1. Нима учун?
Бу савол биздан кўп вақт талаб қилмайди, чунки мусулмон олимлари унга жуда оддий ва аниқ жавоб берадилар: Аллоҳ фарз қилган ва ўз иродасини Қуръон ва Суннатда аниқ фикрлар воситасида эълон қилган. (Баъзида бу фикр «иттифоқ билан қабул қилинган ижмоъ билан мустаҳкамланади). Бу масала билан боғлиқ етарли миқдорда Қуръон оятлари ва ҳадислар келтирилган бўлсада, алоҳида бир оят ва аҳли сунна вал жамоат орасида алоҳида бир ҳадис ўзига хос аҳамият касб этади. Улар бундан олдинги бобда келтириб ўтилганди.
Қуръон ояти: [ Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.] (3:104). Кенгроқ маънода «сиз» сўзи «иймон келтирганлар»га алоқадор (3:102), бу эса Аллоҳ барча мусулмонларга мурожаат қиляпти деб ҳисоблаш табиий эканлигини англатади. Шу билан бир вақтда, ушбу - «бўлсин» ифодасида - кўрсатма мавжуд. Шундай экан, оятнинг ўз-ўзидан кўриниб турган ўқилишига кўра, гап ҳақиқатда Аллоҳ томонидан мусулмонларга фарз белгиланиши ҳақида боради ва бу сўзлар улар томонидан айнан шундай идрок қилинган. Ноаниқ бўлиб қолаётган ягона нарса бу Аллоҳ томонидан айтиб ўтилган «уммат» диндорлар билан қандай муносабатда: ҳамма мусулмонлар наҳйи мункар қиладиган ушбу умматга мансубми ёки уларнинг фақат айримларими? Ҳозир бу масаланинг устида бош қотириб ўтирадиган вақт эмас, бироқ у олимларнинг эътиборини ўзига жалб қилган ва биз унга кейинги бўлимда яна қайтамиз.
Ҳадисга келадиган бўлсак - бу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам машҳур сўзлари бўлиб, наҳйи мункар уч усули ҳақида гапирилади: «Сиздан ким мункарни (ёмон ишни) кўрса, ўша мункар ишни қўли билан ўзгартирсин, агар қудрати етмаса, тили билан ўзгартирсин, агар бунга ҳам қудрати етмаса, дили билан қайтарсин. Аммо буниси иймоннинг заифидир». Бу сўзлар барча мусулмонларга йўлланган, деб ҳисобласак табиий бўлади – шунингдек, у ҳар бир муслимга алоҳида йўлланган деб айтиш ҳам мумкин. Яна кўрсатма берувчи ифода намоён бўлмоқда – «буни қилсин». Назарий жиҳатдан мункарни «тузатиш» ва мункарни «тақиқлаш» турли мажбуриятлар бўлиши мумкин; бироқ мусулмон олимлардан ҳеч ким бундай ҳисобламаган, биз эса ушбу масалада уларнинг фикрига амал қилишни келишиб олдик. Юзага келиши мумкин бўлган ягона муаммо - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтган деб ҳисобланадиган сўзларни у ҳақиқатда айтганми. Сунний олимлар ҳақиқатда шундай бўлган деган фикрга келганлар. Нима учун улар якдил бир фикрга келганларини тушунтириш учун ҳадис матни у орқали етказиладиган иснод санади саҳиҳ эканлигини қандай аниқланиши борасида нозик тафсилотларга берилишимизга тўғри келган бўларди. Тадқиқотимиз мақсади учун ушбу ҳадис суннийлар орасида энг нуфузли саналган ҳадиси-шарифлар иккита тўпламининг бирида, яъни Муслим тўпламида мавжуд эканлигини айтиб ўтишимиз кифоядир.
Суннийлар мероси трафдори бўлмаганлар эса, умуман олганда, ушбу фарз мавжудлигини фақат Қуръонга таянган ҳолда асослаб беришлари мумкин бўларди. Лекин амалиётда бу билан чекланиб қолинмаган. Хусусан, муътазилий муаллифлар – суннийлар ҳам, шиалар ҳам – гарчи наҳйи мункар ҳақида ривоят қилинган ҳадис ҳақида ёдга олиб ўтмаган бўлсаларда, улардан бири анъанавий суннийларга маълум бўлган бўлса, иккинчи ҳақида бу гапни айтиш қийин бўлган бошқа ҳадисларни келтириб ўтганлар. Имомий олимлар улар учун нуфузи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам нуфузи билан таққослаш мумкин бўлган даражадаги ўз имомолари келтирган ҳадисларни мисол қилиб келтирган. Бироқ бундай вариантлар ушбу фарзнинг мавжудлиги борасида умумий фикрга таъсир этмаган ва ҳамма томонлар Қуръон нуфузини тан олган.
У бўйича келишмовчиликлар юзага келадиган масала ушбу бурч мавжудлигининг оқилона изоҳи бўлган ёки бўлмаганлигида эди. Моҳиятан, бу ҳақиқатга зид келадиган шартли савол эди: агар Аллоҳ ушбу бурчни бажариш мажбуриятини Ваҳий орқали туширган бўлсачи? Фақат оқилона далиллардан келиб чиққан ҳолда, уни бажариш мажбурий бўлардими?
Имомий уламолардан бири айтиб ўтганидек, бу муаммо соф назарий характерга эга бўлган; бироқ олимлар, қоидага кўра, назарий масалалар бўйича баҳслашишни ёқтиради. Бу савол, чамаси, муътазилийлар муҳитида юзага келган бўлса керак. Кўплаб манбаларда хабар берилишича, икки нафар нуфузли муътазилий олим - Абу ‘Али ал-Жубба’и (916 йил вафот этган) ва унинг ўғли Абу Ҳошим ал-Жубба’и да (933 йил вафот этган) бу масалада фикрлар қарама-қаршилиги бўлган. Ота шартли равишда рационалистик деб аташ мумкин бўлган ёндашувга асосланган; ўғил эса бу масалада Ваҳий тарафдори бўлган ва фақат бошдан кечирилган азоб-уқубатлар оқибатида инсон ўзининг шахсий манфаатлари туфайли мункарни бажариш жараёнига аралашадиган вазиятлар учун истисно қилган. Ушбу қарама-қаршиликлар негизида ётадиган муаммо анча кенгроқ – ўз манфаатларидан воз кечиб бошқаларга яхшилик қилишнинг (альтруизм) рационал асоси бўлиши мумкин? Ваҳий тарафдорларининг айнан шу нуқтаи назари ҳаттоки муътазалийлар орасида ҳам асосий ҳисобланади, лекин баъзида, айниқса, имомийлар орасида рационалистик ёндашув тарафдорлари ҳам учраб туради. Ғаззолий онгнинг роли ҳақида эмас, балки соғлом фикр ҳақида гапирган (ишарат ал-уқул ас-салима).
2. Ким?
Ким наҳйи мункар қилиши керак? Ушбу муаммога икки хил томондан ёндашиш мумкин. Бир томондан – ўз ичига оладиган тамойил бўйича – биз ушбу бурч истисносиз ҳаммага юкланган деб тасаввур қилишимиз мумкин; бошқа томондан – чеклайдиган тамойил бўйича – биз унинг бажарилиши қатъий белгиланган кишилар гуруҳига юклатилган деб тахмин қилишимиз мумкин. Бу энг четки нуқтаи назарлар; аслида эса, кейинчалик кўришимиз мумкинки, мусулмон олимлари ўрта позицияни эгаллайди. Эҳтимол, уларнинг фикрларини аниқ кўрсатишнинг энг яхши усули – ўз ичига оладиган тамойилдан бошлаш ва улар бу тамойилдан қанчалик узоқлашганини кўришдир. Ушбу тамойилга амал қилиб, мусулмон олимлари икки хил йўлдан бориши мумкин бўлган. Биринчи йўл – мусулмонларнинг алоҳида тоифаларини наҳйи мункар фарзини бажариши шарт бўлган тоифалар қаторидан чиқариш воситасида. Иккинчи йўлнинг моҳиятини бир жуфт сўз билан тушунтириш қийин, бироқ, айтиш мумкинки, моҳиятан у ҳар бир алоҳида олинган мункар ҳаракатни тузатишга барчани мажбур қилишдан маъно йўқ деган фикрнинг оқибати ҳисобланади.
Чиқариб ташланган тоифаларга келадиган бўлсак, энг кўзга ташланадиган нарсадан, яъни қоидага кўра (лекин ҳар доим эмас) ўз-ўзидан маълум бўлган нарсадан бошлаш керак. Наҳйи мункар – мусулмонларга фарз, кофирларга эмас. Ғаззолий бу фикрни муфассал шарҳлайди ва риторик савол берган ҳолда кофирларни чиқариб ташлаш сабабини тушунтиради: агар фарзнинг мазмуни имон ишига ёрдам беришдан иборат бўлса, унда қандай қилиб бу ишни имоннинг душманларидан бири бажариши мумкин? Бошқа бир жойда у кофирлар мўминларга зино қилмасликни айта олмаслигининг сабаби кофирлар шу тариқа мўминлар устидан ноқонуний ихтиёрга эга бўлиш ва бинобарин, уни камситишга журъат этиши мумкинлигидан иборат деб тушунтиради. Шак-шубҳасизки, зинокор-мусулмон камситилиш, таҳқирланишга лойиқ, лекин бунга мўминлардан ҳам кўра кўпроқ лойиқ бўлган кофирлар томонидан эмас. Ғаззолийга кўра, нафақат ушбу фарз кофирларга нисбатан амал қилмайди, балки уларга мусулмонларга нисбатан наҳйи мункар ишида иштирок этишга ҳам рухсат этилмайди. Гарчи айрим олимлар кофирлар ушбу бурчни бажаришда иштирок этиши мумкин ва ҳатто лозим деб ҳисобласада, биз Ғаззолийнинг нуқтаи назарини белгиланган стандарт сифатида қабул қилишимиз мумкин.
Мусулмонлар жамияти билан чекланиб, уйдаги тартиб деб нималарга айтиш мумкинлигига ўтамиз. Бу ерда мавжуд бўлган асосий субординация тамойиллари катта ёшдаги эркакларни болалардан, қуллардан ва аёллардан ажратади; бола, қул ёки аёл қоидага кўра, катта ёшдаги эркак кишига нисбатан бўйсунадиган ҳолатда бўлган. Шундай экан, агар биз мусулмон олимлар болалар, қуллар ва аёлларни ушбу фарзни бажариш уларга юклатилган кишилар қаторидан чиқариб ташлашини аниқлайдиган бўлса, ажабланмаслик керак. Улар ҳақиқатдан ҳам болаларни фарзни бажариши лозим бўганлар умумий сонидан чиқариб ташлаган; бола ҳам, худди ақлдан озган одам каби, тўла ҳуқуққа эга эмас (мукаллаф) ҳисобланади ва шу сабабли қонунда белгиланган мажбуриятлар унга нисбатан амал қилмаслиги мумкин, - ваҳоланки, Ғаззолий балоғатга етиш остонасида турган ва ўз ҳаракатларини англаб етадиган болага наҳйи мункар мумкин деб ҳисоблайди. Болалардан фарқли равишда, аёллар ва қуллар, гарчи катта ёшдаги эрки ўзида бўлган эркаклар эга бўлган барча ҳуқуқларга эга бўлмасада, жамиятнинг қонуний ҳуқуққа эга бўлган аъзолари ҳисобланади. Улар билан боғлиқ ҳолат янада мураккаброқ саналади.
Қул наҳйи мункар қилиши мумкинми ёки лозимми? Гарчи бу саволнинг онда-сонда ёдга олиниши кузатиладиган бўлсада, у олимларнинг эътиборини у қадар кучли жалб қилмаган. Хўжайини шахмат ўйнаётган кишиларга хизмат қилишга юборган художўй қул Ибн Ханбалдан у билан саломлашиш лозимлиги ҳақида сўрайди (шахмат ўйини диний-ҳуқуқий мактларнинг барчасида бўлмасада, лекин кўпчилигида гуноҳ иш ҳисобланган). Ибн Ханбал қулнинг фарзи – унга ўйинни тўхтатишга буйруқ беришдан иборат деб жавоб берган. Ибн Хазм, Ғаззолий ва бошқа қатор олимлар ҳам қул ушбу фарзни бажариши лозим деб ҳисоблайди, эҳтимол, биз ҳам буни ҳамма қабул қилган фикр деб ҳисоблаймиз.
Шунга қарамай, бу фикрга рози бўлмаганлар ҳам бор эди: икки нафар ҳанбалий, зайдий ва шарқий ибодийлар вакили. Буларнинг кейингиси –Халилий (1871 йил вафот этган) қулларни улар бундай ҳаракатни амалга ошириш учун реал имкониятга эга эмаслиги ва уларнинг вазифаси хўжайинларга хизмат қилишдан иборат эканлиги асосида бу тоифадан чиқариб ташлаган.
Аёлларчи? Юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳ аёллар ҳақида наҳйи мункар қиладиган сифатида зикр қилган: (Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.) (9:71). Шубҳасизки, аёлларнинг фарзни бажаришдаги иштироки, ҳеч бўлмаганда, йўл қўйилиши мумкин деб ҳисобланган. Лекин умуман олганда аёлларни эркаклар билан тенг деб ҳисобламаслик лозим, чунки Аллоҳ бизга айтадики, эркакларга улардан устун даража бордир (2:228) ва эркаклар аёлларга раҳбардирлар (4:34); бундан ташқари, аёллар виқор билан уйида ўтириши лозим (33:33); шунингдек, аёлларга мулоҳазалилик етишмайди деб ҳисобланади – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам шу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлаган. Олимлар аёлларнинг наҳйи мункар фарзини бажаришдаги роли ҳақида бу қарама-қарши қоидаларни мувозанатга келтирадиган таълимот ишлаб чиқишини тахмин қилиш табиий бўларди. Аслида бу масала, ҳатто қуллар масаласига қараганда тез-тез учраса ҳам, жуда кам тилга олиб ўтилади; бунинг устига, биз топишимиз мумкин айтиб ўтилган фикрлар, қоидага кўра, жуда қисқа бўлади. Қизиғи шундаки, бу масала ҳақида эсга олиб ўтишлар кўпроқ ибодийларга бориб тақалади.
Айрим олимлар аёлларни қатъиян истисно қиладилар. IX асрларда шарқий ибодийликлар вакилларидан бирининг ҳисоблашича, аёллар ушбу бурчни бажариш шарт деб ҳисоблаш бу – бемаънилик. Худди шу оқимнинг кейинги давр вакилларидан бири бўлган Салимий (1914 йил вафот этган) аёлларни тоифа сифатида истисно қилишни улар одамлар орасида овоз кўтармасликка мажбурлиги билан изоҳлаган. Зайдийлардан бўлган Яҳъё ибн Хамза (1348 йил атрофида вафот этган) ҳам шундай хулосага келади, фақат бошқа нарсага асосланади: биринчидан, аёллар қисқа ўйлайди ва заифа ҳисобланади, иккинчидан, қонун уларга ҳатто ўзларини тасарруф этиш ҳуқуқини ҳам бермайди, наҳйи мункар каби жиддий иш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Келтирилган далиллар жуда қизиқарли: XIV асрда зайдийлар учун аёллар моҳиятан наҳйи мункарга қодир эмасди, ибодийлар учун XIX асрда аёллар улар хулқ-атворига одамлар кўзга ўнгида қўйиладиган ҳуқуқий характерли чекловларни тўхтатиб турарди. Сунний олимлар аёлларни ушбу фарзни бажариши лозим бўлганлар тоифасидан камдан-кам ҳолларда истисно қиларди. Қуръон шарҳловчилари келтириб ўтган муаллифи номаълум фикрларга кўра аёллар ва жисмоний нуқсонли одамлар наҳйи мункарга қодир бўлмаганлар тоифасини ифодалайди. Манбалардан бирига кўра, IX асрда сўфийлардан бири наҳйи мункар ҳақида гапирганда унга бир аёл эътироз билдириб, унинг жинси уни ушбу фарзни бажаришдан озод этилганини айтади; ушбу воқеа давоми шундан далолат берадики, сўфий нуқтаи назаридан аёл ўнчалик ҳақ эмас бўлган.
Фарзни бажариш мажбурияти аёлларга нисбатан амал қилиши ҳақидаги фикр ҳам шарқий, ҳам ғарбий ибодийлар орасида учрайди. Хусусан, X асрда шарқий ибодийлар вакили саналган Ибн Барака аёллар, худди эркаклар каби, наҳйи мункар қилиши лозим деб ҳисоблаган. Суннийлар орасида Ибн Хазм ва Ғаззолий аёлларни ушбу бурчни бажариши лозим бўлганлар қаторига аниқ киритган; Ғаззолийдан кейинги кўплаб сунний олимлар унинг фикрига қўшилишган. Айрим қўшимча изоҳлар билан биз ушбу нуқтаи назарни белгиланган стандарт сифатида қабул қилишимиз мумкин.
Шундай қилиб, биз аввалбошдан тахмин қилган муросага яқинлашамиз. Бу муросани ифодалашнинг очиқ-ойдин кўриниб турадиган усули бу – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисида келтирилган наҳйи мункар қилишнинг учта усулидан фойдаланиш ҳисобланади. Шундай қилиб, биз сўфийнинг сўзларини бўлиб қўйган аёл воқеасига яна қайтамиз: у аёлнинг гапларига қўл билан ва сўз билан наҳйи мункар қилиш борасида қўшилади, лекин қалб билан наҳйи мункар қилиш борасида эмас. Кейинги бобда биз наҳйи мункар қилишнинг уч усули ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз, лекин ҳозир биз шуни ёдга олишимиз зарурки, қалб – унинг қурол ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигидан қатъи назар – наҳйи мункар бурчини бажаришда бу иймоннинг заифидир. Қолган нарсаларга келадиган бўлсак, биз яна шарқий ибодийлар қарашларига мурожаат қилишимиз ва бизга маълум бўлган, IX асрда яшаб ўтган олимнинг – изчилликка бироз риоя қилмайдиган сўзларига қайтишимизга тўғри келадики, бунга кўра аёл киши наҳйи мункарни қалбида ижро этиши лозим; шу тариқа у сўфий томонидан бўлиб қолади. XVII асрда яшаб ўтган олимлардан бирининг ҳисоблашича, аёл сўзи билан наҳйи мункар қилиши лозим, қўли билан эмас. X асрда яшаб ўтган олим Кудамий янада комплекслироқ қарашларга риоя қилган: агар аёлларнинг ҳаракатларида табарруж бўлмаса, бу ишни қилиш уларга рухсат этилган бўлсада, аёллар ўз фикрини билдирмаслигини кечириш мумкин; улар ушбу бурчни бажаришдан ўзини тийиб туриши кечиримли эканлигидан келиб чиқиб, у аёлларнинг наҳйи мункар қилган ҳолда ўзини хавф остига қўймаслигини афзал кўради ва улар, Аллоҳ айтганидек, уйларида ўтирганлари маъқул деб ҳисоблайди. Бу ерда аёлларнинг камтарлиги ва босиқлиги нуқтаи назаридан қўйиладиган чекловлар ўйинга қўшилади. Бу фикрни кейинчалик Халилий энг тўлиқ ривожлантирган. У аёллар фарзни бажариши лозимлигига шубҳа ҳам қилмаган: Тавба сурасининг 71-оятга ҳавола келтирган ҳолда, у Аллоҳ барча мўмин ва мўминаларни наҳйи мункар ишида бир-бирига дўст (шарракахум) ҳисобланади деб таъкидлаган. Лекин бу амалиётда нимага олиб келади? Бир томондан, у аёллар бошқа аёлларга наҳйи мункар фарзини бажаришга энг яхши номзод эканлигини таъкидлайди; у шунингдек, яқин қариндошлари қаторидан бўлган эркакларга (заву-л-маҳарим) нисбатан ҳам худди шу тарзда йўл тутиши керак. Бошқа томондан, шубҳасизки, у шубҳали характердаги эркаклар гуруҳига наҳйи мункар қилмаслиги лозим, чунки унинг ўзи бундай одамлар орасида бўлиб қолиши мункар ҳаракат ҳисобланади. Бундай чекловнинг муҳим жиҳати шундаки, бу ерда наҳйи мункар қилиш учун зарур бўлган аёлнинг ҳуқуқий нуфузи ёки ақлий қобилиятлари мавжудлиги инкор қилинмайди. Халилийнинг таъкидлашича, агар аёл киши унинг атрофидагиларга нисбатан ўз фарзини бажариши лозим бўлган вазиятга тушиб қоладиган бўлса ва мусулмонлардан бирон киши ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмаса, у мункар ишга тўсқинлик қилиши лозим бўлган бирон кишини юбориши лозим – бу ерда унинг ушбу вазиятдаги иштироки аёлнинг иштироки каби ноўрин бўлмайдиган эркак бўлиши кўзда тутилади. Наҳйи мункар қилиши лозим бўлган шахсга нисатан уйдаги тартибнинг айрим шартларини кўриб чиқишда мен олимларнинг аёллар роли ҳақидаги фикрларини етарли даражада муфассал баён қилдим. Бу бизнинг предметимизга бевосита алоқадор, бунинг устига, аниқ кўриниб турибдики, олимлар болалар ёки қулларнинг ролидан кўра аёллар ролига анча кўпроқ эътибор қаратади. Гарчи биз олимларнинг қарашларида наҳйи мункар қиладиган шахс – катта ёшдаги эрки ўзида бўлган эркак ошкора бўлмаган ҳолда кўзда тутилади деб хулоса чиқаришимиз мумкин бўлсада, наҳйи мункар бурчи уларнинг зиммасида ётадиган шахслар умумий миқдоридан – болалардан фарқли равишда – қуллар ва аёлларни жуда камчилик ошкора истисно қилади. Бошқа томондан, ҳатто аёлларни ушбу бурчни бажариши лозим бўлганлар қаторига киритадиган олимлар ҳам бу ишни айрим қўшимча изоҳлар билан қилади. Ғаззолий аслида нимани юқори турувчига нисбатан фарзни бажариш деб аташ мумкинлиги борасида муҳокама юритади; мисол тариқасида у отага нисбатан ўғил, хўжайинга нисбатан қул ва эрга нисбатан хотин ушбу фарзни бажарадиган ҳолатларни келтириб ўтади. У фарзни бажаришда етиб бориш лозим бўлган даражани чегаралайди; лекин ҳеч қаерда улар ўз фарзини бажарига мажбурлиги тамойилидан воз кечмайди.
Энди уйдаги тартиб даражасидан юқорироқ бўлган ижтимоий даражага ўтамиз. Тахмин қилиш мумкинки, олимлар наҳйи мункар бурчини бажаришни – ва ҳатто уни бажариш ҳуқуқини – зарур хислатларга эга бўлган элита кишилар ихтиёрига ажратади. Албатта, айни пайтда бу эҳтимоли юқори бўлиб кўринмайди: улар оила тузуми соҳасида субординацияга нисбатан кичик ён беришлар қилишини ҳисобга олиб, улар юқорироқ ижтимоий тузум даражасига ўтишида бу тенденция ўзгариши эҳтимоли жуда паст. Қоидага кўра, бундай ҳолат рўй бермайди. Гарчи эътиборга лойиқ бўлган бир нечта истиснолар мавжуд бўлсада. Масалан, имомийлар ҳадисларидан бирида айтилишича, имом Жаъфар ас-Содиқ (765 йил вафот этган) ушбу фарз бутун жамиятга нисбатан амал қилиши ҳақида саволга жавоб берган. У «йўқ», фақат унга бўйсунишларига ишончи комил бўлган кучли кишигина наҳйи мункар қилиши лозим деб жавоб берган. Бу турдаги энг тарқалган ғоя қоидага кўра, муаллифнинг номи кўрсатилмаган ҳолда иқтибос келтириладиган, лекин баъзида Абу Ҳанифага мансуб деб ҳисобланган ибораларда ўз ифодасини топган. Одатий нақл қуйидагича: «Рўй бераётганларни қўл билан тузатиш – ҳукумат ҳокимият эгаларининг (умаро) иши, сўз билан тузатиш – олимларнинг (уламо), қалбда (қалб билан) тузатиш эса – оддий одамларнинг (омма) иши». Бу фикрда наҳйи мункар қилишнинг учта усули ҳақидаги ҳадис атамаларидан фойдаланилган, лекин бу атамаларга асосланган ҳолда у наҳйи мункар концепциясини яққол ифодаланган «элита» йўналишини мустаҳкамлаш учун фойдаланилади. Ушбу концепцияда гап меҳнатни ўзига хос уч қисмга ажратиш ҳақида боради деб ҳисоблаш мумкин. Бу фикр кўпинча ҳанафийлар томонидан иқтибос келтирилади ва бу тасодифий эмас, чунки ҳанафийлар мазҳаби XI асрдан бошлаб мусулмонлар оламида марказий соҳаларда сезиларни вазнга эга бўлган туркий сулолалар билан ўзаро манфаатли бирга мавжуд бўлиш борасида маълум бир даражага эришган. Бироқ бу фикр нафақат уларда учради – уни биз маликийлар, шаъфийлар, ҳанбалийлар ва ҳатто ибодийларда ҳам учратишимиз мумкин. Қоидага кўра, олимлар ундан осонлик билан иқтибос келтиради, худди бундай ҳолат кўпчиликни қониқтиргандай, ваҳоланки XVI асрда ҳанафийлардан бири уни сўзма-сўз, айнан тушунган – шу тариқа у олимлар тоифасини кенгайтирган ва улар қаторига «авлиё»ларни ҳам киритган. Бу концепцияни келтириб ўтадиган олимлар, гарчи истиснолар бўлсада, унинг наҳйи мункар стандарт назариясига зид келишига камдан-кам эътибор қаратадилар. Бу фикрни жиддий қабул килган ҳолда биз шуни тушунамизки, оддий одамлар, гарчи бу ишга қодир бўлсаларда, наҳйи мункарни иш билан ёки сўз билан бажариши лозим бўлган шахслар тоифасидан чиқарилади. Ушбу концепцияга мувофиқ, фақат ҳарбий-сиёсий элита вакилларигина «қўл билан» наҳйи мункар қилиши мумкин; биз бу масалани наҳйи мункарнинг сиёсий жиҳатларига ўтишда муҳокама қиламиз. Ушбу бурчни «сўз билан» бажариш олимлар зиммасига юклатилган; бу нуқтаи назарга ҳам кейинроқ мурожаат қиламиз.
Кейинги бобда наҳйи мункар ҳақида таълимот қандай қилиб амалиётда қўлланиши мумкинлига қайтганимизда биз шуни кўришимиз мумкинки, бу кўп жиҳатдан олимларнинг фаолият соҳаси бўлган. Бундай ўзаро боғлиқлик олимлар томонидан илгари суриладиган наҳйи мункар ҳақида таълимотларда аниқланади деб тахмин қилиш матиқан тўғри бўлади – баъзида шундай бўлиб ҳам чиқарди. Айрим экзегетларнинг ҳисоблашича, оятлардан бирида (3:104) Аллоҳ умматда олимлар бўлиши ва умматнинг қолган қисми уларнинг йўлидан боришини буюради. XVII асрда маликийлардан бирининг ҳисоблашича, наҳйи мункар – оддий одамларнинг иши эмас; шунингдек, у ҳаттоки олим киши ҳам, агар уламолар кийимини кийиб олмаган бўлса, наҳйи мункар қилмаслиги лозим деб ҳисоблаган. Шунга мувофиқ, баъзида оддий мўминлар олимларга танбеҳ бермаслиги лозим деган фикр учрайди. Шунга қарамай, бундай қарашлар, ҳаттоки олимлар таъсири жуда кучли бўлган имомийлар орасида ҳам, наҳйи мункар ҳақида таълимотнинг расмий қоидалари доирасида фақат маргинал қисмни ташкил қилган. Пировардида олимлар унга асосан наҳйи мункар ишида ўзи учун салмоқлироқ роль талаб қилиши мумкин бўлган асосий жиҳат уларнинг маъруф ва мункар соҳасида экспертлар ҳисобланиши бўлган. Шунга мувофиқ, шофеъий Халимий (1012 йил вафот этган) асосий эътиборни шунга қаратганки, мункарни тақиқлаш – солиҳ олимнинг бурчи ҳисобланади. Тўғри, бундан кейин у солиҳ мўминлар, агар олим бўлмаса, наҳйи мункар қилиши мумкинми, деган савол беради ва бундай киши унинг мункарлиги ҳаттоки оддий одамлар учун ҳам очиқ-ошкора бўлиб турган ҳаракатларни тақиклаш ҳуқуқига эга, деган тахминга келади (Аллоҳ яхшироқ билгайдир!). Халими бундай тахминни истар-истамасдан қабул қилган бўлиб, бу бошқа олимлар учун хос эмасди. Албатта, бир қатор мураккаб ҳолатларда олимларнинг иштироки зарур, лекин маълум бўлганидек, оддий одамлар маъруфни мункардан қийналмасдан фарқлай оладиган кўплаб оддий ҳолатлар мавжуд. Якуний ҳисобда шундай хулоса чиқариш мумкинки, биронта ижтимоий гуруҳнинг фарзни бажариш мажбуриятларини чеклаш ғоялари ҳақиқатда мавжуд бўлган, лекин улар жиддий тарқалмаган.
Лекин шунга қарамай, бошқа бир ёндашув ҳам мавжуд бўлиб, униг асосида одамлар гуруҳи ушбу бурчни бажариши шарт бўлган кишилар тоифасидан чиқарилган. Бу ерда бўлиниш ижтимоий белги бўйича эмас, балки одоб-ахлоққа оид белгилар бўйича амалга оширилган – гуноҳкорлар истисно қилинган (чиқариб ташланган). Гуноҳкор унга бошқаларга нисбатан наҳйи мункар қилишга имкон берадиган нуфузга эга эмас; агарда у мазкур бурчни бажарищга ҳаракат қилганида у иккиюзламачилик қилган бўларди ва ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг муваффақиятга эришиш имконияти жуда кам бўларди. Лекин нима сабабдан гуноҳкор солиҳ кишилар зиммасида ётадиган бурчни бажара олмайди? Бу жумбоқ наҳйи мункар муаммосига бағишланган асарларда тез-тез кўриб чиқилади (лекин имомийлар асарларида анча кам учрайди); Ғаззолий бу қарама-қаршилик ҳақида драматик шаклда гапириб, ўз қурбонини зўрлаётган пайтда унинг юзи ёпиқ эмаслиги учун айблаётган «нозик» зўравонни мисол қилиб келтиради. Айрим олимлар ушбу муаммони бурчни фақат солиҳ кишилар бажариши лозим дея таъкидлаган ҳолда ҳал қилдилар. Шундай қилиб, бурч – ҳукмдордан ташқари – солиҳ олим томонидан ҳам бажарилиши лозим деб ҳисоблайдиган Халимий гап солиҳ бўлмаган олим ҳақида кетганда ўзига зид гапирмайди: бу кимса дастлаб тўғри йўлга кириши зарур, бунгача эса бошқаларга нисбатан наҳйи мункар қилиш учун зарур ахлоқий ҳуқуқдан маҳрум бўлади. Лекин бундай ёндашув жуда ғалати ҳисобланади. Қоидага кўра, гуноҳкорга енгилроқ қисмат рад қилинади ва ушбу фарзни бажариши шарт ҳисобланади. Унинг солиҳ диндошидан фарқли ўлароқ, гуноҳкор иккита мажбуриятни бажариш учун жавобгардир (Аллоҳнинг олдида бу мажбуриятларнинг ҳар бири учун ҳисоб беради): биринчиси – ўзи тўғри йўлга кириш, иккинчиси – бошқаларга наҳйи мункар қилиш. Охир-оқибат, агар фақат гуноҳсизларгина фарзни бажара олса, умуман бу ишни бажара оладиган киши топилармиди?! Шундай қилиб, олимлар бу ерда ҳам наҳйи мункар қилиши шарт бўлган кишилар сонини истар-истамасдан чеклайди.
Юқорида айтилган фикрлар олимлар томонидан ушбу фарзни бажариши лозим бўлган кишилар қаторидан истисно қилинган кишилар тоифасига тегишли. Энди чекловларнинг бошқа бир усулига мурожаат қиламиз. Соғлом фикрдан келиб чиққан ҳолда муаммони қуйидаги тарзда ифодалашимиз мумкин. Тасаввур қилинг, бир неча киши мункар ишда иштирок этмоқда; сиз дарҳол аралашасиз ва натижада мункар иш қилаётган ўз ҳаракатларини тўхтатади. Қолган барча ўз фарзини бажара олмаган бўлиб чиқадими? Бу гап бироз носамимий ва ҳатто адолатсиз янграйди. Сиздан фарқли ўлароқ, биз ўз фарзимизни бажаришга мажбур эмасдик деб айтишимиз керакмиди? Лекин унда биз бу фарзни бажариш мажбуриятидан қандай асосда озод этилишимиз мумкин?
Олимлар бу муаммони барча диний мажбуриятларга нисбатан қўлланадиган концепция доирасида ҳал қиладилар. Агарда бурч беш вақт намоз ёки рамазон ойида рўза тутиш каби ҳар бир солиҳ мўминга фарз қилиб қўйилганида эди, бу «ҳар бир кишига фарз» (фард 'ала-л-а'йан) бўларди. Бурч бутун умматга юклатилган ҳолатда, - мисол тариқасида муқаддас урушни келтириш мумкин, - бу «жамоавий бурч» (фард 'ала-л-кифайа) ҳисобланади. Жамоавий бурчнинг асосий жиҳати шундаки, агар етарли сонли мусулмонлар (ал-кифайа) ушбу бурчни бажаришни зиммасига олса, қолганлар уни бажаришдан озод этилади.
Олимлар наҳйи мункарга нисбатан бу чекловни қандай қўллаганлар? Айрим олимлар буни ҳар бир кишига фарз деб, бошқалар эса – фарзи кифоя, деб ҳисоблаган ва жуда камчилик наҳйи мункар бу иккала тоифага мос келади деб ҳисоблаган. Стандарт нуқтаи назарга кўра, наҳйи мункар бу – фарзи кифоя. Биз мункар ишга дуч келганда ёки кимдир мункар ишни қилаётган пайтда ҳаммамиз ушбу фарзни бажаришимиз лозим бўлади; лекин кимдир бу масаланинг ечимини ўз зиммасига олган экан, қолганлар уни бажаришдан озод бўлади. Бу анча ишонарли бўлиб кўринади. Муътазилийларга, улардан кейин эса – имомийларга кўра, ушбу бурчнинг моҳияти натижага эришишдан иборат; агар кимдир бурчни муваффақиятли бажарган ва мақсадга эришилган бўлса, қолганлар бу мажбуриятни бажаришни ўз зиммасига олишидан маъно йўқ. Худди одамлар гуруҳини биронта белги бўйича истисно қилишга ҳаракат қилиш каби – бу ҳақида юқорида айтиб ўтилган эди – бу нуқтаи назар 3:104 оят билан мос келади: фақат оятни шундай ўқиш керакки, наҳйи мункар қилиш буюрилган «уммат»га ҳамма мўминлар эмас, уларнинг айримлари киради, деб ўйлансин.
Бироқ наҳйи мункар ҳар бир мўминга фарз деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Ушбу нуқтаи назар тарафдорлари орасида бир нечта маликийлар мавжуд бўлиб, катта Ибн Рушдни (1126 йил вафот этган) алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Имомийлар орасида жуда кўплаб жавоб садолари эшитилган ушбу тасаввур муътазилийлар орасида юзага келган (гарчи муътазилийлар асосан «фарзи кифоя» концепциясига риоя қилган бўлсада). Бу нуқтаи назар имомийлар орасида нисбий муваффақиятга эришган, чунки Абу Жаъфар Тусий (1067 йил вафот этган) каби нуфузли олим томонидан қабул қилинган; бироқ якуний ҳисобда наҳйи мункар бу «фарзи кофия» деган фикр ҳатто имомийлар орасида ҳам устунлик қилган. Гоҳида шундай шубҳа уйғонадики, «фарзи айн» тарафдорлари мотивацияси концептуалдан кўра кўпроқ риторик характерга эга – бошқача қилиб айтганда, ушбу концепция тарафдорлари ушбу фарзни бажариш жуда муҳим эканлигини бошқаларга етказишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, ушбу фарзнинг бажарилиши ҳақида ҳар бир кишининг мажбурият сифатида гапиришда нима кўзланади?
Бу савол маликийлардан кўра имомийлар томонидан анча муфассал ёритиб берилган. Бироқ ҳатто имомийлар орасида ҳам Тусийнинг вафотидан кейин асрлар давомида қарама-қаршиликлар моҳияти анча мавҳум бўлиб қолаверган. «Фарзи кифоя» тарафдорлари маълум бир вазиятларда бурчни бажариш «фарзи айн» бўлиши мумкинлигини тан олган (масалан, мункар ишни қилаётган киши билан яккама-якка бўлган вазиятда). Шу билан бир вақтда, «фарзи айн» концепцияси тарафдорлари кимдир фарзни бажарган бўлса, уни бажариш талаби ўз кучини йўқотишини инкор қилмаганлар (агар мункар ишнинг олди олинган бўлса, фарзни қандай қилиб бажариш мумкин бўлади?). Масаланинг моҳияти нимада эди? У фақат сўзда бўлганми ёки бошқа бир муҳимроқ нарса кўзланганми?
Баҳовуддин Амилий (1621 йил вафот этган) ўз асарида учта босқични ажратиб кўрсатган ҳолда бу саволга жавобни аниқ ифодалаб берди. Фараз қилинг, шаҳарда мункар иш қилаётган шахс ва ҳар бири ўзини бу мункар ишни муваффақият билан тузатишга қодир деб ҳисоблайдиган ўн киши бор. Биринчи босқичда мункар иш бор, лекин ҳали ҳеч ким уни тузатиш учун ҳеч қанақа ҳаракат амалга оширмаган; бундай вазиятда ҳамма мажбур ҳисобланади ва агар ҳеч ким фарзни бажаришга киришмаса, демак, ҳамма гуноҳкор ҳисобланади. Бу босқичда фарзни бажариш индивидуал ёки жамоавий иш ҳисобланишининг фарқи йўқ. Энди мункар иш тўғриланган учинчи босқичга ўтамиз; шубҳасизки, бундай вазиятда ҳеч ким фарзни бажариши керак эмас ва яна, бу мажбуриятни бажаришни қайси тоифага киритишнинг аҳамияти йўқ. иккинчи босқич қолади, унда кимдир мункар ишни тўғрилашга ҳаракат қилган, лекин бу борада ҳали муваффақиятга эришмаган. Фараз қилайлик, у мазкур вазифани уддалай олади – бунда агар кимдир унга ёрдам беришга ҳаракат қилса ҳам бу жараённи асло тезлата олмайди. Ушбу босқичда «Фарзи айн» тарафдорлари қолганлар ҳам фарзни бажариши лозим деб ҳисоблайди, «фарзи кифоя» тарафдорлари эса бунинг тескарисини таъкидлайди. Баҳоуддин бу концепциянинг муаллифи эмас, уни муваффақиятли равишда оммалаштирган, холос; концепциянинг ўзи эса XVI асрдан кеч бўлмаган вақтда шакллантирилган.
Умуман олганда, олимлар наҳйи мункар фарзи потенциал бажарувчиларини кескин чеклашга мойил эмаслигини қайд этиш мумкин. Ваколатсизлардан ташқари, оилавий, ижтимоий ёки ахлоқий белгилар бўйича ҳеч ким якдиллик билан истисно қилинмайди (чиқариб юборилмайди). Наҳйи мункар мажбуриятига «фарзи кифоя» мақомини бериш гарчи олимларнинг фикр-мулоҳазалари нозик жиҳатларига чуқурлашишга мажбур қилсада, моҳиятан соғлом фикрга асосан талаб қилинади.
3. Кимга нисбатан?
Биз юқорида муҳокама қилган мусулмонлар тоифаларида кимга нисбатан наҳйи мункар қилиниши керак? Бу савол олимларни у қадар қаттиқ қизиқтирмайди ва унга камроқ эътибор қаратилади. Ушбу масалага доир иккита муаммони ажратиб кўрсатиш мумкин.
Биринчи муаммо шундан иборатки, уларнинг хулқ-атвори бурчни бажариш мажбуриятига олиб келиши мумкин бўлган кишилар доирасини қандай аниқлаш мумкин. Олимлар томонидан билдирилган фикрлардан бирига кўра, мункар ишни қилаётган шахс қонуний ва тўла ҳуқуққа эга субъект бўлиши лозим. Демак, наҳйи мункарни ақлдан озган одамлар ва болаларнинг нотўғри хулқ-атворига, шунингдек, мусулмон давлатларда яшайдиган мусулмон бўлмаган кишиларнинг қонунга хилоф ишларига нисбатан қўллаб бўлмайди.
Бу энди улар ёмон йўлга кириб кетишлари мумкин эканлигини англатмайди – албатта, уларнинг қораланадиган ҳаракатлари олди олиниши керак. Гап шундаки, бундай ҳаракатлар наҳйи мункарнинг бир қисми ҳисобланмайди. Шунга ўхшаш фикрларни муътазилийларда ҳам учратиш мумкин, «Иҳё» номли асарида ал-Ғаззолий ҳам бу фикрларни маъқулайди. Бироқ биз одатда асос қилиб оладиган тўлиқ арабча вариантда у бошқача нуқтаи назарни баён қилади: қоидабузар (қонунга хилоф иш қилувчи) оддий одам бўлиши мумкин, қонуний ҳуқуқларга эга бўлиши шарт эмас. Масалан, ёш бола ёки ақлдан озган шахс шароб ичса, бу уларнинг қонуний ҳуқуқларга эга эмаслиги сабабли гуноҳ саналмайди, лекин шунга қарамай, бу ҳаракат қораланадиган ҳаракатлар қаторига киради ва тақиқланиши лозим ҳисобланади. Бироқ, давом этади у, агар жонивор (ҳайвон) бирон кишининг мулкига зиён етказадиган бўлса, бу ҳолатда кўриладиган чоралар мулкни ҳимоя қилишга қаратилади, мункар ишнинг олдини олишга эмас; шу сабабли бу ерда биз наҳйи мункар ҳақида гапира олмаймиз. Нима бўлганда ҳам, кўриб чиқилаётган манбаларни эътиборга олган ҳолда, келиб чиқадики, бу масала у қадар муҳим эмас. Қоидага кўра, олимлар наҳйи мункар мусулмонлар томонидан, вояга етган ва соғлом фикрлайдиган диндош биродарларга нисбатан амалга оширилишини исботсиз қабул қилинадиган ҳақиқат, деб ҳисоблайдилар. Албатта, ўзи кимни мусулмон, деб ҳисоблаш мумкин, деган савол туғилиши мумкин. Ибодийлар, масалан, ўзларини мусулмонлар, деб ҳисоблаган ва биз уларнинг манбаларида унга кўра ибодийлар бошқалар уларни мусулмон, деб ҳисоблаши мумкин бўлган ноибодийларга (ибодий бўлмаганларга) наҳйи мункар қилмаслиги лозим бўлган нуқтаи назарга дуч келамиз.
Иккинчи муаммо – уларнинг ҳаракатларига нисбатан ушбу бурчни бажариш лозим бўлган одамлар доирасида наҳйи мункар амалга оширишнинг олдини оладиган муносабатлар борми. Шубҳасизки, айрим муносабатлар бурчни бажаришга чеклов қўяди. Биз оиладаги тартиб нуқтаи назаридан ушбу муаммони кўриб чиққан эдик; олимларнинг ҳисоблашича, одам ўз ота-онасига наҳйи мункар қилиши лозим, лекин улар ҳам бундай вазиятда қўполлик ноўрин эканлигига эътибор қаратадилар. Бошқа мисоллар юқорироқ ижтимоий тартибга алоқадор. Масалан, Ғаззолийга кўра, сиз кўришингиз мумкин бўлган чоралар мункар ишни устозингиз ёки ҳукмдорингиз қилаётган пайтда чекланган бўлади – ваҳоланки бу фикр устоз билан боғлиқ ҳолатга камроқ алоқадор, чунки ўз таълимотига амал қилмайдиган олим ҳурматга нолойиқдир. Шунга қарамай, олимлар камдан-кам ҳолларда шунга эришадиларки, одамлар ўртасидаги маълум бир муносабатлар умуман ушбу бурчни бажаришни умуман бекор қилади, бу эса барча олимлар учун хос бўлган бурчни бажариш уларга юклатилган одамлар сонини чеклашни истамасликка мос келади. Бу қоида учун асосий истисно ҳақиқатдан кўра хаёлотга яқинроқ: фуқаролар ўз ҳукмдорларига мункар ишларни тақиқламаслиги лозим деган фикр мавжуд. Бироқ, кейинги бобда кўришимиз мумкин бўладики, юқорида айтилган фикрлар имонсиз ҳукмдорлар уларнинг мавқеи асосида ҳукмдорларга билдириш лозим бўлган ҳурмат ва эҳтиром ўрнига уларга танбеҳ беришга журъат қилганларга соладиган таҳдид билан кўпроқ боғлиқдир. Бу мисолдан ташқари биз, оддий одам олимни айбламаслиги керак, деган ғоядаги каби, фақат тасодифий истиснолар топамиз.
4. Нимага нисбатан?
Фарз объекти бўлиши учун айнан нимани мункар деб ҳисоблаш керак? Бундан олдинги бобда кўриб чиққанимиздек, илк даврлардаги бир қатор Қуръон муфассирлари жуда тор маънода тафсир қилардилар. Уларнинг фикрига кўра, «амри маъруф» - ёлғиз Аллоҳга имон келтириш ва Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам вазифалари ҳақиқийлигига ишониш, «наҳйи мункар» эса – ширкни ва Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам вазифалари ҳақиқийлигини инкор қилишни тақиқлашни англатади. Бироқ бу нуқтаи назар анча ўзига хосдир. Машҳур экзегет Табарий (923 йил вафот этган) юқорида келтирилган тафсирга норозилик билдирган, чунки у «маъруф» Аллоҳ ва унинг Расули буюрган ҳамма нарсага алоқадор, «мункар» эса – аксинча, Аллоҳ ва унинг Расули тақиқлаган нарсаларга алоқадор, деб ҳисоблаган. Шаъфий ал-Жувайний (1085 йил вафот этган) ҳам барча хусусий кўринишларда ушбу фарз «бошидан охиригача қонун»дан ўзга нарса эмас эканлигига ишончи комил бўлган. Табиийки, реал ҳаётда мункар ишни амалга оширишнинг айрим шакллари бошқаларидан кўра кўпроқ учраб туради (бу муаммога кейинроқ қайтамиз). Ҳозир кўриб чиқишимиз лозим бўлган қийинчиликлар эса ўз табиатига кўра мавҳум ҳисобланади.
Биринчидан, олимлар кўпинча бир-бирининг фикрига қўшилмаслиги оқибати. Бу ҳодисага ёрқин мисол – тўртта суннийлар фиқҳий мактаби, мазҳаблар ўртасидаги бир талай келишмовчилик ва зиддиятлар. Масалан, шофеъийлар шахмат ўйинига нисбатан бошқа мактаблар вакилларидан кўра сабр-тоқат билан муносабатда бўлади; улар шунингдек, калтакесак гўштини тановул қилиш мумкин, деб ҳисоблайди, ҳанафийлар эса бунга салбий қарайди. Наҳйи мункар фарзини бажариш нуқтаи назаридан бундай қарама-қаршиликлар нимани англатади? Асосий тамойил шундан иборатки, у аъзо бўлган мазҳаб рухсат берган ишларни қилаётган кишини қораламаслик керак. Бошқача қилиб айтганда – ўз мазҳаби чекловларини бошқа мактаблар вакилларига зўрлаб ўтказмаслик лозим. Шунга ўхшаш фикрлар нафақат суннийларда учрайди. Масалан, ибодийларнинг шарқий йўналиши вакиллари ҳам бошқа умматлар вакилларини уларнинг қонунлари рухсат этадиган, лекин ибодийлар қонунларида тақиқланган ҳаракатлр учун тергаш ва койиш шарт эмас деб ҳисоблашган. Бу асосий тамойилга зайдийлар ҳам, муътазилийлар ҳам риоя қилган; имомийлар эса бу ҳақида умуман ҳеч нарса демаганлар. Олимларни бундан мураккаброқ савол безовта қиларди – унинг ҳаракатлари у амал қиладиган мактаб томонидан қораланадиган, лекин сиз риоя қиладиган мактаб томонидан рухсат этилган одамни айблаш мумкинми (ёки лозимми). Ғаззолий мисолидан фойдаланадиган бўлсак: агар сиз шофеъий бўлган ҳолда калтакесак гўштини тановул қилсангиз ва сизга ҳанафий қўшилса, нима қилиш керак? Ғаззолийнинг айтишича, бундай ҳолатда гарчи биз муътазилийлар ҳудудида бўлиб, қарама-қарши нуқтаи назарга риоя қилсакда, сиз ҳанафийга буни тақиқламаслигингиз лозим. Шунга қарамай, Ғаззолийнинг таъкидлашича, фиқҳий масалаларда қарама-қаршиликларга сабр-тоқатлилик ва чидамлилик диний мавзудаги қарама-қаршиликларга нисбатан амал қилмайди. Фиқҳий мактаблар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳақида савол беришдан олдин, таъкидлаш жоизки, бу жуда нозик муаммо ҳисобланади. Бу ерда биз улар бўйича мустақил ҳуқуқий мулоҳазалар мақбул келадиган масалалар доираси (маса’ил ал-иджтихад) турли мактаблар вакиллари улар бўйича турлича фикр билдирадиган масалалар доираси (маса'ил ал-хилаф) билан мос келади деган тахмин билдиришга журъат қиламиз; лекин бу аслида у қадар аниқ эмас. Масалан, айрим олимларнинг фикрига кўра, вақтинчалик никоҳ (мут‘а), бундан анча илгари баъзи олимлар қарама-қарши фикр билдирганига қарамай, «мункар» ҳисобланади.
Иккинчидан, биринчи қийинчиликни изоҳлаш учун Ғаззолий келтирган мисол. Ғаззолийнинг фикрига кўра, калтакесак гўштини тановул қилишни тақиқлар экан, ҳанафийлар бунга салбий муносабатда бўлган, холос. Бу ҳолатда биз маъқулланмайдиган, лекин тақиқланмаган ҳаракатларни «мункар» деб ҳисоблашимиз мумкинми? Худди шунга ўхшаб, маъқуллашга лойиқ бўлган, лекин мажбурий бўлмаган нарсаларни «маъруф» ҳаракатлар деб ҳисоблай оламизми? Агар шундай бўлса, маъқулламасдан муносабатда бўлинган бирон нарсани тақиқлаш ва маъқуллашга лойиқ бўлган, лекин мажбурий саналмаган нарсани буюриш шартми?
Бу масалада энг тарқалган нуқтаи назарни биз муътазилийлар манбаларидан топамиз. Ушбу нуқтаи назарга кўра, «маъруф» тушунчасига ҳақиқат ҳам мажбурий, ҳам маъқуллашга лойиқ ҳаракатлар киради; мажбурийни буюриш мажбурийдир ва «маъруф»ни буюриш маъқулдир – тамойилнинг моҳияти шундаки, буюриш буюриладигандан кўра мажбурийроқ бўлиши мумкин эмас. Лекин барча «мункар» ишларни тақиқлаш лозим, чунки биз «мункар» тушунчасини бундан олдинги усулга ўхшаш бўлган усул билан ўртоқлаша (тақсимлай) олмаймиз. Оддийгина «маъқулланмайдиган» ҳисобланган ҳаракатлар деярли ёдга олиб ўтилмайди; демак, шундай хулоса чиқарищимиз мумкинки, улар «мункар» тоифанинг бир қисми ҳисобланмайди. Бу нуқтаи назар имомийлар орасида кенг тарқалган, лекин бошқа фирқаларда ҳам учраб туради.
Ушбу нуқтаи назар билан боғлиқ асосий муаммо шундан иборатки, у жуда ҳам носимметрик ҳисобланади. «Маъруф» жуда кенг тушунилиб, ҳам мажбурий, ҳам муносиб маъқуллашни ўз ичига олади; «мункар» эса, аксинча, торроқ, маълум маънода маъқулланмайдиганларни истисно қилган ҳолда тушунилади. Бундай номутаносибликнинг асоси семантикада яширинган: яъни бу сўзларнинг олимлар учун қандай аҳамият касб этишидан иборат. Олимлар концептуал симметрияга эришишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатмаганлигига ажабланмасак ҳам бўлади. Имомийлардан бири қайд этганидек, «мункар» ишни кенгроқ, бундай фойдаланишга нисбатан кичик семантик эътирозларга эътибор қаратмасдан тушуниш энг яхшидир. Вақти-вақти билан «мункар» тушунчасини ҳақиқатда тақиқланган нарса ва оддийгина маъқулланмайдиган нарсага бўлишга ҳаракат қилган «довюраклар» топилган (бироқ «маъруф» тушунчасини худди шу тарзда торайтиришдан манфаатдор бўлмаган»). Шофеъий Даваний (1502 йил вафот этган) расман айнан шундай йўл тутган; шунга ўхшаш қарашларни Ғаззолийда унинг кейинчалик жуда чалкашиб кетган назариясидан топиш мумкин; шундай қилиб, маъқулланмайдиган ҳаракатни амалга оширишнинг олдини олиш маъқулланадиган ҳаракат бўлади, четда қолиш эса маъқулланмайдиганни бажариш ҳисобланади. зайдийлардан бирининг таъкидлашича, аслида «мункар» тоифасига тушмайдиган нарсани, масалан, чап қўл билан овқатланиш «тақиқланиши» мумкин (гарчи сўзма-сўз маънода эмас). Бироқ бу масала бўйича энг жиддий мунозаралар имомийлар орасида кузатилган. Симметрик назария яратишга интилиш имомийларда XI асрда юзага келган ва XII асрда шаклланиб бўлган. Кейинроқ имомий олимларнинг кўпчилиги «симметрик» позицияга риоя қилган, бироқ бундай позициянинг асосларига нисбатан бир овоздан розиликка эришилмаган.
Учинчидан, вақт тушунчаси билан боғлиқ қийинчилик. Ушбу мавзунинг муҳокамасини муаммонинг қисмлари аниқ ажратиладиган муътазилийлар тасаввурларидан бошлаган маъқул. Рўй бериб бўлган «мункар» ҳаракатлар бор ва улар – агар олдини олиш мақсадида ҳеч қандай чоралар кўрилган бўлмаса – рўй берадиган «мункар» ҳаракатлар мавжуд. Наҳйи мункардан мақсад – мункар ишнинг рўй беришига йўл қўймаслик эканлиги сабабли бу шуни англатадики, биз рўй бериб бўлган нарсага нисбатан ўз бурчимизни адо этолмаймиз. Бироқ бу рўй бериб бўлган мункар иш жазосиз қолишини англатмади; улар албатта қонунга мувофиқ жазо олиши лозим. Бироқ бу турдаги жазолар давлат измида бўлади ва ҳар бир мўминга юклатилган наҳйи мункар ишига алоқаси бўлмайди. Шундай қилиб, унга нисбатан ўз бурчини бажариш мумкин бўлган вазият тахминан қуйидагича: сиз тақиқланган ичимликларни ичишга тайёргарликларни кузатяпсиз ёки гарчи намоз вақти етай деб қолган бўлсада, кишининг намозга тайёргарлик кўрмаётганини кузатяпсиз ёки мункар иш рўй бераётганини тушуниб турибсиз. Муътазилийлар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ҳанбалийлар ва имомийлар ўзлаштириб олган бошқа бир шартга кўра қоидабузарнинг ҳаракатларида ўжарлик белгилари бўлиши лозим. Бу нуқтаи назарга қўшилган ҳанбалий олимлардан бирининг таъкидлашича, қоидабузар мункар ишни такрор амалга оширишга ҳаракат қилмайдиган ҳолатда у аввал амалга оширган мункар иш фарзни бажариш соҳасида ётмайди. Бироқ бир қатор муътазилийлар билдирган фикр ўтган замон ва ҳозирги замон ўртасидаги аниқ фарқларни ювиб юборади: улар ўз бурчини адо этишда келажакда такрорланишининг олдини олиш мақсадида амалга ошириб бўлинган ҳаракатларга нисбатан чоралар кўриш мумкин эканлиги эҳтимолига йўл қўядилар.
Муътазилийлар доктринаси каби муфассал ишлаб чиқилган таълимотни ҳамма ҳам қабул қилмаган. Бироқ унга кўра фақат давлатгина жазо тайинлаши мумкин бўлган нуқтаи назар етарли даражада кенг, айтиш мумкинки, умумэътироф этилган ҳисобланади. Бундай масалалар кенг доирасини кўриб чиқар экан, Ғаззолий бир мунча бошқача хулосаларга келди. Мункар ишни амалга оширилиш вақтига нисбатан уч гуруҳга ажратади: ўтмишда рўй берган, ҳозирда рўй бераётган ва келажакда рўй берадиган мункар иш. Мутазилийлар каби, у ҳам содир этилган гуноҳлар бурч соҳасидан ташқарида ётади – улар учун фақат жазолаш мумкин, лекин бу ҳукмдорнинг алоҳида ҳуқуқларидир деб ҳисоблаган. Наҳйи мункар уларнинг бурчи саналган кишилар ҳозирги пайтда амалга оширилаётган ҳаракатлар ҳақида ташвишланиши лозим. Келажакдаги гуноҳлар, худди ўтмишдаги гуноҳлар каби, наҳйи мункар бурчи соҳасидан чиқарилади: уларнинг олдини олиш учун чоралар кўриш зарур, лекин бу ҳам ҳукмдорнинг мажбурияти ҳисобланади. Олдини олиш, чўчитиш чоралари кўриш заруратига ишончи комил бўлган муътазилийлардан фарқли равишда Ғаззолий бу иш билан давлат шуғулланиши лозим деб ҳисоблаган; оддий одамлар эса бундай вазиятда фақат панд-насиҳат ва ўгитлар йўли билан ҳаракат қилиш мумкин (якуний ҳисобда, биз мункар иш рўй беришига ишончимиз комил бўла олмаймиз). Ғаззолийнинг бу нуқтаи назаридан аниқ кўриниб турибдики, келажакдаги гуноҳлар деганда у яқин келажакда рўй содир этиладиган гуноҳларни кўзда тутмайди. Лекин у юқорида тавсифланган, одамлар мункар тарзда ҳаракат қилишга намойишкорона тайёрланаётган (ёки мажбурий бўлган бирор нарсани бажаришга тайёрланмаган) вазиятни қандай талқин қилади? У қуйидагича жавоб беради: бундай вазиятларда мункар иш бўлиб ўтади. Хусусан, у аёллар ҳаммоми атрофида ўралашиб юриб, у ерга кириб-чиқаётган аёлларни томоша қилаётган ўсмирларни мисол қилиб келтиради. Ғаззолий бундай жойда бўлишнинг ўзиёқ (худди шароб учун идишлар қўйиш, намоз вақти яқинлашганига қарамай таҳорат олмаслик каби) ўз-ўзидан мункар саналади деб ҳисоблайди.
Агар замонга (вақтга) оид шароитлар муаммо туғдирадиган бўлса, маконга оид шароитлар ҳам муаммо бўлишини тахмин қилиш мумкин. Биздан узоқда рўй бераётган мункар ишни худди ёнимизда рўй берганлар каби тақиқлашга мажбурмизми? Ал-Ғаззолий бу саволга ижобий (тасдиқловчи) жавоб беради, лекин яқин жойда рўй берадиган мункар ишни тақиқлаш устувор ҳисобланади деб айтади. Зайдийлар бу масаланинг ечимига ўзига хос тарзда ёндашдилар: масалан, ғоялардан бири шундан иборатки, бурч бир миля доирасида рўй бераётган воқеаларга нисбатан амалга оширилиши лозим. Лекин шунга қарамай, бу масала камдан-кам муҳокама қилинади.
Энди биз наҳйи мункар бурчи нима учун мавжудлигини, уни ким, кимга нисбатан ва нимага нисбатан бажариши лозимлигини биламиз. Лекин уни қандай бажариш керак?
давоми бор...
1-боб
Муаллиф: Майкл Кук
Абу Муслим таржимаси