"То сизлар кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш ел билан уларни (яъни сизларни) олиб кетаётганларида ва улар бу билан шод-хуррам бўлганларида, бир қаттиқ шамол келур ҳамда уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг гирдобда қолганларини билганларида: Қасамки, агар мана шу (бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз", деб чин ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар". (Юнус сураси 22)
Бу мисолни Аллоҳнинг борлигига бир далил сифатида келтирдик. Бу айни замонда Унинг бирлигига ҳам далилидир. Инсон мавҳумликлар ичида ёлғиз қолганида бутга сиғинмайди. Аксинча, ўзининг ва барчанинг Роббиси бўлган Аллоҳ олдида тиз чўкади.
Ақлий далиллар
Ақл ҳам бу коинотнинг яратувчиси борлигига далолат беради. Бу муаззам коинот ичидаги катта-кичик, жонли-жонсиз, ақлли-ақлсиз, қадрли ва қадрсиз бутун мавжудотлар ёлғиз бир "Қонун" билан бошқарилади. Бу қонун атомни ҳам, само йўлини ҳам тартибга солади. Олимлар атомни ўрганганларида унинг қуёш системасига ўхшашини кашф этдилар. Яъни, бутун мавжудотларнинг асоси жуфтликдан иборат эканлигини аниқладилар. Эски замонларда инсонлар бу ҳодисани инсонлар ва ҳайвонларга хос бўлган жуфтлик сифатида билганлар. Кейинчалик илм бутун мавжудотларда эркак-аёл жуфтлиги борлигини кашф этди. Ҳатто электр каби жонсиз ҳодисада ҳам манфий ва мусбат жуфтлик бордир. Коинотдаги барча моддаларнинг асоси бўлган атом ҳам мусбат ва манфий зарралардан иборатдир. Бу илмий ихтиро XIV аср аввал Қуръонда нозил қилинган ушбу ҳақиқатни тасдиқламоқда: "Ер ундириб - ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан) пок зотдир". (Ёсин сураси 36)
"Сизлар эслатма - ибрат олишларимгиз учун Биз ҳар нарсани жуфт-жуфт килиб яратдик" ( Ва-з-зарриёт сураси 49)
Бу ердаги "ҳар нарса" ибораси мавҳумликни эмас, ҳақиқатда бор нарсаларни англатади.
Бу оламнинг бирлигини исботловчи далиллардан бири ҳам унинг парчалари ва бўлимлари орасидаги ўзаро ёрдамлашма ва тартибнинг мавжудлигидир. Бу парчалар ўзаро тўқнашмай ва бир-бирларининг ҳаракатига тўсиқ бўлмай ўз вазифасини бажармоқда. Эҳтиёжи бўлганга бошқаси ёрдам қўлини узатмоқда, эҳтиёжи бўлган эса бошқадан ёрдам сурамоқда. Ўсимликлар ва ҳайвонлар орасидаги муносабатлар бунинг очиқ исботидир. Улар ҳаётларини давом эттириш учун ўзаро шартнома туздиларми? Ёки бу икки олам орасидаги муносабатларни тартибга солган бошқа биров борми?
Қуёш ва ой орасидаги муносабатларни ким тартибга солган? Ер ила ойнинг, ой ила қуёшнинг, қуёш системасидаги миллионларча юлдузларнинг муносабатини тартибга солган ким? Сайёрамиз билан бошқа сайёралар орасидаги муносабатларни тартибга солган ким? Бу сайёралар бир-бирлари билан тўқнашмай, ўзаро ёрдамлашма ҳолидадир. Буларнинг ҳаммаси ягона ҳисоб ва ўлчов борлигидан эмасми?
"Куёш хам, ой ҳам аниқ хисоб билан жорий бўлур. Ўт-ўлан ҳам, дов-дарахт ҳам ёлғиз Аллоҳга сажда қилур—бўйинсунур. У зот осмонни баланд қилиб қўйди ва сизлар тош-тарозида туғёнга тушмасликларингиз (яъни ўзгаларга зулм қилмасликларингиз) учун мезон-тарозини ўрнатди". (Раҳмон сураси 5-8)
"На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг барчалари фалакда сузиб юрур). (Ёсин сураси 40)
Шубҳасизки, коинотда кўз ва ақл билан кўриладиган бу бирлик яратувчининг борлигининг ва бирлигининг исботидир. Агар коинотнинг бир қанча яратувчиси бўлса эди, унинг низоми бузилиб, ўлчови ўзгарар эди. Ҳар яратувчи ўзи яратган ва ҳукмрон бўлган нарсаларни кўрар эдик. Бундай бўлганида яратувчиларнинг иродалари фарқли бўлиб, улар яратган қонун ва низомлар ҳам ҳар хил бўлар ва ўзаро тўқнаш келар эди. Табиийки, бу ҳол коинотнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлар эди. Бу самовий далилга Қуръони каримда шундай ишорат бордир: "Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир". (Анбиё сураси 22)
"Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар (яъни ҳар бир "илоҳ" ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлар эди.) Аллоҳ улар айтаётган шериклардан покдир". (Мўминлар сураси 91)
Коинотнинг бирлигини асос қилиб, Роббисининг бирлигини тан олиш-соғлом инсон ақли тушуна оладиган ҳақиқатдир. Инсон ақли кўпликдан бирликка боришни афзал кўради. Ақл бир қанча сабабдан бир сабаб томон ҳаракат қилади. Сабабларнинг сабаби— Аллоҳ таолодир. Баъзи файласуфларнинг коинотнинг илк яратучиси иллатдир, дейишларига ҳам шу сабаб бўлган.
Нақлий далиллар
Фитрий ва ақлий далиллардан бошқа нақлий далиллар ҳам бор. Булар наслларнинг Аллоҳ таолонинг китоб ва пайғамбарлари ҳақидаги, ёлғиз бўлган Аллоҳга иймон, Унинг шериклиги йўқлиги ва ибодатнинг ёлғиз Унга йўнатилиши ҳақидаги, Унга шерик қўшган қавмларнинг инкор қилиниши ҳақидаги ривоятлардир.
Ер юзининг ҳидояти учун кўкдан туширилган ва илоҳий бир далил бўлган Қуръони карим инсонларга тавҳид ақидасини келтирган бутун пайғмбарлар ҳақида хабар беради. Бу Аллоҳ таоло билан бирликда бошқа нарсаларга ҳам ибодат этиб, Унга ширк келтирган-ларнинг ақлий ва нақлий далиллари йўқлигини исботловчи далилдир.
Ушбу оятлар сўзимизнинг исботидир.
"Ёки улар (яъни мушриклар) ернинг ўзидан (яъни, тош, ёғочлардан), (ўликларни) тирилтира оладиган "худоларни" топиб олдиларми? Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида ҳар иккиси бузилиб кетар эди.
Ёки Уни қўййб (бошқа) "худоларни" топиб олдиларми? (Эй Муҳаммад), айтинг:("Эй мушриклар, мана шу ширкларингиз ҳақ эканлигига) ҳужжат-далилларингизни кўрсатингиз! Мана мен билан бирга бўлган (мўминларнинг) эслатмаси—(яъни Қуръон)ва мендан аввалгиларнинг эслатмалари (яъни Таврот, Инжил. Мана шу китобларнинг қайси бирида Аллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд эканлигига хужжат-далил бор?!) ". (Анбиё сураси 21-25)
Ушбу оятда эса мушрикларнинг идрокларига нақлий бир далил билан қаршилик кўрсатилади: "Агар ростгўй бўлсангизлар менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни аввалги уламолардан қолган биронта аниқ ҳужжатни) келтиринглар!". (Аҳқоф сураси 4)
Шайх Юсуф Қаразовий