close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ақийда далиллари

Ақоид китобларида келадиган барча масалалар «ғайбиёт» деб номланган нарсалардир. Ғайбиёт деганда биздан ғойибда бўлган ва уни билиш, унга иймон келтириш фақатгина ишончли «мутавотир» хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундоқ нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларнинг ўзлари қаршимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.

Ақоид китобларида келадиган барча масалалар «ғайбиёт» деб номланган нарсалардир. Ғайбиёт деганда биздан ғойибда бўлган ва уни билиш, унга иймон келтириш фақатгина ишончли «мутавотир» хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундоқ нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларнинг ўзлари қаршимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.

Мутавотир хабарларнинг бошида Қуръони Карим туради. Бу илоҳий китобда собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда, мутавотир шаклда бизгача етиб келган. Қуръони Каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам Исломдан чиқади.
Кейинги ўринда мутавотир ҳадислар туради. Буларда собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шахс ҳам Исломдан чиқади.
Баъзи кишилар ақийдада келган хабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, оҳод деб аталадиганлари ҳам бор. Оҳод хабарлар ила эътиқод масалалари собит бўлмайди, деганларга қандай жавоб берамиз, дейишлари ҳам мумкин.
Муҳаққиқ уламолар таъкидлайдиларки, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир хабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бўлади.
Аммо, ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони Каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шахс кофир бўлади.
Оҳод ҳадислар ила собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса, кофир бўлиб исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади.
Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Абу Заҳра ва Муҳаммад Носириддин Албонийлар оҳод хабарлар билан эътиқод масалалари собит бўлишини салаф уламоларнинг гаплари асосида исбот қилганлар.
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи, аслида ақийдаларнинг собит бўлиши фақат таъвилни қабул қилмайдиган Қуръон оятлари ва мутавотир суннат билангина бўлади. Оҳод хабарларга келсак, уларни қабул қилиш вожиблигини таъкидлаш билан бирга, улар орқали ақийда қатъий равишда собит бўлмаслигини айтишимиз керак. Мутавотир бўлмаган суннатда баъзи ақийдага оид нарсалар зикр қилинган, биз уларни қабул қиламиз, рад қилмаймиз. Аммо буни инкор қилганларни кофир демаймиз, деган маънодаги гапларни ёзганлар.
Жумладан, Муҳаммад Носириддин Албоний: «Баъзилар ақийда фақатгина қатъий далил, оят ва мутавотир ҳадис билангина собит бўлади деган фикрга борганлар. Бу бидъат қавлдир. Шариатда асли йўқ қавлдир. Салафи солиҳлар бу гапни айтмаганлар ва улардан буни бирор киши нақл ҳам қилмаган», деб ёзган.
Аввалги ўтган уламоларнинг барчаси, оҳод хабарлар ақийдага ҳужжат сифатида қабул қилинади, уларнинг кўпи илми яқийнни ифода қилади, деганлар. Ўша уламоларнинг сафида Ибн Салоҳ ва Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳимолар ҳам бор.
Кўпчилик пайтларда оҳод хабарлардан бир нечасида бир масала зикр қилинади ва улар жамланиб «маънавий мутавотир» деган даражани олади.
Диний илмлардан бехабар бўлсалар ҳам бу ишларга аралашиб юрадиганлар, ўзларининг қабр азобини инкор қилишларига баҳона топиш учун Аллоҳ таолонинг «Нажм» сурасидаги
«Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас» оятини далил қилиб, азоби қабр оҳод ҳадис билан собит бўлган, у эса, гумонни билдиради, Қуръони Каримда эса, гумон қораланган, дейишган эмиш.
Ҳар бир илмнинг ўз истилоҳлари бўлгани каби ақийда илмининг ҳам ўз истилоҳлари бор.
Унда мутавотир хабар билан собит бўлган нарсани илми яқийн билан собит бўлди, дейилади.
Мутавотир хабар билан собит бўлмаган нарсани «зонн» билан собит бўлди, дейилади.
Бу ердаги «зонн» биздаги гумон маъносини анг-латмайди. Балки илми яқийн даражасида бўлмаган илм маъносини англатади.
Энг муҳими, «зонн» билан «зонн»нинг фарқи бор. Оҳод хабар ақийдада ҳужжат бўлмайди, деган илмсизларнинг «зонн»и билан имом Бухорий, имом Муслим каби Ислом умматининг жумҳури тан олган имомлар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда нақл қилган «зонн»нинг, албатта, фарқи бўлади.
Бу ҳақда ҳадис илмларининг улкан билимдони, улумул ҳадисдан мусулмон уммати ижмоъ ила эътироф қилган китоблар ёзган машҳур олим Ибн Салоҳ ўзларининг «Муқаддима» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Албатта, дастлаб ихтиёр қилган мазҳабимиз тўғри экани менга аён бўлди. Чунки хатодан маъсум бўлган кимсанинг «зонн»и хато бўлмайди. Уммат эса, ўз ижмоъида хатодан маъсумдир».
Бу ҳақда устоз Абдурроҳман Ҳасан Ҳабаннакал Майдоний ўзларининг «Ал-Ақийда ал-Исломия ва усусуҳа» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Баъзи оҳод ҳадислар ақоиддан бир қисмини ўз ичига олгандир. Уларни Ислом уммати ўзининг аввалги асрларида ҳеч қандай инкорсиз қабул қилиб олгандир. Бас, шу сабабдан ўшал ҳадислар мутавотир мартабасига кўтарилгандир. Мусулмонлар уларнинг маъносини ҳеч бир инкорсиз қабул қилгани учун уларни «маънавий мутовотир» дейилади. У эса, лафзи мутавотир бўлган хабар ифода этган нарсанинг худди ўзини ифода этади».
Ақоид илмининг бобокалонлари, оҳод ҳадисларни ақийдада ҳужжат қилиб бўлмайди, деганларни қаттиқ қоралаганларини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Бунга мисол тариқасида «Талхийси шарҳи ақоиди Тоҳовия» китобидан иқтибос келтирамиз:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ йўл билан собит бўлган шаръий нарсалар ва баёнлар ҳаммаси ҳақдир».
Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг бу гаплари Жаҳмия, Муъаттила, Мўътазила, Рофиза мазҳабларига раддиядир. Чунки улар ҳадисни инкор қилганлар. Ҳамда бу бузуқ ишларига қуйи-даги далилларни келтирганлар:
«Ҳадислар ва хабарлар мутавотир (кўп кишилар томонидан ривоят қилинган) ва оҳод (оз кишилар томонидан ривоят қилинган) ҳадисларга бўлинади».
«Мутавотирнинг ривоят суянчиғи кучли ва қатъий бўлса ҳам далолати қатъий эмасдир. Чунки лафзий далиллар қаттиқ ишончни ифода қилмайди».
(Шунинг учун, улар сифатларга далолат қилувчи Қуръони Карим оятларини ҳам инкор қилиб, бузуқ таъвиллар қилганлар.)
Яна улар ушбуларни айтадилар:
«Оҳод хабарлар илмни ифода қилмайди. Уларни ривоят суянчиғи жиҳатидан ҳам, матни жиҳатидан ҳам ҳужжат сифатида ишлатиб бўлмайди».
Улар шундоқ деб, Аллоҳни таниш, Унинг исм-лари, сифатлари ва ишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали таниш эшигини ёпганлар. Одамларга ўзларининг ваҳмдан иборат хаёлий муқаддималарини ақлий қатъиятлар ва ишончли далиллар, деб тақдим этганлар. Аслида эса, у нарсалар саробдан бошқа нарса эмас. Энг ажабланарлиси, улар ўша сафсаталарни ваҳийдан устун қўйганлар. Ваҳий орқали келган нарсани қўйиб, ўша сафсата хаёлга амал қилишга даъват қилганлар. Ҳар бир бидъатчи тоифанинг одати ўзи-шу, у, ваҳийни ўз бидъатига солиштиради. Ўзига мувофиқ келган нарсани, бу-ишончли, деб қабул қилади, мувофиқ келмаган нарсани эса, шубҳали, деб рад этади. Ёки бу нарсани фақат катта уламолар ва улуғ мужтаҳидларгина фаҳм-лайди, дейди. Ёки бузиб кўрсатиб, ўз бузғунчилигини таъвил, деб атайди. Таъвил қилувчи кофир эмас, дейди».
Оҳод ҳадислар ҳақидаги баҳснинг яна ҳам мукаммал бўлиши учун «Ҳадис ва Ҳаёт» номли асаримизнинг биринчи жузидан узунроқ бир иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз:
«Исломда энг нозик масала эътиқод масаласи эканлиги ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий–асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қуръони Карим орқали собит қилгандир. Чунки, бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин.
Шунинг учун ҳам, ақоид илми уламоларимиз Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил–ҳадиси шарифларни ақийда бобида далил қилароқ қандоқ шартлар ила қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган.
Ўртага биринчи қўйилган масала, зонн(гумон) ила ақийда собит бўладими, йўқми, деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бир иш қилиб бўлиши мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. Ундоқ бўлса, уламолар ақийдага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар, дейишимиз мумкин.
Лекин ақийда илми уламолари истилоҳида зонн–гумон; зинҳор, заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий, илми яқийннинг даражасига етмаган саҳиҳ илмни англатишини билганимиздан сўнг, ҳеч ҳам ажабланишга ўрин қолмайди. Бу саволга ҳамма бараварига, зонн–гумон ила ақийда собит бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берган.
Кейин оҳод ҳадис (албатта, саҳиҳ бўлиш шарти ила) зоннни ифода этадими ёки илмни, деган масала ўртага қўйилган. Бу жумладаги «илм»дан мурод, ақоид уламолари истилоҳида, заррача шуб-ҳаси йўқ илми яқийнни ифода этишини ҳам айтиб қўйишимиз лозим.
Маълумки, оҳод ҳадис дейилганда, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сондаги кишилар ривоят қилмаган ҳадис тушунилади.
Бу саволга келганда икки хил жавоб бўлган:
1. Жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) фақат гумонни ифода этади, илми яқийнни ифода этмайди, деганлар.
2. Баъзи ҳанбалий уламолар, оҳод ҳадислар, агар саҳиҳ бўлсалар, илми яқийнни ифода этади, деганлар. Аввал ҳамма: зонн билан, илми яқийнсиз, ақийда собит бўлмайди, деган эди. Энди жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) зонни ифода қилади холос, демоқдалар.
Ундоқ бўлса, ақийда собит бўлиши учун фақат мутавотир, яъни, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кўп сондаги ровийлар ривоят қилган ҳадисгина ярар эканда?
Лекин ақийда бўйича келтирилган далилларга қарасак, кўплаб нарсалар оҳод ҳадислар ила собит бўлганини кўрамиз. Яна ҳайрон қоламиз.
Жумҳури уламоларга, сиз муҳтарамлар, оҳод ҳадис ила ақийда собит бўлмайди, дейсизлар. Аммо биз қараб кўрсак, қабр азоби, Мункар, Накирнинг саволи, Сирот, Ҳавз, Мийзон, Шафоат каби кўплаб ақийда масалалари айнан оҳод ҳадислар билан собит бўлган экан-ку, деб сўраймиз.
Улар бизга, гапингиз жуда тўғри, биз ҳеч қачон сиз айтган нарсаларни ва яна сиз айтмаган кўпгина нарсаларни оҳод ҳадислар билан собит бўлмайди, деганимиз йўқ. Сизлар бизнинг истилоҳимизга тушунмабсизлар. Биз, зонн билан, бошқача қилиб айтганда, оҳод ҳадис билан ақийда собит бўлмайди, деганимизда ақийда рукнларини,яъни буларни инкор қилган инсон Ислом доирасидан бутунлай чиқиб кетадиган ҳукмларни,чунончи, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, Пайғамбарларнинг ҳақлиги каби масалаларни кўзда тутганмиз. Шунинг учун, ҳаммамиз ҳеч қандай ихтилофсиз ақийданинг фаръий масалаларида оҳод ҳадисларни, агар улар саҳиҳ бўлса, қабул қилишга қарор қилганмиз, дейдилар.
Ана энди ҳамма нарса равшан бўлди. Ислом ақийдасининг асоси ҳисобланган, иймоннинг рукни бўлган, Аллоҳ таолога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръони Каримга, Қиёмат кунига, фаришталарга, Қазои қадарга ва бошқа шунга ўхшаш «Диндан деб билишлик зарур ҳисобланган», иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб кофир бўладиган нарсаларнинг собит бўлиши учун илми яқийний лозим экан. Бу эса, Қуръони Карим кучидаги далилни тақозо қилади. Дарҳақиқат, мазкур нарсалар Қуръони Карим ила собит бўлган. Бунга ҳеч ким хилоф қилмайди.
Лекин афсуски, оҳод ҳадис илми яқийнийни ифода қиладими, деган тортишув натижаси ке-йинчалик баъзи бир ноқулайликлар келтириб чиқарди.
Ўша масалада, жумҳури уламолар, Аҳли сунна ва жамоа-Моликийси бўлсин, Шофеъийси бўлсин, Ҳанафийси бўлсин, Ҳанбалийси бўлсин ва яна бош-қалари бўлсин, оҳод ҳадис, ҳар қанча саҳиҳ бўлса ҳам, у билан инкор қилган кишини иймондан ажратадиган ақийда собит бўлмайди, деганлар.
Муҳаддислар ва баъзи қавлларга қараганда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи, саҳиҳ оҳод ҳадис ила илми яқийний, бинобарин, инкор қилган киши кофир бўладиган ақийда собит бўлади, деганлар.
Ҳозир ана шу гапни тутиб олиб, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқарадиганлар кўпайиб кетган. Баъзи бир ҳадиси шарифларда, маълум гапларни айтган ёки ишларни қилганларга куфр ёхуд ширк нисбати берилган. Ўша ҳадислар саҳиҳ бўлиши мумкин. Лекин ҳаммаси оҳод ҳадислар. Уламолар ҳатто мутавотир ҳадис билан ҳам инсонни диндан чиқди, деб ҳукм қилиш мумкин эмас, деб иттифоқ қилганлар. Мазкур оҳод ҳадислардаги куфр ва ширк эса, одамни иймонидан бутунлай жудо қиладиган куфру ширк эмас, балки, кичик куфр ва кичик ширк ҳисобланади. Яъни, куфр ва ширкка оид бир иш қилган ҳисобланади. Уларни қилган хатокор инсон тавба қилмоғи лозим бўлади.

Сунний ақийдалар, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase