close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Адам МЕЦ: "Исломий Уйғониш"

Швейцариялик олим Адам Мецнинг (1869—1917 йиллар) “Исломий Уйғониш" асари ҳижрий III-IV (милодий IХ-Х) асрларда Араб халифотининг тарихи ва маданиятига бағишланган. Муаллиф мазкур даврга оид юзлаб манбапарни ўрганиб чикиб, улардан ўша замонларни тарихий-маданий жиҳатдан таърифлаш имконини берувчи жаъмики маълумотларни ажратиб-саралаб олган ва шу тариқа ушбу асрларда Араблар салтанатининг маънавий-маърифий тараққиётини минглаб далиллар воситасида намоён этадиган шундай бир мажмуа яратганки, ундан кейин ижод қилган барча шарқшунос олимлар унда келтирилган тарихий далиллардан бирон-бир даражада фойдаланишган.

Чиндан ҳам Адам Мец китобидан Араб халифотида яшаган халқларнинг фани ва маданияти гуллаб-яшнаган мазкур асрларда шу империяни бошқариш, унинг молия сиёсати, солиқлар тизими, маънавий маданияти, турмуш тарзи, адабиёт ва саньати, дин-диёнати, таьлим-тарбия, хўжалик, савдо-сотиқ, ўзаро алоқа соҳалари, шаҳарлар ҳаёти, байрамлари ҳамда маросимларига тааллукди қизиқарли ахборот олиш мумкин. Асарда араб халифалари, уларнинг вазирлари, вилоят ҳокимлари, маъмурлари, диний арбоблар, муҳаддислар, олимлар, мударрислар, шоир ва адиблар, қозилар ва фақиҳлар, сўфийлар ва шайхлар, суннийлар ва шиалар, насронийлар ва мусовийлар, зардуштийлар ва буддойилар, хунармандлар ва савдогарлар... тўғрисида турфа маълумотлар келтирилган.
Жумладан, китобда мамлакатимиз ҳудуди орқали ўтган Буюк ипак йўли, унинг ёқасида жойлашган Бухоро, Самарканд, Тошкент, Фарғона, Хоразм каби шаҳарлар ҳақида айрим тарихий далиллар ўрин олган. Улуғ ватандошларимиз ва улар ижодий маҳсули бўлмиш машҳур асарлар, Абу Бакр Хоразмнинг “Расоъил", Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон ул-орифин”, “Қудрат ул-уйун”, Саолибийнинг “Йатимат ат-даҳр”, “Латоиф ал-маориф”, ал- Жавҳарийнинг "Китоб тадис ал-луға ва саҳҳоҳ ал-арабиййа”, Бухорийнинг “Ас-Саҳиҳ", Берунийнинг “Ҳиндистон", “Китоб ал- жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир”, “Ал-осор ул-бокия” кабилардан мисоллар олинган.
Адам Мецнинг “Исломий Уйғониш" асари 1922 йилда чоп этилгач, тезда машҳур бўлиб кетди, жиддий мунозараларга сабаб бўлди, йирик шарқшунос олимлар у ҳакда ўз фикрларини баён этишди, кўпчилиги китобга умуман ижобий баҳо беришди. Улар орасида И.Крачковский, В.Бартельд, К.Беккер, Р.Хартман, китоб ношири Рекандорф каби атоқли олимларни учратамиз. Асар 1927 йилда — инглиз, 1935 йилда — испан, 1941 йилда —турк, 1940-41 йилда — араб тилига таржима этилиб, нашр қилинди. Д.Е.Бетельс амалга оширган русча таржима 1973 йилда нашр этилди. Қуйида  диққатларингизга ҳавола қилинаётган парча китобнинг “Олимлар" деб аталган бобининг бир оз қисқартирилган таржимасидир.

ОЛИМЛАР

Ҳижрий III (милодий IX асрда нафис тарбия кўрган кишиларни (“адиб”ларни) тарбиялаш савияси юксалиб, улар адибга, яъни оламшумул воқеа-ҳодисалар ҳақида фикр юрита оладиган — бизнинг кунлардаги журналистларга деярли ўхшайдиган шахсларга айланди. Натижада олимлар фақат бирон-бир соҳага ихтисослашган билим доираси билан янада чекланиб қолдилар: “Кимда-ким олим бўлишни истаса, у билимларнинг айрим соҳаларини (“фан”ларни) ўрганиши, кимки адиб бўлишни истаса, илмлар ҳақида фикр юрита билиши керак".  (Ибн Кутайба. “Уйун ал-ахбор", 228-бет). Эски бадиий адабиётдан ("адаб"дан) дунёвий фанларнинг бутун бир туркуми ажралиб чиқди. Ўша пайтгача илоҳиёт ва фалсафа ўз илмий усули ва услубига эга эди. Энди эса филология ҳам, тарих ҳам, география ҳам ўз усули ва услубига эга бўлди. Оқибатда олимлар китобхонни кўпроқ қизиқтиришни, иложи борича кўпроқ ва хилма-хил маълумотларни умумлаштиришни ўйламай қўйишди. Маълум бир соҳага ихтисослашиб, тўплаган билимларини бир тизимга солиб, улар ҳақида хулоса чиқарадиган бўлиб қолишди.
Китобларнинг муқаддималари ҳам жуда мухтасар бўлиб қолди. 377/897 йилларда яратилган "Фиҳрист”га ёзилган сўзбоши яққол мисол бўла олади: “Ё. Оллоҳ! Мендан марҳаматингни аямагил ва ўзинг мадад бергил. Руҳлар асослар-у шартларга эмас, балки хулосаларга муҳтождур. Руҳлар мақсад сари интиладур ва уларга узундан-узоқ бирламчи изоҳларнинг ҳожати ҳам йўқ. Шу боис мазкур муқаддимада юқоридаги сўзлар билангина чекланурмиз, бинобарин китобнинг ўзи уни нима мақсадни кўзлаб ёзганлигимизни намоён этгусидур, иншооллоҳ! Биз эса Оллоҳдан мадад ва марҳамат тилаб қолурмиз!”
Қонуншунослик илоҳиёт илмидан ажралиб чиқди ва шу туфайли яна талай ўзгаришлар содир бўлди. Олимлар ўзаро адоватчи икки гуруҳга ҳуқуқшунослар (“фуқаҳо”) ҳамда асл олимларга (“уламо”) бўлинди. Биринчи гуруҳ атрофига бир бурда нон топиш умидида юрган жуда кўплаб толиблар тўпланди, чунки фиқҳ ва диний маросимлардан сабоқ берувчи муаллифлар ёрдами билангина қозилик ёхуд воизлик лавозимини эгаллаш мумкин эди.
Ал-Жаҳиз китобидан олинган машҳур бир парчада ушбу сўзларни ўқиймиз: “Тажрибада кўрилганидек, ҳадисларни эллик йил ўрганган, Қуръонни тафсир қилиш билан шуғулланган киши ҳар ҳолда фақиҳлар сафига кўшила олмайди, қозилик мансабига ҳам эриша олмайди. Бунга у Абу Ҳанифа ва шунга ўхшаш муаллифларнинг асарларини мутолаа қилган, маҳкамада амалда қўлланиладиган таърифларни ёддан билган ҳолдагина эришиши мумкин. Бу ишни у бир-икки йил ичида эплаштира оладиган бўлади ва бир оз вақтдан сўнг уни шаҳар ёки ҳатто бутун бир вилоят қозиси этиб тайинлашлари эҳтимолдан ҳоли эмас”.
Илоҳиёт илмининг равнақи ва у ҳуқуқшунослик юкидан халос бўлиши туфайли янги замонда янги-янги фикрлар туғила борди. Бу ҳол олимларнинг орзу — идеалларини эҳтиромга муносиб юксакликка кўтарди. “Покиза акл-идрок ва равшан тафаккур ила бутун борлиғини илмга бағишлаган, Оллоҳдан мадад сўраб, бор ақл-заковатини бир нуқтага жамлай оладиган, енг шимариб ишлаб тунларни бедор ўтказиб, толиқадиган, илм чўққиларига поғонама-поғона кўтарилиб, асл ниятига ета оладиган, ортга бемақсад чекинишлар-у телбаларча хуруж қилмай, илмга зўр берадиган, илм йўлида зимзиё тунда адашган туя каби адашмайдиган инсонгагина илм ўз жамолини намоён этади. Бундай кишиларнинг ярамас урф-одатларга ружу қилишига, табиатига зид иш тутишига ҳаққи йўқ. У жамоатдан йироқ юриши, баҳсу мунозарадан воз кечиши, жанжалбоз бўлмаслиги, нигоҳини ҳақиқат қудуғидан узмаслиги, шубҳали нарсаларни ҳаққоний нарсалардан фарқлай билиши ва доимо соғлом фикр юритиши даркор. Бу сўзлар ал-Муттаҳар қаламига мансуб бўлиб, 355/ 966-йилда битилган. “Котиблар” дунёвий илмлар соҳиби ҳисобланиб, илоҳиёт олимларидан кийими билан ҳам ажралиб турар, улар бўйинга тушиб турадиган рўмол (“тайласон”) ўраб юришарди. Дунёвий илмлар кенг тарқалган минтақа саналмиш Форс вилояти котиблар маркази, унинг пойтахти эса Шероз шаҳри эди. Бу ерда котиблар обрў-эътибори илоҳиёт олиминикидан баландроқ эди.
Аксинча, Шарқ-илоҳиёт олимлари учун жаннатмонанд ўлка эди. Ҳозирда ҳам улар бу ерларда ҳамон зўр эҳтиром билан қуршалган бўлиб, бутун оламда бунга ўхшаш жойни топиш мушкулдир.
Каттами-кичикми, деярли ҳар бир масжидда кутубхона бор эди, чунки ўша замонларда китобларни масжидга васият қилиб қолдириш расм бўлган эди. Айтишларича, Яздигард III олиб келган китоблар Марв шаҳри масжидининг кутубхонасини ташкил этиш учун асос бўлган. Ҳукмдорлар ҳам китоб йиғишни ўзлари учун зўр шараф деб билишган. Масалан, IV-Х аср охирида уч буюк исломий ҳукмдорлик қилишган, ашаддий китобсевар бўлишган. Испанияда халифа бўлмиш ал-Ҳакамнинг бутун Шарқ мамлакатларида ўз вакиллари бўлиб, улар ҳукмдор учун китобларнинг илк қўлёзмаларини харид қилиб олишган. Ал-Ҳакам кутубхонасида тузилган рўйхат ҳар бири йигирма саҳифалик қирқ тўртта дафтардан иборат бўлиб, уларга китобларнинг номигина қайд этилган эди.
Бир вақт халифа ал-Азиз (386/996 йилда вафот этган) саройида ал-Халил ибн Аҳмаднинг “Китоб ул-айн” ҳақида сўз берганида у мазкур нашрни келтиришни буюрган. Шунда кутубхоналардан ўттиздан зиёд қўлёзмани олиб келишган, уларнинг ҳар бири муаллифнинг ўз қўли билан битилган эди. Бир одам халифа ал- Азизга ат-табари "Таърих”ининг қўлёзмасини сотиб олишни таклиф этганида, ҳукмдор уни юз динорга харид қилган. Ваҳоланки, халифанинг кутубхонасида айни шу асарнинг йигирмадан кўпроқ қўлёзма нусхаси, улар орасида муаллифнинг ўзи кўчирган нусха ҳам бўлган. Ибн Дурайд “Жамҳара” асарининг юзта нусхаси сақланган. Кейинчалик ал-Азиз кутубхонасида қанча китоб борлиги билан қизиқиб, улар сони 120-160 минг атрофида бўлса керак, деб ҳисоблашган.
Бир вақт ал-Муқаддаси халифа Адуд ад-Давла кутубхонасини айланиб чиққан. “Кутубхона махсус бинода жойлашган, — деб ёзади у. — Уни бошқарувчи (“вакил”), кутубхоначи (“хазин”) ва назоратчи (“муориф”) бошқаради. Адуд ад-Давла ўзига қадар мавжуд барча илм соҳалари бўйича битилган барча китобларни шу ерда сақлаган. Кутубхона кенг даҳлиз ва узун қуббадор залдан иборат, унга ҳар тарафдан бинолар туташ қилиб қурилган. Залнинг ҳам, ён томондаги туташ иморатларнинг ҳам деворлари бўйлаб эни ва бўйи уч тирсак келадиган, қоплама ёғочдан ишланган жавонлар ўрнатилган, буларнинг эшиклари юқоридан қуйига туширилади. Китоблар токчаларга саф-саф қилиб териб қўйилган. Ҳар бир илм соҳасига оид китоблар алоҳида жавонда сақланиб, улар номи рўйхатда қайд этилган”.
III-IХ аерда энг машҳур уч нафар китоб ишқибози яшаган. Булар номи тез-тез тилга олиб туриладиган ал-Жаҳиз, ал-Фотиҳ ибн Хоқон ва сарой мулозими, қози Исмоил ибн Исҳоқдир. Ал-Жаҳиз қўлига тушган ҳар қандай китобни, у қайси мавзуда ёзилганидан қатъий назар, бошидан охиригача ўқиб чиқмагунича қўлидан қўймаган. У китобфурушларнинг дўконларини ҳам ижарага олган, чунки бу ўлкаларда қарз ҳисобига китоб олиб ўқиш имкони бўлган. Кейинроқ битилган бир асарда қайд этилишича, ал-Жаҳиз ён-атрофига китобларни устма-уст тахлаб қўйишга одатланган. Кунларнинг бирида мана шундай “китоб девори” ал-Жаҳизнинг устига ағдарилиб, ўлимига сабаб бўлган. (Абул Фидо. “Солномалар”, 255-бет.)
Ибн Хоқон эса халифалик хонтахтаси ёнидан бирон-бир иш билан қўзғалган пайтда ҳам, енги остидан ёки пойафзали қўнжидан китоб олиб, яна хонтахта ёнига келиб ўлтирмагунича уни ўқишда давом этган. Қози Исмоил ибн Исҳоқии эса ё китоб ўқиб турган ёки китоб титиб ўлтирган ҳолатда учратиш мумкин эди. III-IХ аср ўрталарида сарой мулозими Али ибн Йахйа ал-Мунажим ўз қурғонида “Хизанат ал-Ҳикмат” (“Ҳикматлар хазинаси”) деб аталмиш ажойиб кутубхона қурдирган. Чор атрофдан кишилар китоб мутолаа қилиш учун бу ерга ёғилиб келишарди, уларнинг таъминотини кутубхона соҳиби ўз зиммасига олган эди..
357-967 йилда Бағдод ҳукмдори исёнкор ўғлининг уйидан бошқа нарсалар қатори ўн етти минг китоб мусодара этилган. Рай шаҳрида яшаган вазир Абул Фазл ибн ал-Амид... китобларининг сони эса беҳисоб, улар барча фанларга, фалсафа ва адабиётнинг жаъмики соҳаларига оид китоблар эдики, юздан ортиқ тунга юк бўларди..
Ас-Соҳиб (385/994 йилда вафот этган) Сомонийлар ҳукмдорининг уни вазир қилиб тайинлаш ҳақидаги таклифини рад этган. Бунга сабаб қилиб у жумладан саройга кўчиб бориши мушкуллигичи айтган, чунки илоҳиёт соҳасидаги китобларининг ўзи тўрт юз туяга юк бўларди. Улар рўйхати эса ўн жилдга жаъм қилинган. (Ёқут, “Иршод”, 11, 315-бет).
Китоб йиғунчиларнинг улуғи бўлмиш Қурдоба қозиси Абул Митриф (402/1000 йилда вафот этган) китобдан нусха кўчирувчи олти нафар хаттотни ёллаган бўлиб, булар унинг доимо хизматида эди. Абул Митриф бирон-бир жойда яхши китоб борлигини эшитган зоҳоти уни харид қилишга шошилар ва унга жуда юқори баҳо қўярди, у тасарруфидаги китобларни ҳеч кимга бермас, ундан кура улардан нусха кўчиртириб беришни афзал кўрар шу нусхани китобхонга тақдим қилгач  тақдири билан бошқа қизиқмас эди. Абул Митриф ўлимидан сўнг китобларини ўзи қурдирган масжидда йил давомида сотиб, жаъми қирқ минг динор ундиришган экан. Шу аснода кутубхоналар билан бир қаторда илмий муассасаларнинг янги бир шакли юзага келди. Уларда китоб сақлаш билан боғлиқ барча юмушлар таълим-таҳсил ёки иш ҳақи тўлаш усули билан бажариларди.
Моспул зодагонларига мансуб шоир ва олим Ибн Ҳамдан (325/935 йилда вафот этган) мазкур шаҳарда “Илм уйи” (“Дар ал-илм”) таъсис этди, унда ҳар бир фан соҳаси бўйича китоблар жамланган эди. Бу ерда илмга ташна ҳар бир одам китоблардан бемалол фойдалана олар, камбағал кишиларга бепул қоғоз берилар эди...
Қози ибн Хуббон (354/965 йилда вафот этган) эса уйини кутубхона ва турар- жой бинолари билан бирга мусофир олимларга васият қилиб қолдирган, нафақа белгилаган эди. Адуд ад-Давла (372/982 йилда вафот этган) Каспий денгизидан Уммонга қадар ястанган ҳудудда ҳукмронлик қилган, ислом тарихида биринчи марта қадимги шаҳаншоҳ унвонини тиклаган — (тарж.) яқинларидан бири Форс қўлтиғи бўйидаги Рамҳурмуз ва Басра шаҳарларида кутубхона бинолари қурдириб, уларда китобхонлар ва матндан нусха кўчирувчилар нафақа оларди.
383-994 йилда Буийлар сулоласининг вазири Ардашер ибн Собур (415/1024 йилда вафот этган) Бағдоднинг ғарбий қисмила “Илм уйи” барпо қилди. Бу ердаги кутубхона ажойиб илм маскани эди. Унда Қуръони Каримнинг энг моҳир хаттотлари кўчирган юз нусхаси бор эди, Шунингдек, 10 минг 400 дан зиёд китоб сақланар, уларнинг асосий қисмини машҳур салафларнинг дастхатлари ва шахсий қулёзма нусхалари ташкил этарди.
Кутубхонани бошқариш ишлари Алийларнинг икки вакили ва бир қози зиммасига юкланган эди. Алий зодагонларининг пешвоси (“нақиби”), шоир Ар-Ради (406/1015 йилда вафот этган) ҳам толибларга мўлжалланган "Илм уйи" (“Талабот ал-илм”)га асос солган ҳамда уларни ўз ҳисобидан таъминлаб турган.
Мазкур ўзгаришлар муассасаларнинг номларида ҳам ўз аксини топди: илгари фақат кутубхона саналган муассасалар “Ҳикматлар хазинаси” (“Хизонаи ат-хикма”) деб аталган бўлса, янгилари “Илм уйи” (“Дар ал-илм”) деб номландики, уларда кутубхона (“хазина”) “илм уйи”нинг бир қисмини ташкил қиларди. Мисрда ҳам шунга ўхшаш муассаса — академиялар таъсис қилинганди. Масалан, ал-Азиз (378/ 988 йилда) ал-Азҳар масжиди ёнидан бир бинони сотиб олиб, унда илоҳиёт илми билан шуғулланувчи ўттиз беш нафар олим учун хайр-эҳсон тарзида шундай даргоҳ барпо этади. Бу олимлар ҳар жумъа куни пешин ва аср намозлари орасидаги вақт давомида илмий мунозара юритиш мақсадида масжидга тўпланишар эди. IV/I асрда уламолар мактаби ҳам таркиб топди ва ҳозирда ҳам у энг иқтидорли мактаб ҳисобланади. Ибн Киллис (Миср халифаси ал-Азизнинг вазири, 380-990 йилда вафот этган) ўз хусусий академиясига эга бўлиб, олимлар, нусха кўчирувчилар, муқовасозлар таъминоти учун минг динор маблағ сарфларди. 395/1004 йилда халифа ал-
Ҳаким Қоҳирада “Илмлар уйи” ташкил этиб, саройларда мавжуд бўлган барча китобларни шу ерга олиб келди. Сарой кутубхоналари барча учун очиқ бўлиб, “Илм уйи”ни кутубхоначи (“хаззон” ва икки ходим) бошқарар эди. Бу ерда муаллимлар мунтазам дарс беришар, толиблар учун сиёҳдон, қалам ва қоғоз бепул берилар эди..
Илоҳиёт ва фиқх фанларидан дарслар кўпинча маежидларда ўтилар, тингловчилар муаллим атрофида ҳалқа ясаб ўлтирар эди. Кимда-ким бу ҳалқа яқинига келиб қолгудек бўлса, унга “Масжидга қараб ўлтиргил!” деб даъват этишарди. Ал-Муқаддаси Қоҳира бош масжидида оқшом чоғи кишилар 120 га қадар ана шундай ҳалқа ясаб ўлтиришганини кўриб-ҳисоблаб чиққан.
Ўша замонларда салтанатдаги энг машҳур илмий даргоҳ Бағдоднинг қадимий жомеъ масжиди, яъни ал-Мансур масжиди эди. Айтишларича, Хатиб ал-Бағдодий (ҳадис илмининг зўр билимдони, 463/1071 йилда вафот этган) Зам-зам булоғидан уч карра ҳўпларкан, шундай ният қилган: “Ал-Мансур масжидида ҳадисларни айтиб туриб ёздиришимга ижозат беришса эди, Бағдод таърихини ҳам битган бўлурдим... (Ёқут, “Иршод”, I, 246-бет).
Табиийки, илоҳиёт соҳасида илм олишни истаган толиблар фиқҳ муаллимлари қўлида таҳсил кўрарди. Толиблар сони улар олдида турган сиёҳдонлар сонига қараб белгиланарди, чунки сиёҳдон уларнинг асосий зарур жиҳози эди. Муаллим қазо қилгудек бўлса, толиблар қаламларини синдириб, сиёҳдонларини парчалаб, овоз борича додлаб шаҳар кўчаларини кезиб юришарди. Ал-Жувайни (у машҳур воиз ҳам эди) 478/1085 йилда қазо қилганида, Нишопур шаҳрининг жаъми аҳолиси мотам маросимида иштирок этган
Авваллари маърузаларни (лекцияларни) айтиб ёздириш усули дарс беришнинг олий босқичи саналарди. Айниқса тил ва адабиёт муаллимлари орасида мазкур усул жуда кенг тарқалган эди. Айтишларига қараганда ал-Жуббаи (303/915 йилда вафот этган) жаъми 5 50 минг варақли асарни айтиб ёздирган, шунда ҳам у бирон марта бўлсин, бошқа китобларга қараганини ҳеч ким кўрмаган, фақат бир гал ал- Хоразмий тақвимига кўз ташлаб қўйган экан. IV-X асрда тил ва адабиёт олимлари илоҳиёт муаллимларига хос маъруза ва уни айтиб ёздириш усулидан воз кечиб, бирон-бир асарни шарҳлаш (“тадрис”) билан чекланадиган бўлиб қолдилар, шу асарнинг ўзини эса тингловчилардан бири овоз чиқариб ўқиб берарди. Илоҳиёт олимлари, аксинча, айтиб ёздириш усулини сақлаб қолдилар. Аммо улар ҳам айтиб ёздириладиган маърузалар матнини кескин қисқартириш йўлига ўтиб олишди, фақат айрим олимларгина тадрис ҳисобига айтиб ёздириш усулидан куп вақт давомида фойдаланиб келишди.
Дарс беришнинг юқоридаги каби ўзгарган усули кенг қўлланилиши туфайли уз навбатида таълим муассасаларнинг ҳам янги турлари пайдо бўлди. Мана шу пайтдан эътиборан “тадрис” усули устунликка эришди ва бунинг оқибати ўлароқ “мадраса”лар ташкил топа борди. Бунинг асосий сабаби, афтидан шу бўлса керакки, ўша вақтдан бошлаб “тадрис” усули билан умум тан олган “мунозара” усули чамбарчас боғлиқ ҳолда қўлланилган Масжид эса толиблар баҳс юритадиган маскан эмасди, албатга. Бинобарин, бу бораца ҳам IV-Х асрда шундай таълим шакли яратилдики, у бизнинг кунларга қадар яшаб келмоқда.
Барча манбаларда келтирилган маълумотлар мазкур таълим даргоҳининг ватани Нишопур эканидан далолат беради, бу шаҳар ўша пайтларда Шарқ илмининг асосий маркази ҳисобланарди. Энг ишончли манба — Нишопур олимлари тарихининг муаллифи ал-Ҳаким (406/1015 йилда вафот этган) ёзишича, Нишопурдаги илк Мадраса унинг замондоши ал-Исфараини (418/1027 йилда вафот қилган) учун қурилган экан. Ибн Фуроқ (406/1015 йилда вафот этган) мадрасасигина ал-Исфараини мадрасасидан илгарироқ бунёд бўлган.
Ал-Исфараини ҳам, ибн Фуроқ ҳам ал-Ашъари (илоҳиёт олими, милодий 935 йилда вафот этган) издошлари бўлиб, мавзуни оддий оғзаки усулда баён қилишдан кўра диний ҳукм-ақидаларни талқин-изоҳ қилишни, яъни “тадрис” усулини афзал кўришар эди.
Катта мадрасаларда мударрис ёрдамчиси (“мустамли”) супада ўлтирар ва сабоқ давомида тинчлик сақтанишини назорат этарди. Мударрис илоҳиёт илми толиблари учун дарсларни Оллоҳ ва унинг Расулига саловат ўқишдан бошларди-да, сўнг хушовоз толиблардан бирига Қуръони Каримдан бир неча оят ўқишни буюрар, у тиловатни пировардига етказгач, шаҳар аҳли ва толиб ул-илмларга бахт-саодат тилаб, дуо қиларди. Мударриснинг халфаси толиблардан тинчлик сақлашни талаб қилиб, у ҳам Оллоҳ ва унинг Расули шарафига саловат ўқирди. Сабоқ давомида халфа мударрисдан: “Оллоҳ марҳамат қилсин, ҳозир кимнинг китобидан иқтибос келтирдингиз?” деб сўраб қўяр, мударрис Расул ва авлиёлардан бирининг исми- шарифини тилга олган заҳоти, ҳар гал улар номини такрорлаб, тиловат қиларди.
300-912 йиллар арафасида мударрис машғулотни Қуръони Карим оятлари билан бошлаб, бир неча ҳадис ўқир, мабодо бирон-бир ғалати, кам қўлланиладиган иборалар учраса, маъноларини тушунтириб берар ёки толиблардан сўрарди.
Ҳадисларни баён қилишда тақводорларга хос журъатсизлик ҳамон сақтаниб қолган эди. Ал-Биркони (425/1034 йилда вафот этган) далолат беришича, унинг мударриси илми ҳадисдан сабоқ беришга ҳеч ботина олмасди. Мударрис май пул от давомида тасодифан бирон-бир киши билан сўзлашиб қолгудек бўлса, толиблар бундан фойдаланиб, унга билдирмасдан сабоғида тилга оладиган ҳадисларни топиб ёзиб олишарди. Бошқа бир мударрис то етмиш ёшга тўлмагунича, ҳадис илмидан даре бериш нияти йўқлигини айтган. Сабаби шундаки, ҳадисларни ўқиш ҳануз ўзига хос ибодат саналиб, у маълум даражада мударрисда кўркамлик — басавлатлик каби хислатлар бўлишини тақозо қиларди “Ҳадис илмидан сабоқ беришдан аввал мударрис таҳорат олиши, соқолини тартибга келтириши лозим. У қаддини ғоз тутиб ўлтириши, одоб доирасидан четга чиқмаслиги, сомеълардан биронтаси товушини баланд қўйиб сўзлагудек бўлса, жиддийлик билан адабини бериб қўйиши, ҳамма билан хуш-муомалада бўлиши даркор” (“Тақриби ан-Набави", 18, 85-бетлар).
Мадрасада ўқишни қайси ёшдан бошлаш лозимлиги масаласида ҳам мунозаралар бўлиб турарди Айримлар ҳадис илмини ўттиз ёшдан, бошқалар эса йигирма ёшдан бошлаб ўрганишни тавсия қилишарди. Қурдоба қозиси Ийод (544/1149 йилда вафот этган) VI асрда яшаган олимлар ҳадис илмини ўрганишга беш ёшдан бошлаб киришиш керак, деб белгилашганини ёзган. Бунинг тасдиғи ўлароқ, ал-Бухорий асарида келтирилган ҳадисни (“Илм китоби”, 18-боб) тилга олиш кифоя.
Ан-Навави (476/1083 йилда вафот этган) ҳам ҳадис илмини айни шу ешдан ўрганишга киришишни ўз замонига хос қоида, деб билганини ҳисобга олиш керак. Мана шу нуқтаи назар кейинчалик расм бўлиб кетди. Шу сабабли ҳам олимларнинг таржимаи ҳолларида улар қайси ёшдан бошлаб таҳсил кўра бошлаганини мамнунлик билан таъкидланадиган бўлиб қолди.  йилда вафот қилган) Баъзан, лекин камдан-кам ҳолларда ўқишни олти ёшдан бошлашган. Машҳур қози ат-Танухи (384/994 йилда вафот этган) шундай олимлар жумласига киради. Ўз даврининг энг буюк олими, исфахонлик Абу Нуъайм саккиз ёшида Мадраса остонасига қадам қўйган Аммо машғулотларни кўпинча ўн бир ёшдан бошлашган...
Қайси ёшдан эътиборан илоҳиёт илмидан сабоқ беришга киришиш лозимлиги масаласи хусусида ҳам якдил фикр бўлмаган. Ан-Навави; “Тингловчиларингиз бўлса, бас, исталган ёшдан дарс ўтаверишингиз мумкин”, деб ҳисоблаган. Кекса мударрислар қариликка хос заифлиги ёки кўзи кўрмай қолиши оқибатида ҳадисларни чалкаштириб юбориши мумкинлигидан хавотирлана бошлаган пайтдан эътиборан даре беришни тўхтатиши лозим эди. Толиб фақиҳчик даражасига эришмаган ва мансабни эгалламаган бўлса тирикчилик манбаидан маҳрум бўлган бундай олим китобдан нусха кўчириб ёзиш — “варрақ” билан шуғулланишга мажбур бўларди. Масалан, IV асрнинг етакчи файласуфларидан бири Яҳъё ибн Ади (364/974 йилда вафот этган) ат-Табарининг “Тафсир ал-Қуръон" китобини икки марта кўчириб чиққан, у бир кеча-кундуз давомида юз вараққа қадар матнни кўчириб ёзишга улгурарди. Нишопурда узлуксиз эллик йил мобайнида китобдан нусха кўчириш билан шуғулланган Абу Хатим: “Нусха қўчириш — лаънатлашга лойиқ касб, ундан тирикчилик учун на бир бўрда нон, на кафанлик мато унади”, деб нолиганди. Ад-Даққоқ (489-1009 йилда вафот қилган) Муслимнинг “Саҳиҳ” асаридан нусха кўчириб ёзиш билан пул топиб, онаси, хотини ва фарзандини боқишга мажбур бўлган.
“Нусха кўчириб ёзувчилар хиёнати” (“Хийенатан ал-варрақин”) яъни матнни нотўғри/хатолар билан кўчириш илм учун зўр офат саналган, шу боис ҳалол олимлар ўз кутубхоналари учун зарур китобларни ўз қўллари билан кўчриб, нусха олиб қўйишарди.
Мударрислик ҳам ортиқча даромад келтирмаган. Олимлар орасида шундай бир кенг оқим мавжуд бўлганки, улар (масалан, ханафий мазҳабига мансуб бутун бир мактаб, Аҳмад ибн Ҳанбал, Суфъён ас-Саври ва бошқалар) Қуръони Карим ва ҳадис илмидан дарс бериш эвазига ҳақ олишни умуман ножўя-ножойиз иш, деб эълон қилишган. Бошқа бир олимлар тоифаси эса ҳақ олиш мумкин, деб ҳисоблаган бўлсалар ҳам, фақат Оллоҳ марҳаматидан умидвор бўлиб, сабоқ берган бир мударриснинг тутган йўлини маъқул кўришган. Шу йўсинда бепул таҳсил муддати тугаганидан сўнг, толиблар: “Оллоҳ сиздан марҳаматини аямасин” қабилида мударрисга мурожаат қилар, мударрис эса бунга жавобан: “Оллоҳ кўрган таҳсилингиздан сизга наф ато этсин!” деб оқ йўл тилар эди.
Ал-Жавзаки (388/998 йилда вафот этган) “Мен илми ҳадисдан сабоқ бериш учун юз минг дирҳам пул сарфладим, аммо эвазига бир дирҳам ҳам ҳақ олмадим”, деган экан. (Субқи, “Табақот”, II, 169-бет). Алийлардан бири Тир шаҳрининг маежидида машҳур ал-Хатиб ал-Бағдодига туҳфа қилиш ниятида 300 динорни намоз гиламчасининг устига қўяди, буни кўрган ал-Ҳатиб ғазабланиб, гиламчасини қўлига олади-да, масжиддан чиқиб кетади. Алий эса сочилган олтин тангаларини бўйранинг ёриқ-тешик жойларидан бирма-бир кавлаб олишга мажбур бўлади. (Ўша асар, III, 14-бет).
Мактабда муаллимлик қилиш ҳам (“Муаллимин ас-сибъён”, “муаллимии ал- қутто”) лаънати касб билан шуғулланиб ачиган нон тановул қилиш” демак эди. Ал-Жаҳиз мактаб муаллимлари ҳақида бутун бир кигоб ёзиб, унда қизиқ-қизиқ латйфалар келтиради, уларни ночор ва нодон кимсалар сифатида тасвирлайди. Мактаб муаллимидан ҳам нодон” ибораси эса эл орасида жуда машҳур бўлиб кетади. (Ал-Жаҳиз, “Байон”, 1,100-бет).
Сабоқ эвазига муаллимга албатта бирон нима беришарди. “Муаллимнинг варақиси” деган ибора кенг тарқалган эди, бу таом муаллимдан сабоқ олаётган бола ота-онасининг топиш-тутиши, зиқна ёки сахийлигига қараб, каттароқ ёки майдароқ, ширин ёхуд бемаза бўларди. “Ҳар хил нонлар, юпқа варақилар! Лаънати таом, лаънати касб!” — мазкур иборани ҳам ал-Жаҳизга нисбатан беришади. Бадавлат хонадонларда таълим берувчи уй муаллимларининг аҳволи анча дуруст эди”. Ўртача савияли муаллим (“муаддиб”) ўғил болаларни ўқитгани учун олтмиш дирҳам, машҳур муаллимлар эса камида минг дирҳам ҳақ олади” (Ўша ерда, 151-бет).
Сарой аъёнлари марҳаматига сазовор бўлган олимлар нафақа олиб турар, харажат турларининг бири — фақиҳлар, бошқа бир тури — илоҳиёт муаллимлари учун белгиланган эди. Халифа улфатлари (“надимлари”) учинчи ва афтидан, энг кўп маош олиб турадиган тоифа саналарди. Ҳамма уч турдаги нафақани бир йўла олиш ҳам мумкин бўлиб, бу ҳолда у ойига уч юз динорни ташкил қилар, яна бепул уй олиш ҳуқуқини берар эди. (“Фиҳрисит”, 51-бет).
Тил ва адабиёт олими Ибн Дурайд (321/933 йилда вафот қилган) Бағдод шаҳрига ҳеч бир маблағсиз етиб келган пайтда халифа ал-Муқтадир унга эллик динорлик маош тайинлаган.
Турк файласуфи ал-Фароби (339/950 йилда вафот этган) Ҳалаб ҳукмдори Сайд уд-Давладан кунига бир дирҳам маош олиб, шу билан қаноатланган. (“Алфидси, “Солнома”, 339-бет).
Ўша замонларда олимлардан биронтаси мударрислик-муаллимликдан ташқари бошқа бирон иш ёхуд касб билан шуғуллангани ҳақидаги далиллар деярли учрамайди... Ўз даврининг йирик тил ва адабиёт олимларидан бири ал-Мутарриз (345/ 956 йилда вафот этган) умр бўйи муҳтожликда яшаган, илмий машғулотлар тирикчилик учун пул топишига имкон бермаган. Яна бир машҳур тил ва адабиёт олими ибн-Форис (369/979 йилда вафот этган): “Дирҳам — дардимнинг энг моҳир табибидур”, деб ёзган ва минг дирҳамга эга бўлишни орзу қилган. (Ёқут, “Иршод”, II. 9-бет).
Биз кўздан кечираётган даврнинг охирларига келиб, ислом уламолари энг фахрли унвонларга сазовор бўлиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Масалан, ёш олим ал- Исфараини (418/1027 йилда вафот этган) Нишопур олимлари орасида биринчи бўлиб “рукн ал-дин” (“дин устуни”) унвонини олди. Айни шу даврда аввал — фахрли ном сифатида “шайх ул-ислом” унвони таъсис қилинди ва у кейинчалик жуда муҳим унвонга айланди Эронда мазкур фахрли унвонни етакчи илоҳиёт олимларига бериладиган бўлди.

Илҳом СУЛТОНОВ таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase