close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом аниқлик дини, гумон дини эмас

Илм доимо мавҳум нарсани аниқ деб айтишдан қайтаради. Гумонни рост дейиш тўғри эмас. Бир масала тўғри ёки нотўғри эканлигини билиш учун унинг ҳужжати кучига қаралади, агар ҳужжати кучли бўлса, масала ҳақиқат, ҳужжат кучли бўлмаса, масала гумон. Мана шу илмий фарқлаш Қуръон таълимотларига ҳам тўғри келади. Қуръон гумон ва хаёлий нарсалардан эҳтиёт бўлишга чақиради. Чунки, улар одамларни адаштириб, эътиқодини бузади. Қуръони Каримда шундай дейилган:

«Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Улар гумондан бошқага эргашмаслар. Улар тахмин қиларлар, холос» («Анъом» сураси, 116-оят).

 Шу маънода бошқа бир оятда шундай дейилган:

«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас» («Юнус» сураси, 36-оят).

Қуръон ҳақиқий илмий нарсаларга суянишга, гумон ва хаёллардан узоқда бўлишга буюради ва гумонга эргашганларнинг ҳоли ёмон бўлишини айтиб ўтади:

«Йўқ!!! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос» («Рум» сураси, 29-оят).

Қуръон даҳрийларни ҳам «гумонга суяниб иш тутадилар» деб танқид қилади:

«Улар: «У(ҳаёт) фақат бу дунёдаги ҳаётимиздир. Ўламиз, тириламиз, бизни фақат замон ҳалок қилади», дерлар. Уларнинг бу ҳақда илмлари йўқ. Улар фақат гумон қиладилар, холос» («Жосия» сураси, 24-оят).

Аллоҳ мусулмонларга илмий асосда иш олиб боришни кўрсатиб, шундай дейди:

«Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил–ана ўшалар, масъулдирлар» («Исро» сураси, 36-оят).

Оятнинг маъноси шуки, ўзинг аниқ билмасанг, сенга айтиладиган турли-туман нарсаларга эргашма. Чунки, инсон қиёмат кунида қулоғи эшитган, кўзи кўрган, қалби жо қилган барча нарсалар ҳа-қидаги сўроқларга жавоб бериши керак. Биз эслаб ўтган оятларнинг барчаси ишнинг асоси аниқ, собит, илмий равишда бўлиши зарурлигини, гумон ва турли фикрлар бўлмаслигини англатади.

 Ислом тақлид душманидир

Илм бир нарсага ишонч ҳосил қилмай туриб, далилини билмай туриб, тақлид қилишдан қайтаради. Бу борада ҳозирги замон илми эски илмга тўғри келмайди. Чунки, қадимда, хусусан ўрта асрларда, овруполиклар бирор нарсанинг тўғри ёки нотўғрилигига машҳур кишилардан баъзиларининг фикрига қараб баҳо берар эдилар. Мисол учун, Арастудан чиққан ҳар бир фикр тўғри бўлади, ундан хато фикр чиқиши мумкин эмас, деган фикрга ўхшаш.
Илм кўр-кўрона тақлиддан қайтаришда Қуръон билан мувофиқдир. Қуръони Каримда бир фикрга ёпишиб олиб, «Бу ишни ота-бобомиз қилган» деб, ўзлари ақл ишлатмай юрганлар танқид қилинган:

«Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар», дейилса, «Бизга ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, ўша етарли», дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?!» («Моида» сураси, 104-оят).

Бошқа бир оятда шундай дейилган:

«Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?! Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар» («Бақара» сураси, 170,171-оятлар).

Қуръони Каримнинг шу оятларидан кўриниб турибдики, ақл ишлатмай, ўзи ишонч ҳосил қилмай–кўр-кўрона тақлид қилиш кофирларнинг иши экан. Ҳар бир инсон Исломни билиб, унга ишонч ҳосил қилмагунча, кўр-кўрона тақлид қилгани билан, мўмин бўла олмайди. Қуръон халқларни бошлиқлар ва йўлбошчиларга кўр-кўрона тақлид қилишдан эҳтиётланишга чақиради. Унинг айтишича, йўлбошчилар ҳам ва унга эргашганлар ҳам нотўғри йўлда бўлсалар, қиёмат кунида тенг азоб чекадилар.
Бунинг маъноси шуки, бу дунёда йўлбошчилик қилганлар, қиёмат кунида ўзига эргашганлардан қочар экан. Икки гуруҳ ҳам азобга дучор бўлиб, ораларидаги алоқа узилар экан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Иймон" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase