close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Наҳйи мункар (1)

1988 йил 22 сентябр, пайшанба куни эрта тонгда Чикагодаги кичик темир йўл станциясида бир неча гувоҳлар кўз ўнгида бир аёл зўрланди. Шу ҳафтанинг ўзида, якшанба куни «Нью-Йорк таймс» газетасида кичик бир мақола чоп этилди. Мақола ушбу ҳодисага бағишланган бўлиб, жума куни полиция томонидан берилган баёнотга асосланарди...

 1-боб
КИРИШ

1988 йил 22 сентябр, пайшанба куни эрта тонгда Чикагодаги кичик темир йўл станциясида бир неча гувоҳлар кўз ўнгида бир аёл зўрланди. Шу ҳафтанинг ўзида, якшанба куни «Нью-Йорк таймс» газетасида кичик бир мақола чоп этилди. Мақола ушбу ҳодисага бағишланган бўлиб, жума куни полиция томонидан берилган баёнотга асосланарди. Баён этилишича, рўй берган воқеада энг таъсирли ҳолат шунда эдики, ҳеч ким аёлга ёрдам беришга ҳаракат қилиб ҳам кўрмаган ва унинг ёрдам илинжидаги қичқириқлари эътиборсиз қолган; бунда воқеа энг тиғиз пайтда рўй берганди. Детектив  Дейзи Мартиннинг сўзларига кўра: «Бир неча киши рўй бераётган воқеани кузатиб турган, лекин аёлга ёрдам беришни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган».
«Чикаго трибъюн» якшанба сонида пайдо бўлган батафсилроқ мақола воқеани умуман бошқача тарзда ёритиб берди. Мақолада полиция томонидан шанба куна тақдим этилган маълумотлардан иқтибос келтирилди, лекин гумондор шахсни аниқлаш ва ҳибсга олишда полицияга ёрдам берган олти нафар гувоҳни фуқаролик ҳушёрлиги учун мукофотлаш лозимлиги таъкидланди. Воқеани баён қилишда «Таймс» мақоласида қайд қилинмаган иккита иккита асосий далил алоҳида кўрсатиб ўтилди. Биринчидан, зўрлаш станциянинг фақат чиқиш томонга ишлайдиган турникетлар томонидан тўсиб қўйилган қисмида рўй берган. Иккинчидан, гувоҳлар рўй бераётган воқеани тўғри талқин қила олмаган: зўравон аёлга жилмайишни буюрган ва у шундай қилишга мажбур бўлган. Гарчи, бир томондан, аёл «ёрдам беринг» деб пичирлаган бўлсада, фақат зўравон қочиб кетганидан кейингина қичқиргани маълум қилинган. Ҳар холда, гувоҳлар дастлаб аёл ўз хоҳиши билан жинсий алоқа қиляпти, деб ўйлашган. Бироқ бироздан сўнг гувоҳлардан бири – Рэнди Кайлз исмли йигит – кўз олдида рўй бераётган воқеа ҳақида чуқур хаёлган бориб: «Йўқ, бу барибир ғалати» деб ўйлаган. Нимадир йигитчага нотўғри бўлиб кўринган ва шу сабабли у етиб келган поездга ўтирмаган (платформада турган бошқа одамлар эса, гарчи рўй бераётган воқеани ғалати деб ҳисоблаган бўлсада, барибир поездга ўтириб кетиб қолган). Жабрланувчи аёл уни зўрлашгани ҳақида қичқирган ҳолда зинапоя бўйлаб юқорига югуриб чиқа бошлагач эса, Рэнди Кайлз жиноятчининг ортидан қувиб кетди, патрул машинасининг эътиборини жалб қилди жиноятчини қўлга олишга ёрдам берди. Кейинчалик Рэнди Кайлз ўз ҳаракатларига қуйидагича изоҳ берди: «Мен бу аёлга ёрдам бериш учун нимадир қилишим керак эди. Агар бундай йўл тутмаганимда оддийгина нотўғри бўларди. Ахир унинг ўрнида менинг онам, холам ёки онамнинг дугоналаридан бири ҳам бўлиши мумкин эди-ку».
Ушбу мақолалар бўйича кўриниб турибдики, газеталардан биронтаси Чикагодаги кичик бир темир йўл станциясида рўй берган зўрлаш ўз-ўзидан матбуотда ёритиш учун муносиб деб ҳисобламаган. Журналистлар ва ўқувчиларнинг диққат-эътибори марказидан фақат гувоҳларнинг хулқ-атвори ўрин олган, холос. «Таймс» газетасида детектив Дейзи Мартиннинг жума куни айтган гапларига асосланган мақола одамларнинг реакциясини энг ёқимсиз нуқтаи назардан кўрсатди: гувоҳлар сони кўп бўлганига қарамай, улар лоқайд қараб тураверган ва жиноят содир этилишига имкон беради. Улар шармандаларча йўл тутган ва ўқувчи бундан адолатли равишда қаттиқ ғазабланиши кўзда тутилган. Эҳ, агар биз ўша ерда бўлганимизда эди, умуман бошқача йўл тутган бўлардик! Ёки, ҳар холда, бошқача йўл тутишидан умид қилган бўлардик.
«Трибьюн»да чоп этилган мақолада, аксинча, гувоҳлар ичида камида бир неча киши, жумладан, Рэнди Кайлз ўзини муносиб тутганлиги қайд этилади. Қолганларда эса рўй бераётган воқеага аралашмаслик учун иккита жиддий сабаб бор эди – станция жойлашувининг ўзига хослиги ва аёлнинг, гарчи табиий бўлиб кўринмасада, зўрма-зўраки жилмайиши туфайли рўй ҳамма ишнинг табиий равишда рўй бераётгандан туюлиши кузатилган. Вазият аниқлаштирилгач, Рэнди Кайлз тезда жавоб тариқасида ҳаракат қилди ва қўрқмасдан ўзини мардонавор тутди. У аёлга нима биландир ёрдам бериши кераклигини тушуниб турарди, унинг ўрнида бўлганимизда биз ҳам шундай тушунган бўлардик; умид қиламизки, агар сиз ҳам шу каби вазиятга тушиб қолсангиз, айнан шундай йўл тутган бўлардингиз.
Бу икки мақоланинг, шунингдек, Дейзи Мартин ва Рэнди Кайлзнинг мулоҳазалари асосида рўй берган воқеанинг ахлоқий томони ҳақида якдиллик ва ҳамжиҳатлик ётади. Ҳатто ғирт бегона киши ҳам жамоат жойида аёл кишининг зўрланаётганига индамасдан қараб тура олмайди. У нимадир қилиши ёки бу воқеага аралашмаслик учун жиддий сабабларга эга бўлиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, нафақат ўзимизни қандай тутиш мажбурияти ҳақида, балки бошқаларнинг атрофдагиларга нисбатан номуносиб тутишига йўл қўймаслик ҳақида аниқ тасаввур мавжуд. Гарчи кундалик фойдаланиладиган тилимизда бу мажбуриятни бажариш зарур бўлган вазият ёки уни бажаришдан озод қиладиган ҳолатлар тавсифи каби, ушбу мажбуриятнинг ҳам аниқ бир номи бўлмасада. Бу ҳақиқатдан муҳим тушунча, лекин ғарб маданиятида у аниқ ифодаланмаган ва тизимлаштирилмаган. «Бу оддийгина нотўғри бўлган бўларди», - Кайлз ҳаракатларини шундай изоҳлади; бу «оддийгина» сўзи шундан далолат берадики, агар у ўзининг ҳаракатлари сабабини батафсилроқ тушунтириб беришига тўғри келганида у бошқа ҳеч нарса дея олмаган бўларди. Биз ёки тушунамиз, ёки тушунмаймиз. Аслида эса, албатта, биз буни аниқ тушунамиз ва орамизда айрим кишилар бу ҳақида гапни ўринлатиб маҳмадоналик қилиши мумкин; лекин Европа маданиятида уларнинг ёрдамида бизнинг тушунишимизни вербал шаклга келтириш мумкин бўлган умумэътироф этилган тушунчалар йўқ.
Ислом маданиятида эса ушбу бурча тушунчасининг муайян номи бор ва у асрлар давомида уларнинг илммий ишлари исломий асарларнинг сезиларли қисмини ташкил қилган олимлар томонидан олиб борилган турли таҳлиллар предмети бўлиб келган. Қўлингизда ушлаб турган китобнинг асосий мақсади – ушбу улкан ҳажмдаги материални қисқача ва ўқиш учун қулай бўлган шаклда ўқувчиларга етказиш ҳисобланади. Китобнинг якунловчи қисмида биз ҳали ушбу бурч тушунчасининг ислом маданияти ва европача маданиятдаги қизиқарли қарама-қаршиликлар муаммосига яна қайтамиз.
Мусулмон олимлари назарияларини кўриб чиқишга ўтишдан олдин бир нечта муҳим кириш саволларини аниқлаштириб олишимиз лозим, чунончи: мусулмон олимлари томонидан ушбу мажбуриятни белгилаш учун фойдаланадиган атамалар;  ушбу олимларнинг диний ва мафкуравий нуқтаи назарлари; улар ўз ғояларини баён қилган диний адабиётларнинг асосий жанрлари. Бу масалаларни биз ўзига хос навигация харитаси сифатида кейинги бўлимларда кўриб чиқамиз.

1. Атамалар
«Амри маъруф-наҳйи мункар» ибораси мусулмонларнинг Муқаддас Китоби – Оллоҳ томонидан Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)га (632 йил вафот этган) Жаброил алайҳиссалом орқали туширилган Қуръони Каримга бориб тақалади. Оятлардан бирида Оллоҳ мўминларни бирлашишга чақиради ва уларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилади: “Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир”. (Яъни, умматингиз Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган ва унинг йўлида ҳақиқий биродар бўлган жамоа яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган умматга айлансин. Яҳшиликка чақириб турувчи жамоа бўлмаса, дунёда эзгулик қолмайди. Маъруфга, яъни, фазилат, ҳақиқат, яхшилик ва адолатга буюриб, мункардан, яъни разолат, ботиллик, зулм ва ёмонликдан қайтариб турадиган жамоа бўлмаса, ҳеч бир қавм, ҳеч бир уммат нажот топа олмайди.) (Оли Имрон сураси, 104). Бошқа бир оятга кўра: “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар”. (Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири–бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.) (Оли Имрон сураси, 110). Ва яна: “Аллоҳ мўмин эр ва мўмина аёлларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир”. (Кофир ва мунофиқларни жаҳаннам кутиб турган бўлса, мўмин ва мўминаларни ажойиб жаннатлар кутиб турибди. Кофирлар ва мунофиқлар дўзахда абадий азоб чексалар, мўмин ва мўминалар жаннатда абадий маза қиладилар. Уларнинг доимий истиқомат қиладиган жаннатларида покиза масканлар кутиб турибди. Лекин бу мўмин ва мўминаларга берилган мукофотнинг охирги даражаси эмас. Уларга бериладиган мукофотнинг энг улуғи Аллоҳнинг розилигидир. Бу мукофотнинг олдида жаннатлар ва уларнинг битмас-туганмас неъматлари ҳам ҳеч гап бўлмай қолади.) (Тавба сураси, 71) – бу оят шу билан қизиқарлики, унда аёллар уларнинг ушбу мажбуриятга муносабати нуқтаи назаридан аниқ ёдга олиб ўтилади. Бу мисоллардан ушбу ибора бевосита Қуръонга алоқадор эканлиги кўриниб турибди.
Лекин шунга қарамай, бу ибора уни таърифлаш учун фойдаланиладиган концепция ҳақида худди шу фикрни айта олмаймиз. Биз Қуръонда ёдга олиб ўтилган ибора кейинги авлод мусулмон олимлари унга киритадиган мазмунга аввалбошдан эга бўлган деб қатъий ишонч билан айта олмаймиз. Ушбу иборадан Қуръонда фойдаланиш умумий ва ноаниқ бўлиб, ушбу мажбурият характери ҳақида бирон-бир аниқ ва муайян тасаввур бермайди. Қуръоннинг дастлабки талқинларида дарҳақиқат ушбу мажбуриятни ислом динининг асосий ғояси: «амри маъруф» - ёлғиз Оллоҳга имон келтириш ва Пайғамбар (с.а.в.) вазифалари ҳақиқийлигига ишониш, «наҳйи мункар» эса – ширкни ва Пайғамбар (с.а.в.) вазифалари ҳақиқийлигини инкор қилишни тақиқлаш сифатида кўриб чиқиш тенденцияси мавжуд бўлган. Лекин шунга қарамай, Қуръонда келтирилган ушбу ибора дастлаб қандай тушунилганидан қатъи назар, аксарият ҳолатларда мусулмон анъаналарида ушбу мажбурият айнан биз ҳозирги кунда тушунадиган маънода тушунилган.
Мусулмон олимлар, қоидага кўра, «амри маъруф» ва «наҳйи мункар»ни бир бутун деб қабул қилиб, иборадан Қуръондаги фойдаланишга риоя қилган. Улар баъзида «амри маъруф» ва «наҳйи мункар» ўртасида чегара ўтказган, лекин бу нозик жиҳатларни четга чиқариб қўйишимиз мумкин.  Бизнинг мақсадимиз доирасида ушбу икки тушунча танганинг икки томони ҳисобланади ва қулайлик юзага келтириш мақсадида кўпчилик ҳолларда бу тўлиқ иборани «наҳйи мункар»гача қисқартиришимиз мумкин.
Қуръон билан бир қаторда ислом динида бошқа бир кўп сонли асосий материаллар тўплами мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми ҳужжат  мақомига эга – бу ҳадислардир. Ислом тарихининг дастлабки даврларида айрим ҳадислар оғзаки тарқатилган, лекин бир неча асрлар мобайнида улар ёзиб борилган ва кўп жилдли тўпламларга йиғилган. Суннийларга келадиган бўлсак, мусулмон олимлар Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақида саҳиҳ хабарлар деб ҳисоблайдиган ҳадислар уларнинг мақоми амалда Қуръон каримдан сўнг асосий манба ҳисобланади. «Наҳйи мункар» мавзусига алоқадор кўп сонли ҳадислар мавжуд бўлиб, уларнинг моҳияти кўпинча диндорларни ушбу мажбуриятни бажаришга илҳомлантиришдан иборат бўлган. Шундай бўлсада, кейинги даврларда олимларнинг баҳс-мунозараларида энг кўп ёдга олинадиган ҳадис, ҳар ҳолда суннийларда, бироз бошқача шаклга эга эди. «Наҳйи мункар» ҳақида бошқа кўплаб ҳадислар билан боғлиқ ҳолатдаги каби, ушбу ҳадисни тарқатувчилар келиб чиқиши асосан Ироқнинг Куфа шаҳридан бўлганлигини қайд этиш мумкин.
Ушбу ҳадисга кўра, Мадина ҳокими Марван VII асрнинг 60-70-йилларида байрамлардан бирининг вақтида мажбурий байрам намозини ўтказарди. Бунда у нотўғри деб тан олинган икки ишни қилган: байрам бўлишига қарамай у минбарни олиб чиққан, шунингдек, намоздан олдин хутба ўқиган. Урф-одат бўлган маросимнинг бундай бузилишини кўрган кишилардан бири ўрнидан туриб, деди: «Марван, сен юзага келган одатга (суннатга) қарши чиқяпсан. Байрам куни минбарни олиб чиқдинг, ваҳоланки шу кунгача бундай ҳолат кузатилмаган; боз устига, сен намоздан олдин хутба қила бошладинг!». Шунда Пайғамбар (с.а.в.) саҳобаларидан бири бу киши ўз бурчини бажарганлигини айтди ва Пайғамбарнинг (с.а.в.) ўз қулоқлари билан эшитган қуйидаги сўзларини келтирди: «Агар кимдир мункар нарсани кўрса ва уни тузатишга қодир бўлса (ан йуғаййираҳу), шундай қилсин; агар бу ишни қила олмаса, ўз тили (яъни сўзи) билан қилсин [қораласин]; агар бунинг имкони бўлмаса – ўз қалбида қораласин, бу кишининг имонли бўлиб қолавериш учун қилиши мумкин бўлган ишнинг энг кичик қисмидир».
Ушбу ҳадис мисолида шуни тушунишимиз мумкинки, мункар нарса тузатилиши лозим. Бу ерда шунингдек, имонли киши ўз бурчини ижро этиши мумкин бўлган усуллар ҳам кўрсатилади. Кейинги боблардан бирида биз ушбу «уч усул»га ҳали қайтамиз. Пайғамбарнинг (с.а.в.) сўзлари мункар нарсани «тақиқлаш» ҳақида эмас, балки уни «тузатиш» ҳақида боради – дастлабки мазмуни «ўзгартириш» бўлган феъл (ғаййара) фойдаланилади. Бундан олимлар  «мункар нарсани тузатиш» (тағйир ал-мункар) ифодасини чиқаради – эҳтимол, бундай ифода суннийлар нақлларига бориб тақалиши сабабли, у шиалар томонидан камдан-кам қўлланади. Турли ифодаларга қарамай, олимлар «мункар нарсани тақиқлаш» ва «мункар нарсани тузатиш» маъноси бир хил тушунча эканлиги борасида якдил фикр билдирдилар. Биз ҳам шунга амал қиламиз.
Бурчни таърифлашнинг бу иккала усули ислом тарихининг илк даврларига алоқадор. Кейинроқ берилган яна битта, яъни учинчи таъриф ҳам мавжуд бўлиб, у асосан Ғаззолийнинг ихтироси ҳисобланади. Фақиҳ Мавардий (1058 йид вафот этган) қолдирган ўзидан кейин содир бўладиган худди шу турдаги воқеаларга намуна, ўрнак бўла оладиган ҳодисага (прецендент) таянган ҳолда, Ғаззолий «наҳйи мункар»ни таърифлаш учун умумлаштирувчи атама сифатида ҳисба сўзидан фойдаланган. Кейинчалик у мазкур сўз ўзагига (х-с-б) асосланадиган атамаларни ишлаб чиқди. Масалан, мункар нарсани тақиқловчи бу – «ҳисба қўллайдиган шахс» (ал-мухтасиб), мункар нарсани бажарган шахс бу – «ҳисба унга нисбатан қўлланадиган шахс» (ал-мухтасаб алайҳи), мункар ҳаракатнинг ўзи эса – «ҳисба унга нисбатан қўлланадиган нарса» (ал-мухтасаб фи-хи).
Абу Хамид Ғаззолий жуда обрўли ва таниқли мутафаккир бўлганлиги сабабли ушбу атамалар ундан кейинги даврда яшаб ўтган мусулмон олимларнинг асарларида жуда кўп учрайди. Бироқ ушбу атамалар тизимли характерга эга бўлишига қарамай, у барибир жиддий чалкашликларга олиб келарди. Ғаззолий яшаган даврдан анча олдин ҳисба сўзи билан «цензор» (мухтасиб) деб аташ мумкин бўлган амалдор лавозимига айтилган, унинг мажбуриятлари ўз тасарруфида бўлган шаҳар аҳлининг маънавий негизларини (хусусан, бозорлардаги фаолиятни) кузатиб боришдан иборат бўлган. Бу шунингдек, алоҳида олинган мусулмон кишининг мажбуриятларидан фарқ қиладиган, ушбу китоб тадқиқотининг предмети бўлган «амри маъруф» шакли бўлган.

2. Диний ва мафкуравий нуқтаи назарлар
Ислом дини, худди бошқа динлар каби, нисбатан бир тахлитдадир. Лекин шунга қарамай, мусулмонлар жамияти у ёки бу даражада чуқур ички ихтилофлар таъсири остида шаклланган бўлиб, уларнинг натижасида мусулмонлар бир-биридан у ёки бу даражада фарқ қиладиган жамоаларга бўлинди. Бу жамоалар биз учун қизиқиш уйғотади, чунки улар наҳйи мункар ҳақида таълимот уларнинг доирасида ишлаб чиқилган ва муҳокама қилинган интеллектуал гуруҳлар ҳисобланади. Албатта, у ёки бу жамоанинг қарашлари ёки улар ҳақида бирон-бир ёзма шаклдаги мерос қолмаган бўлса, биз бу ҳақида кўп нарса била олмаймиз; шу сабабли, қоидага кўра, ислом тарихининг у ёки бу даврида ўз мавжудлигини тўхтатган жамоалар вакилларининг дунёқарашларига мурожаат қиламиз.
Мусулмонларнинг шиалар, ҳаворижлар ва суннийларга бўлинишига олиб келган ихтилоф энг биринчи ва энг жиддий ихтилоф саналади. Ушбу оқимлар келиб чиқишининг сабаби VII асрда юзага келган диний-сиёсий вазият ҳисобланади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан кейин мусулмонларнинг қонуний бошлиғи бўлиши мумкин бўлган савол энг муҳим савол эди. Шиалар ҳам, ҳаворижлар ҳам келгусида кўп сонли майда жамоаларга бўлиниб кетди. Шиалар томонидан ушбу китобда икки жамоа: бугунги кунда Эронда ва бошқа мамлакатларда шиаларнинг кўпчилигини ташкил қиладиган имомийлар ҳамда Шимолий Яманда сақланиб қолган зайдийлар муҳим роль ўйнайди. Ҳаворижлар оқимларининг ҳозирги кунда фақат битта гуруҳ, яъни ибодийлар сақланиб қолган. Узоқ вақт давомида уларнинг жамоалари икки минтақада яшаб келган: Арабистон ярим оролида (Уммон аҳолисининг катта қисмини ташкил қилади) ва Шимолий Африкада (Жазоир, Тунис ва Ливанда диний озчиликни ташкил қилади). Ҳар бир жамоада имомлар, яъни уларнинг қонуний ҳуқуқга эгалиги тан олинган етакчилар ҳокимиятининг мерос бўлиб қолиши (изчиллиги) ўринга эга бўлган. Зайдийлар ва ибодийлар имомларидан фарқли равишда, имомийларнинг етакчилари тез орада реал сиёсий ҳокимиятни қўлдан чиқаради. Ҳар бир гуруҳ ҳадислардан иборат ўзига хос меросига эга бўлиб, бу айниқса, имомийларда яққол намоён бўларди. Улар, шунингдек, бир-бирини динсиз деб аташга ҳам мойил эдилар (баъзи бир қўшимча шартлар билан); ҳақиқатни бошқалар бўлин бўлишиш мумкин эмасди ва фақат битта гуруҳгина унга эга бўлиши мумкин эди. Охирги пайтларда зайдийлар ва ибодийлар орасида суннийлар кўпчилиги билан яқинлашиш тенденцияси кузатилмоқда, имомийлар эса аввалгидек, ўзларича алоҳида бўлиб қолмоқда.
Кейинчалик суннийлар орасида ҳам у қадар жиддий бўлмаган бўлиниш рўй берди, бунинг натижасида тўртта диний-ҳуқуқий мактаб: ханафийлар, маликийлар, шофийлар ва ҳанбалийлар пайдо бўлди. шариат соҳасида ўзаро рақобат қиладиган бу мактаблар VIII ва IX асрларда яшаб ўтган асосчилар: Абу Ҳанифа (767 йил вафот этган),  Малик ибн Анас (795 йил вафот этган), Шофеий (820 йил вафот этган) ва Аҳмад ибн Ҳанбалга (855 йил вафот этган) бориб тақалади. Бу диний-ҳуқуқий мактаблар қатор ҳуқуқий масалалар бўйича турли қарашларга эга, лекин бу тафовутларни улар қонуний деб ҳисоблашга мойиллик билдиради; рақобатлашувчи мактаблар олимлари бир-бирини динсиз деб ҳисобламаган, ёки, ҳар ҳолда, бундай фикрлар фақат ҳуқуқий далилларга асосланган. Бора-бора сунний мазҳабидаги мусулмонлар учун бу тўрт мазҳабдан бирига мансублик табиий ҳисоблана бошлади; масалан, юқорида айтиб ўтлиган Маварди ва Ғаззолий шофеийлардан бўлган. Бироқ кўплаб дастлабки сунний олимлар, шунингдек, кейинги даврдаги айрим олимлар бу мактабларнинг биронтасига мансуб бўлмаган. Мисол тариқасида ажойиб ва бетакрор мутафаккир Ибн Хазмни (1064 йил вафот этган) келтириб ўтиш мумкин. Ушбу диний-ҳуқуқий йўналишлар муҳим интеллектуал, шунингдек, ижтимоий гуруҳлар (жамоалар) бўлган ва шу тарзда бизнинг китобимизда ҳам муҳим роль ўйнайди; бугунги оламда эса улар камроҳ аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Суннийларга мансуб бўлмаган турли жамоалар ҳам ўз диний-ҳуқуқий мактабига эга бўлган, бироқ уларни алоҳида ажратиб кўрсатишдан маъно йўқ, чунки бундай мактабларга хос бўлган қарашлар кўпинча (гарчи ҳар доим бўлмасада) улар ушбу жамоалар доирасида мавжуд бўлиб келган ёки ҳозирда мавжуд бўлган жамоалар қарашларига мос келади.
Учинчи бўлиниш турли хил диний (теологик) мактабларнинг йўналишлари бўйича бўлиб ўтган. Шу нуқтаи назардан «диний (теологик)» сўзи жуда кенг маънода фойдаланилади, лекин у диний сиёсат ва ҳуқуқни ўз ичига олмайди. Мусулмонлар диний масалаларда расмий мантиқ асосидаги тизимли (мунтазам, муттасил) мулоҳазаларга риоя қиладиганлар ҳамда уларни инкор қилиб, Қуръон ва ҳадисни асос қилиб оладиганларга бўлинган. IX асрга келиб, тизимли (мунтазам, муттасил) мулоҳазалар тарафдорлари кўп сонли мактабларга бўлиниб кетди, уларнинг орасида мутазилийлар биз учун алоҳида қизиқиш уйғотади. Улар алоҳида оқим сифатида сақланиб қолмаган, лекин айрим вакилларнинг асарлари ва назариялар юқорида айтиб ўтилган ҳуқуқий мактаблар ва жамоалар томонидан ўрганилган ва авлодларга етказилган. Ушбу жараёнда шиа мазҳаби йўналишлари асосий роль ўйнаган. Гарчи имомий бўлмаганлар томонидан ёзилган мутазилийлар асарларини сақлаб қолмаган бўсада, имомийлар мутазилийларнинг кўплаб қарашларини ўрганиб олган. Мутазилийлар ғояларини ўзлаштириб олган зайдийлар шиа-мутазилий Абдулжаббор ибн Аҳмад ал-Хамазоний (1025 йил вафот этган) томонидан ёзилган асарларнинг катта қисмини сақлаб қолганлар. Суннийларда мутазилийлар ғоялари кўпроқ ҳанафийлар орасида сақланган, лекин ҳатто уларда ҳам мутазилийларнинг кўп миқдордаги асарлари сақланиб қолмаган. Мутазилийлардан ташқари биз тарих саҳнасида маълум муддат кейинроқ пайдо бўлган яна иккита диний мактаб ҳақида гапириб ўтамиз. Улардан биринчиси – ашъарийлик шофийлар ва моликийлар диний-ҳуқуқий мактаблари билан чамбарчас боғлиқ бўлган; иккинчи мактаб – мотуридийлик ҳанафийлар орасида кенг тарқалган. Расмий мантиқ асосидаги тизимли (мунтазам, муттасил) мулоҳазаларга қарши бўлганлар – анъанавийлик тарафдорлари ҳам бўлган. Ушбу йўналиш тарафдорларини турли мактаблар вакиллари орасида учратиш мумкин, лекин уларнинг асосий таянчи ҳанбалийлар диний-ҳуқуқий мактаби бўлган. Бир томондан, диний қарама-қаршиликлар ҳуқуқий қарама-қаршиликлардан кўра чуқурроқ: худди диний сиёсатда бўлгани каби, илоҳиятда (диншуносликда) ҳам ҳақиқат фақат битта гуруҳда бўлиши мумкин бўлган ва ўртасида келишмовчиликлар бўлганлар бир-бирини динсиз деб айтишга мойил бўлган. Бошқа томондан эса, у ёки бу диний мактабга мансублик тамойили бўйича бўлиниш у қадар чуқур бўлмаган: диний тафовутлар узоқ муддатли ижтимоий жамиятлар (гуруҳлар) шакллантириш учун асос таклиф қилмаган, балки, аксинча, уларнинг янада парчаланиши учун қўшимча омил бўлиб хизмат қилган.
Улкан тарихий аҳамиятга эга бўлган тўртинчи турдаги бўлиниш бу – асрлар давомида кузатиб келинган кўп сонли сўфий тариқатлар ўртасидаги тафовутлардир. Шунга қарамай, бу тариқатлар ушбу китобда сезиларли роль ўйнамайди. Вақти-вақти билан биз сўфийлик меросининг тегишли жиҳатларига, шунингдек, сўфийлар ва уларнинг мухолифлари ўртасида ихтилофлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

3. Манбалар
Ислом дини адабиётлари кенг кўламли ва хилма-хил бўлиб, «наҳйи мункар»га алоқадор ҳаволалар турли манбалардан чиқиб келади. Лекин шунга қарамай, ушбу бурч ҳақидаги энг муҳим фикр-мулоҳазалар қоидага кўра, чекланган сондаги жанрларга мансуб асарларда мужассам топган.
Биз аллақачон ишонч ҳосил қилганимиздек, Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам ушбу масалага алоқадор бўлган етарли миқдордаги материаллар топиш мумкин. Анъанавий олимлик устунлик қиладиган маданиятларда муқаддас матнларни чуқур шарҳлашга интилиш тенденцияси кузатилади ва мусулмон олимлари ҳам бу ерда исстасно эмас. Қуръони карим мусулмонлар учун энг қимматли муқаддас матн (Китоб) эканлиги сабабли у бошқа матнларга қараганда тез-тез шарҳ қилинганлиги ажабланарли эмас; Қуръонни шарҳлаш ва тафсир қилиш VIII асрда бошланган ва ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. «Наҳйи мункар» билан боғлиқ оятларга шарҳлар – бизнинг тадқиқотимиз учун олтинга тенг манбадир. Ҳадислар тўпламларига ҳам шундай шарҳлар мавжуд бўлиб, биз учун уларнинг орасида энг муҳими Муслим (875 йил вафот этган) тўплами ҳисобланади; лекин умуман олганда, ҳодисларга берилган шарҳлар Қуръон шарҳлари каби фикрлаш учун кўп озуқа бермайди.
Кенг кўламдаги ислом адабиёти – мусулмонларнинг диний мажбуриятларига бевосита алоқадор бўлган тизимлаштирилган ва муфассал материалнинг энг аниқ ва очиқ-ошкора манбасидир. Илоҳий қонунни ўрганиш мусуломон олимларнинг асосий машғулоти бўлган ва ҳуқуқий қўлланмаларда гапириб ўтилган ҳар қандай савол, шак-шубҳасиз, асрлар давомида бутун мусулмон оламида турли асарларда кўриб чиқилган. Шунга қарамай, сунний диний-ҳуқуқий мактаблар вакиллари ўз ҳуқуқий асарларида «наҳйи мункар» тушунчасини тизимли равишда ишлаб чиқмаган, шу сабабли биз ушбу масала бўйича фақат тасодифий ва иккинчи даражали қайдларни топишимиз мумкин. Бошқа оқимларга мансуб олимлар – имомийлар, зайдийлар, ибодийлар (ҳар ҳолда, шарқий ибодийлар) – суннийлар ортидан эргашмади ва уларнинг ҳуқуқий асарларида наҳйи мункар мавзуси мунтазам равишда зикр қилинади. Имомийларга нисбатан шуни айтиш мумкинки, бундай материал миқдори уларда жуда катта. Бу имомийлар тарих давомида эришган муваффақиятларни қисман акс эттиради – ушбу оқим тарафдорлари зайдийлар ва ибодийлардан кўра тобора кўпайиб бораверган ва улар кўп сонли олимларни қўллаб-қувватлай олган. Бошқа томондан, бу Эронда ислом инқилоби имомийлар қўлёзмаларини чоп этиш ишига туртки берганлигидан далолат беради; секуляристлар уларнинг аксариятини токчада чанг босиб ётган ҳолда қолдирган бўларди.
«Наҳйи мункар» тушунчаси шарҳларини топиш мумкин бўлган бошқа асарлар тури – илоҳиёт бўйича қўлланмалардир. Бу айниқса, мутазилийлар ва уларнинг ворислари – зайдийлар ва имомийларга тааллуқли. Мутазилийлар ҳақиқатда ушбу бурчни мунтазам таҳлил қилиш учун энг нуфузли мусулмон анъаналарига асос солдилар. Ашъарийларда эса, аксинча, гарчи бу мажбуриятга оид фикр-мулоҳазалар вақти-вақти билан уларнинг диний асарларида учраб турсада, бундай анъана йўқ эди. Худди шу фикрни, бу жанрни кейинроқ ўзлаштириб олганлигига қарамай,  ҳанбалийларга нисбатан ҳам билдириш мумкин. Мотуридийларда бу жанр билан боғлиқ қийинчиликлар йўқ эди, лекин улар, қоидага кўра, наҳйи мункар муаммосини муҳокама қилмаган.
Наҳйи мункар ҳақида диний мулоҳазалар кўпинча мавҳумликларга бориб тақалади; баъзида диний-ҳуқуқий масалалар бўйича қарорлар тўпламларида (фатво) аниқроқ ва серқирра маълумотлар топиш мумкин бўлган. Бундай тўпламларда нуфузли олимлар, қоидага кўра, оддий диндорлар томонидан бериладиган саволларга аниқ жавоблар беради, бунда ушбу саволлар у ёки бу савол юзага келган ҳолатни батафсил тавсифлаб бериши мумкин. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг IX асрда Бағдодда ҳанбалийлар ҳаёти шароитларини акс эттирадиган наҳйи мункар бўйича фатволар кенг тўплами сақланиб қолган; XX аср охирларида Эрон ҳаёти оятулла Хумайний (1989 йил вафот этган) фатволарида ўз аксини топган.
Баъзида олимлар наҳйи мункар мавзусига бутун бошли монографиялар бағишлаган. Масалан, Зайниддин Солиҳий (1452 йил вафот этган) – дамашқлик ҳанбалий, сўфий, ушбу мавзуга доир катта ҳажмдаги компилятив (бошқаларнинг асарларидан улаб-қураб ёзилган, қурама) асар қолдирган бўлиб, бу билан у, хусусан, наҳйи мункар бурчини бажариш усуллари қаторига ўзининг муносиб сўфийлик ҳиссасини қўшган. Лекин шунга қарамай, ушбу жанрдаги бошқа асарлар билан таққослаганда, Солиҳийнинг асари унинг ўз ғояларидан кўра кўпроқ асосан ундан олдинги манбалардан олинган кўчирмалар билан қизиқарли. Бизнинг замонимизда наҳйи мункар масаласига бағишланган монография ишлари суннийлар орасида ҳам, шиа-имомийлар орасида ҳам тез-тез учрайдиган ҳодисага айланган. Ушбу мавзуга доир замонавий асарлар кўпинча муаллифлар наҳйи мункар анъанасини ҳозирги шароитлар билан таққослашга ҳаракат қилиши билан қизиқарли бўлади.
Агар наҳйи мункарга бағишланган, умумий вазиятда бошқалардан ажралиб турадиган ягона асар мавжуд бўлса, демак бу Ғаззолийнинг асаридир. Ушбу асар муфассал «тақводорлик анатомияси» бир қисми бўлиб, унга муаллиф томонидан камтарликдан йироқ бўлсада, машҳур ном берилган - «Имон ҳақида илмларнинг қайта тирилиши» (Ихйа’ 'улум ад-дин). Бу китобда наҳйи мункар муаммосига у мазкур масала билан шуғулланган ўтмишдошларидан кўра кўпроқ эътибор қаратган. Ушбу асарни бошқа кўплаб асарлар орасида муаллиф томонидан амалга оширилган таҳлил чуқурлиги ҳам ажратиб туради. Ғаззолийнинг асари – материални самарали ташкил қилиш иқтидорига ажойиб мисол бўлиб, буни кейинги авлодлар ҳам ошкора тан олган. Асар, шунингдек, янги ғоялар, ўткир мулоҳазаларга эга ва шу билан бирга, батафсил маълумотларга бойдир. Ушбу асар, хусусан, унда «наҳйи мункар» тушунчасининг талқин қилиниши мусулмон оламида кенг тарқалганлигига ҳайратланмаса ҳам бўлади. Ғаззолий яшаб ижод қилган муҳитдан фарқ қиладиган муҳитга мослаштириш мақсадида ёзилган Ихйа' 'улум ад-дин вариантининг пайдо бўлиши бунга далолат бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бундай таҳрир ва ифодалар моликийлар, ҳанбалийлар, ханафийлар, ибодийлар, имомийлар ва зайдийлар орасида кенг тарқалганди; ҳатто Суриялик насроний-монофизитлар ҳам ўз вариантига эга эди. Шу билан бир пайтда наҳйи мункар масаласи билан шуғулланган кўплаб муаллифлар Ғаззолий таълимотидан ғоялар оларди. Бунинг натижасида Ғаззолийнинг наҳйи мункар ҳақида таълимоти кенг тарқалди. Шунга қарамасдан, у ёки бу сабабларга кўра унинг таълимоти маълум бир томонлари уни ўз шартларига мослаштириб олган ёки ундан у ёки бу таркибий қисмларни ўзлаштириб олган шахслар томонидан рад этишга олиб келди; бу олимларнинг танқидий фикрларини таҳлил қилиш уларнинг айрим нозик масалаларга бўлган муносабатини ёритиб бериши мумкин.
Бу манбаларнинг барчаси мусулмон олимлари орасида тарқалган наҳйи мункар назариясини ҳужжатлаштиради. Ушбу бурчни кундалик ҳаётда бажариш билан боғлиқ биз олишимиз мумкин бўлган ахборот тасодифий ва тенг баҳоли эмасдир; бу борада фатволарда илоҳиётшунослик бўйича қўлланмаларга қараганда анча кўпроқ материаллар мавжудлиги равшандир. Юқорида баён қилинган жанрларга қўшимча равишда биз мусулмон олимлари ўзларидан кейин қолдирган тарихий ва биографик адабиётлар кенг тўпламига мурожаат қилишимиз мумкин. Биографик асарларнинг камчилиги шундаки, бизни қизиқтираётган бурч ҳақида ахборот уларда тартибсиз равишда келтирилган. Уларнинг афзаллиги эса бу турдаги асарларда расмий расмий догматик кўрсатмалар йўқлигидадир – лекин бундай кўрсатмалардан умуман холи эмас, албатта. Бундай материал ушбу бурчни бажариш амалиётини қайта тиклаш учун манба сифатида идеал эмас, лекин у – янги ва энг янги даврдан олдинги даврларга алоқадор бўлган бисотимиздаги энг яхши манба ҳисобланади.
Энди мусулмон олимлари томонидан ишлаб чиқилган наҳйи мункар ҳақидаги таълимотлар билан танишишга киришиш мумкин.

давоми бор... (инша Аллоҳ)

Муаллиф: Майкл Кук
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase