close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Масжидларни баланд қилиш ва зийнатлаш макруҳлиги

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен масжидларни баланд қилишга амр қилинмаганман», дедилар».  Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан масжидларни керагидан ортиқ катта ва баланд қилиш макруҳ эканлиги келиб чиқади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Албатта, сиз яҳудий ва насоролар зийнатлаганидек, у(масжид)ларни зийнатлайсиз», дедилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзларининг бу гаплари билан масжидларни ортиқча зийнатлаш яҳудий ва насоролар ўз ибодатхоналарини зийнатлаганга ўхшаш макруҳ иш эканини баён қилмоқдалар.
Яҳудий ва насоролар ўз динлари таълимотларидан узоқлашиб, динларини бузиб бўлганларидан кейин ибодатхоналарини ортиқча зийнатлашга ўтганлар. Худди диндан зое қилган нарсаларини ибодатхоналарни зийнатлаш билан тўлдиришга урингандек бўлганлар.
Минг афсуслар бўлсинким, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу тахминлари тўғри чиқди. Халифа Валид ибн Абдулмалик давридан бошлаб ҳукмдор ва бойлар уламоларнинг қарши бўлишларига қарамай, масжидларни ортиқча зийнатлашга берилдилар. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар масжидлар билан фахрланмагунларича қиёмат қоим бўлмас», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақт ўтиши билан юзага чиққан мўъжизаларидан биридир.
Дарҳақиқат, одамлар ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васаллам макруҳ кўрган нарса – масжидларни беҳуда зийнатлаш билан фахрланадиган даражага етдилар.
Имом Бухорий қилган ривоятда:
«Масжидлар ила фахр қилурлар ва сўнгра уларни оз обод қилурлар», дейилган. Яъни, уларда оз ибодат қилурлар, деганлар.
Ҳозирги кунимизда айни шу ҳолат юзага чиқиб турибди. Оддий кишилар ҳам масжид қурсалар унинг биносини зийнатлашга, фахр учун бошқаларникидан ўтказишга ҳаракат қиладилар. Аммо ундаги ибодат билан ишлари йўқ. Дунёда энг катта ва энг зийнатли масжид қуриш ила фахрланиш учун мусобақа кетаётгани ҳам маълум. Дунёга жар солиб, масжиднинг ҳажми, уни қуриш учун кетган маблағ, қанча соф тилло ишлатилгани билан мақтаниш авжида. Аммо у масжидда ибодат қилиш,              Аллоҳнинг ҳукмини ўрганиш қандай, бу ҳақида ўйлаб кўрмайдилар. Ўша масжидларни фахр учун беҳуда зийнатлаб милён-милён сарф қилаётганлардан мусулмонлар диний таълими учун озгина маблағ сўралса, ундан бош тортадилар.
Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари – қиёмат яқинлашгани аломатидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase