Сийрат китобларидан биламизки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда зоҳидона ҳаёт кечирдилар. У зот ўз ҳаётларида дунёга берилмадилар, унга мойил бўлмадилар, ҳатто парво ҳам қилмадилар. Роббининг амри ва қайтариғига итоат этиб, дунё зебу зийнатларидан юз ўгирдилар: «Кўзларингни уларнинг айримларини синашимиз учун биз баҳраманд қилган дунё ҳаётининг турли зийнатларига тикмагин. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир»(Тоҳа сураси, 131 -оят.).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зухдларини тасдиқлайдиган бир қанча ҳаётий лавҳаларидан мисоллар келтирамиз.
Имом Аҳмад, Бухорий, Насоий ва Ибн Можа ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом вафот этганларида совутлари қарамоғидагилар нафақаси учун гаровга қўйилган эди».
У зот дуо қилганларида: «Е Аллоҳ! Муҳаммад оиласининг ризқини кифоя даражасидан оширма», дер эдилар.
«Кифоя даражаси» деганда Аллоҳ таолонинг ибодатини адо этишга етарли овқат тушунилади.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ то вафот этгунларига қадар уч кун кетма-кет тўйиб нон емадилар». Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда: «Икки кун кетма-кет арпа нонга тўймадилар. Агар хохдасалар, Аллоҳ азза ва жалла у зотга хаёлга келмайдиган егуликларни ато қилар эди», дейилган.
Имом Бухорий ва Муслим келтирган бошқа ривоятда: «Расулуллоҳнинг оилалари у зот Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққунча буғдой нонга тўймади», дейилган. Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда: «Расулуллоҳ (вафотларидан кейин) на динор, на дирҳам, на қўй ва на туя қолдирдилар», дейилган. У зот дунё ва охират бахт-саодати ва нажотига олиб борадиган Қуръон ва суннатни қолдирдилар. Ким уларга оғишмай амал қилса, жаннат хазиналарини қўлга киритади.
Имом Бухорий Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллохдан бор-йўғи аслаҳа-анжомлари, хачирлари ва садақа қилган ерлари қолди»(У зот: «Биз анбиёлар жамоаси мерос қолдирмаймиз. Қолдирган нарсамиз садақадир», деганлар.).
Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «У зот вафот этганларида уйимда токчамдаги озроқ арпадан бошқа тирик жон ейдиган озуқа йўқ эди»(Имом Бухорий ва Муслим ривояти.).
У зот: «Менга Макканинг кенг ўзани(даги қум ва тошлар) ни тиллага айлантириш таклиф қилинди. Мен: «Иўқ, ё Роббим, бир кун оч қолиб, сабр қиламан, бир кун тўқ бўлиб, шукр қиламан. Оч қолган кунимда сенга ёлвораман, дуо қиламан. Тўқ бўлган кунимда сенга ҳамд ва сано айтаман», дедилар. Бу камолот ахди бўлган анбиё ва авлиёлар мақомидир.
Иймон икки қисмдан иборат: ярми сабр, ярми шукр. Аллоҳ таолонинг «Албатта бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли учун оят-белгилар бордир»(Сабаъ сураси, 19-оят.) деган сўзи ана шунга ишора қилади.
Икки «Саҳиҳ»да келтирилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Биз - Муҳаммад оиласи, бир ойлаб (қозонимизга) олов ёқмас эдик. Егулигимиз фақат хурмо ва сув эди», деб хотирлайдилар.
Имом Термизий ва Баззор Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ вафот этгунларича ўзлари ҳам, аҳли байтлари ҳам арпа нонни тўйиб емадилар».
Имом Ибн Можа ва Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ ва аҳллари кетма-кет тунларни овқатланишга егулик топа олмай оч ўтказар эдилар».
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ хонтахтада ва ликопчада(Таом билан қўшиб ейиш учун кичик идишларда келтириладиган иштаҳа очувчи, ҳазм қилувчи нарсалар.) тановул қилмадилар ва у зотга (махсус) юмшоқ нон пишириб берилмади. Териси шилинмасдан қовурилган қўйни кўрмадилар»(Қўйни шариатга мувофиқ ҳолатда сўйиб, ичидаги нажосатларни чиқаргандан кейин иссиқ сув билан жунини тозалаб, шундан сўнг қовуриб пиширилган гўшт назарда тутилган. Бунинг учун одатда барра қўзилар танланган. Шариат қўйган талабларга риоя қилингандагина бундай гўшт ҳалол бўлади. Калла-поча ва товуқлар ҳукми ҳам шунга ўхшашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп нарсалардан зуҳд қилиб ўтганлар.).
Икки «Саҳиҳ»да келтирилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «У зотнинг ухлайдиган тўшаклари ичига хурмо барги солиниб, ошланган теридан бўлган», деб уй жиҳозларини таърифлайди. Имом Термизий Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳнинг уйларидаги тўшаклари дағал мато(Кигизга ўхшаган тўшанчи.) эди. Биз уни буклаб, икки қават қилар эдик. Ўшанда ухлар эдилар. Бир кеча буклаб, тўрт қават қилдик. Тонг отгач: «Бу кеча менга нимани тўшадингиз?» дедилар. Биз қилган ишимизни айтдик. У зот: «Ўз ҳолига қайтаринглар. Унинг юмшоқлиги шу кеча мени намозимга халақит берди», - дедилар».
Икки шайх, Термизий ва Ибн Можа келтирган ривоятда: «У зот баъзан ипдан тўқиб ясалган сарир(Хурмонинг узун баргларини эшиб, тайёрланган ипни тўрсимон шаклда тўқиб ишланган каравотга ўхшаш нарса. Одатда унинг устига тўшак солиб ётилган.) устида ухлар, (ботиб кетганидан) ёнбошларида унинг изи қолар эди», дейилган. Оиша розияллоҳу анҳодан(Дулажий: «Бу ҳадисни ким ривоят қилганини билмадим. Лекин Ибн Абу Ҳотим «Тафсири»ида баъзи қисмини Оиша онамиздан ривоят қилган» деган.) ривоят қилинади: «Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг қоринлари ҳеч қачон тўқ бўлмаган. Бирор кишига шикоят ҳам қилмаганлар. У зот фақирликни бойликдан афзал кўрганлар. Оч-наҳор юриб, туни билан очликдан қийналсалар ҳам, аммо бу кундузи тутадиган рўзаларига халақит қилмасди. Агар у зот Роббидан ернинг жамики конлари, мевалари ва тўкин ҳаётини сўрасалар, албатта берарди. У кишидаги бу ҳолатни кўриб, раҳмим келганидан йиғлар эдим. Очлик (оғриғи)дан қўлим билан қоринларини силаб: «Жоним сизга фидо бўлсин! Дунёдан ўзингиз учун ҳеч бўлмаса етарли егулик олсангиз-чи?» десам, у зот: «Эй Оиша, дунёга юзланишнинг менга нима кераги бор. Азму қарор, матонат эгаси бўлган пайғамбар биродарларим бундан ҳам оғирроғига сабр қилиб, яшаб ўтишди. Робблари ҳузурига боришганда уларни икром қилиб, савобларини кўпайтириб беради. Агар ҳузур-ҳаловатда яшашни танласам, эртага уларнинг мартабасидан мартабам пастрокда бўлишидан уяламан. Менга биродарларим ва қадрдон дўстларимга етишишдан ҳам кўра яхшироқ нарса йўқ», дедилар». Оиша онамиз айтади: «Шу сўзни айтганларидан кейин бир ой ўтиб вафот этдилар».
Пайғамбаримиз энг улуғ пайғамбарлар сабр қилгандек сабр қилдилар. У зотнинг шиорлари «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ»(Куч-қувват фақат Аллоҳ биландир.) эди. У зотга Аллоҳнинг чексиз салавот ва саломлари бўлсин!
Ваҳба Мустафо Зуҳайлийнинг
"Шамоилул Мустафо" китобидан