Бир киши “муҳсан”, яъни, зинокорликдан пок, озод, ақлли, балоғатга етган эркак ёки аёлни очиқ-ойдин зино лафзи билан ҳақоратласа (“зинокорсан”, “зинодан туғилгансан” дейиши каби) ёки “сен ўз отангдан эмассан” деса, шунингдек, “Сен фалончининг ўғли эмассан” деса-ю, ўша фалончи бунинг отаси бўлса (ҳақорат қилинган шахснинг онаси муҳсана бўлган ҳолатда) ҳақорат қилувчи одамга маст қилувчи ичимлик ичувчига урилгандек 80 дарра урилади. Ҳақоратлаган одам ўз айбини тан олгач, иқроридан қайтолмайди.
Вафот этганни зино билан ҳақоратлаган шахснинг устидан вафот этган одамнинг отаси, боласи ва боласининг боласи қозига арз қилишга ҳақлидир. Чунки марҳумнинг шаъни унинг отаси ва болаларининг шаъни ҳисобланади.
Бола онасини зино билан сўккани учун отаси устидан, қул эса хожаси устидан қозига арз қилишга ҳақли эмас.
Ҳақорат қилинган шахс қозига мурожаат қилганидан кейин ҳақорат қилувчини авф этишга, ундан бирор нарса олиш эвазига (сулҳ тузишга) даъвосидан воз кечишга ҳақли эмас. Шунингдек, ҳақорат қилинган шахс қозига мурожаат этганидан сўнг вафот этиб қолса, унинг даъвосини меросхўрлари давом эттира олмайдилар.
Бир одам “эй зинокор” деганда иккинчи одам “ўзинг зинокорсан”, деб жавоб берса, уларнинг ҳар иккиси ҳам дарраланади.
Агар эр хотинига “эй зинокор” деганда, хотин “ўзинг зинокорсан” деса, хотинга дарра урилади ва ўзаро лиъон айтишмайдилар.
Эр ўз хотинига “эй зинокор” деганда, хотин бунга жа-вобан “мен сен билан зино қилганман” деса, дарра ҳам, лиъон ҳам соқит бўлади.
Бир одамнинг оғзидан ароқ ҳиди келгани ёки ақли ўзида эмас даражада маст бўлгани сабабли ушлаб олингач, ўзига келганда маст қилувчи ичимлик ичганига бир марта иқрор бўлса ёки унинг ичганига икки киши гувоҳлик берса, дарра урилади. Дарра ичувчининг кайфи тарқаб, ҳушига келгандан кейин урилади. Бунда маст қилувчи ичимлик шахснинг ўз ихтиёри билан ичилган бўлиши шартдир.
Иқроридан қайтган ичувчига дарра урилмайди. Чунки дарралаш Аллоҳнинг ҳақи бўлгани учун иқрордан қайтиш сабабли уни тўхтатиб қолиш мумкин.
Бир одам анча муддат олдин ўтиб кетган ишга гувоҳлик берса ва шу гувоҳлик сабаб бошқа шахс жазо оладиган бўлса, қаралади: агар гувоҳ ўз гувоҳлигини қозига яқин жойда бўлиб, унга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлсаю ортга суриб келаётган бўлса, бундай гувоҳлик қабул қилинмайди.
Аммо зино билан ҳақоратлаш даъвосидаги гувоҳлик орадан анча муддат ўтган бўлса ҳам, қабул қилинаверади. Чунки даъвогар (ҳақорат қилинган шахс) қозига арз қилмагунича, гувоҳ ўзича келиб гувоҳлик бера олмайди. Балки қанча вақт ўтса ҳам, даъвогарнинг қозига мурожаат қилишини кутади.
Шунингдек, анча муддат олдин қилинган ўғрилик юзасидан гувоҳлик берилса ҳам, бу гувоҳлик қабул этилаверади. Ва ўғри ўғирлаган молини тўлаб беради.
Агар орадан анча муддат ўтгач айбдорнинг ўзи келиб қилган айбини тан олса, масалан, “етти ой олдин зино қилган эдим” деса, жазоси берилади.
“Орадан анча муддат ўтиши” деганда маст қилувчи ичимлик масаласида оғиздан унинг ҳидини ёки кайфининг тарқаб кетиши тушунилади. Ундан бошқа масалаларда эса (зино, ҳақорат, ўғирлик кабиларда) қозининг фикрига кўра белгиланади.
Агар бир эркакнинг зино қилганига тўрт одам гувоҳлик берса ва унинг айби исботланса, гарчи зино қилинган аёл мавжуд бўлмаса ҳам, эркакка жазо берилаверади. Зинокор аёл мавжуд бўлиб, зино қилган эркак мавжуд бўлмаганда ҳам худди шундай қилинади.
Қул ва чўрига ҳур кишига бериладиган жазонинг ярми берилади.
Бир хил иш қайта-қайта қилингани учун (масалан, қайта-қайта зино қилса ёки қайта-қайта ҳақоратласа) бир марта жазо берилади.
Таъзир учун уриладиган дарра қаттиқроқ урилади. Зино учун урилаётгани таъзирникидан пастроқ, ичгани учун урилаётгани зиноникидан пастроқ, зино билан ҳақорат қилгани учун урилаётгани эса ичганникидан пастроқ урилади.
Қул ва чўрини ёки кофирни зино лафзи билан ҳақорат қилганнинг, шунингдек, мусулмон одамни фосиқ, кофир, ўғри ёки ҳезалак каби сўзлар билан ҳақорат қилганнинг ҳам таъзири берилади.
Бир одам шаръий жазо сабабидан вафот этса, товон пули тўланмайди.
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан
Музаффар Комилов, Акмал Мираваз