close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатига иймон келтириш фарзлиги

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда тўртта ҳадис келтирган.

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда тўртта ҳадис келтирган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарларнинг ҳам-масига башарият иймон келтиришига тенг даражадаги мўъжизалар берилган. Менга берилган (мўжиза) Аллоҳнинг менга қилган ваҳийси бўлган. Қиёмат куни у (пайғамбар)ларнинг (орасида) эргашувчиси энг кўпи мен бўламан деб умид қиламан», дедилар».
«...башарият иймон келтиришига тенг даражадаги мўъжизалар», яъни пайғамбарларга қандай мўъжиза берилган бўлса, башариятнинг нималарга иймон келтириши микдорига қараб берилган. Мўъжиза сабабли башарият иймон келтирган. Пайғамбар дунёдан ўтса, унга тегишли мўъжизалар ҳам ўз ниҳоясига етган. Жумладан, уларнинг вафотидан кейин унга иймон келтириб, фойда олишни имкони бўлмаган. Масалан, Мусо алайҳиссаломнинг ҳассаси, қўлининг оқлиги, Нил дарёсини иккига ёриши ва бошқа мўъжизалари вафот этишлари билан ўз ниҳоясига етган. Ийсо алайҳиссаломнинг ҳам осмонга кўтарилиши билан ўликларни тирилтиришдаги мўъжизалари тугаган. Инсонлар орасида қайси пайғамбарнинг мўъжизаси бўлса, одамлар иймон келтиришган, акс ҳолда иймон келтиришдан юз ўгиришган. Барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг мўъжизалари феълий бўлса, Расули акрам алайҳиссаломнинг мўъжизаси илмий бўлган. Расулуллоҳнинг энг катта мўъжизаси қўлимиздаги Қуръони Карим бўлган.
«Менга берилган (мўжиза) Аллоҳнинг менга қилган ваҳийси бўлган». Аллоҳ таоло менга мўъжиза сифатида туширган нарса Қуръони Карим. Яъни сўз ва ваҳий шаклида бўлган. Қуръони Карим Қиёмат кунигача боқий турадиган Аллоҳ таолонинг барҳаёт Каломидир. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлиги ҳам Қиёматгача давом этади. Инсоният Қиёмат кунигача Қуръони Каримдан ўзларига фойда олишади. Шунинг учун инсоният Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қиёмат кунигача иймон келтиришади. Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчиларнинг сони бошқа пайғамбарларга эргашган умматдан кўп бўлиши келиб чиқади. Шунинг учун ҳам мазкур ҳадиси шарифнинг охирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни у (пайғамбар)ларнинг (орасида) эргашувчиси энг кўпи мен бўламан деб умид қиламан», демокдалар.
Аллоҳ таолонинг одатига кўра ҳар бир пайғамбарга ўзи яшаб турган жамиятда нима ривожланган бўлса ундан кучли мўъжизани пайғамбарга берган. Бу ҳақ билан ботилни жамият қаршисида намоён қилиб берган. Жумладан, Мусо алайҳиссалом замонасида халқ орасида сеҳр жуда ривожланган эди. Буни синдириш учун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ҳасса ва қўлидаги оқлик мўъжизасини берди. Мусо алайҳиссалом жамиятда авж олган сеҳрни буткул яксон қилдилар. Ийсо алайҳиссалом замонасига келиб, тиббиёт ривожланди. Лекин улар ўликни тирилтиришдан ожиз қолишди. Ийсо алайҳиссалом уларни қаршисида ўликни тирилтириб, кўрни даволадилар. Ийсо алайҳиссалом жамиятда кенг тарқалган тиббиётдан устун келди. Шунингдек, жоҳилият замонасида араблар орасида балоғатли, фасоҳатли гапириш, шеърият ривожланган эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Қуръони Каримни мўъжиза сифатида бериш билан араб жамиятидаги сўзга усталарини буткул парчалаб ташлади. Араблар Қуръони Каримни енгиш йўлида жонларини фидо қилишга, болаларини етим қолдиришга, ўлдириш ва ўлишга рози бўлишди. Аммо улар буни уддасидан чиқа олишмади. Қуръони Карим араб жамиятини буткул ожиз қолдирди ва улар пиравард натижада иймон келтиришди. Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги Қиёматгача давом этади. Унинг мўъжизакорлиги доимий бўлгани учун ҳам Пайғамбаримизга иймон келтириш Қиёматгача давом этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммаднинг жони қудратида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирор киши - яҳудийми, насронийми мен ҳақимда эшитиб, (Аллоҳ таоло тарафидан) олиб келган нарсамга иймон келтирмай вафот этса, албатта, у дўзахий бўлади», дедилар».
Шарҳ:
«Муҳаммаднинг жони қудратида бўлган Зот». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ўринда заруратсиз қасам ичаётганларини кўришимиз мумкин. Лекин унинг бир неча фойдалари бор: Биринчиси, уммат заруратсиз тўғри қасам ичишлари мумкинлиги. Лекин бундан сақланиш мустаҳаб. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен Аллоҳнинг номига на ёлғон қасам ва на чин қасам ичганман», деган. Иккинчиси, фақат Аллоҳ таолога қасам ичилишини умматга таълим бермоқцалар. Гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ўзгасига қасам ичилмайди, демокдалар. Учинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичишлари билан Аллоҳ таолонинг азамати намоён бўлади. Чунки Расулуллоҳнинг жонлари кимнинг изнида бўлса, У азаматли, буюк Зот бўлади.
Мазкур қасам орқали Расули акрам алайҳиссалом ўз умматларига ўзларини башар ва Аллоҳнинг бандаси эканлиги ҳақида таълим бермокдалар. Шунда Аллоҳ таоло Холиқ, Расулуллоҳ махлуқ бўладилар. Макка мушриклари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни банда эканларини эътироф қилиб, Расул эканларини тасдиқлашмас эди. Бугунги кунда барлавийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар эканлигини эътироф этишиб, банда эканларини эътироф этишмайди. Аслида, бу борадаги тўғри эътиқодга биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбари ва бандасилар.
«...мен ҳақимда эшитиб», яъни уммати даъватга яҳудий, насроний, динсиз кофир, хуллас барча инсоният киради. Улар Расули акрам алайҳиссалом ҳақида эшитишиб, иймон келтиришмаса, уларнинг борар жойлари абадий дўзах бўлади. Бу ердаги «уммат» сўзидан уммати ижобат, яъни мусулмонлар ирода қилинмаган. Балки ундан уммати даъва, яъни христиан, яҳудий ва динсизлар ирода қилинган. Бундан маълум бўладики, кимга Ислом даъвати етиб бормаган бўлса, у шаръий узрли инсон бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай деган:
«Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас. Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз» (Исро сураси, 15-оят).
Уббий раҳматуллоҳи алайҳ: «Яъжуж-маъжужларга ҳам Расули акрам алайҳиссаломнинг даъвати етиб борган», деган. У сўзида да-вом этиб бундай дейди: «Баъзи уламолар: «Меърож кечасида Набий алайҳиссалом яъжуж-маъжужни даъват қилган», деганлар». Уббий: «Араб тилини тушунмайдиган ажамлар ҳам Ислом чақириғи етиб бормаган кишилар каби узрли бўлишади», деган.
Мазкур ҳадиснинг аввалидан Ислом даъватининг етиб боришини ўзи кифоя қилиши маълум бўлади. Лекин ҳадиснинг охирги қисмидан мўъжиза ҳам етиб бориши лозимлиги маълум бўлади. Чунки «олиб келган нарсамга», деган жумла айни шу маънога далолат қилади. Шунга асосланган баъзи уламолар мўъжизани етиб боришини ҳам зарурий деб белгилашади. Улар мазкур ҳадисни бундай талқин қилганлар: «Ҳадисимни эшитиб, мўъжизаларимни кўриб иймон келтирмаган кимсалар дўзахга киришади».
Умуман олиб қараганда, Ислом даъвати етиб боришининг ўзи кифоя қилади. Ислом даъвати ҳақиқий маънода ёки ҳукмий маънода етиб борсин, шунинг ўзи инсониятнинг Исломга киришига етарлидир. Борди-ю, иймон келтирмаса, дўзахга киришга ҳақли бўлади. Аксарият олимлар, мўъжизани етиб боришини шарт қилмаганлар. Мазкур ҳадисдан «Менинг йўлимдан бошқаси тойилиш, дўзахга элтувчи йўл», деган даъвони фақат пайғамбар қила олиши маълум бўлади. Умматдан бирортаси «Менинг йўлимни тутмасанг итдай ўлиб кетасан», дейиши ҳаром ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўллари Нуҳ алайҳиссалом кемасига ўхшайди, Яъни Ислом даъватига қулоқ тутмаган кишилар динсизлик уммонига ғарқ бўлишиб, ҳалок бўлишади.
Яхшиликка буюриш Қуръони Каримнинг қуйидаги ояти билан фарздир:
«Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят).
Солиҳ ибн Солиҳ Ҳамадонийдан ривоят қилинади: «Хуросонликлардан бир кишининг Шаъбийга савол берганини кўрдим. У: «Эй Абу Амир! Биз томондаги хуросонликлар чўрисини озод қилиб, сўнгра ўзи унга уйланган кишини «Ўз туясини минган каби», дейдилар», деди. Шаъбий айтади: «Абу Мусонинг ўғли Абу Бурда отасидан менга қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа инсоннинг ажри икки баробар берилади: Аҳли китоб инсон ўз пайғамбарига иймон келтирган сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб, иймон келтирган ва эргашиб, тасдиклаган киши. Унга иккита ажр бор; Аллоҳнинг ва хожасининг ҳаққини адо қилган қул. Унга ҳам иккита ажр бор. Чўрисини яхшилаб едириб-ичириб, гўзал одобли қилиб тарбиялаб сўнг озод қилиб, ўзи унга уйланган киши. Унга ҳам иккита ажр бор», дедилар».
Сўнгра Шаъбий хуросонликка: «Бу ҳадисни ҳеч нарса (бермасдан) олавер. Аслида (олдинлари) одамлар бундан кичик ҳадисни эшитиш учун Мадинага сафар қилар эди», деди.
Шарҳ:
«Эй Абу Амр», бу Шаъбийнинг куняси бўлган. Хуросонлик киттти Шаъбийдан Хуросонда кенг тарқалган бир нарса ҳақида сўради: «Бизнинг диёримизда ўзининг чўрисини озод қилиб, сўнг унга уйланган кишига қандай қилиб иккита савоб бўлиши мумкин, деган гап-сўз бор. Ахир хожа ўзини чўрисига яқинлик қилиб, ўз хожатини қондириб юрибди-ку! Бу худди киши ўз эҳтиёжи учун туясига минишига ўхшайди. Ўз фойдаси учун ўзининг туясига минишида қандай қилиб иккита ажр-савоб бўлиши мумкин?»
Шаъбий унга ҳадисни ўқиб эшиттириб, шу ҳадисда иккита ажр бўлади, дейилган. Демак, бундай кишига иккита ажр бўлади, деган.
Бу ерда «биз томондаги хуросонлик кишилар» деган жумла бор. Ундаги (ман) сўзи мавсул бўлиб, (аллазий) маъносида келган. Бу ердаги Ш (қибалана) сўзи «томон», деган маънони англатади. (мин) ўзидан олдинги мавсулни баён қилмоқда. Таржимаси: «Биз томондаги хуросонлик баъзи кишилар бундай қилади» деган маънода бўлади.
(саласатун юътавна) жумласидаги «саласатун» сўзи мубтадо, яъни гапнинг эгаси, «юътавна» феъли унинг хабари, яъни кесимидир.
(Ражлун мин аҳлил китаби), яъни «улардан бири аҳли китоб». Олимлар мазкур жумладаги «аҳли китоб»дан, фақат христианлар назарда тутилганми ёки христиан ва яҳудийлар назарда тутилганми, деган масалада ўзаро ихтилоф қилганлар.
Имом Таҳовий ва Ҳофиз Тўрпўштийнинг фикрига кўра мазкур ҳадисдаги аҳли китобдан фақат христианлар ирода қилинган. Бироқ Шоҳ Абдулазиз ва Тибий раҳматуллоҳи алайҳларнинг қарашларига кўра, ундан яҳудий ва насронийлар ирода қилинган.
Имом Таҳовий ва Тўрпўштийларнинг мазкур ҳадисдаги «аҳли китоб»лардан насронийлар ирода қилинганига Имом Бухорийдан нақл қилинган қуйидаги ривоятни асос қилиб келтирганлар: «Ийсога иймон келтирган сўнг менга иймон келтирса, унга иккита ажр бўлади». Бошқа ривоятда бундай дейилади: «Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирган киши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонини топиб, унга иймон келтирса».
Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мушкулул осор» асарида ўзининг даъвосига бир неча ривоятларни келтиргандан кейин қуйидаги ривоятни такдим қилган: «Иёз ибн Ҳимор Мужошиъий розия-лоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ўз бандаларига қараб, уларнинг араби ва ажамига қаттиқ ғазаб қилди. Бундан фақат аҳли китобларнинг қолгани мустаснодир...» Демак, бу ерда аҳли китоблардан фақат бир тоифа аҳли китоб назарда тутилган», дейдилар.
Шоҳ Абдулазиз ва Тибий раҳматуллоҳи алайҳлар айтадиларки, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда аҳли китоб ибораси умумий тарзда ишлатилган бўлиб, ундан яҳудий ва насронийлар назарда тутилади. Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ уларнинг гапини асослаш сифатида қуйидаги оятни далил қилиб келтирган:
«У(Қуръон)дан олдин китоб берилганлар унга иймон келтирурлар. Уларга тиловат қилинганда: «Биз унга иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ҳақдир. Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар. Ана ўшаларга сабр килганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни даф қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар» (Қасас сураси, 52-54-оятлар).
Мулла Алий Қорий айтадики, бу ердаги «Китоб»дан Таврот ва Инжил назарда тутилган бўлса, «аҳл» сўзидан яҳудий ва насронийлар ирода қилинган. Яна бу ерда Ийсо алайҳиссаломнинг даъвати ҳали етиб келмаган яҳудийлар ўзларининг дини - яҳудийлик динида бўлишади. Айни шулар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонасигача етиб бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришса, уларга ҳам икки баробар савоб бўлади. Жумладан, яманлик баъзи яҳудийларга ҳали Ийсо алайҳис-саломнинг даъвати етиб бормаган эди. Шунинг учун аҳли китоб иборасидан яҳудий ва насронийларни ирода қилиш керак. Далиллардан маълум нарса ҳам айни шудир. Иншааллоҳ, бу қараш ҳақиқатга яқин.
Мулла Алий Қорий айтадики, мазкур оят Абдуллоҳ ибн Салом билан Салмон Форсий розияллоҳу анҳулар ҳақида нозил қилинган. Биринчи яҳудийлар, сўнгра христианлар зикр қилингани сабабли мазкур ҳадисдаги аҳли китобдан умумий маънони ирода килиш яхшироқ. Баъзи аҳли илмларнинг таъкидлашларича, Ийсо алайҳиссаломнинг шариати Мусо алайҳиссаломнинг шариатини насх қилмаган. Чунки Ийсо алайҳиссалом Бану Исроилнинг маълум бир табақасига пайғамбар этиб юборилган. Шунинг учун Ийсо алайҳисса-ломнинг шариатини қабул қилмаган яҳудийлар кофир бўлишмайди. Демак, яҳудийлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришса, иккита ажрга эга бўлишади. Бу ерда шуни эътибордан четда қолдирмаслик керакки, ахди китоб олдинги пайғамбарларнинг пайғамбарлигини инкор қилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда у иймонидан ажралиб қолади. Христиан ва яҳудийлар бирор пайғамбарни инкор қилмай сўнг Пайғамбаримизга иймон келтиришса, уларга иккита ажр битилади. Яҳудий ва насронийлар Исломни қабул қилишса, иккита ажр уларга битилишига сабаб шуки, қалбидаги азиз эътиқодни қўйиб, янги бир эътиқодга иймон келтириш осон иш эмас. Шунинг учун уларга савоб зиёда қилиб берилган.
Хддисдаги уч тоифа инсондан иккинчиси Исломни қабул қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳаққини ҳам, хўжайнининг ҳаққини ҳам адо қилаётган қул назарда тутилган. У иккита машаққатни елкасида кўтара олгани учун унга иккита ажр ваъда қилинган.
«Чўрисини яхшилаб едириб-ичириб, гўзал одобли қилиб тарбиялаб, сўнг озод қилиб, ўзи унга уйланган киши. Унга ҳам иккита ажр бор». Уз чўрисини одоби, ахлоқи, тарбиясига алоҳида эътибор қилиб, вояга етгандан кейин уни озод қилиб, унга уйланган кишига ҳам иккита ажр битилади. Биринчи ажр таълим-тарбияси учун бўлса, иккинчи ажр озод қилиб, унга никоҳлагани учун берилади. Баъзи олимлар: «Озод қилгани учун бир ажр, никоҳлагани учун иккинчи ажр», деганлар.
Савол: Ҳадиси шарифда мазкур уч тоифа инсонларга иккита ажр берилиши алоҳида келтирилди. Аслида иккита савобли иш қилган кишига ҳам иккита ажр берилади-ку?! Нимага айнан ҳадисдаги уч тоифа инсон алоҳида эътибор билан келтирилмокда?
Жавоб: Бу ердаги иккита ажрдан мақсад асл савобдан ташқари иккита ажр. Савобнинг асл қонун-қоидасига кўра, битта яхшиликка ўнта савобдан етти юзтагача битилади. Бу ерда алоҳида иккита ажр берилмоқда.
Иккинчи жавоб: Юқоридаги уч тоифа инсонлар ҳар бир қилган хайрли амалига иккитадан ажр олишади. Намоз ўқиса, иккита ажр бўлади. Мисол учун оддий инсонлар бир вақт ўқиган намозига ўн баробар савоб олишса, юқоридаги уч тоифа инсонлар йигирма баробар савоб олишади.
Учинчи жавоб: Бундай ажр фақат қарама-қарши ишни уддасидан чиққанларга берилади. Масалан, бир пайғамбарга иймон келтиргандан кейин, уни тарк қилиб, янги ҳақ пайғамбарга иймон келтириш керак. Аслида, бундай қилиш осон иш эмас.
Шунингдек, қулга Аллоҳ таоло ўз вақтида намозингни ўқи деб амр қилган. Хожаси эса ўша вақтда бошқа ишга буюрди. Мазкур қул икки ишни уддасидан чиқиб, Аллоҳ таолонинг ҳам, хожасининг ҳам розилигини топиши қийин бўлгани учун унга иккита ажр ваъдаси берилган. Шунингдек, ўзининг чўрисини ҳур аёлга айлантириб, унга уйланиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу боис унга иккита ажр берилиши айтилмоқда. Бу қарашда ҳадисни умумийликдан хусусий маъно томонга бурилади. Аслида уни умумий маънода қолдириш яхшироқ саналади.
«Сўнгра Шаъбий». Шаъбий ўзининг хуросонлик шогирдига бу ҳадисни сенга шунчаки текинга бераман. Бироқ савоби менга қолсин. Бунинг эвазига сендан ҳеч қандай ҳақ олмайман. Олдин одамлар уловларга миниб, кўплаб маблағ сарфлаб, бир ҳадисни эптититп учун Мадинага боришган. Мен сенга бу ҳадисни текинга айтиб беряпман.
Уббий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Жобир раҳматуллоҳи алайҳ бир ҳадисни эшитиш мақсадида бир ой сафар қилган экан. Саид ибн Мусайяб айтадики, баъзан мен бир ҳадис учун бир неча кун сафар қилар эдим. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ вафот этганидан кейин бир киши уни тушида кўриб: «Роббингиз сиз билан қандай муомала қилди?» деб сўради. У: «Бир ҳадис учун сафар қилган эдим. Шунинг баракаси сабабли мени мағфират қилди», деди.
Юқоридаги ҳадисни мана шу санад билан ривоят қилинган шаклидир.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase