close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Лиъон ҳақида

Лиъон деб хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинони инкор этган хотиннинг қози олдида бир-бирларини лаънатлашларига айтилади.

Лиъон деб хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинони инкор этган хотиннинг қози олдида бир-бирларини лаънатлашларига айтилади.
Бир киши ўз никоҳидаги покиза хотинини зино-да айбласа, «зинокор» деса ёки шу маънодаги бошқа сўзларни айтса ва уларнинг иккиси ҳам гувоҳлик шартларига жавоб берадиган бўлсалар ёки эр хотини туққан болани инкор қилиб «бола мендан эмас» дейиши ҳам хотинни зинода айблаш ҳисобланади, хотин бу ҳақоратларга лозим бўлган жазо беришни талаб қилса, иккиси қозининг олдида лаънатлашадилар, яъни бир-бирларини лаънатлайдилар. Бу қуйидагича бўлади: эр «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, мен хотинимни «зинокор» деб айблаганимда, рост гапирдим» деб, агар болани инкор этаётган бўлса «болани тан олмаслигимда рост гапирдим» деб тўрт марта айтади. Сўнгра бешинчисида «агар сўзимда ёлғончи бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейди. Сўнг хотин: «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, эрим мени зинода айблашида ёки болани инкор этишида ёлғончидир» деб тўрт марта айтади. Бешинчисида «агар эрим рост гапираётган бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», дейди.
1 . Гувоҳлик шартлари: мусулмонлик, ёмон ишларда айбланган бўлмаслик, озодлик, балоғатга етган бўлиш ва ақлли бўлиш.
Эр тарафидан айтилган лиъон туҳмат учун бериладиган жазонинг, хотин тарафидан айтилган лиъон эса зино учун бериладиган жазо ўрнини босади. Мана шундан кей-ин қози эр билан хотин ораларини ажратиб қўяди ва буни бир боин талоқ деб эътибор қилинади.
Лиъон болани тан олмаслик юзасидан бўлганда, қози эрни боланинг отаси эмас, деб ҳукм қилади. Агар эр лиъондан бош тортса, лиъон айтишгунича ёки ёлғон сўзлаганини тан олгунича қамаб қўйилади. Агар ёлғон сўзлаганини тан олса, саксон дарра урилади. Аммо хотин лиъондан бош тортадиган бўлса, уни ҳам лиъон айтишгунича ёки эрнинг гапини тасдиқлагунича қамаб қўйилади. Агар хотин эрнинг болани тан олиб айтган сўзини тасдиқласа, эр боланинг отаси ҳисобланмайди, аммо хотинга дарра урилмайди.
Агар гувоҳлик шартларига жавоб бермайдиган эр қул, кофир ёки илгари кимнидир зинода айблаб дарраланган одам гувоҳлик шартларига жавоб берадиган хотинини зинода айбласа, ўзаро лаънатлашмайдилар. Балки эр озод инсон бўлса саксон, қул бўлса қирқ дарра урилади.
Агар эр гувоҳлик шартларига жавоб берса-ю, хотин унга жавоб бермаса, чўри, кофир, илгари кимнидир зинода айблаб дарраланган, кичик ёшда, жинни ёки зинокор бўлса, эрга дарра ҳам урилмайди, ўзаро лиъон ҳам айтилмайди. Чунки мазкур сифатлардан бирига эга аёл лиъон айтишга яроқли эмас деб ҳисобланади.
Лиъон айтишганларнинг қайтадан никоҳланишларига ҳар иккиси гувоҳлик бериш шартларига жавоб берган муддатда мутлақо йўл йўқ. Мабодо уларнинг бириёки иккиси ҳам гувоҳлик бериш шартларига яроқли бўлмай қолсалар, қайта никоҳланишлари мумкин. Масалан, юқоридаги ҳолатда эр ўзини ёлғончига чиқарса, бу гувоҳликдан қайтиш ҳисобланади, унга дарра урилади. Бундан кейин ўртадаги лиъон ҳам бекор бўлиб, аёлнинг никоҳи унга ҳалол бўлади. Шунингдек, эр ўзи лиъон айтишган хотинидан бошқа аёлни зинода айблаб, сўнг гапи ёлғонга чиқиб дарра урилгандан кейин лиъонга яроқли эканини йўқотади. Шунинг учун аввал лиъон айтишган хотиннинг никоҳи унга ҳалол бўлиб қолади.
Эр никоҳдан кейин саҳиҳ хилватдан олдин аёл билан лиъон айтишиб ажрашгач, ҳалиги аёл зино қилиб, оилали бўлмагани учун дарраланса, эрга мазкур аёлнинг никоҳи, гарчи у билан лиъон айтишган бўлса ҳам, ҳалол бўлади.
Соқов киши ўз хотинини зинода айбласа ҳамда ҳомиласини инкор қилса, лиъон айтилмайди. Чунки лиъон очиқ-ойдин сўзлар билан бўлади. Қолаверса, зинодан бо-шқа сабаб туфайли ҳам ҳомила пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун бу ҳолатда лиъон амалга оширилмайди.
Эр хотинига «сен зино қилдинг ва бу ҳомила ўшандан» деса, лиъон айтишади, бироқ эр ҳомиланинг отаси ҳисобланаверади. Бу ерда «зино» сўзини очиқ айтгани учун лиъон айтишга асос топилди. Ҳомиланинг тан олинмаслиги эса лиъоннинг ҳомилани рад этгани учун эмас, балки «зино» сўзи учун бўлгани сабаблидир.
Болани «мендан эмас» деб айтишнинг ҳам чегараланган вақти бор. Болани туғишга тайёргарлик пайтида керакли анжомларни сотиб олаётганда ёки туғилганидан кейин одамлар табриклаётганда тан олмаса, бу инкор инобатга олинади. Аммо мазкур вақтларда индамай туриб, кейин тан олмаса, инкори ҳисобга ўтмайди. Аммо зинода айблаш борлиги учун, ҳар икки ҳолатда ҳам лиъон айтилади.
Эр эгизакларнинг аввалгисини тан олмай, кейингисини тан олса, унга дарра урилади. Чунки бу ўзини ўзи ёлғончи қилишдир. Аввалгисини тан олиб, кейингисини инкор қилса, ўзаро лиъон айтилади. Чунки бунда зинода айблаш маъноси бор.
Юқоридаги ҳар икки ҳолатда ҳам эр болаларнинг отаси ҳисобланади. Чунки эгизаклардан бирини тан олиш иккинчисини ҳам тан олишни билдиради.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Риё савобни йўқ қилади Ислом ва имон »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase