close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Амри маъруф ва наҳйи мункар ҳақида

Аллоҳ таоло: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз», деган. Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири–бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир.

Умматларнинг сараси Ислом умматидир.
Умматларнинг йўлбошчиси Ислом умматидир.
Умматларнинг пешқадами Ислом умматидир.
Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу умматга хитоб қилиб:
«Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», деб турибди.
Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.
Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан бири–амри маъруф қилишдир. Чунки, Аллоҳ таоло:
«Амри маъруф қиласиз», демоқда.
Аввал ишора этилганидек, Ислом уммати дунёда яхшилик байроғини юқори кўтаради. Адолат байроғини юқори кўтаради. Ҳақиқат байроғини юқори кўтаради. Фазилат байроғини юқори кўтаради. Ҳамда бутун инсониятни бу ишларга чақиришни ўзига фарз деб билади.
Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан иккинчиси–наҳйи мункар қилишдир. Чунки, Аллоҳ таоло:
«наҳйи мункар қиласиз», демоқда.
Мункар барча ёмонлик, зулм, ботил ва разилатлар, демакдир. Бинобарин, Ислом уммати дунёдаги барча ёмонликка қарши, зулмга, ботилга ва разилатга қаршидир. Айни чоқда, бутун инсониятни ёмонликдан, зулмдан, ботилдан ва разилатдан қайтаришни ўзига фарз деб билади.
Ислом умматининг одамлар учун чиқарилган энг яхши ум-мат бўлишининг асосий сабаби–Аллоҳга иймон келтиришдир. Чунки, Аллоҳ таоло:
«ва Аллоҳга иймон келтирасиз», демоқда.
Инсониятни тўғри йўлга бошлаб, нотўғри йўлдан қайтаришдек улкан машаққатли ишни амалга оширишга уни Аллоҳга бўлган иймони ундайди. Иймон асосларнинг асосидир. Жумладан, яхшиликка чақириб, амри маъруф ва наҳйи мункар қилишнинг ҳам асоси иймон бўлгандагина мақсадга етишилади. Ана шундагина икки дунёда бахт-саодатга эришилади. Акс ҳолда, нуқсонга дучор бўлинади.
Бу ҳақиқат ушбу оятдан бошқа оятларда ҳам таъкидланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида ҳам ўз аксини топган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом минбарда турганларида бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам яхши одам?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси–қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», дедилар.
Имом Термизий ривоят этган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Бани Исроил гуноҳга ботганда, уламолари қайтардилар. Улар қайтмадилар. Кейин эса, уламолар ҳам улар билан бирга ўтириб, еб-ичдилар. Бас, Аллоҳ қалбларини бир-бирига аралаштириб юборди ва Довуд, Сулаймон ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатлади», дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, туриб ўтирдилар ва: «Менинг нафсим қўлида бўлган зот билан қасамки, уларни ҳаққа қайтармагунингизча, бўлмайди», дедилар.
Имом Абу Довуд ибн Умайра ал-Киндийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:
«Ер юзида бир гуноҳ содир бўлганда, гувоҳ бўлган одам уни инкор этса, худди кўрмаган одамдек (гуноҳдан холи) бўлади. Ким кўрмаган бўлса-ю, розилик билдирса, гувоҳ бўлган одамдек (гуноҳкор) бўлади», дедилар.
Имом ал-Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Шаҳидларнинг улуғи Ҳамзадир ва золим подшоҳга амри маъруф, наҳйи мункар қилганда ўлдирилган одамдир», деганлар.
Аллоҳ таоло. «Оли Имрон» сурасида: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир», деган.
Яъни, Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган ва унинг йўлида ҳақиқий биродар бўлган жамоа яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган умматга айлансин. Яҳшиликка чақириб турувчи жамоа бўлмаса, дунёда эзгулик қолмайди. Маъруфга, яъни, фазилат, ҳақиқат, яхшилик ва адолатга буюриб, мункардан, яъни разилат, ботиллик, зулм ва ёмонликдан қайтариб турадиган жамоа бўлмаса, ҳеч бир қавм, ҳеч бир уммат нажот топа олмайди.
Амри маъруф–наҳйи мункар ишлари яхши йўлга қўйилган жамиятдагина яхшилик ёмонлик қилишдан осон бўлади. Фазилатга эришиш разилатга кетишдан кўра енгил бўлади. Ҳақиқат ботилдан устун бўлади. Адолат зулмдан устун туради. Аллоҳнинг улуғ неъмати Исломга муяссар бўлган бандалар жамоасига–мусулмон умматига Аллоҳ таоло амри маъруф–наҳйи мункарни фарз қилди. Агар бу уммат бошқа фарзлар қатори ушбу фарзни ҳам ўз ўрнида адо қилса, бахт-саодатга эришади. Акс ҳолда, фалокатга учрайди. Бу ҳақиқатни ушбу оятнинг хотимасидан ҳам билиб олса бўлади.
«Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир».
Яъни, яхшиликка чақириб амри маъруф–наҳйи мункар қилган умматлар нажот топгувчилардир. Бошқалар эмас.
Бу ҳақиқатни Аллоҳнинг Расули Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадисларида баён қилиб қўйганлар.
Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз:
«Мендан олдинги умматларга юборилган Пайғамбарларнинг ҳар бирининг амрини тутадиган, ишига эргашадиган саҳобалари ва яқинлари бор эди. Улардан кейин, қилмаганини гапирадиган ва амр бўлмаганини қиладиганлар келдилар. Бас, ким ўшаларга қарши қўли билан жиҳод қилса, ўша мўминдир. Ким ўшаларга қарши тили билан жиҳод қилса, ўша мўминдир. Ким ўшаларга қарши дили билан жиҳод қилса, ўша мўминдир. Бундан сўнг седананинг уруғича ҳам иймон қолмайди», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Менинг нафсим қўлида бўлган зот билан қасамки, албатта, амри маъруф қиласизлар, албатта, наҳйи мункар қиласизлар. Бўлмаса, Аллоҳ сизга Ўз ҳузуридан иқоб юборади. Сўнгра дуо қилсангиз, қабул бўлмайди» дедилар.
Аллоҳ таоло.: «Тавба» сурасида: «Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» деган.
Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва-саллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар:
«Тавба қилувчилар»–билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларга чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайди-лар.
«Ибодат қилувчилар»–Роббиларига домий равишда ихлос билан ибодат қиладилар, Унинг амрларини бажариб, наҳийларидан қайтадилар.
«Ҳамд айтувчилар»–яъни, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва мақтовлар айтиб, шукр қилиб яшайдилар.
«Рўза тутувчилар»–бу ҳам мўмин банданинг энг улкан сифатларидандир. Аллоҳнинг розилиги учун ўз ихтиёри билан емоқ-ичмоқ ва турли лаззатли ҳамда шаҳватли нарсаларни тарк этиш олийжаноб сифатдир.
«Рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар»–намоз ўқувчилар, яхшилаб ўқувчилар. Намоз диннинг устуни бўладию, мўмин кишининг асосий сифати бўлмасмиди?
«Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар»–буни шариат тилида амру маъруф, наҳий мункар дейилади. Яъни, мўмин киши фақат ўзини ўйлайдиган худбин шахс бўлмайди. Балки ўзига етган яхшиликларни бошқаларга ҳам етишини ўйлайди. Бунинг учун амалий ҳаракат ҳам қилади. Чунки Ислом дини унга ўзгаларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришни фарз қилгандир.
«Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир».
Дунёдаги ҳар бир яхшию ёмон ишни Аллоҳ таоло Ўз дини орқали баён қилиб, чегаралаб кўрсатиб қўйгандир. Мўмин инсон ана ўша чегаралардан чиқмайди. Аллоҳ таолонинг кўрсатма-ларига тўғри амал қилиб яшайди. Ушбу сифатларга эга бўлганлар–мўминлардир. Эй Пайғамбар:
«Ва мўминларга хушхабар бер!»
Мазкур сифатларни ўзларида мужассам қилганлари учун улар икки дунёнинг саодатига сазовордирлар.
Аллоҳ таоло. «Ҳаж» сурасида: «Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир», деган.
Ояти каримадаги «Уларга ер юзида имкон берсак» жумласи-дан «макон берсак» маъноси ҳам тушунилади. Бунга қўшимча «ер юзида нусрат, ғалаба берсак» маънолари ҳам чиқади. Диёрла-ридан «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун чиқарилган мусулмонларга ер юзида макон, нусрат, ғалаба–имкон берсак:
«...намозни тўкис адо этурлар...»
Ховлиқиб кетмайдилар, балки Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладилар, у билан боғланишни кучайтирадилар.
«...закотни берурлар...»
Ер юзида имкон топганларидан кейин, молу дунёга ўч бўлмайдилар. Балки бахиллик дардидан устун келиб, молиявий ибодатларини ҳам ўз ўрнида адо этадилар. Закотларини бериб, жа-миятларидаги бева-бечора, камбағалларга енгиллик яратадилар.
«...яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар».
Кишиларни динда яхши билинган барча ишларга даъват қиладилар. Ёмон билинган барча ишлардан қайтарадилар.
Шу ишлари Аллоҳга ёрдам беришларидир, шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга ёрдам, нусрат беради.
«Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир».
Аллоҳ хоҳлаган оқибатини келтириб чиқаради. Хоҳласа, мағлубиятни ҳам ғалабага айлантириб юборади.

Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ийд куни намоздан олдин хутба қилишни бошлаган биринчи одам Марвондир. Шунда унга томон бир одам турди ва: «Намоз хутбадан олдин бўлади!» деди.
«Батаҳқиқ, ўшандаги нарса тарк қилинди», деди у.
Буни кўриб Абу Саъид: «Аммо бу одам ўзига вожиб бўлган нарсани адо этди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Сиздан ким мункарни (ёмон ишни) кўрса, ўша мункар ишни қўли билан ўзгартирсин, агар қудрати етмаса, тили билан ўзгартирсин, агар бунга ҳам қудрати етмаса, дили билан қайтарсин. Аммо буниси иймоннинг заифидир», деганларини» эшитган эдим», деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан мунасабатига қараб иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.
«Мункар иш» деганимиз дин, шариат томонидан инкор қилинган, ёмон ишни билдиради. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Бу умуман мумкин эмас. Мўмин киши мункар ишни кўрганда уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин холос:
1. «Ўша мункар ишни қўли билан қайтарсин».
Бу куч ишлатиб, деган маънони билдиради. Яъни, бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна, мункарни қайтаришдан олдин, ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс арашалса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.
2. Мункар ишни тили билан қайтириш.
Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдаги-на жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган қолган одам, сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.
3. Мункар ишни дили билан қайтариш.
Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартишим керак эди, аммо, афсуски қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартишим керак эди. Аммо, афсуски буни ҳам қила олмадим. Энди, дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилур. Бу эса, энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Бу–буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди, деганидир. Иймони кучли мўминлар эса, ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.
Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз керак.
Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз.
Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини–Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз.
Ана шундагина, нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз.
Ана ўшандагина, нима учун мусулмонлар, бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

    1. Мункар ишларга нисбатан муросасиз бўлиш.
    2. Имкони бўлса мункар ишни қўл билан қайтариш-ўзгартириш.
    3. Қўл билан қайтаришнинг имкони бўлмаганда, мункар ишни тил билан қайтариш.
    4. Қўл билан ҳам, тил билан ҳам қайтаришнинг имкони бўлмаганда дил билан қайтариш.
    5. Мункар ишни дил билан қайтариш энг заиф иймон эканини англаш.

Бу ҳадиснинг ҳикматлари ва инсониятнинг мазкур ҳикматларга эҳтиёжи ҳақида ҳар қанча гапирсак, шунча оз. Чунки, ёмонни ёмонлик қилишдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши турган гап.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Қай бир набий ўз умматига юборилган бўлса, албатта, унинг ўз уммати ичида ҳаворийлари ва унинг суннатини тутадиган, амрига эргашадиган асҳоблари бўлган. Сўнгра уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолганки, улар қилмайдиган амалларини гапирадиган ва амр қилинмаган нарсаларни қиладиган бўлганлар. Бас, ким уларга қарши қўли ила жиҳод қилас, ўша мўминдир. Ким уларга қарши тили ила жиҳод қилас, ўша мўминдир. Ким уларга қарши дили ила жиҳод қилас, ўша мўминдир. Ундан кейин иймондан ачитқи уриғича ҳам йўқдир», дедилар». Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдингисини таъкидлаб келмоқда. Фақат бу ерда ушбу ҳолат ўтган умматлардан ҳам бўлгани эслатиб ўтилмоқда.

Усома ибн Зайдга: «Усмоннинг олдига кириб гапирсанг бўлмайдими?» дейилди. Шунда у: «Нима?! Сизнингча мен унга айтган ҳар бир гапимни сизга эшитдириб айтишим керакми?! Аллоҳга қасамки, мен унинг ёлғиз ўзига гапирдим. Ўшанда ўзимга ёқмаган биринчи очувчи бўлишимни истамаган ишни гапирмадим, холос. Мен ўзимга амир бўлган одамга бирор кишига унинг одамларнинг яхшиси эканини айтмайман. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Қиёмат куни бир кишини келтириб дўзахга ташланади. Унинг қорнидаги ичаклари отилиб чиқади. У уларнинг атрофида худди эшак тегирмон атрофида айлангандек айланади. Дўзах аҳли унинг атрофида жамланадилар ва: «Эй фалончи! Сенга нима бўлди?! Ахир амри маъруф ва наҳйи мункар қилмасмидингми?!» дейишади.
«Тўғри! Амри маъруф қилардим, аммо ўзим ўшани қилмасдим. Наҳйи мункар қилардим, аммо уни ўзим қилардим», дейди», деганларини эшитганман», деди». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда зикри келаётган ҳодиса ва гап сўзлар фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни қамал қилиб турган пайтида бўлиб ўтгандир. Ўшанда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уйларида фитначиларнинг қамалида қолган бўлсалар ҳам уларнинг истифо бериш ҳақидаги ботил талабларини қабул қилмаётган эдилар. Фитначилар у кишининг олдиларига бировни киритмас эдилар. Аммо улар ҳазрати Усмонга гапи ўтадиган кишиларни у кишининг олдига кириб истеъфо бериш ҳақида гапиришга ундар эдилар. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга фитначилар ўшандоқ таклифни қилганларида у киши уларга юқорида зикр этилган гапларни айтганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

    1. Амри маъруф ва наҳий мункарни кези келганда бошқаларга билдирмай махфий равишда қилиш кераклиги.
    2. Нохуш ишни биринчи бўлиб қилувчи бўлмаслик кераклиги. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу фитнадан хавфсираб фитначиларга қарши ошкора инкор қилмаган эдилар.
    3. Амри маъруф қилган одам унга ўзи амал қилиши муҳимлиги.
    4. Наҳйи мункар қилган одам унга ўзи амал қилмаслиги лозимлиги.
    5. Ўзи қилган амри маъруф ва наҳйи мункар қилган киши ўзи унга амал қилмаса охиратда қаттиқ азобга дучор бўлиши.

Сунан эгаларининг ривоятида: «Жиҳоднинг афзали жаврчи султон ёки жаврчи амир ҳузуридаги адолат сўзидир», дейилган.
Шарҳ: Кези келганда ўзини хавф хатар остига қўйиб бўлса ҳам амри маъруф ва наҳйи мункар қилишга тўғри келади. Бу ҳолат айниқса ҳукмдорларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилишда кўпроқ бўлади. Шунинг учун бундай ҳолатларда иш олиб борадиган уламоларга алоҳида тайёргарлик кўриш керак бўлади. Шунинг учун ҳам аввалги уламоларимиздан баъзилар ҳукмдорлар билан иш олиб борувчи уламоларга қаратилган алоҳида рисолалар ёзганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамду сано айтганидан сўнг: «Эй одамлар! Сизлар ушбу оятни қироат қиласизлар, аммо ўрнидан бошқа жойга қўясизлар. «Эй иймон келтирганлар! Ўзинигизни билинг. Қачонки, сиз ҳидоятда бўлсангиз, залолатга кетганлар сизга зарар қила олмайдилар». Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Албатта, одамлар золимни кўрган чоғларида қўлидан тутмасалар, Аллоҳ уларни умумий азобга дучор қилиши мумкин» деганларини эшитганмиз», деди». Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кишиларга бир оят-ни нотўғри тушуниб амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилмаслик лозим эканлигини айтиб туриб ўша оятни тиловат ҳам қилиб бермоқдалар.
Аллоҳ таоло бу оятда ҳам мусулмон бандаларига улар учун маҳбуб бўлган нидо билан хитоб қилмоқда: Эй иймон келтирган-лар, сиз Аллоҳнинг шариатида юрмай кофир бўлаётганларга ваъз-насиҳат, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб, уларни тўғри йўлга солиш учун қўлингиздан келган ҳаракатни қилдингиз. Аммо улар кўнмадилар, айтганингизни қабул қилмадилар. Энди «ўзингизни билинг», ишларингизни жойига қўйинг. Аллоҳнинг амрини бажо қилишда давом этинг. Кофирларнинг қилмишлари сизни турли хаёлларга олиб бормасин, улар ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб берадилар.
«Агар ҳидоятда бўлсангиз, залолатга кетганлар сизга зарар қила олмайдилар».
Ҳар ким ўз қилмишига кўра жазо ёки мукофот олади.
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Албатта, одамлар золимни кўрган чоғларида қўлидан тутмасалар, Аллоҳ уларни умумий азобга дучор қилиши мумкин» де-ганларини эшитганмиз».
Агар оятнинг маъноси сиз ўйлагандек салбий бўлиб ўзингни бил ўзгани қўй қабилида бўлганда Пайғамабар алайҳиссалом бу гапларни зинҳор айтмаган бўлар эдилар.
Золимни қўлидан тутиб тўхталимаган жамият танозулга юз тутади ва охири бор оммавий иқобга дучор бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Албатта, Бани Исроилга дастлабки нуқсон етиши бир киши бошқа бир кишини учратиб қолса, «эй одам, Аллоҳдан қўрқ! Қилаётган нарсангни ташла! У сенинг учун ҳалол эмас!» дер эди. Аммо эртасига учратса, уни ҳалиги нарса маз-кур одам билан бирга таом емоқдан, шароб ичмоқдан ва ўтирмоқдан қайтармас эди. Вақтики, шуни қилдилар Аллоҳ уларнинг қалбларини бир-бирларига урди. Сўнгра уларга «Бани Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатландилар. Бу эса, исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди. Улар қилинган ёмон иш-дан бир-бирларини қайтармас эдилар. Бу қилмишлари қандай ҳам ёмон бўлди!» деди», дедилар.
Сўнгра у зот: «Йўқ! Аллоҳга қасамки, албатта, амри маъруф қилгайсиз. Албатта, наҳйи мункар қилгайсиз. Албатта, золимнинг икки қўлидан тутгайсиз. Албатта, уни ҳаққа нима қилиб бўлса ҳам юргизгайсиз. Албатта, уни ҳаққа нима қилиб бўлса ҳам кир-гизгайсиз. Бўлмаса, албатта, Аллоҳ баъзинингизнинг қалбингизни баъзингизники ила ургай. Сўнгра сизларни ҳам уларни лаънатлагандек лаънатлагай», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамабар алайҳиссалом ўзларининг бу ҳадиси шарифларида амри маъруф ва наҳйи мункарни Бани Исроилга ўхшаб хўжакўрсинга қилиш ёмон оқибатларга олиб боришини таъкидламоқдалар. Амри маъруф ва наҳйи мункарни астойдил яхши ният билан қилмоқ лозим. Ҳаром хариш ишни қилаётган одамга тил учида биривоят қилинадикки оғиз сўзни айтиб қўйиб кейин унга шерик бўлиб бирга юриш, таом еб-шароб ичиш ва бирга ўтириш мумкин эмас. Балки мазкур нобакор ўша ҳаромни ташламагунича уни тинч қўймаслик яхшилик билан унинг ишини ҳаром эканлигини англатиб бормоқ даркор. Бўлмаса, Бани Исроилдан фарқ қолмайди. Бани Исроилнинг лаънатга қолишига сабаб бўлган бош омиллардан бири уларнинг қилинган ёмон ишдан бир-бирларини қайтармасликлари эди.
Келинг, Бани Исроилнинг лаънатга қолиши ҳақида ушуб ҳадиси шарифда келтирилган икки ояти каримани тўлиғича ўрганиб чиқайлик.
«Бани Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатландилар. Бу эса, исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди».
Бани Исроил узоқ тарихи давомида доимо ўзларига ҳидоят учун юборилган Пайғамбарларга исён қилган, уларга қарши чиқиб келган эди. Бу оятда ўша Пайғамбарлардан икки буюги-Довуд ва Ийсо алайҳиссалом мисол тариқасида зикр қилинмоқдалар. Икковлари ҳам Бани Исроилни исёни ва тажовузкорлиги учун лаънатлаган эдилар. Аслида, ҳидоятга бошлаш учун, Аллоҳ томонидан раҳмат бўлиб келган Пайғамбар бўлар-бўлмас ишга бир қавмни лаънатлайвермайди. Жуда ҳам ўтиб кетганидан, чидаб бўлмайдиган ҳолга етганлигидангина қилиши мумкин бу ишни. Шунинг ўзи ҳам Бани Исроилнинг ким эканлигини кўрсатиб турибди.
Шу билан бирга, Бани Исроилнинг бошқа айблари ҳам бор эди:
«Улар қилинган ёмон ишдан бир-бирларини қайтармас эдилар. Бу қилмишлари қандай ҳам ёмон бўлди!»
Яҳудийларнинг Пайғамбарларга исёнлари ва тажовузкорликларининг сабаби ҳам улар ёмонликни қабул қилаверадиган бўлиб қолганликларидадир. Яъни, уларда бир-бирини ёмон ишдан қайтариш одати йўққа чиқиб қолган эди. Бундай жамият дунёдаги энг расво жамиятга айланади. Ҳар бир жамиятда ёмон одамлар бўлади. Ёмонлик ҳам бўлади. Аммо яхши жамият ўз ичида ёмонлик тарқашига йўл қўймайди. Ёмонларнинг йўлини тўсади. Қўлини боғлайди. Бундай қилмаган жамият эса, бориб-бориб ҳалокатга учрайди. Бани Исроил худди шундай бўлган. Бу ҳақиқат Пайғамбаримизнинг ҳадисларида ҳам тасдиқланган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бани Исроил маъсиятлар қилганида, уламолари уларни қайтардилар, аммо улар қайтмадилар. Сўнгра улар мажлисларда бирга ўтиришаверди, бирга еб-ичишаверди. Аллоҳ уларни бир-бирларига қўшиб юборди ва Довуд ҳамда Ийсо ибн Марям тили-да лаънатлади (Бу эса, исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди)», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнбошлаган ҳолда эдилар, туриб ўтирдилар ва: «Менинг нафсим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, то уларни ҳақ ила яхшилиб ўраб олгунингизча», дедилар.

Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир ёмон ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан. Аммо буниси иймоннинг заифидир», деганлар.
Яъни, мусулмон одам ёмонликни иложи борича ўзгартиришга ҳаракат қилмоғи керак. Қўли ва тили билан ўзгартиришга имкон топмаса, қалби билан инкор қилиш керак. Бу эса, иймони заифлиги аломати. Энди қалби билан ҳам қилмаса, иймони қолмаган бўлади. Ёмонларнинг ёмонлигига индамай қараб туравериш уларга шерик бўлиш билан баробар. Шунинг учун Аллоҳ таоло ёмонлик кенг тарқалган жамиятни жазолаганда ҳаммасини қўшиб жазолайди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ўз ораларида ёмонликни кўриб туриб, уни инкор қилишга қодир бўлиб туриб, инкор қилмай юрмагунларича Аллоҳ ознинг амалига кўпчиликни азобламайди. Агар шундай қилсалар, Аллоҳ хосни ҳам, омни ҳам қўшиб азоблайди», деганлар.
Бугунги мусулмонларнинг ушбу қоидани эсдан чиқариб қўйганлари бошларига тушаётган мусибатларга сабаб бўлаётган бўлса, ажаб эмас.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Бир киши қавм ичида юриб маъсиятларни қилсаю улар уни ўзгартишга қодир бўлиб туриб ўзгартмасалар, албатта, Аллоҳ уларни ўлимларидан олдин иқобга дучор қилади» деганларини эшитдим».
Шарҳ: Ушбу ривоятлардан қодир бўлган ва илмини билганларга амри маъруф ва наҳйи мункар вожиб эканлиги ва бу ишни аммавий равишда тарк қилиш жамиятни оммавий иқобга дучор қилиш ҳақида таъкидли гап кетмоқда. Ҳар бир жамият, ҳар бир банда бу ҳақиқатни ҳеч ҳам эсдан чиқармасилиги лозим.

ал-Урс ал-Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Қачон ер юзида бир хато иш қилинсаю уни бир киши ҳозир бўлиб туриб ёмон кўрса худди ғоиб кишидек бўлур. Ким ундан ғоиб бўлсаю унга рози бўлса, худди ҳозир бўлгандек бўлур», дедилар». Иккисини Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бундан банда қай бир гуноҳ иш ҳақида хабардор бўлса уни инкор қилмоғи, ундан норози бўлмоғи лозимлиги келиб чиқади. Бунда у гуноҳни шоҳиди бўлиб кўриб турибдими ёки ун-дан ғоиб бўлиб узоқда турбдими фарқи йўқ. Номи гуноҳ борки унинг хабари етиши билан инкор қилмоқ керак. Гуноҳ ишга рози бўлмоқ уни қилмоқ ила тенгдир. Гап ношаръий ишни инкор қилишдадир. Ундан узоқда ёки яқинда бўлишнинг фарқи йўқ.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Қачон гуноҳдан қўрқилса, у ўз эгасидан ўзгага зарар қилмас. Қачон зоҳир бўлиб, ўзгартирилмаса оммага зарар қилур», дедилар».
Тобароний ривоят қилишган.
Шарҳ: Шунинг учун масъул кишилар ҳушёр бўлишлари ва яхшиликка амр қилиб ёмонликдан қайтариб турмоқлари зарур. Бўлса, оқибати ёмон бўлади.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, амри маъруф қилурсизлар. Албатта, наҳйи мункар қилурсизлар. Бўлмаса, Аллоҳ сизларга Ўзидан иқоб юборгай. Сўнгра У зотга дуо қилурсизлар, аммо ижобат бўлмагай», дедилар».
Термизий ва Тобароний ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилган қавмга етадиган кўпдан кўп бало офатларнинг ичида уларнинг дуоси қабул бўлмаслик офати ҳам бор экан. Дуоси қабул бўлмайдиган қавм бўлиб қолишдан Аллоҳ таоло.нинг Ўзи асрасин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг атрофларида ўтирган эдик фитна зикр қилиниб қолди. Шунда у зот: «Қачон одамларнинг омонатлари бузилганини, аҳдлари озайганини ва бир-бирларига манабундоқ бўлиб аралашиб кетганларини кўрсангиз», деб панжаларини бир-бирига киритиб кўрсатдилар.
Шунда мен у зот томон ўрнимдан турдим ва:
«Ўша пайтда қандоқ қиламан?! Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ мени сизга фидо қилсин!» дедим.
«Уйингни лозим тут. Тилингга ўзинг эга бўл. Ўзинг маъруф билган нарсани тут. Ўзинг мункар билган нарсани тарк эт. Ўзингга хос бўлган ишни ол. Омманинг ишини қўй», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий. ривоят қилишган.
Шарҳ: Бундан одамлар орасида фитна зоҳир бўлиб, яхшилик йўқолиб ёмонлик кўпайганда амри маъруф ва наҳйи мункарнинг вожиблиги соқит бўлиши чиқади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase