close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ширкнинг таърифи

«Ширк» сўзи луғатда «шерик қилиш» маъносини англатади. Истилохда эса Аллоҳ таолонинг зоти ва Унинг зотий сифатларида бирор нарсани шерик қилишдир. Макка мушриклари ва бутпарастлар Аллоҳ таолонинг зотида бошқасини шерик қилганлар.

«Ширк» сўзи луғатда «шерик қилиш» маъносини англатади. Истилохда эса Аллоҳ таолонинг зоти ва Унинг зотий сифатларида бирор нарсани шерик қилишдир. Макка мушриклари ва бутпарастлар Аллоҳ таолонинг зотида бошқасини шерик қилганлар. Ҳамда Аллоҳ таолонинг зотий сифатларида ҳам бошқаларни шерик қилишар эди. Жумладан, Аллохдан ўзгадан ўзларининг хожатларини сўрашиб, сажда қилишар, уларни ғайбни билувчи деб билишар эди. Улар бут-санамлар учун ибодат тайин қилиб олишган эди. Мазкур ҳадисда келган тавҳид ва ибодат мафҳумига ширк ва шерик қилишнинг тушунчаси бутунлай тескаридир.
Исмоил Шаҳид раҳматуллоҳи алайҳ ширкни тўрт қисмга бўлган:

1. Илмда шерик қилиш - Аллоҳ таолонинг «ғайбни билиш» сифатини Ундан бошқасида ҳам бор, деб эътиқод қилиш.
2. Тасарруфда шерик қилиш - Аллоҳ таолодан бошқа кимгадир оламни тасарруф қилиш ихтиёри берилган, деб билиш.
3. Дуода шерик қилиш - Аллоҳ таолодан ўзгадан хожати ва эҳтиёжини сўраш.
4. Феълдаги ширк - Аллоҳ таолодан бошқасига назр-ниёз қилиш, Ундан бошқасига шаръий ибодатлардан қайси биринидир бажо қи-лиш. Ҳамда «ҳаром қилиш», «ҳалол қилиш» нисбатини ўзининг «илоҳи»га бериш.

Бу ширк ҳақидаги қисқа мулоҳазалар, у ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун «Ҳужжатуллоҳил болиға» китобига мурожаат қилинг.
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳнинг фарзанди Шоҳ Абдулқодир раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг «Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг» (Бақара сураси, 221-оят) оятининг тафсирида шундай деган: «Мусулмонлар билан мушриклар ўртасида дастлаб никохданиш мумкин эди. Мазкур оят билан эса иккиси ўртасидаги никоҳланишга рухсат тугатилди. Эркак ёки аёл ширк келтирса, иккиси ўртасидаги никоҳ бузилади. Ширк - Аллоҳнинг сифатларидан бири Аллохдан бошқада ҳам бор, деб билиш. Масалан, «фалончи барча нарсаларни билади» ёки «фалончи нимани хоҳласа, қила олади» ёки «бизга яхшилик ва ёмонлик қилиш фалончининг ихтиёрида», деб эътиқод қилиш. Ширкнинг яна бир маъноси шуки, Аллоҳ таолони улуғлагандек, кимнидир улуғлашлик. Масалан, кимгадир сажда қилиб, ундан ўзининг ризқ-рўзини сўрашлик».(Шоҳ Абдулқодир. «Мавзиъ ал-Қуръон». Бақара сураси, 221-оят.)
Ҳадисдаги «лаббай», деган сўз «сизнинг сўзингизни қайта-қайта эшитишга тайёрман», деган маънони англатади. (саъдайка) эса хизматингизга тайёрман, деган маънони англатади. Бу икки сўз ҳадисда уч бор такрор-такрор келди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳунинг эътиборини жамлаб, диққатини тортиш учун унга мазкур сўзни уч марта такрорладилар. Шу орқали Муоз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмоқчи бўлган гапнинг нечоғли аҳамиятли эканини билиб, унга бутун эътибори билан юзланиб, ҳадисга қулоқ тутади.
«Сидқан мин қалбиҳи» жумласи мазкур ҳадисда зикр қилинмаган. Лекин «Саҳиҳи Муслим»даги бошқа ривоятларда зикр қилинган. 130-ривоятда 211Л (ғайри шаккин) «ширк қилмай», дейилди. 147-ривоятда (мутаяққинан) «ишонч», деган сўз келган. Бу қайдларни келтиришдан кўзланган мақсад мунофиқ кимсаларга ҳадисдаги башорат тегишли эмаслигини билдириб қўйишдир. Чунки мунофиқлар ҳам калимаи шаҳодатни айтишар эди. Лекин улар чин қалбдан иймон келтиришмас эди.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Уфайр деган эшакда мингашиб кетаётган эдим. У зот: «Эй Муоз! Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи нима-ю, бандаларнинг Аллохдаги ҳаққи нима эканлигини биласанми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг расули билади», дедим. Шунда У зот бундай дедилар: «Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи - Аллоҳга ибодат қилишлари ва Унга бирор нарсани шерик қилмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ азза важалладаги ҳаққи эса Унга ҳеч нарсани шерик қилмаган кишини азобламаслигидир». «Эй Аллоҳнинг Расули! Инсонларга хушхабарни етказмайми?» дедим. У зот: «Уларга хушхабарни етказма, акс ҳолда суяниб қолишади», дедилар».
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муоз! Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедим. У зот: «Аллоҳга ибодат қилиниши ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик», дедилар. «Агар буларни қилишса, уларнинг У Зотдаги ҳақлари нима эканини биласанми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедим. «Уларни азобламаслиги», дедилар».
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирган эдилар, дарҳол бордим. У зот: «Аллоҳнинг одамлардаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар». Ҳадиснинг қолган қисми юқоридаги ҳадисга ўхшайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида бир неча киши ўтирган эдик. Орамизда Абу Бакр ва Умар ҳам бор эди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамиздан туриб кетдилар-да, олдимизга қайтишда ўта ҳаяллаб қолдилар. Душман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танҳо топиб олиб, бирор нуқсон етказдимикин, деган ўйда қўрқиб кетдик. Ваҳимага тушиб, ўрнимиздан турдик. Биринчи ваҳимага тушган мен бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни излашга чиқиб, Бану Нажжордан бўлган ансорийларнинг чорбоғига етиб келдим. Эшиги бормикан, деб атрофини айланиб чикдим, тополмадим. Қарасам, ташқаридаги қудуқдан чорбоққа кириб кетган бир ўзан бор экан, - «ар-робиъу» ариқ дегани - тулки суқилганидек суқилиб ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У зот: «Абу Ҳурайрами?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «Нима ишинг бор?» дедилар. «Орамизда эдингиз, туриб кетиб олдимизга қайтишда ўта ҳаяллаб қолдингиз. Душман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танҳо топиб олиб, бирор нуқсон етказдимикин, деб қўрқиб, ваҳимага тушдик. Биринчи ваҳимага тушган мен бўлдим. Манави чорбоққа келиб, тулки суқилганидек суқилиб ўтдим. Анави одамлар ҳам ортимда туришибди», дедим. У зот шиппакларини бериб: «Эй Абу Ҳурайра, мана бу шиппагимни олгинда, чорбоғнинг ортида «Аллохдан бошқа илоҳ йўқ», деб чин қалбдан ишониб гувоҳлик берадиган кимни учратсанг, унга жаннат хушхабарини бер», дедилар. Биринчи учратган кишим Умар бўлди. У киши: «Бу шиппак нимаси, эй Абу Ҳурайра?» деди. «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шиппаклари. У зот мени «Аллохдан бошқа илоҳ йўқ», деб чин қалбдан ишониб гувоҳлик берадиган кимни учратсам, унга жаннат хушхабарини беришимни айтиб, уларни бериб юбордилар», десам, Умар кўкрагимнинг ўртасига қўли билан бир урган эди, орқам билан йиқилиб тушдим. У: «Орқангга қайт, эй Абу Ҳурайра!» деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йиғлагудек бўлиб қайтиб келдим. Умар ҳам ортимдан йўлга тушди. Қарасам, изимдан келяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга нима бўлди, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. Мен: «Умарни учратиб қолиб, сиз айтган гапни айтсам, кўкрагимни ўртасига бир урган эди, орқам билан йиқилиб тушдим. У: «Орқангга қайт», деди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Умар! Бундай қилишга сени нима мажбур қилди?» дедилар. Умар: «Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Абу Ҳурайрани «Аллохдан бошқа илоҳ йўқ», деб чин қалбдан ишониб гувоҳлик берадиган кимни учратсанг, унга жаннат хушхабарини бер» деб, шиппагингизни бериб юбордингизми?» деди. У зот: «Ҳа», дедилар. Умар: «Бундай қилманг, чунки одамлар шу нарсага суяниб, амал қилмай қўйишади, деб қўрқаман. Уларни тек қўйинг, амал қилаверишсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ун-дай бўлса, уларни тек қўй», дедилар».
Шарҳ:
(кунна қуъудан) «ўтирган эдик». Яъни бир неча киши ўтирган эдик. Араб тилида учтадан ўнтагача бўлган жамоатга (нафар) сўзи ишлатилади. Шунингдек, мутлақ қавм ва жамоатга ҳам ишлатилаверади. (байна азҳурина) иборасида (байна) сўзи ёки (азҳурина) сўзи ортиқча саналади. Яъни гап (мин азҳурина) ёки «мин байнина» тарзида бўлиб, зиёда қилинган қисм таъкид учун зикр қилинган. (азҳурун) сўзи (заҳрун) «бел» кўплиги. Инсон ўтирганда мажлисда ўтирган кишиларнинг орасида бўлади. Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларнинг орамизда ўтирган эдилар. (фа абтоа) сўзи (ибтоун)дан олинган бўлиб, «кечикиш» маъносини англатади. Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ вақтгача ортга қайтмадилар. Шунда, биз хавотирландик. (хашийна ан юқтатоъа дунана) «Биз йўқлигимизда бирор корҳол бўлдимикин, деб қўркиб кетдик».
(хашийту) «қўркдим» сўзи «таъзим билан қўрқиш» маъносини англатади. Шунинг учун ҳам (хашийтуллоҳа), яъни «Аллоҳдан қўрқдим», дейилади. Бироқ Аллоҳ таолога нисбатан (ҳибтул-лоҳа) дейилмайди. Бу ҳам луғат жиҳатидан «Аллоҳдан қўрқдим. Лекин Аллоҳ таолога нисбат берилганда бу сўзни ишлатиш тўғри саналмайди. (юқтатоъа) сўзи «бўлак-бўлак бўлиб кетиш» маъносини англатади. (дунана) «узоқ», деган маънони англатади.
(дуна) сўзи «...сиз», деган маънони англатади. (адвану) сўзи эса «камтар» деган маънода ишлатилади. Яъни биздан узокдаликларида душман ва бошқалар томонидан бирор фалокатга учраб қолишларидан қўрқдик. (ва фазиъна) «қўрқиб кетдик», яъни бу ерда (хашийна) сўзи келтирилгандан кейин (ва фазиъна) сўзига нима хожат бор эди? Аллома Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу сўзлар синоним бўлиб, бири иккинчисига атф қилинган. Бу қўрқув ва безовталик тинимсиз давом этишига далолат қилади», деганлар.
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бўлса: (фазиъа) сўзи билан (хашийа) сўзларини фарқлаб (хашийа) сўзи қалб қўрқуви бўлиб, унинг асари жисмнинг зоҳирида намоён бўлмайди. (фазиъа) сўзи эса безовталикни англатади. У инсоннинг ташқи аъзоларида намоён бўлади», деганлар. Бу ерда ҳам безовта бўлишиб, саҳобаи киромлар ўринларидан туришиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб кетишди. Бу қарашлар ичида Мулла Алий Қорийнинг сўзи кучлироқ. Чунки унинг сўзида таъкиднинг ўрнига таъсис (янги бир маънони ифода қилдириш) бор. Таъсис эса таъкиддан яхшироқ.
Тўрт томони девор билан ўралган боққа (ҳоит) дейилади. Яъни (муҳотун бил жидари) «девор билан ўраб олинган».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг гумонига кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам боғнинг ичида эди. «Ашиъатул ламаъот» китобида ёзилишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу маҳбубининг ҳидини туйиб, у томон борди.
(фа дурту биҳи) сўзи ўз (дора, ядуру) феълининг ўтган замон шаклида бўлиб, «ён-атрофи ўралган» маъносида. (ҳал ажиду бабан), яъни «ўзимга-ўзим «бирор эшик топаоламанми», деб девор атрофини айланиб чикдим. Лекин бирорта эшик топа олмадим». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу безовта бўлиб, изтиробда боғнинг дарвозасини топа олмаган. Аслида, боғнинг эшиги бўлмаслиги мумкин эмас. Бу ерда «эшик топа олмадим», деган сўздан мурод «очиқ эшик топа олмадим, эшикнинг барчаси берк эди», деган маънода.
(фа иза рабиъун), яъни кичик ариқ ёки ташқаридаги булокдан боққа оқиб кирадиган сув йўлига айтилади. Баъзи ровийлар «рабиъ» сўзини (жадвал) «анҳор», деб шарҳлаганлар.
(мин беърин хорижатин) иборасини икки хил ўқиш мумкин. Биринчиси, (хорижатин) сўзини (беърин) сўзига сифат қилиб ўқиш. Бу энг муносиб ва яхши, барчага маъқул таркиб. Шунда «ташқаридаги қудуқ», деган маънони англатади. Иккинчиси, (хорижатин) сўзи музофун илайҳ бўлиб, «Хорижа» исмли бир кишига тегишли бўлиб, боққа келадиган сув айни шу кишининг қудуғидан чиқиб оқиб келар эди», дегани бўлади. Учинчиси, (беърин) сўзи танвин билан ўқилиб, (хорижуҳу) сўзи раф (бош келишик)да бўлиб, ундаги замир «девор» сўзига қайтади. Яъни «девор ташқарисидаги бир қудукдан», деган маънони англатади. Ушбу эҳтимолли таркиблар ичида аввалгиси муносиброқ.
(фаҳтафазту) «қимтиниб», яъни аъзоларни бир-бирига ёпиштириб деган маънони англатади. Тулки қимтиниб тор жойдан киргани каби Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам қимтиниб бир жойдан ичкарига кирди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Ҳурайрамисан?» деб ажабланиб сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий сабабли ғайбий оламга шўнғиб, кимлигини танимаганликлари учун бундай савол бердилар, дейилади. Бу ердаги савол тақририй бўлиши ҳам мумкин, яъни «Абу Ҳурайра?» Ажабланиш маъносидаги савол бўлиши ҳам мумкин. Унда маъно шундай бўлади: «Ҳамма томон берк бўлса, қандай келдинг, эй Абу Ҳурайра?»
(ва ҳааулааи ан-наасу вароий), яъни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзининг сўзини қуйидаги оятдан гўё иқтибос сифатида олиб гапирган: «У улар, ана, изимдалар. Рози бўлишинг учун Мен сенга шошдим, эй Роббим», деди» (Тоҳо сураси, 84-оят).
(ва аътоний наълайҳи) «ковушларини менга бердилар». Аллома Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу келтирган хабар ишончли бўлса-да, уни янада таъкидли ва ишончли бўлиши учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўзларининг муборак ковушларини бериб юбордилар. Натижада, Абу Ҳурайра келтирган хабарни эшитган киши ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади», деди.
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида шундай деганлар: «Мусо алайҳиссалом муқаддас маконга келганларида, ковушларини ечишга илоҳий амр бўлди. Шу каби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир нуроний мақомда бўлганликлари сабабли ковушларини ечиб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга бериб юбордилар».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ковушлари ўрнига бошқа бирор нарсани белги сифатида бериб юборсалар бўлмасмиди, нима учун айнан ковушларини бердилар? Биринчи жавоб шуки, у ерда ковушдан бошқа нарса бўлмагани учун уни бериб юборганлар. Иккинчи жавоб, ковуш динда собитқадамликни ифодалаганлиги учун уни бериб юборганлар. Валлоҳу аълам!
(фа башширҳу бил жаннати) «унга жаннатнинг башоратини бер». Бу ердаги «девор орқасидаги» деган гап қайдлаб қўйиш учун эмас. Балки умумийлик назарда тутилади. Чин ихлос билан калимаи шаҳодатни айтган киши жаннатий бўлади. У девор ортида бўлсин ёки девор ортида бўлмасин, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу унга хушхабар етказган бўлсин ёки хушхабар етказмаган бўлсин фарқи йўқ. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу мана шундай сифатли кишиларнинг барчасига ҳам шу хушхабарни етказишга қодир эмаслар. Аслида, бундан мақсад калимаи шаҳодатни чин дилдан айтган киши жаннатийдир, деган маъно назарда тутилган.
(фа харорту листий) сўзи келди. (харро, яхурру) сўзи «йиқилиб тушиш» маъносини англатади. Бу ердаги иборадан «орқам билан ерга йиқилиб тушдим», деган маъно назарда тутилган. Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг кўксларига урганларида оркалари билан ерга йиқилган.
(фа ажҳашту) сўзи сулосий мужаррад ҳам, сулосий мазид ҳам бўлиши мумкин. Ҳар икки бобнинг маъноси бир хил. Бир кишининг олдига йиғлаб, паноҳ сўраб боришга ҳам (жаҳаша) феъли ишлатилади. Масалан, бола йиғлаб онасининг олдига боришига ҳам (жаҳаша) феъли ишлатилади.
(ва рокибаний Умару). Яъни Умар мени ўз ҳолимга қўймай ортимдан изма-из келмоқда.
Бу ҳодисада Умар розияллоҳу анҳу гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратига қарши чиқиб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ургандек бўлиб қолмоқда! Хўш, нима учун Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни урди? Шиалар мазкур ҳадисни ўзларига далил қилиб Умар розияллоҳу анҳуни жуда қаттиқ танқид қилганлар ва яна тақия(Ҳийла ишлатиб эътиқодини яшириш.) масаласини юзага келишига ҳам айни шу ривоят билан далилланишади.
Бунга қуйидагича жавоб бериш мумкин, Умар розияллоҳу анҳу ушбу башоратни умматга етказишнинг вожиб эмаслигини билган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлса оламларга раҳмат этиб юборилганлари учун саҳобаи киромларга хушхабар беришни хоҳладилар. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам боғда ёлғиз қолиб, Аллоҳ таоло билан боғланиб, у зотда жамол сифати, Умар розияллоҳу анҳуда эса жалол сифати намоён бўлиб турган эди. Шу боис Умар розияллоҳу анҳу бу хушхабар натижасида инсонларда ибодатларга нисбатан сусткашлик пайдо бўлади, деган фикр бор эди. Буни эътиборга олган Умар розияллоҳу анҳу диний-шаръий маслаҳат юзасидан башоратни одамлар орасида ёйишга тўсқинлик қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Муоз розияллоҳу анҳуни айни шу башоратни тарқатишига рухсат бермаганлар. Демак, Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз амрига итоат қилиб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни кўксига урди. Умар розияллоҳу анҳу бу ишни холис Аллоҳ таоло йўлида қилгани учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳеч нарса демадилар. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳунинг маслаҳатига кўниб, хушхабарни махфий қолишига рози бўлдилар.
Аллома Тибий раҳматуллоҳи алайҳ буни шундай изоҳлаган: «Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Ҳурайрани қайтаришига сабаб «Юр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб олайлик. Буни одамларга ҳозир етказиш зарур бўлмаса кейинроқ айта қоласан», деган маънода бўлган».
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида шундай деган: «Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг устози мақомида бўлган. Устоз қандайдир манфаат юзасидан шогирдини уриши жоиз».
Умуман олиб қараганда, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуни қилмиши сабабли унга танбеҳ бермадилар.
Ушбу ҳадисни ушлаб олиб, хато тушуниб саҳобаи киромларга ва динга нисбатан адовати бўлгани сабаб ҳар-хил гап-сўзларни тарқатиш хато саналади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга Муоз ибн Жабал эгарда мингашиб олган эди. Шунда, у зот: «Эй Муоз!» дедилар. У: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули! Хизматингизга тайёрман», деди. У зот яна: «Эй Муоз!» дедилар. У: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули! Хизматингизга тайёрман», деди. У зот яна: «Эй Муоз!» дедилар. У: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули! Хизматингизга тайёрман», дедилар. Шунда у зот: «Қайси бир банда: «Аллохдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расули», деб гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, буни одамларга айтсам, хурсанд бўлишар эди?» деди. У зот: «Унда суюниб қолишади», дедилар. Муоз гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқиб, ўлими асносида уни айтиб берган».
Шарҳ:
«Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади». Бир киши калимаи шаҳодатни айтиб, гуноҳ ҳам қилса, у дўзахга ҳаром бўладими? Бошқа ривоятларда эса гуноҳкор мўминларни жаҳаннамга кириши ва кимнингдир шафоати ёки жазо тугагандан кейин қайтиб чиқиши айтилган. Зоҳирий жиҳатдан ҳадислар орасида қарама-қаршилик бордек туйилади. Мазкур ҳадисга зоҳиран қаралса, динда амалларни ҳеч қандай аҳамияти йўққа ўхшайди. Ҳолбуки, динимизда амалларни ўзига яраша ўрни ва аҳамияти бор. Калимаи шаҳодатни айтиш билан киши жаннатга кириб, дўзахдан халос бўлишига кафил бўладиган маънодаги ривоятлар солиҳ амалларни зарур эканига далолат қилувчи ривоятларга зид.

Бу эътирозга бир неча жавоблар берилган:

1. Бир киши гуноҳга қўл урмаса ёки гуноҳ қилиб сўнгра чин дилдан тавба қилса, унинг гуноҳи авф этилиб жаннатга киради ва дўзахнинг олови унга ҳаром бўлади. «Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», деган ривоятни айни шундай тушуниш мумкин. Аксинча, бир киши гуноҳ қилиб тавба қилмаса, яхши амалларидан ёмон амаллари кўп бўлса ва унинг бирорта гуноҳи авф бўлмаса дўзахга киради. Бундай киши қилган гуноҳига яраша жазо олгандан кейин «Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади».
2. Калимаи шаҳодатни барча шарт-шароитлари билан айтса. Яъни буйруқларга бўйсуниш, қайтариқлардан қайтиш маъносида иймон келтирса «Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади». Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг айтишича, шаҳодат калимаси жаннат калити. Эшикни очиш учун калитга тишлар керак.
3. Ҳадисдаги калимаи шаҳодатни айтишдан мурод иймон келтириб ўша заҳоти вафот этган киши назарда тутилган. Яъни иймон келтириб амал қилишга фурсат бўлмай вафот этган киши ирода қилинган.
4. «Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади» ҳадисидан «дўзахда абадий қолиш» назарда тутилган.
5. Мўминларга кофир кимсаларни жазолагандек азоб бермайди. Яъни кофирларга таҳқирлаш учун азоб берилса, мўминларга поклаш учун жазо берилади.
6. Ҳар бир нарсанинг ўзига хос хусусияти бўлади. Масалан, олов куйдирувчи, сув оловни ўчирувчи хусусиятларга эгадир.

Лекин унга бошқа нарса аралашса, ўзининг таъсирини йўқотади. Жумладан, заҳар ўлдирувчи хусусиятга эга. Лекин у бошқа нарсалар билан аралаштирилса, кимёвий реакцияга киришиб, фойдали дорига айланади. Сувнинг табиатида сувуқлик бор. Лекин у оловда қиздирилса, унда совуқлик кетиб иссиқлик пайдо бўлади. Худди шунингдек, шаҳодат калимасининг ўзига хос хусусияти, уни айтган кишини дўзахга киришидан тўлиқ тўсади. Лекин унга маъсият ва гуноҳлар аралашиб, шаҳодат калимаси кам бўлиб қолса, ҳадисда айтилган ўзига хос хусусияти тугаб, таъсир кўрсата олмай қолади. Қолаверса, Қиёматдаги ҳукм шаҳодат калимаси билан қилинган амалларга бўлади. Шунинг учун дўзах оловидан сақланиш учун солиҳ амалларга эҳтиёж сезилади. Қайси мўминда гуноҳ амаллар бўлса, у дўзахга гирифтор бўлади. Амалига яраша жазо олиб ёки кимнингдир шафоатига эришиб дўзахдан қутулиб чиқади.
 
(таассуман), яъни гуноҳдан сақланиш учун. Муоз розияллоҳу анҳу илмни яшириш гуноҳига мубтало бўлмаслиги учун вафоти вақтида мазкур ҳадисни инсонларга баён қилган.
Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги қоида маълум бўлади: нозик масалаларни оми инсонлар олдида баён қилмаслик. Зеро, у турли фитналарни келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис бундай инсонларга шариатнинг нозик масалаларини баён қилиш тўғри эмас. Зарурат бўлмаса оми инсонларнинг зеҳнини чалкаштириб турли фитналарга мубтало қилмаган маъқул. Яхшиси бундай ҳукмларни махфий тутиш керак. Масалан, «Аллоҳ таолонинг сифатлари» мавзуси оми инсонларнинг тушунчасидан юқори бўлгани сабабли бу каби масалалар билан улар чалғитилмайди. Зеро, «инсонларга ақллари етадиган миқдорда гапиринглар», дейилган. Муоз розияллоҳу анҳу масаланинг шу жиҳатларини эътиборга олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадисларини умри мабойнида айтмай, охири вафот чоғида айтди.
(афалаа ухбиру биҳаа ан-наса). Яъни инсонларга ушбу ҳадисни етказайми? Улар амалсиз ҳам жаннатга кирса бўлар экан, деб хурсанд бўлиб қолишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар шунга суяниб амални тарк қилиб қўйишларидан хавф қилиб, Муоз розияллоҳу анҳуни бундан қайтардилар.
(иттикол) сўзи «суяниб қолиш», «таяниш» маъноларини англатади. Бу ерда бир неча ривоятларда турли лафзлар ишлатилган. Уларнинг барчасидан бир маъно кўзланган. Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қўполлик билан қайтаришликларига Муоз розияллоҳу анҳудан қилинган мазкур ривоят сабаб бўлган. Зеро, унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Муозни бундан қайтарган эдилар.
Савол: Муоз розияллоҳу анҳу Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан хушхабарни бошқаларга ҳам етказишни сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бундан қайтардилар. Бу ерда бошқа амалларни ҳам эътиборга олиб айтилса, бундан қайтаришга нима зарурат бор?
Жавоб: Янги мусулмонлар «ширк келтирмасалар», деган қайддан бошқаларини эътиборга олмай, амалларни кўр-кўрона тарк қилиб юбориши мумкин. Зеро, янги мусулмон бўлган киши гапнинг қисқача маъносидан хабари бўлади-ю, қайд ва изоҳлардан бехабар бўлади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ва шунга ўхшаш ҳолатларни инобатга олиб, Муоз розияллоҳу анҳуни хушхабарни бошқаларга етказишдан қайтардилар. Мусулмонлар амалларни батафсил тарзда ўрганиб, уларни адо қилишга одатланиб қолганларидан кейин Муоз розияллоҳу анҳу уларга илмий омонатни етказди.
Савол: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни бундан қайтаришларига қарамай нимага умрининг охирида хушхабарни барча мусулмонларга етказди?
Жавоб: Бу қайтариқ Исломни аввалига тегишли эди. Шунинг учун Муоз розияллоҳу анҳу у ҳадисни умрининг охирида айтди. Ёки бу қайтариқ оммага эмас, махсус бир жамоага қаратилган бўлиши мумкин. Шунинг учун Муоз розияллоҳу анҳу у ҳадисни омма олдида айтди. Муоз розияллоҳу анҳу вафот этаётганда мазкур ҳадисни бошқаларга етказди. Бу билан илмни яшириш азобга сабаб бўлишидан ўзини омонда сақлашни ҳам кўзлаган. Келгуси ривоятдан қайтариқ ҳам абадий эмас, вақтинчалик эканлиги келиб чиқади.
(фа яттакилу) сўзи юқоридаги амрга жавоб бўлгани учун феълдан олдин (ан) ҳазф қилинган. Яъни (фа ан яттакилу). Инсонлар шунга суянишиб амалда сусткашликка йўл қўймасин. Бу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни мазкур ҳадисни бошқаларга етказишидан қайтаргани каби Умар розияллоҳу анҳу ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қайтарди. Бундан Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳаракатлари тўғри экани келиб чиқади.
Шаббир Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Фатҳ ал-мулҳим» асарида Анвар Шоҳ Кашмирийдан қуйидагиларни нақл қилиб келтирган: «Ҳадисдаги сусткашликдан фарз, вожиб амалларга сусткашлик қилиш эмас, мандуб, мустаҳаб, нафл ва зоида ибодатларга сусткашлик қилиш ирода қилинган».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Маҳмуд ибн Рабиъ Итбон орқали ривоят қилади: «Мадинага бориб, Итбон билан учрашиб: «Менга сендан бир ҳадис етиб келди», дедим. У айтади: «Кўзим яхши кўрмай қолган эди. Шунда мен: «Хоҳлардимки, бизникига келиб, уйимда намоз ўқиб берсангиз-у, мен уни ўзимга намозгоҳ қилиб олсам», дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбордим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бир қанчасини олиб ташриф буюрдилар. У зот кириб уйимда намоз ўқий бошладилар. Саҳобалар ўзаро гаплашиб ўтиришди. Кейин улар ўшанинг каттаси ва боши Молик ибн Духшум деб билиб, қанийди у зот уни дуойи бад қилсалар-у, у ҳалок бўлса, дедилар ва унга бирор зарар етишини исташди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатдилар ва «У Аллохдан ўзга илоҳ йўқлигига ва мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик бермайдими?» дедилар. Улар: «Шундай дейди, лекин бу нарса унинг қалбида йўқ», дедилар. У зот: «Бирор киши Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берган бўлса, дўзахга кирмайди (ёки дўзах уни емайди)», дедилар».
«Бу ҳадис мени ҳайратда қолдирди ва ўғлимга: «Уни ёзиб қўйгин», деган эдим, уни ёзиб қўйди».
Шарҳ:
Фаррух исми ажам бўлгани учун ғайри мунсарифдир. Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзандларидан бирининг исми ҳам Фаррух бўлган. Ундан ажамий насл тарқалган.
Мазкур ҳадисда бир ажойиб ҳолат бор. Учта саҳобий бири-иккинчисидан ривоят қилган. Анас, Маҳмуд ибн Рабиъ ва Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳулар саҳобий бўлганлар. Бу санаддаги яна бир ажиб жиҳат шуки, кичик саҳобийлардан катта саҳобийлар ҳадис ривоят қилганлар. Масалан, Анас розияллоҳу анҳу ёш, тадбир, ақл, илм, тажриба каби барча жиҳатда устун бўлган саҳобий ўзидан кичик Маҳмуд ибн Рабиъдан ҳадис ривоят қилган.
(қола қадимту ал-Мадината) «Мадинага келдим» иборасидаги (кола) феълининг фоили Маҳмуд ибн Рабиъдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вактда Маҳмуд ибн Рабиъ ёши энг кичиги эди. У кимдандир Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳуга тегишли ҳадисни эшитган, лекин кимлардир уни ушбу ҳадисда шакка солиб қўйган эди. Мазкур шак-шубҳани кетказиш учун у Мадинаи Мунавварага келиб, ҳазрати Итбон ибн Молик билан учрашиб, ундан ҳадисни тафсилотлари билан айтиб беришини сўраган. Унга жавобан Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳадисни тўлиқ тафсилоти билан айтиб берган.
(асобаний фи басарий) «кўзим бироз шикастланган эди» ибораси бошқа ривоятларда (зарийрул басари) «кўзи сўқир» ва яна бошқа ривоятда (ункирот басарий) «кўзим кўр бўлди», яна бошқасида (саат басарий) «кўзим ёмонлашди»
ва яна бошқасида (аъмо) «кўр» каби лафзлар келган. Мазкур турли лафзларни бир-бирига мувофиқлаштириш учун олимлар бундай деганлар: «Дастлаб, унинг кўзи бироз хиралашган эди. Кейинчалик, уни кўзи бутунлай кўр бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам ҳадисларда у кишининг кўзлари борасида турли лафзлар ишлатилган».
Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу Қубо масжидининг атрофида истиқомат қилар эди. У ўз қавмининг имоми эди. У билан масжид ўртасида бир ариқ ўтган эди. Қачон ёмғир ёғса, ариқ сувга тўлиб, масжидга бориш қийинлашар эди. Шунда у, Пайғамбаримиз алай-ҳиссаломни уйимга чақирсам-у, у зот уйимда намоз ўқиб берсалар. Сўнгра мен ўша жойни ўзимга намозгоҳ қилиб олиб, уйимдагилар билан у ерда жамоат бўлиб намоз ўқийман, деган мақсади бор эди. Шунинг учун у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни уйига чақирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб Итбоннинг уйининг бир жойида нафл намоз ўқиб бердилар. Итбон эса у жойни ўзи учун белгилаб, намозгоҳ қилиб олди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Итбонни уйига келгани сабабли қўни-қўшнилар ва саҳобаи киромлар Итбоннинг уйига йиғилишди. Шу атрофда истиқомат қилувчи Молик ибн Духшум эса келмади. Саҳобаи киромлар бу ерда жам бўлишиб мунофиқлар ҳақида сўз юритишиб, Молик ибн Духшумни ҳам мунофиқлар қаторида зикр қилишиб, қанийди унинг ҳаққига Набий алайҳиссалом дуойи бад қилсалар-у, у ҳалок бўлса, деб ўйлашди.
(сумма аснаду ъузма залика ва кубраҳу) «Кейин улар ўшанинг каттаси ва боши Молик ибн Духшум деб билиб». Бу ердаги (кубрун) ва (ъузмун) сўзлари синоним сўзлар бўлиб, у иккисининг маъноси ҳақида турли хил изоҳ ва шарҳлар мавжуд. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ уни қуйидагича шарҳлаган: «Саҳобалар ўзаро мунофиқларнинг мусибати, офати ва балоси ҳақида сўз юрита туриб, уларнинг сардори сифатида Молик ибн Духшумни зикр қилишди». Баъзилар мазкур жумлани «саҳобаларнинг гап-сўзи кўпроқ Молик ибн Духшум ҳақида бўлди», деганлар. Бу ҳам ҳадис матнига тўғри келади.
Молик ибн Духшумнинг исми Духшум, Духайшим, Духшун ва Духайшин тарзида ҳам ўқилган. У саҳобийлардан бўлган. Саҳобаи киромлар мазкур ҳадисда уни мунофиқлар сирасига қўшиб юборишди. Бир қарашга кўра, Молик ибн Духшум Ақаба байъати, Бадр ғазоти ва ундан кейинги кўплаб ғазотларда иштирок этган. У Бадрда Суҳайл ибн Амр билан тўқнашган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Моликни Зирор масжидини бузушга масъул қилганлар. У киши аслида мунофиқликдан безор саҳобий эди. Бироқ тижоратда айрим мунофиқлар билан олди-берди қилар эди. У кишининг мана шу олди-бердиси саҳобалар орасида баҳс мавзусига айланиб қолган эди. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг янглиш фикрини тўғрилаб, Молик ибн Духшумни ҳақиқий мўмин, деб эътироф қилдилар.
Бир барлавий мазкур ҳадисни далил қилиб, Набий алайҳиссалом ғайбни билган, деган даъво қилган. Улар: «Молик ибн Духшумнинг қалбидаги нарсани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билиб, саҳобаларни уни мунофиқ дейишдан қайтардилар», дейди. Аслида, бу ерда Расулуллоҳга бу нарса ваҳий орқали билдирилди. Бу барлавийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғайбни билади деб, пайғамбарликни йўққа чиқариб қўйишади. Улар бу жиҳатдан Макка мушрикларининг гап-сўзларини ёдга солишади. Чунки маккаликлар ҳам Пайғамбаримизни ғайбни билувчи фолбин сифатида эътироф этишиб, нозил бўлаётган ваҳийни инкор қилишар эди.
Анас розияллоҳу анҳуга мазкур ҳадис ўта ёқиб қолиб, ўғлига: «Уни мен учун ёзиб бергин», деди. Шунда у ёзиб берди. Бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида ҳам ҳадиси шарифларни ёзиш амалиёти бўлганлиги маълум бўлади.
Анас розияллоҳу анҳу деди: «Менга кўр бўлиб қолган Итбон ибн Молик бундай сўзлаб берган. «Келиб, менга саждагоҳ белгилаб беринг», деб бир кишини Расулуллоҳга жўнатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қавми келди. Улардан бўлган Молик ибн Духшум деган бир киши ҳақида гап-сўз қилишди...» Сўнгра Сулаймон ибн Муғийранинг ҳадиси каби баён қилди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase