close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Таом емоқдаги макруҳ амаллар

Таом емоқда ўн икки макруҳ амал бор:

Таом емоқда ўн икки макруҳ амал бор:
1. Тилло, кумуш, биринж (бронза) ёки мисдан ясалган идишларда таом емоқ.
2. Пиёла, коса, товоқ ва шунга ўхшаган нарсаларни нон устига қўймоқ. Аммо ейдиган нарсаларни ноннинг устига қўйса, жоиз. Суннат фаслида келтирганимиздек, нонни зиёда эъзоз ва икром қилмоқ лозим.
Муҳақиқлардан баъзилари айтибдирлар: “Бир луқма нон учун уч юз олтмиш киши хизмат қилади. Яъни, шунча кишининг хизмати билан бир луқма нон ҳосил бўлади. Уларнинг биринчиси ҳазрати Микоил алайҳиссаломдурларки, сувни Аллоҳнинг хазинасидан келтирадилар ва охиргиси нонвойдир.
3. Таомни олдига келтиришни буюрмоқ. Балки таомни хор тутмаслик учун ўзи таомга яқинроқ ўтирсин.
4. Таомни пуфламоқ. Ойша онамиз розияллоҳу таоло анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Таомга пуф-ламоқ баракани кетказади”.
5. Таомни ҳидламоқ. Чунки бу ҳайвонларнинг одатидир.
6. Таомни иссиқ ҳолида емоқ. Зеро, таомдан барака кетади. Ҳикоят қилинадики, бир киши Луқмони Ҳакимни сўраб келади. Унга бундай жавоб берилади: “Одамларнинг ичида таомини совитиб еган кишини кўрсангиз, ўша Луқмони Ҳакимдир”.
7. Бошқаларнинг луқмасига қарамоқ. “Қобуснома”да келтириладики, бир вақт Соҳиб Исмоил бинни Аббос ўз надим ва яқинлари билан таом еб ўтирарди. Шерикларидан бирининг косадан олган луқмасида соч толасини кўради. Соҳиб деди: “Сочни луқмангдан олиб ташлагил”. У киши луқмасини қўйиб, чиқиб кетди. Соҳиб у кишининг қайтарилишини буюради. Қайтганидан сўнг Соҳиб ундан таом емасдан дастурхондан туриб кетишининг сабабини сўрайди. У киши деди: “Менинг луқмамдаги бир тола сочни кўрган кишининг таомини емаслик авлороқдир”. Соҳиб бу сўздан қаттиқ хижолат бўлди.
8. Таом емоқ ҳолатида жим турмоқ, зеро, бу мажусийларнинг одатидир. Шунингучун мажлисга мувофиқ сўзлар ва улуғларнинг ҳикоятларидан айтиб турсин. Аммо кишиларнинг таъбини бузадиган сўзларни гапирмаслик лозим.
9. Қорин тўйгунча емоқ.
Кам ейишда фойда кўпдир, зеро, бу кишининг соғлом, зеҳни қавий (кучли), ақли комил, тез-фаҳм, кам ухловчан, ҳушёр ва нафси (бадани) енгил бўлишига сабаб бўлади. Кўп ейишда эса зарар кўпдир. Бепарволик, кўп ухлашлик, тан-жоннинг оғирлиги, фаҳмсизлик, унутувчанлик ва тухма (аллергия)дек касалликлар шулар жумласидандир.
Агар касаллик кам ейишдан келиб чиққан бўлса, бир оз дори-дармон билан тузалиши осондир. Агар кўп ейишдан юзага келган бўлса, у ҳолда кўп муолажа билан ҳам тузалиши қийин кечади. Зеро, тўйиб емоқ барча дардларнинг боши ва кам ейиш барча дармонларнинг бошидир. Байт:
Агар сиҳҳати жисм хоҳи мудом,
Махўр жуз ба ҳадри зарурат таом.
Яъни:
Жисмим соғлом бўлсин десанг гар мудом, Заруратдан ортиҳ емагил таом.
Шунинг учун улуғлардан баъзилари икки кеча-кундузда уч марта таом ейишни ихтиёр қилибдирлар. Биринчи кун бомдод ва кечқурун, иккинчи кун пешинда. Қитъа:
Икки кунда уч бор емок, керакдир,
Сен эса бир кунда ейсан олти бор.
Ким сенинг дардингга даво ҳилгайдир, Ҳоша лиллоҳ, агар бўлсанг сен бемор.
Шунингдек, кўп ейиш қалбни ўлдиради ва Аллоҳнинг ғазаби келишига сабаб бўлади. Ҳа дисда келибдир: “Кўп емоқ билан қалбларин гизни ўлдирманглар, зеро, қалб зироат кабидир. Зироат кўп сувликдан нобуд бўлгани каби, дил ҳам кўп ейишдан ўлади”.
Ҳукамо айтибдилар: “Уч тоифа, агарчи булар дан зиён кўрилмаса ҳам, дўст тутилмайди: бахил, мутаккабир ва тўйиб егувчи”. Фузайл раҳимаҳул лоҳ айтибдур: “Қалбни қаттиқ қиладиган икки хислат бор, яъни икки нарса кишини тошюрак қилиб қўяди. Бири кўп гапирмоқ, иккинчиси кўп емоқ”.
Шайх Саъдий Шерозий “Гулистон”да ушбу ҳикояни келтирибдирлар: Икки киши бир шаҳарга сафар қиладилар. Шаҳар аҳли уларга бир гуноҳни тақаб, туҳмат қилиб, қамаб қўяди. Бир ҳафтадан сўнгулар айбсиз ҳисобланиб, эшикни очсалар, бири тирик, иккинчиси эса ўлик ҳолда топилади. Уламолар бунинг сабабини бундай изоҳлайдилар: “Ўлгани кўп ейишга одат қилган экан, чидамай, жон таслим қилди. Иккинчиси оз егани учун жони саломат қолди”.
10.    Бармоқ ёки пичоқни нон билан артмоқ, магар артилган нонни еса, жоиз.
11.    Ёзиш мумкин бўлган қоғозга қўл артмоқ.
12.    Йўлда (юриб) таом емоқ ҳам макруҳ амаллардандир.

"Таомланиш Одоблари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase