги ширк келтириш.
Мушриклар ўз болаларига Абдул Уззо, Абдушшамс каби номларни қўяр эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширкка ишора қилувчи кўплаб исмларни ўзгартирдилар. «Исмларнинг энг афзали Абдуллоҳ ва Абдурраҳмон», деган мазмундаги гапни айтдилар.
Ушбу нарсалар ширкка олиб борувчи нарсалар бўлиб, шариатда улардан қайтарилгандир. Аллоҳ ўта билувчидир.
«Ҳужжатуллоҳи Болига»дан мухтасар ҳолда, тафсилотлари билан олинди, сарлавҳалар қўйилиб, баъзи оятлар қўшимча қилинди.
ИМОМ ДЕҲЛАВИЙНИНГ «АТ-ТАФҲИЙМОТ»ИДАГИ ШИРКНИНГ БАЪЗИ НАВЛАРИНИНГ ТАЪРИФИ
1. Ибодатда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ширк келтириш, яъни Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ёки охиратда нажот топиш мақсадида Аллохдан бошқани улуғлаш.
2. Ёрдам сўрашда Аллоҳга ширк келтириш, яъни менга нажот беришга қудрати етади, деган эътиқодда бирортадан ёрдам сўраш. Дардга шифо бериш, тирилтириш, ўлдириш, ризқ бериш, фарзанд бериш ва шунга ўхшаш Аллоҳнинг исмларини ифодалайдиган, У Зотнинг иродасига боғлиқ нарсаларни бошқадан сўраш.
3. Зикрда Аллоҳга ширк келтириш, яъни Аллоҳдан ўзгани охиратда ёки Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда фойда беради деб ўйлаб, суннатда жорий қилинган саноқлар ила эртаю кеч Аллоҳни зикр қилганидек зикр қилмоқ. Баъзиларнинг тонг отганда шайхларини зикр қилишига ўхшаш.
Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом: «Зикрнинг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳ», дедилар. «Муҳаммадур-Расулуллоҳ» иймоннинг бир бўлаги бўлса ҳам, зикрда уни зиёда қилмадилар. Чунки иймон бошқа нарса, зикр бошқа нарса. Худди шунингдек, фаришталарга иймон келтириш лозим, лекин уларни зикр қилиш ибодат эмас.
4. Сўйишда Аллоҳга ширк келтириш, яъни бир ҳайвонни, ушбу ҳайвонни сўймасам, ҳожатим кушойиш бўлмайди, деб Аллохдан бошқага атаб сўйиш ёки олиҳаларга атаб ўз ҳолига қўйиб юбориш.
5. Назрларда ва қасамларда Аллоҳга ширк келтириш, яъни Аллохдан бошқанинг исми шарафига ёки уни илоҳийлаштириб, ўзига бир ишни қилмоқни вазифа қилиб олиш. (Бу ўша Аллохдан ўзганинг исмидаги шараф учун, ўша исм эгасида қандайдир илоҳийлик бор, деб эътиқод қилгани учун бўлади). Ёки аввал айтилганидек, Аллохдан бошқанинг исми ила қасам ичиш. («Ат-Тафҳиймотул Илоҳийя» 2-жилд, 23-24-бетлар).
ШИРК ОҚИБАТИНИНГ ОҒИРЛИГИ
Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслаб ўтишнинг ўзи кифоя:
Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир», деган (Нисо сураси, 48-оят).
Ва яна: «Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг жойи оловдир. Ва золимларга ҳеч қандай нусрат берувчилар йўқдир», деган (Моида сураси, 72-оят).
Ширк улкан зулмдир.
Аллоҳ солиҳ банда Луқмон тилидан деган: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир» (Лукуюн сураси, 13-оят).
Мушрик дунёдаги энг разил одамдир.
Аллоҳ таоло: «Албатта, мушриклар нажасдирлар, бас, ушбу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар», деган (Тавба сураси, 28-оят).
Ширк ҳеч кимдан кечирилмайди.
Аллоҳ таоло: «Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлурсан», деган (Зумар сураси, 65-оят).
КУФР ВА ШИРК ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ
Биринчидан: Кофирлик динда билиш зарур бўлган нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш билан бўлади.
Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин, лекин шу билан бирга, у Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида ёки Унинг ҳукмлари, исмлари ёки ишларида ширк келтириши мумкин.
Иккинчидан: Куфр ўзининг барча турлари билан иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса гоҳида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ширк ҳам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисолдир.
Имом Аҳмад ўзининг «Муснад» китобида (5-жилд, 428-бет) яхши санад билан (Маҳмуд ибн Лабиддан) қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар учун энг хавфсираган нарсам кичик ширкдир», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?» дейишди. У зот:
«Риёдир», дедилар».
Шунингдек, бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», деганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?! «Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи хоҳласа», дегин», деганлар». Имом Аҳмад, 1-жилд, 124-бет.
Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», дедилар». Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят ҳилишган.
Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, мана бу ширкдан сақланинглар, чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам маҳфийроқдир», деганларида, у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?» дейишди.
Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, билган нарсамизни Сенга шерик қилишимиздан Сенинг Ўзингдан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз», дедилар». Имом Аҳмад, 4-жилд, 403-бет.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу амалларни қилганларни муртад ёки кофир деб ҳукм қилмадилар, уларга шаҳодат калимасини қайта айтиш ёки иймонини янгилашни буюрмадилар.
Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина саҳобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри ҳақида ҳукм қилмаганлар. Балки ширк ва жоҳилият гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар. Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари катта гуноҳ бўлса ҳам, куфр эмаслигига далилдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлар ҳақида оғир гапларни айтганлари эса ширк ва жоҳилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавҳиднинг рамзларини жонлантириш учун бўлган (Жазоирий, «Ақийдатул Муьмин», 105-106-бетларнинг хулосаси).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Талхийси шарҳи ал-ақийдатут таҳовия" китобидан