Шаръий истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай, уялмасдан очиқ-ойдин қиладиган одамга фосиқ дейилади.
Одатда, фосиқ деб гуноҳ ишларни қилган мусулмонларга айтилади. Фисқ сўзи, уламолар истилоҳида, гуноҳи кабира қилиб ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиб, Аллоҳнинг наҳий қилган нарсаларидан чиқишдир.
Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ароқни кўп ичадиганларга салом берманглар».
Шарҳ: Ароқхўрлик кабийра – катта гуноҳлардан бўлганидан бу ишни қилган одам фосиқ бўлиши турган гап. Фосиқ одамнинг ҳурмати йўқлигидан унга салом берилмайди.
Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Сен билан фосиқнинг ўртасида ҳурмат йўқ».
Шарҳ: Шунинг учун унга салом берилмайди.
Абу Рузайқдан ривоят қилинади:
«Али ибн Абдуллоҳ Асбарнжни ёқтирмас ва:
«Уни ўйнаб ўтирганларга салом берманглар. У қимордир», дер эди».
Шарҳ: Асбарнж шатранжнинг форсча талаффузидир.
Жумҳури уламолар фосиқ ва бидъатчига салом берилмаслигига иттифоқ қилганлар.
Имом Нававий айтади: «Агар салом беришга мажбур бўлиб қолса, агар салом бермаса, дийн ва дунёда бузуқлик келиб чиқишидан қўрқса салом беради».
Ибн Арабий: «Ас-Салом Аллоҳнинг исмларидан бири эканни ният қилади. Худди Ас-Салом исмли Аллоҳ таоло сизларни устингиздан кузатиб турибди дегандек бўлади».
Ал-Адаб ал-Муфрад, Бухорий
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф