close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом ва қулчилик

Энди, Ислом динининг қулчиликка бўлган муносабати ҳақида қисқача тўхталиб ўтайлик. Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилган пайтда бутун дунё бўйлаб қулчилик кенг қулоч ёзган эди. Инсонлар бир-бирларини қул қилиб сотиш, ишлатиш ва бошқа мақсадларда фойдаланишни авж олдирган бир пайт эди.

Ўша пайтгача дунёдаги энг инсонпарвар, энг ҳурриятпарвар ҳисобланган тузум, фалсафа ва мафкуралар ҳам қуллар ҳам инсон экани улар озод бўлиши кераклиги ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтишга журъат қила олмаган эди.
Балки, аксинча иш тутиб қулчилик табиий нарса ва доимий қолиши керак, деган фикрни олға суришган эди. Қайтариб айтамизки, бу энг инсонпарвар ҳисобланганларининг гапи эди. Бунга қадимий юнон файласуфлари, жумладан, Афлотун ва Арастуларнинг мисол қилиш мумкин.
Ҳаттоки, баъзи самовий динларга ҳам бу маъно турли бузуқ йўллар билан кириб қолган эди. Ўша вақтнинг икки асосий самовий динларидан бири маълум бир халқни ҳур ва озод халқ деб, қолган барча халқларни ўша имтиёзли халқнинг қули, деб эълон қилса, иккинчиси, қуллар, агар хожалари хоҳлаган пайтда ҳам ҳурриятга тамаъ қилмасликлари кераклигини таъкидлар эди.
Ана шундоқ бир пайтда Ислом қулчиликка қарши биринчи бўлиб ёлғиз ўзи кураш бошлади. Аввало, барча инсонлар тенг эканлиги, ҳаммалари бир ота-бир онадан тарқалганликлари, асллари эса тупроқдан эканлиги ҳақида кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ислом таълимотларида қулдорларга уларнинг қўлларидаги қуллари ҳам ўзлари ўхшаш инсон эканлиги, балки биродарлари эканлигини тушунтирилди.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қулларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ уларни қўл остингизда қилиб қўйгандир. Бас, кимнинг биродари қўл остида бўлса, унга ўзи еган таомдан берсин ва ўзи кийган кийимдан кийдирсин»-деганлар.
Кейин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
 «Қулга таоми ва кийими берулур ва тоқати етмайдиган ишни таклиф қилинмайдир»-деган фармон-тавсия содир бўлди.
Аста-секин бу масала ривожланиб бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қулдор кишиларга:
 «Сизлардан бирортангиз қулим ва чўрим демасин. Лекин «йигитим ва қизим»-десин», деб амр этдилар.
Ана шундан сўнг Ислом жамиятида хожа билан қулни ажратиш қийин бўлиб қолди. Чунки, улар бир хил кийинадиган, бир дастурхондан бир хил таом ейдиган бўлдилар. Хожалар қул ва чўриларининг орқасидан ҳам, йигитим, қизим, деб гапирадиган бўлиб қолди.
Сўнгра, «Нисо» сурасидаги:
 «Ва сизлардан кимнинг мўмина ҳур аёлларни никоҳлаб олишга қурби етмаса, ўз қўлингиздаги мўмина қизларингиздан олсин», деган ояти нозил бўлди.
Бу билан хожа ўз чўрисини никоҳлаб олишига тарғиб қилинди. Аввал эса бу ишга рухсат йўқ эди. Бу ҳам қулларнинг шаънини яна бир поғана кўтариш бўлди. Кейин эса, қул озод қилишга тарғиб қилишлик кенг миқёсда қулоч ёзди.
Бу ҳақда кўплаб оятлар тушди, ҳадислар айтилди.
Биттадан мисол келтирамиз:
1- «Балад» сурасида:
 «Бас, У давон ошмади. Довон нималигини сенга не билдирур. У-қул озод қилишдир»- дейилади. (11-13 оятлар)
2- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Ким бир қул озод қилса, Аллоҳ ўша қулнинг ҳар бир аъзоси эвазига унинг ҳам бир аъзосини дўзахдан озод қилади», дедилар.
- Шариятда ҳазиллашиб қул озод қилдим, деса ҳам чин ҳисоб бўлиши ҳақида ҳукм чиқди.
- Закотдан тушган маблағнинг саккиздан бирига қул сотиб олиб озод қилиш Ислом давлатининг бурчига айланди.
- Баъзи гуноҳларни ювилишига қул озод қилиш шарт қилиб қўйилди.
Хато тариқасида одам ўлдириш, рўзасини қасддан очиб юбориш, хотиним менга ҳаром бўлсин, деб қасам ичиш, оддий қасамига қамасхўр бўлиш каби гуноҳларни ювиш, қул озод қииш билан бўладиган бўлди.
Шунингдек, қул ёки чўрисини урган кишининг гуноҳи уни озод қилиш билан ювиладиган бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Ким ўз мамлукини тарсакиласа ёки урса, унинг кафорати ўша мамлукини озод қилишидир», дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хожаси ургани ҳақида шикоят билан келган қулга, сен озодсан», дедилар.
- Шариятга қул билан хожа маълум маблағга келишиб ўша пул эвазига қулнинг озод бўлиши киритилди.
- Хожасидан фарзанд кўрган чўри аёл ўз-ўзидан озод бўладиган бўлди.
- Ўлганимдан кейин озодсан, дейиш ҳам шариятга киритилди. Бу ҳам қулни озод бўлиши учун шароит яратиш эди.
- Қариндошга қул бўлиб қолган одам ўз-ўзидан озод бўлиши ҳақида ҳукм чиқди ва бошқа бир қатор чоралар кўрилди.
Жумладан, ҳур инсонни қул қилиш қатъиян ман қилинди. Фақат халқаро муомалалар эътиборидан, уруш асирлари бундан истисно қилинди. Чунки, ўша вақтда уларни қул қилиш ҳамма давлатлар қонунида бор эди. Асир мусулмонлар ҳамма томондан қул қилинар эди. Шунинг учун мусулмонларга ҳам бу борада ўхшаш муомала қилишга ижозат берилди.
Натижада кўплаб қуллар ўз озодликларига эришдилар. Балки, ҳурлардан ҳам ортиқ даражага эришдилар. Собиқ қуллар Салмон Форсий, Суҳайб Румий, Зайд ибн Ҳориса, Билол Хабаший ва бошқалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин маслаҳатчиларига айландилар.
Салмон Форсийни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Салмон биздан-аҳли байтдан», деб ўз аҳли байтлари билан тенглаштирдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу эса ҳеч кимга насиб этмаган бахтга муяссар бўлдилар. Макка фатҳи куни Каъбаи муаззама устида туриб, илоҳий мадҳия-азон айтиш бахтига муяссар бўлдилар.
Бу тушунча Ислом давлати соясида яшаган бошқа диндаги кишиларни ҳам қамраб олган эди. Биргина мисол келтирайлик.
Мисрда уюштирилган от пойгасида, қибтий йигит Миср волийси, Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўғлидан ўзиб кетади. Шунда Амрнинг ўғли қибтий йигитни, ҳали сен хожанг ўғлидан ўтиб кетадиган бўлдингми?! деб бир қамчи уради.
Қибтий йигитнинг отаси, Мадинага бориб халифа, ҳазрати Умарга арз қилади. У киши Амр ибн Оссни чақиртирадилар. У етиб келади. Катта мажлисда унга, «Эй Амр, қачондан бери оналари ҳур туққан кишиларни қул, дейдиган бўлиб қолдиларинг!» дейдилар ва қибтийга қамчини бериб, хожанинг ўғлини яхшилаб савала, дейдилар.
Қибтий шу ерда иймонга келади ва ҳақини кечиб, Амр ибн Оссни уришдан воз кечади.
Ҳазрати Умар унга, Аллоҳга қасамки, агар урганингда ўзинг тўхтамагунингча сени биров тўхтатмасди, дедилар.
Бу ердаги ажабланарли нарса улуғ саҳобий, шавкатли лашкар боши Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг итоатлиги ҳам эмас, буюк халифа ҳазрати Умарнинг одил ҳукмлари ҳам эмас. Улар ўз бурчларини адо этдилар, холос.
Бу ерда ажабланадиган нарса, ғайри дин кишининг бир оғиз сўз учун Мисрдан Мадинага арзга борганидир. Агар Ислом адолатида, ҳурриятпарварлигидан умидвор бўлмаганда бундоқ қилмас эди. Чунки, унинг ўз юртида, ўз қавмида қулчилик ўта ривожланган эди. Фақат Ислом ҳукмигина унга мазкур сезгини берган эди.
Ҳа, Ислом ўн беш аср илгари ана шундоқ оламшумул ишни амалга оширган эди. Афсуски, бу маъноларни на фақат бошқа халқлар, балки мусулмонман, деб юрган кишиларнинг кўплари ҳам билмайдилар.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase