close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Чин мўмин бўлиш

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бирингиз мен унга отаю боласидан ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагуним-ча мўмин бўла олмас», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бирингиз мен унга отаю боласидан ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагуним-ча мўмин бўла олмас», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Уткан ҳадислардаги тартибга биноан, аввало, ровийнинг ҳолатига тўхталиб ўтамиз. Бу кишининг исмлари Анас ибн Молик бўлиб, куниялари Абу Ҳамзадир. Ҳамза сўзи бир ўсимлик турининг номи бўлиб, Анас розияллоҳу анҳу ўша ўсимликни табиатан яхши кўрар эдилар. Шу сабабли, Анас розияллоҳу анҳуни Абу Ҳамза деб кунялашган. Яъни у зотнинг биринчи фарзандларининг исми Ҳамза бўлмаган.
Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос ходимлари бўлганлар. Ун ёшга тўлганларида оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳу у кишини Пайғамбар алайҳиссаломга хизмат қилиб юришлари учун олиб келган. Шундан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бўлганлар. Ривоятларда келишича, Анас розияллоҳу анҳу «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн йил хизматим давомида бирор марта «нега бундай қилдинг, нега бундай қилмадинг», деб дашном бермаганлар», деганлар. Ушбу ҳолат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ходимларига нисбатан нақадар меҳрибонлик ва шафқат билан муносабатда бўлганларига далилдир. Шунингдек, бу ҳолат Анас розияллоҳу анҳунинг камолотларига ҳам далолат қилади. Ун йил давомида бундай гапни эшитишга ўрин қолдирмай хизматда бўлганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу киши ҳақларида тўртта дуо қилганлар. Биринчиси, умрларига барака тилаб дуо қилганлар. Иккинчиси, зурриётларига барака тилаб дуо қилганлар. Учинчиси, ризқларига барака тилаб дуо қилганлар. Тўртинчиси, гуноҳларининг мағфиратига дуо қилганлар. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ҳақларидаги бу дуолар мақбул бўлиб, ёшлари юздан ошган. Фарзандларининг сони ҳам юздан ошган, ҳатто бир нечталарини ўз қўллари билан қабрга қўйган эканлар. Ризқлари баракали бўлган. Мадинада бир боғлари бўлиб, бошқаларнинг дарахтлари бир йилда бир мева берганида, бу кишиники бир йилда икки марта мева берар экан. Мазкур боғларида ўта ҳушбўй, тотли мевали бир дарахт бор эди. Анас розияллоҳу анҳу: «Учта дуонинг қабул бўлганини кўрдим, ишонаманки, Аллоҳ таоло тўртинчи дуони ҳам, албатта, қабул қилади», дер эканлар.
Энди эса ҳадиси шарифга тўхталиб, сўзимизни бир нечта саволларга жавоб беришдан бошлаймиз:
Савол: Муҳаббат қалбнинг мойил бўлишидир. Қалбнинг мойиллиги кишининг ихтиёридан ташқарида бўлади. Банданинг ихтиёридан ташқарида бўлган нарсада банда мукаллаф бўлмайди. Ҳолбуки, ҳадисда «Сизлардан ҳеч бирингиз мен унга отаю боласидан ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча мўмин бўла олмас» дейилмокда. Яъни қалби билан муҳаббат қилсин дейилмоқда. Ихтиёрдан ташқарида бўлган нарсага буюриш банданинг қўлидан келмайдиган нарсага буюришга ўхшайди, буни кандай тушуниш мумкин?
Жавоб: Аслида муҳаббат икки ҳил бўлади: Бири табиий муҳаббат, иккинчиси ақлий муҳаббат. Табиий муҳаббат ихтиёрий бўлмаган ҳолда табиатан бировга қалбнинг мойил бўлишидир. Ақлий муҳаббат эса у тарафга табиий мойиллик бўлмаса ҳам, унинг комиллиги ва яхшилигини тафаккур қилиш натижасида пайдо бўладиган муҳаббатдир. Масалан, табиб беморга аччиқ дорини ичишни буюради. Бемор шуни ичса тузалишини билади. Табиий ҳолат эътиборидан қаралса, дорини ичиш ёқимсиздир. Аммо ақли расо бемор ўша дорини рағбат билан, ўзи хоҳлаб ичади. Демак, ҳадиси шарифдаги муҳаббат ақлий муҳаббат экан. Бунинг хулосаси шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари ва қайтариқларига бирор нарса зид келиб қолган вақтда у зот алайҳиссаломнинг буйруқ ва қайтариқларини ўша нарсадан устун қўйишдир. Масалан, бир киши уйланиши керак. Бир тарафда турли ирим ва хурофотлар, бошқа тарафда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги кўрсатмалари турибди. Мана шу ўринда имтиҳон бўлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлган муҳаббат устунроқми ёки йўқ. Яъни бидъатни ихтиёр қиладими ёки суннатни ихтиёр қиладими? Бу биринчи жавоб эди.
Иккинчи жавоб қуйидагича: «Сизлардан ҳеч бирингиз мен унга отаю боласидан ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча мўмин бўла олмас» дейилишидан мурод табиий муҳаббатдир. Табиий муҳаббат зоти эътиборидан ихтиёрдан ташқари бўлса-да, унинг сабабларига инсон қайта-қайта назар ташлаб, тафаккур киладиган бўлса, табиий муҳаббатнинг ҳосил бўлиши имконсиз эмас. Инсон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафқатлари, умматларига нисбатан жонкуярликлари ва бошқа олий сифатларини тафаккур қилгани сари бу нарсалар уни табиий муҳаббатга олиб боради. Сабаблари вужудга келтирилса, табиий муҳаббат ҳам ҳосил бўлади. Нима бўлганда ҳам мусулмон кишида энг камида ақлий муҳаббат бўлиши лозимдир.
Табиий муҳаббатнинг уч ҳил сабаблари бор: гўзаллик, комиллик ва сахийлик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда бу сифатларнинг барчаси мукаммал суратда бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда ушбу сифатларнинг барчаси мукаммал суратда топилгач, у зотга нисбатан муҳаббатнинг табиийси ирода қилинади. Буни қувватлаш учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бир воқеаларини келтирамиз. Бир куни ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан суюклисиз» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сен учун ўзингдан ҳам суюкли бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар: «Энди шундай! Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ўзимдан ҳам суюклисиз», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди бўлди, эй Умар», дедилар.(Имом Бухорий ривоят қилган. 6632-ҳадис.) Бу ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таважжуҳлари сабабли Умар розияллоҳу анҳуда у зот алайҳиссаломга нисбатан комил муҳаббат пайдо бўлди. Яна шундай бўлиши ҳам мумкинки, Умар розияллоҳу анҳу аввалда табиий муҳаббат деб тушунганлар. Пайғамбар алайҳиссалом савол қилгач, бу муҳаббат ақлий муҳаббат эканлигини англаганлар.
Савол: Ота-онага, фарзандларга, яқинларга ва дўстларга бўлган муҳаббат бор. Бу муҳаббат соғинчни келтириб чиқаради. Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат соғинчни келтириб чиқармайди-ку, бунинг сабаби нима?!
Жавоб: Бу муҳаббат юзма-юз келган пайтида зоҳир бўлади. Яъни ўша пайтда Пайғамбар алайҳиссаломни устун қўйиш намоён бўлади. Масалан, бир кишининг боласи Қуръони Каримни пастга тушириб юборса, буни кўрган ота зудлик билан унга дакки беради. Бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўргани сабабидандир. Чунки Қуръонни эъзозлашни ва ҳурматлашни бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганлар.
Савол: «Ҳадиснинг матнида ота зикр қилиниб, «отасидан ҳам кўра суюклироқ бўлмагунимча» дейилди. Ушбу ўринда фақат ота зикр қилинган, она эса зикр қилинмаган. Ваҳоланки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш онани яхши кўришдан ҳам зарурий-ку?»
Жавоб: «Матнда «волид» исми фоили зикр қилинган. Бундан мурод «зий валад», яъни «фарзандли» деган маънодир. Ота бўлсин, ёки она бўлсин, у фарзандли инсон ҳисобланади.
Савол: «Ҳадисда «волид», яъни «фарзандли» сўзи аввал зикр қилиниб, «валад», яъни «фарзанд» сўзи эса кейин зикр қилинди. Бунинг сабаби нима?»
Жавоб: «Бу нарса мавжудликнинг кўплиги эътиборидан айтилган. Зеро, одам бор экан, албатта, унинг ота-онаси бўлади. Аммо ҳар бир одамнинг фарзанди бўлади деб айтолмаймиз. Чунки баъзи инсонларнинг фарзанди бўлмаслиги ҳам мумкин».
Ҳадисда «ўзидан ҳам кўра мен суюклироқ бўлмагунимча» деб айтилмади. Балки «барча инсонлардан кўра» ибораси қўлланилди. Бундан «мўмин киши Пайғамбар алайҳиссаломни ўзидан ҳам кўра кўпроқ яхши кўриш лозим эмасми?» деган савол туғилади. Аввало, ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятларида «ўзидан ҳам кўра» калимаси зикр қилинган экан. Бу ривоятда эса ровий мухтасар баён қилишни ирода қилиб, ўша калимани ҳазф қилган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳадисда фарзанд зикр қилинди. Бу иборадан мусулмон кишига Пайғамбар алайҳиссалом ўзининг фарзандларидан ҳам кўра суюклироқ бўлиши маълум бўлади. Ана ўша фарзанднинг зимнида худди ўзи ҳам зикр қилингандекдир. Чунки инсон ўз боласини ўзининг жонидан ҳам устун қўйиб, унинг учун жонини беришга ҳам тайёр бўлади. Бу нарса Пайғамбар алайҳиссалом унинг учун ўз нафсидан ҳам кўра суюклироқ бўлиши лозимлигини ифодалайди. Бундан ташқари «барча инсонлардан кўра» ибораси остига ўзи ҳам киради. Чунки бу сўз барча инсонларни ўз ичига олувчи умумий сўздир.
Савол: «Ҳадисдаги «барча инсонлардан кўра» иборасининг остига ота ҳам, она ҳам, ўзи ҳам, ҳамда фарзанди ҳам кириб кетадиган бўлса, уларни алоҳида зикр қилишдан не ҳожат?»
Жавоб: «Бу ерда умумни хосга атф қилинган. Яъни барча инсонлар умум бўлса, фарзандли инсон ва фарзанд хосдир».

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase