close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Кофирлик ҳақида фатво бериш

Динда ғулувга кетиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни «кофир» деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бу масала кейин чиққан масалалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилганини ҳеч ким билмайди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарар эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса иймоннинг аслидир: «Лаа илаҳа Иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса иймоннинг аслидандир», демоқдалар.
Бу, масалани баён қилишнинг энг кучли усулларидан биридир. Аввал баён этиладиган нарсаларнинг ададини, аҳамиятини айтиб, кейин бирин-кетин улар васф қилинади. Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар, чунки иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда иймондан муҳимроқ нарса йўқ. Иймоннинг асли эса му-ҳимнинг муҳимидир.
1. «Лаа илаҳа Иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик.»
Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!
2. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз.»
Яъни, «Лаа илаҳа Иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.
3. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз.»
Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зо-ҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида–шу!
Аммо, кейинчалик бўлиб ўтган ҳодисаларга назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун бу масалага алоҳида эътибор бериб, уни иймоннинг аслидан, деб атаётганларини тўлиқроқ тушуниб оламиз. Кейинроқ айни шу, Пайғамбаримиз «қилмаймиз» деб айтган нарсани қиладиганлар чиқди. Баъзи фирқалар мўмин кишини қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқаришга киришдилар. Мусулмон одамни қилган ёмон амали сабабидан «Исломдан чиққан» деб даъво қилишларни авж олдирдилар.
Бу ишга биринчи бўлиб журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар, «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади», «Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади», дедилар.
Бора-бора «Хавориж»ларнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғин-барот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақийда бобида кераксиз ихтилофлар авж олди.
Натижада, ақийда пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.
Кейинги пайтларда ҳам, ҳар даврнинг ўз «Хавориж»лари чиқиб турибди. Бизнинг асримизда ҳам, «Лаа илаҳа Иллаллоҳ»га мансуб кишилар ичида калимаи тавҳид аҳлини, аҳли қиблани кофирга чиқарувчилар оз эмас.
Замонамиз «Хавориж»лари ҳам қадимги маз-ҳабдошларидан ўрнак олиб, уларга суяниб иш кўрадилар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонлардан бошқалар билан асло ишлари йўқ.
Замонамиз «Хавориж»лари ҳам, иложи борича кўпроқ мусулмонни кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган куч йўқлигини таъкидлайдилар.
Минг афсуслар бўлсинким, тарихдаги бу нохуш ҳолат биз яшаб турган замонда ҳам такрорланди. Ғулувга кетган тоифалар аста-секин мусулмонларни кофирга чиқариш ишини такрорладилар. Улар аввал ҳокимиятдагиларни, кейин ўзларига очиқ қарши чиққанларни кофирга чиқардилар.
Бора-бора, уларнинг доираларида «Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир», дейдиган гаплар тарқалди. Кейинроқ бу нисбат яна юқорилаб борди.
Тирикларни кофирга чиқариб бўлганларидан кейин ўлганларга осилишни бошладилар. Ўтган уламоларимизнинг китобларини титкилаб, ўзларига ёқмайдиган гапларни топиб, уларни ҳам кофирга чиқаришни бошладилар. Охири бориб, Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг икки имомлари Ашъа-рий ва Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳимолар ҳам буларнинг дастидан четда қолмадилар.
Ва ниҳоят, мазкур «фатвочилар»нинг шогирдлари устозларининг кофирлиги ҳақида фатво чиқаришга етишди.
Бу масаланинг ўта хатарли эканини англаб етиш учун куфрнинг маъносини, таърифини ва унга боғлиқ шаръий ҳукмларни, бир оз бўлса-да, тушуниб етиш керак.

Куфрнинг маъноси ва таърифи

«Куфр» сўзи араб тилида беркитиш ва ёпиш маъносини англатади. Куфр иймоннинг зидди бўлиши ҳам унинг иймонни беркитганидан олинган. Шунингдек, ўзига берилган неъматга шукр қилмаган одамга ҳам неъматни беркитгани учун «куфрони неъмат қилди» дейилади.
Шариатда «куфр» сўзидан гоҳида диндан чиқарадиган куфр ва гоҳо диндан чиқармайдиган куфр ирода қилинади. Баъзи уламолар бу икки хил куфрни «эътиқодий куфр» ва «амалий куфр» деб ҳам атайдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъ-бадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дедилар».
 Иймоннинг ҳар бир шўъбасини ҳам иймон деб аталади. Ушбу шўъбалардан баъзиси йўқ бўлиши ила иймон ҳам йўқ бўлади. Мисол учун, шаҳодат шўъбаси. Мазкур шўъбалардан баъзилари йўқ бўлса ҳам, иймон йўқ бўлмайди. Мисол учун, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш шўъбаси.
Худди шунингдек, куфрнинг ҳам турли шўъбалари бор. Улардан баъзилари иймондан чиқариб, кофир қилади. Баъзилари иймондан чиқармайди, кофир қилмайди.
Имом Абу Умайд ал-Қосим ибн Саллом айтади:
«Ривоят қилинган асарларда маъсият туфайли вожиб бўладиган куфр ва ширк ўз соҳибидан иймонни кетказмайдиган куфр ва ширкдир. Улар туфайли кофир ва мушрикларнинг ахлоқ ҳамда одатларигина собит бўлади».
Шаръий матнларда зикр қилинадиган куфр яна икки хилга тақсимланади:

1. Куфри акбар.
2. Куфри асғар.

Куфри акбар ўз эгасининг дўзахда абадий қолишини тақозо қилади. У, матнларда иймонга тескари маънода келади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Улардан кимдир иймон келтирди, кимдир куфр келтирди», деган (253-оят).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадийдирлар», деган (257-оят).
Куфри акбар беш турли бўлади:
1. Ёлғонга чиқариш куфри.
Бу турдаги куфр пайғамбарларни ёлғончига чиқариш ила юзага келади.
2. Бош тортиш ва кибр қилиш куфри.
Ўзи билиб турса ҳам, иймонга келишига кибру ҳавоси йўл қўймаган бўлади.
3. Юз ўгириш куфри.
Бунда пайғамбарнинг сўзларини тинглашдан юз ўгиради. Уни тасдиқламайди ҳам, ёлғончига чиқармайди ҳам; унга дўст ҳам, душман ҳам бўлмайди. Аммо, қулоқ солмайди.
4. Шак куфри.
Бу куфрнинг эгаси пайғамбарнинг ростгўй ёки ёлғончи эканига жазм қила олмай, шак-шубҳада қолади.
5. Мунофиқлик куфри.
Бунда тили билан иймон сўзларини айтса ҳам, қалбида иймон бўлмайди.
Куфри асғар ўз эгасининг дўзахда абадий қолишини тақозо қилмайди. У барча маъсиятларни ўз ичига олади. Барча тоатлар иймон деб номланганидек, барча маъсиятлар ҳам куфр деб номланиши бор. Чунки, маъсият шукрнинг, яъни тоатнинг зиддидир.
Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида: «Албатта, Биз унга йўл кўрсатдик. (У эса) ёки шукр қилувчи, ёки куфр келтирувчи бўлди», деган (3-оят).
Аллоҳ таоло «Намл» сурасида: «Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деган (40-оят).
«Куфр» деб номланган гуноҳлар қуйидагилар:

1. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Кимки, Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар кофирдирлар», деган (44-оят).
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир. У билан уруш қилмоқ куфрдир», деганлар (Бухорий, Муслим).
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан сўнг баъзингиз баъзингизнинг бўйнингизни чопиб кофир бўлманг», деганлар (Бухорий, Муслим).
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон билан куфрнинг ўртасида намозни тарк қилиш бордир», деганлар (Муслим).
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди», деганлар (Ҳоким).
6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмайди», деганлар (Бухорий).

Шунга ўхшаш яна бошқа далиллар ҳам бор. Лекин ушбу олти далил ила кифояланамиз. Хавориж ва мўътазилийлар ушбуларни гуноҳи кабира қилган киши ҳақидаги ҳукмларига далил қилиб келтирганлар.
Бунга жавоб шулки, Аҳли сунна ва жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқдирлар. Агар у гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, муртад бўлиб, уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида афв қабул қилинмас эди. Қасос ҳам олинмас эди. Зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблашда ҳадд (шаръий жазо)лар жорий қилинмас эди.
Хулоса шулки, агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида ҳадд (шаръий жазо)ларни ва қасосни шариатга киритиш беҳуда нарса бўлиб қолар эди. Гуноҳи кабира қилгани туфайли иймондан чиқиш ҳақидаги гап бузуқлиги ва ботиллиги маълум гапдир.
Далил:  «Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: «Эй, иймон келтирганлар, сизларга ўлдирилганларда қасос ёзилди» (Бақара: 178) деб, охирида: «Бас, кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, маъруф билан талаб қилинсин ва унга гўзаллик ила адо этилсин», деган (Бақара: 178).
Бас, Аллоҳ ушбу оятда бировни қасддан ўлдирган одамни иймонлилар жумласидан чиқармади. Балки, уни қасос эгасига биродар, деб атади. Шак-шубҳасиз, бу гап ила диний биродарлик ирода қилингандир. Яна, Аллоҳ таоло: «Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетса, бас, уларнинг орасини ислоҳ қилинг», (Ҳужурот: 9) деб, охирида: «Албатта мўминлар биродардир. Бас, икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган (Ҳужурот: 10).
Шунингдек, Қуръон ва Суннат ҳамда ижмоъда келган матнларда зинокор, ўғри ва бошқани зинода айбловчи ўлдирилмаслигига, балки унга ҳадд (шаръий жазо) жорий қилинишига далолатлар келган. Бу эса, уларнинг муртад эмасликларига далолат қилади.
Аллоҳ таоло Қуръонда: «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказурлар», деган (Нисо: 114).
Бу эса, мўмин киши билмай, қасд қилмай ёмонлик қилган чоғида тавба қилгандан кейин яхшиликлар қилиб, ёмонликлари ўчирилишига эришиши мумкинлигига далолат қилади.
Мазкур амалларни куфр дейишлик, «Албатта иймон сўз ва амалдир. Зиёда ва ноқис бўлур» дейдиганларнинг наздида эътиқодий эмас, амалий куфрдир. Чунки, уларнинг наздида куфрнинг даражалари бор. Бир куфр бошқасидан фарқ қилади. Иймон ҳам шундоқ.
«Иймон тасдиқ қилишдир. Амал иймон номига кирмас. Куфр инкор қилишдир. Икковлари зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди», дейдиганлар наз-дида эса, мазкур амалларни «куфр» дейишликдан мурод миллатдан чиқармайдиган мажозий куфрдир. Чунки, ҳақиқий куфр миллатдан чиқаради. Шунингдек, мажозий равишда баъзи ишлар «иймон» деб номланган.
Аллоҳ таоло Қуръонда: «Аллоҳ иймонингизни зое қилувчи бўлмас», деган (Бақара: 143), яъни, Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозингизни, дегани.
Шу жойда Аллоҳ таоло иймоннинг соғломлиги намозга боғлиқ бўлгани учун, намозни мажозий равишда «иймон» деб атади. Шунингдек, намоз иймоннинг далили бўлгани учун ҳам, уни «иймон» деб атади.
Аммо, мазкур ишларни қилганда улардан ҳаром қилинганларини ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром санаш ёки уларни ҳақир санаш билан ҳақиқий куфр бўлиши ҳам мумкин!

Иймон ва куфр шўъбалари аралашуви

Гоҳида бир кишида иймон ва куфр шўъбалари аралаш ҳолда топилиши мумкин. Бу, солиҳ амалларнинг «иймон» ва гуноҳларнинг «куфр» деб аталишидан келиб чиқади. Баъзи одамларнинг ўзи мўмин бўлса ҳам, унда куфр, мунофиқлик ёки ширк шўъбаларидан биттаси ёки бир нечтаси бўлиши мумкин. Бунга Қуръон ва Суннатда далиллар ҳам бор.
Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида: «Кўплари эса, Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос», деган (106-оят).
Яъни, иймон келтирсалар ҳам, ширк келтирган ҳолларида келтирадилар. Холис тавҳид ила иймон келтирмайдилар. Чунки, холис тавҳид масаласи нозик масала, ширкнинг турлари эса, жуда ҳам кўп.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сен: «Иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйинсундик денглар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ ва агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, амалларингиздан ҳеч нарса камаймас. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳимли зотдир», деб айт», деган (14-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мазкур шахслардан мутлақ иймонни рад қилса ҳам, улардаги Исломни, Аллоҳга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатни исбот қилмоқда.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт нарса бор. Кимда шу хислатлар бўлса, у тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда ўша хислатлардан биттаси бўлса, ўшани тарк қилгунча, унда нифоқнинг битта хислати бўлади. Қачон гапирса, ёлғон гапиради. Қачон аҳдлашса, доғда қолдиради. Қачон ваъда берса, устидан чиқмайди. Қачон хусуматлашса, фожирлик қилади», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шариф бир кишида Ислом ва мунофиқлик жам бўлиши мумкинлигига далилдир.
Худди шу ҳолат вужудга келганда, яъни, бир одамда ҳам иймоннинг, ҳам куфрнинг белгилари пайдо бўлганда унинг ҳақида ҳукм чиқаришнинг ҳам ўз қоидаси бор.
Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бири, 970 ҳижрий санада вафот этган, «Ал-Баҳрур Роиқ» номли китобнинг муаллифи Ибн Нажим раҳматуллоҳи алайҳи:
«Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», деган.
Аммо, динда ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар бу масалада «мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейишлик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», дейишга бориб етдилар. Бу эса, барча Исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир.

Бировни кофир дейишнинг хатари

Бировни кофир дейишлик осон иш эмас. Чунки, бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир.
Аввало, имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон киши ўз биродарига «Эй, кофир» деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар.
Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки, мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Иккинчидан, бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлиши лозим.

1.    У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.
2.    Болалари унинг қарамоғидан чиқади.
3.    Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.
4.    Уни маҳкамага бериб, муртад деган ҳукм чиқарилади.
5.    У ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.
6.    Ўша ҳолида ўлса, жаҳаннамий бўлади.

Шунинг учун ҳам, тақводор ва мутамаккин уламолар бировни кофир дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса, аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қилганлар.
Баъзи вақтларда куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш ор-қали хатога йўл қўйилади. Мисол учун, «фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади» деган фатво чиққан. Бу, ўша тоифага мансуб ҳар бир киши кофир, дегани эмас. Якка шахсларга нисбатан «куфр» фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, бўйнига қўйиш лозим бўлади.
Бу ҳақда ақоид илми уламолари қуйидагиларни айтадилар:
«Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, «кофир» деб ҳукм чиқарилмайди».
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтган: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10-оят).
Ушбу ояти каримадаги ва шунга ўхшаш бош-қа қўрқитишлар ҳақдир. Аммо, аниқ бир шахсга келганда, бу одам, мана шу оятга биноан, албатта, дўзахга тушади, деган қатъий гапни айтиб бўлмайди. Аҳли қибладан бўлган муайян шахснинг дўзахга киришига гувоҳлик бериб бўлмайди. Чунки, у мазкур оят маъносини ва ҳукмини билмаслиги, тавба қилишлиги, ўша гуноҳни ювадиган яхшилик қилиши, шафоатчининг шафоатидан манфаат олиши ёки бошқа сабаблардан фойдаланиб қолиши эҳтимоли бор.
Бир одам куфр гапни айтди ва уни қозининг олдига келтирилди. Шунда қози ундан гувоҳлар даъво қилаётган масала–куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонишининг ўзи тавба ҳисобланади.
Агар айбдор, мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса, унга тушунтирилиб, иккинчи бор ҳушёр бўлиш таъкидланиб, уни қўйиб юборилади.
Агар ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чорланади. Тавба қилгунича қамаб қўйилади.
Куфр гапни айтиб турган одамга шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлади. Шунинг учун, бу ишда ўта ҳушёр бўлиш лозим.

Ғулувчилар кимларни кофир дейдилар

Замонамизда мусулмонларни кофир қилиш билан овора бўлганлар турли тоифаларнинг кофирлиги ҳақида фатво чиқарадилар. Уларнинг тутган йўлига назар солинадиган бўлса, қуйидаги рўйхат аён бўлади:

1.    Маъсият туфайли кофирга чиқариш.
2.    Жамоатдан четлаганни кофирга чиқариш.
3.    Ҳижрат қилмаганни кофирга чиқариш.
4.    Шаръий қоидаларга риоя қилмаган муайян шахсларни кофирга чиқариш.
5.    Кофирни кофир демаганни кофирга чиқариш.

Келинг, ушбу масалаларни бир оз таҳлил қилайлик.

Маъсият туфайли кофирга чиқариш

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифалар мусулмонлардан ким осий–гуноҳкор бўлса, кофирдир, деган қарорга келганлар. Уларнинг тушунчаси бўйича, «осийлик» ва «кофирлик» сўзларининг маъноси бирдир.
«Жамоату Такфийр вал ҳижра» ташкилотининг асосчиси ва раҳбари Мустафо Шукрийнинг одамлари ўзларининг рисолаларидан бирида:
«Шариатда куфр лафзи фақатгина иймоннинг аксини ва унинг йўқ бўлишини англатиш учун келган», дейдилар.
Мазкур ташкилотнинг бош мафкурачиси Моҳир Бакрий ўзининг «Китобул ҳижра» номли асарида:
«Осий» сўзи кофирнинг исмларидан бир исмдир. Бу сўз тамомила «кофир» сўзига баробардир», дейди.
Уларнинг куфрга чиқариш бўйича эътиқодлари қуйидагилардан иборат:

1.    Барча исён ва гуноҳлар Аллоҳга куфр келтиришдир.
2.    Осийдан кофирлик исмини фақатгина тавба билан кўтариб ташлаш мумкин.
3.    Тавба Исломни янгилаш деганидир. Ким бир маъсиятни қилиши билан дарров тавба қилмаса, у унда давом этаётган кофирдир.

Уларнинг далиллари:

1.    Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «Ҳавойи нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?!» деган (43-оят).
2. Аллоҳ таоло «Йасин» сурасида: «Эй, одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир», деган (60-оят).
3. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (14-оят).
4. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Йўқ! Ким гуноҳ қилса ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар», деган (81-оят).
5. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қиларлар. Агар уларга итоат қилсангизлар, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар», деган (121-оят).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас», дедилар. Одамлар:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!»– дейишди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ, бош тортган бўлади», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

Уларга раддиялар:

Уларнинг «маъсият сўзи куфрни англатади» деганлари араб тилини сал-пал биладиган одамнинг гапи эмас. Ҳеч қачон улардан бошқа бирор кимса бу гапни айтмаган.
Улар ўз фикрини тасдиқлаш учун далил қилиб келтираётган оят ва ҳадислар ваъда, холос. Осий бўлганларни дўзах азоби билан қўрқитиш билан бирга, унинг муқобилида, тоат қилганларга жаннат ваъда қилиш ҳам бор. Яъни, бу борада тар-ғиб қилиш билан бирга қўрқитиш баробар олиб борилган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу эса, улкан ютуқдир.
Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (13, 14-оятлар).
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сид-диқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!» деган (69-оят).
Агар такфирчи–куфрга чиқарувчиларнинг гапига кириладиган бўлса, ушбу икки хил маънони англатувчи оятлар, яъни, маъсиятга дўзахни ва тоатга жаннатни ваъда қилаётган оятлар бир-бирига зид бўлиб қолади.Чунки, улар айтганидек бўлса, итоат муқобилига осийлик эмас, кофирлик қўйилган бўлади.
Ислом тарихида биринчи бўлиб гуноҳ қилган мўминни кофир дейишга журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар ҳақида юқорида айтиб ўтгандик.
Кейинчалик «Хавориж»ларга мутлақо қарама-қарши «Муржиа» мазҳаби пайдо бўлди. Мусулмонлар орасидаги фирқалар ичида таассубнинг кучайиши оқибатида «Муржиа»лар «Хавориж»ларга зид ўлароқ, «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтса, бўлди, бошқа нарсани қилмаса ҳам, бўлаверади», дейишди.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дейди.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли «кофир» деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Энг асосийси, агар такфирчи–куфрга чиқарувчиларнинг гапига кириладиган бўлса, Исломдаги энг катта қоидалардан бири бузилган бўлади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечирур», деган (116-оят).
Ушбу оятда гуноҳлар икки қисмга, ширк ва ширк бўлмаганга тақсимланмоқда. Бу ҳақда «Талхийси шарҳи ақийдатит Тоҳовия» китобида қуйидагилар айтилган:
«Аллоҳ таоло ширк билан гуноҳи кабираларнинг орасини ажратгандир. Чунки, ширк гуноҳи кабираларнинг кабирасидир.
Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, ширк гуноҳи кечирилмас. Ундан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши эса, Аллоҳнинг хоҳишига боғлангандир.
Бўлиши мумкин нарса хоҳишга боғланади. Бу, ширкдан бошқа гуноҳни тавбасиз кечиришдир.
Бўлиши мумкин бўлмаган нарса эса, хоҳишга боғланмайди. Бу, ширкни тавбасиз кечиришдир.
Агар ҳаммаси баробар бўлганида, орасини фарқламаган бўлар эди. Балки, иккиси орасида фарқ қолмас эди».

Жамоатдан четланганни кофирга чиқариш

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифалар кўпчилик мусулмонларни кофирга чиқарган масалалардан бири «жамоага қўшилмаганлар кофирдир» деган даъводир. Улар бу масалани ҳам ўзларига хос ва мос услубда талқин қилганлар ҳамда унга ўзларига хос ва мос услубда ҳужжат-далиллар келтирганлар. Уларнинг далиллари қу-йидагича:
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан ке-йин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлмаганлар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир.
Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда юзлари қора бўлганларга: «Иймонингиздан ке-йин кофир бўлдингизми?! Куфр келтирган бўлганингиз учун азобни татиб кўринг», дейилур», деган (105, 106-оятлар).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким итоатдан қўлини тортса, қиёмат куни Аллоҳга йўлиққанда ҳужжати бўлмас. Ким бўйнида байъати бўлмай туриб ўлса, жоҳилий ўлим ила ўлган бўлади», дедилар».
Имом Муслим ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жамоатни бир қарич четлаб вафот этса, жоҳилий ўлим ила ўлган бўлади», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Ўз-ўзидан, бу ерда қандай жамоа ҳақида сўз кетмоқда, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга юқоридаги даъвони қилган тоифалардан ҳар бири, бу далиллардаги жамоадан мурод бизнинг жамоамиздир, деган жавобни берадилар. Ўз навбатида, ўз жамоасидан бўлмаган барча мусулмонларнинг кофирлиги ва жоҳилий ўлим ила ўлишларини таъкидлайдилар.
Уларнинг далилларига раддия:
Аввало, бу масала бўйича келган ҳадислардаги жамоадан мурод мусулмонларнинг оммавий жамоасидир. Бу жамоадан чиқиш куфрга олиб бориши фақат муртад бўлиб–Исломни тарк этиб чиқиш билан бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Лаа илаҳа иллаллоҳ» деб ва Мени расулуллоҳ деб, шаҳодат келтирган мусулмон одамнинг қони фақат уч нарса билангина ҳалол бўлур: уйланган зинокор, жонга жон ва динини тарк қилиб, жамоатдан ажраган», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда «жамоатни тарк қилди» дейиш учун диндан чиққан бўлиши кераклиги таъкидланмоқда.
Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қиладилар:
 Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Бас, у зотга:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз жоҳили-ятда ва ёмонликда эдик. Бас, Аллоҳ бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан ке-йин ёмонлик борми?» – дедим.
«Ҳа», дедилар.
«Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик борми?» – дедим.
«Ҳа. Унинг тутуни ҳам бор», дедилар.
«Унинг тутуни недир?» – дедим.
 «Ҳидоятимсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Улардан (баъзи нарсаларни) ёқтирасан ва (баъзи нарсаларни) инкор қиласан», дедилар.
«Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?»– дедим.
«Ҳа. Жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, унинг ичига отурлар», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Уларни бизга сифатлаб беринг», дедим.
«Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар», дедилар.
«Ўша нарса менга етса, нима қилишимга амр қиласиз?» – дедим.
«Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан», дедилар.
«Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?!» – дедим.
«Ўшал фирқаларнинг барчасидан четда бўл. Агар дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам. Сенга ўлим келганда ҳам ўшал ҳолда бўлишга ҳаракат қил», дедилар».
Жумҳури уламолар ушбу ҳадиси шарифдан баъзи вақтларда мусулмонларнинг жамоаси ҳам, имоми–халифаси ҳам бўлмай қолиши борлиги ҳақидаги тушунчани олганлар. Бу ҳам такфирчиларга қарши кучли далилдир.

Ҳижрат қилмаганни кофирга чиқариш

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган. Жуда кўп одамлар бу масала ҳақида катта ташвиш билан савол берадилар. Уларга масала далил ва ҳужжат билан тушунтирилмаган. Кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган, холос. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.
Аслида эса, бу фикрни олдинга сурганларнинг бошлиқлари қуйидаги далилларни келтирадилар.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинг-лар?» – дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!» деган (97-оят).
Ҳаким ибн Муовиядан, у отасидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар».
Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Уларнинг гапларига раддия:
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукм-ларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг «Субулус Салом» номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бош-қа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ. Лекин жиҳод ва ният бор», дедилар».
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
«Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар».
Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.
Сўнгра имом Санъоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларнинг раҳбари сифатида бошқаларга таклиф қиладиган ишлари ҳақидаги ривоятни келтирган ва қуйидаги жумлага урғу берган:
«Агар улар ҳижрат қилишдан бош тортсалар ва ўз диёрларида турмоқни ихтиёр қилсалар, уларга билдирким, алар худди мусулмон аъробийлар каби бўлурлар, уларга ҳам мўминларга жорий бўлган Аллоҳнинг ҳукмлари жорий бўлгай».
Мазкур тоифага кучли раддиялардан яна бири қуйидаги ояти каримадир.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёр-дам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир», деган (72-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда:

1. Ҳижрат қилганлар.
2. Жой бериб, ёрдам кўрсатганлар.
3. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганлар.

Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг Ўзи «мўминлар» деб атамоқда.
Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганларидангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар бу ҳукмни батафсил баён қилганлар.
Мухтасар бўлиши учун Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энсиклопедияси»да баён қилинган сўзларни келтирамиз:
«Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади. Аллоҳнинг «Нисо» сурасидаги «Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳиж-рат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар», деган оя-тига биноан (97-оят).
Бу ҳукм ожиз ва бемор бўлмаганлар ҳамда туришга мажбур қилинмаганлар учундир.
Аммо фитнадан қўрқмаса ва динини изҳор қилиш имкони бўлса, унинг учун дорул исломга ҳижрат қилиш мустаҳаб бўлади. Унинг ҳижрат қилиши вожиб эмас.
Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энсиклопедияси»дан келтирилган мисолда гап дорул ҳарб–мусулмонларга қарши уруш эълон қилган диёрда яшаб турган мусулмонлар ҳақида эканини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.
Ҳозирги кунда деярли барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилган. Бу ерларда яшаб турган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин.
Ҳамаср уламоларимиз аслида номусулмон бўлган ғарбий давлатларда мусулмонларнинг яшашлари, ишлашлари ва ўша давлат фуқаролари бўлишларига фатво берганлар.
Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш қаердан чиққан?!
Иккинчидан, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади» деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олмайдилар. Зотан, уларнинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Васатия” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase