close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мавлудчиларга яна бир эслатма

Мавлуд тарафдорлари эътибор беришлари лозим бўлган ишлар ҳам анчагина. Аввало, мавлуднинг ҳақийқатини ва ундан кўзланган мақсадларни аниқ-равшан билиб олиш керак. Бу ҳақийқатни бошқаларга ҳам етказиш лозим. Энг муҳими, мавлуд маросимлари ҳақидаги майда ихтилофларга барҳам бериш зарур. Минг афсуслар бўлсинки, бу хилдаги ноқулай ҳолатлар кўпчиликни ташвишлантиришига қарамай, ҳамон давом этиб келмоқда.

Маҳалли қиём ва унда ўқиладиган матн ҳақидаги ихтилофлар кўпчилик афсусига сабаб бўлмоқда. Мавлуд яхши ният билан бошланган иш бўлганидан кейин, унда бу каби ноқулай ҳолатларнинг юзага келиши тамоман мақсадга номувофиқ ишдир.
Маҳалли қиёмда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ҳақидаги хабар ўқилганда мавлуд иштирокчиларининг ўриндан туришлари жуда ҳам тортишадиган масала эмас. Туришни истаганлар турсин, истамаганлар турмасин. Аммо, энг муҳими, ихтилоф қилмасинлар, бир-бирлари билан жанжал қилмасинлар.
Ўша пайтда «муайян» деб ўқиладими ёки «толаъал бадру»ми деган тортишув ҳам худди аввалгисига ўхшаш. Тортишишнинг ўрнига, иккисини ҳам ўқиб қўйса, айб бўладими? Кимнинг айтганини аввал ўқиш тўғрисида асоссиз баҳс чиқариш мавлудга қарши бўлганларнинг тегирмонига сув қуймайдими?
Нима қилиб бўлса ҳам, бу масалада мусулмонлар орасида ихтилоф қўзғалмаслиги учун чора кўриш керак. Мандуб бидъат нарсани қиламан деб, ҳаром ишга қўл урмаслик лозим.
Мавлуд ўтказишдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини одамларга таништириш экани асло ёддан чиқмасин. Мавлудда албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қасийдаларни ўқиш шарт эмас. Хусусан, даврадагилар тушунмайдиган тилда ўқилган қасийда кўзланган натижани бермаслиги аниқ. Агар кимдир биров: «Мавлудда албатта маълум бир қасийдани араб тилида ўқиш шарт», деб айтса, бу ўша кимсанинг жоҳиллиги, холос.
Бугунги кун одамларининг онги анча юксак. Маълумотни қабул қилиш имкониятлари ҳам кенг. Шунинг учун мавлудларни бугунги кун одамларининг онгига, савиясига мослаб ўтказишни йўлга қўйиш зарур. Буни ҳатто «Мавлудин-набий» деб эмас, «Сийрат ва рисолат ҳақида суҳбатлар» деб аташ ҳам мумкин. Ва энг муҳими, «Ушбу суҳбатларни фақат бир кунда ёки Мавлуд ойида ўтказиш шарт» дея янги бидъат пайдо қилмаслик зарур.
Аммо, ўрганишни истасак, ўрганса арзигулик даражада ўтаётган мавлудлар ҳам бор.
Аввало, бундай мавлудлар даврадагилар тушунадиган тилда ўтказилади. Қуръони Каримдан оятлар ўқилади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қасийда даврадагилар тушунадиган тилда ўқилиб, яна шарҳ ҳам қилинади. Саловотлар, дуолар сўнгида яна Қуръони Каримдан оятлар тиловат қилиб, суҳбатга якун ясалади.
Мавлудда нимага эътибор бериш керак?
Эътибор бериш лозим бўлган энг муҳим нарса шуки, мавлуд маросимига келганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаққларида керакли маълумотларни олсинлар, ўзларида лозим бўлган маърифат ҳосил қилсинлар. Бидъат-хурофотларга мутлақо йўл қўйилмасин! Барча яхшиликлар тарғиб қилинсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ихтилофлар, сабаблар ечимлар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase