616. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоятп қилинади:
“Кўзи ожизларингиз муаззин бўлиши яхши эмас”. Ровий айтади: “Менимча, “Қориларинг ҳам”, деди”.
Имом Табароний “Кабир”да келтирган, ровийлари ишончли (“Мажмауз завоид”).
617. Икримадан, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар учун яхшиларингиз азон айтсин ва қориларингиз имом бўлсин”, дедилар”.
Абу Довуд ривоят қилган ва у ҳакда сукут саклаган. Санадида Ҳусайн ибн Исо бор, у ҳакда баъзи гаплар айтилган. Ибн Ҳиббон “Сиқот”да келтирган. “Таҳзибут Таҳзиб”да шундай келган.
618. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Аёллар учун азон ҳам, иқомат ҳам йўқ”.
Имом Байҳақий саҳиҳ санад билан ривоят қилган (“Талхисул ҳабир”).
619. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Тонг отгач, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим ва кўрган тушимни хабар бердим. Шунда у зот: “Албатта, у ҳақ тушдир, иншааллоҳ. Билол билан туриб, унга кўрган нарсангни ўргат, азон айтсин. Чунки унинг сендан овози баландроқдир ”, дедилар".
Абу Довуд ривояти. Ибн Хузайма: “Бу ҳадис саҳиҳ собитдир”, деган (“Авнул маъбуд”).
Муаззиннинг сифатлари бобига шарҳ
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан...” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Муаллиф айтади: “Бу ҳадис муаззин одамлар кўзи олдида ҳурматли ва омонатдор киши бўлиши, разил бўлмаслигига далолат қилиши равшан. “Фатавои Ҳиндия”да: “Муаззин сервикор, одамларнинг ҳолатини назорат қиладиган ва жамоатдан қолганларга чора кўрадиган бўлиши лозим”, дейилган.
Катта фойда
“Мажмауз завоид”да: “Утба ибн Абд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Халифалик Қурайшда, ҳукм ансорларда ва чақириқ (азон) ҳабашларда ”, дедилар. Имом Аҳмад ривояти, ровийлари ишончли. Азизий айтишича, Шайх: “Ҳадис ҳасан, деган”.
“Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан... ” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Бу ҳадиснинг муаззин кўзи очиқ бўлиши кераклигига далолати равшан. Аммо имом Бухорий марфу ҳолда ривоят қилган ҳадисда: “Билол розияллоҳу анҳу кечаси азон айтади, то Ибн Умму Мактум азон айтгунча еб-ичаверинглар”. У кўзи ожиз киши эди, то унга тонг отди, дейилмагунича азон айтмас эди”. Бу эса Бухорийнинг (“Кўзи ожизга хабар берадиган киши бўлса, азон айтиши” бобида) қайдлаган шартга йўйилади. “Фатҳул Борий”да: “Зеро, (тонг) вақти кўз билан кўришга боғлиқ бўлади”, деган. “Оламгирия”да: “Қачонки, кўзи ожиз билан бирга унга (намознинг) вақтни айтиб турадиган киши бўлса, унинг (кўзи ожизнинг) азон айтиши билан кўзи очиқнинг азон айтиши баробар саналади. “Ниҳоя”да ҳам шундай”, дейилган.
“Икрима роҳимаҳуллоҳдан... ” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Бу ҳадис муаззин одил бўлиши, фосик саналмаслиги вожиб эканига далолат қилиши маълум. Чунки (бу ердаги) буйрук вожиб учун. “Дуррул мухтор”да: “Гарчи олим бўлсада, фосиқнинг азон айтиши макрухдир”, дейилган. “Раддул муҳтор”да: “Жунубнинг азони....” деган сўзига Қоҳистоний қўшимча қилиб: “Фожир, уловга минган, ўтирган, юрган ва қибладан ўгирилган кишининг азони ҳам”, деган. Буларнинг барчасида вожиб бўлишининг сабаби, булар эътиборга олинмаслигидир, мустаҳаб бўлса, эътиборга олинади, бироқ ноқис саналади”, деган. Қоҳистоний айтади: “Мана шу саҳиҳроқ, бу “Темиртоший”да ҳам баён қилинган”.
“Ибн Умар розияллоҳу анҳудан... ” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Муаллиф айтади: “Бу асар азон аёлларга тааллуқли эмаслигига далолат қилади. Муаззин эркак киши бўлиши даркор. Чунки аёллар авратдир, фитна бўлиб колиши туфайли, аёллар овозини баланд қилиши жоиз эмас”. “Ҳидоя”да келади: “Унинг (яъни аёлларнинг азонини қайта айтиш, деган сўзининг) маъноси - суннат кўринишида воқе бўлиши учун қайта айтиш мустаҳаб бўлади” деганидир”. “Мароқил фалоҳ”да: “Аёл кишининг азон айтиши макрухдир. Чунки аёл киши овозини паст қилса, бошқаларга эшиттиришга халал етади, овозини кўтарса, гуноҳ иш қилган бўлади, чунки овози ҳам авратдир”, дейилган. Имом Таҳтовий айтади: “Сирож”да келади: “Агар аёл кишининг азонини қайта айтмасалар, гўёки азонсиз намоз ўқиган бўладилар. “Баҳрур роиқ” ва “Наҳр”да ҳам шу гапга жазм қилганлар ва бу (аёлнинг азони) саҳиҳ эмаслигини ифода қилади”, деган.
“Талхисул ҳабир”да: “Ушбу бобдаги асарга зид келадиган ҳадислар бор, деб Оиша розияллоҳу анҳодан: “У (Оиша) азон ва иқомат айтар эди” ҳадисини келтирган. Ҳоким ривояти, Байҳақий: “Аёллар ўртада (туриб) имомлик қилади” лафзини зиёда қилган. Асарнинг кўринишидан бу Ҳокимнинг “Мустадрак”идан келтирилган (“Тахрижи Зайлаий”да: “Лайсдан, у Атодан ривоят килади: “Оиша розияллоҳу анҳо азон ва иқомат айтарди ва аёлларга имомлик қилар ва уларнинг ўртасида турарди”. Ҳоким “Мустадрак”да келтирган. “Дироя”да: “Санадида Лайс ибн Абу Салим бор, у заиф. Лекин унга Ибн Абу Шайбада Ибн Абу Лайло мувофиқ келган”, деган.).
Ҳокимнинг “Мустадрак”идаги ҳадислар ва ундаги барча ривоятлар саҳиҳ, фақат кейинчалик аниқланиб эътироз билдирилган баъзилари бундан мустасно (“Канзул уммол”). “Талхис”нинг муаллифи (“Азон” боби. “Қиблага юзланиш” бобидан олдинроқда) бу асар ҳақида эътироз билдирмаган. Ҳолбуки, у кўпинча унга (Ҳокимга) эътироз билдирган. Чунки санаднинг зоҳиридан уни ҳужжат қилса бўлади. Мен “Мустадрак”ни ўқиб чикдим ва унда ушбу асарни топдим, Ҳоким унинг санади ҳақида сукут қилган. Имом Заҳабий: “Лекин бу асарда Лайс ибн Абу Сулайм бор ва у заифдир”, деган.
Ушбу сўзга куйидагича жавоб берилади: “Албатта, бу борадаги асл Ибн Умарнинг асаридир, у умумий қоида. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (замонларида) аёллар жамоатга ҳозир бўлса ҳам, уларнинг бирортасига азон айтиш буюрилгани собит бўлмаган. Чунки муаззин овозини баралла қўйиши, минора ёки бирор баландрок жойга чиқиши мустаҳаб саналади. Аёл киши эса овозини кўтаришдан қайтарилган. Чунки унинг овози фитнага сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (огоҳлантириш учун) эркакларга тасбеҳ айтишни, аёлларга эса чапак чалишни тайин қилганлар. Шунингдек, аёл киши ўзини халққа билдиришдан ҳам қайтарилган ва уйи ичида ҳижоб ортида сақланишга буюрилган. Шунинг учун унинг азонини қайта айтиш мустаҳаб бўлади. “Ҳидоя”нинг ҳошияси “Ниҳоя”да ҳам шундай баён этилган. Оиша розияллоҳу анҳонинг асари унинг “фақат аёллар ўзлари жамоат бўлиши жоиз”, деган сўзига асосланган. Шунда ким аёллар жамоатини жоиз деса, овозларини баланд кўтармаслик шарти билан, азон ва иқоматини ҳам жоиз, дейди. Ким аёллар жамоатини макруҳ деса, у иккисини ҳам макруҳ, кўради.
Ҳанафийлар аёллар фақат ўзлари жамоат бўлиши макруҳлигига бир нечта ҳадисларни ҳужжат қилганлар, уларни, иншааллоҳ, жамоат бобида зикр этамиз. Улардан бири “Мажмауз завоид”да (Аёлларнинг масжидга чиқиши” боби.) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёллар жамоат бўлишида хайр йўқ, магар масжидда ёки шаҳиднинг жанозасида бўлса, мустасно” (Балки, аёллар шаҳидларнинг жанозасида қатнашишга кўп рағбат қилган, шунинг учун рухсат берган бўлиши мумкин. Улар жанозада эркакларнинг орқасида бўлганлари маълум - Муаллиф), дедилар”. Имом Аҳмад ривояти, Табароний “Авсат”да ривоят қилган, лекин унда: “Аёллар жамоатида хайр йўқ, магар жамоат масжидида бўлса, мустасно”, дейилган.
Шайх Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавийнинг
"Эълоус сунан" китобидан