Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ушбу бобда иккита ҳадисни баён қилган.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: «Нажд аҳлидан бўлган, сочи тўзиган бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Биз унинг овозини эшитдиг-у, нима деяётганини тушуна олмадик. Ниҳоят, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келди. Билсак, Ислом ҳақида сўраётган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча кундузда бешта намоз бор», дедилар. У: «Зиммамда шулардан бошқа намоз борми?» деди. «Иўқ. Лекин ўз ихтиёринг билан бўлса мустасно. Кейин Рамазон ойида рўза тутиш ҳам бор», дедилар. У: «Зиммамда бундан бошқа рўза ҳам борми?» деди. «Йўқ. Лекин ўз ихтиёринг билан бўлса мустасно», дедилар. Ўша киши орқасига қайтиб кетаётиб: «Аллоҳга қасамки, бунга зиёда ҳам қилмайман, кам ҳам қилмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида турса, нажот топди», дедилар.
Бу юқоридаги ҳадиснинг бошқа санад билан келган ривояти бўлиб, унда: «Отасига қасамки, агар гапида турса, нажот топади» ёки «Отасига қасамки, агар гапида турса, жаннатга киради», деб қўшимча қилинган.
Шарҳ: Абу Суҳайлнинг исми Нофиъ ибн Молик бўлиб, у Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг амакисидир.
Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг куняси Абу Муҳаммад бўлиб, у жаннат башорати берилган саҳобалардан бири бўлганлар. У Бадрдан бошқа барча ғазотларда иштирок этган. Бадр воқеасида Абу Суфённинг карвони ҳақида маълумот тўплаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Талҳа ва унинг шерикларини юборган эдилар. Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш учун жонли қалқон бўлиб турганлар. Натижада ўқ ва найзалар етмиш беш жойини жароҳатлайди ва қўли шол бўлиб қолди. Шу жангнинг ўзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Талҳа ўзига вожиб қилиб олди», яъни ўзига жаннатни вожиб қилиб олди, деб марҳамат қилганлар. Жамал воқеасида Оиша розияллоҳу анҳо томонида жанг қилиб, 36/656 йили 64 ёшида шаҳид бўлган.
Зо (жаа рожулун) «бир киши келди», яъни Саъд ибн Бакр кабиласидан элчи бўлиб келган Зимом ибн Саълаба эди. Бу ҳадисда «бир киши» деб ноаниқ шаклда келтирилган. Бу киши ким бўлган? Қуйидаги ҳадисларда шунга ўхшаш воқеа зикр қилинган. Бу алоҳида воқеа ва алоҳида шахсми ёки ҳаммаси бир воқеа, бир шахсми?
Тийбий, Тўрпўштий, Қози Иёз ва бошқаларнинг фикрига кўра. икки воқеа ҳам бир ва сўровчи ҳам бир киши бўлиб, унинг исми Зимом ибн Саълаба бўлган. Улар ўзларига баъзи аломатлар, ҳадислардаги ишоралар ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг баён қилиш услубини далил сифатида келтирганлар. Чунки Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ одатда келгуси ривоятни олдинги ривоятга тафсир, изоҳ ва шарҳ сифатида келтиради. Имом Муслим 102-ривоятда «бир киши» деб кишининг исмига аниқлик киритмаган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Саҳиҳул Бухорий» асарида у кишининг исмини Зимом ибн Саълаба тарзида аниқлик киритиб ривоят қилган.
Имом Қуртубий, Имом Нававий, Анваршоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳларнинг фикрича, бу иккита алоҳида воқеа бўлиб, икки ҳадиснинг баён қилиш услуби бир-биридан фарқ қилади. Икки ривоятдаги савол бериш йўналиши ҳам фарқли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларидаги сўзлари ҳам икки ривоятда икки хил келтирилган. Шунинг учун мазкур ҳадисдаги воқеа Зимом ибн Саълаба розияллоҳу анҳу билан бўлиб ўтган, дейилади. Келгуси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳадисидаги воқеа Саъд ибн Аҳзам билан содир бўлган. Табаронийда ҳам айни шу нарса нақл қилинган. Ва яна 108-ҳадисда Нуъмон ибн Қавқалга тегишли алоҳида воқеа зкир қилинади. Демак, мазкур ҳадисда баён қилинган воқеага ўхшаш воқеа уч маротаба, уч киши иштирокида содир бўлган. Мазкур ҳадисдаги воқеа Зимом ибн Саълабага тегишли бўлса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳадисидаги воқеа Саъд ибн Аҳзамга, 108-ҳадисдаги воқеа Нуъмон ибн Қавқалга тегишлидир. Бу уч воқеа ҳам Имом Муслимнинг «Саҳиҳи Муслим» асарида ривоят қилинган.
«мин аҳли наждин» - «наждлик». «Нажд» деб баландликка айтилади. «Тиҳома» деб эса нишобликда жойлашган жойга айтилади. Бугунги кунда Ҳижоз ҳукумати наждликлар қўлида. Риёз ва унинг атрофидаги минтақаларга Нажд дейилади.
(саиру ар-раъси) «сочи тўзиган». Бу ерда музоф тушиб қолган, яъни аслида ибора (мунташиру шаъри ар-раъси) (бошнинг сочи тўзиган) шаклида эди. Муболаға нуқтаи назардан сочи тўзган, дейиш ўрнига ҳатто «боши тўзиган» эди, деб айтилди.
(давиййа) сўзи «асаларини ғўнғиллаши», деган маънони англатади. Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳ: «Давиййа» деб овоз эшити-либ маъно-мазмун тушунилмаслигига айтилади. Бу худди асаларининг ғўнғиллашига ўхшайди», деган. Ҳадисда келган кишининг сочи ва кийимларидан узоқ масофани босиб ўтган мусофирнинг ҳайъати кўзга ташланади. Савол бериш асносида овозининг ғўнғиллаши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатидан ўзини йўқотиб қўйганидан дарак беради.
(фа иза ҳува ясъалу) «билсак, у Ислом ҳақида сўраётган экан». Бу ерда «иза» сўзи таажжубни ифодалайди. Чунки ҳоли хароб, қишлоқи бир кишининг Ислом ҳақида савол сўраши ҳайратланарли ва ажабланарли эди.
у (ъан ал-ислам) «Ислом ҳақида», яъни Аллоҳ таолони яккаю ягона деб билиб, Расулини тасдиқлаган кишига нималар фарз бўлиши борасида сўраётган эди. У киши Ислом сўзининг ҳақиқати ва таърифи борасида савол сўрамади. Шу боис Набий карим соллал-лоҳу алайҳи васаллам шаҳодат ҳақида сўз очмай, фарз ва арконлар ҳақида сўз юритдилар. Зеро, бу киши олдин Исломни қабул қилганлиги сабабли унга шаҳодатни зикр қилишга хожат йўқ эди. «Саҳиҳул Бухорий»да келган ривоят биз қайд қилган маънони қўллаб-қувватлайди. Чунки унда бундай дейилган:
«Аллоҳ таоло намозлардан менга нималарни фарз қилгани ҳақида хабар беринг».
Савол: Бу ерда Исломнинг арконлари борасида сўз юритилиб. нима учун ҳаж амали ҳақида ҳеч нарса айтилмаган?
Жавоб: Ҳаж ҳали фарз қилинмаган эди. Зеро, ҳаж амали еттинчи ёки саккизинчи ёки тўққизинчи ҳижрий санада фарз қилинган.
Ёки савол сўровчининг қурби ҳаж амалларини бажаришга етмагани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни зикр қилмаган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.
Ёки бирор ровий унутиб ёки ривоятни қисқа қилиб, ҳажни зикр қилмаган бўлиши мумкин. Чунки «Саҳиҳул Бухорий»да қуйидагича келган:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом шариатлари ҳақида унга айтдилар». Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга барча фарзларни айтиб бердилар. Унинг ичида ҳаж амали ҳам бор эди.
(Хамсу салавотин) «бешта намоз», яъни беш вақт намозни адо қилиш. Бундан беш вақт намоздан ташқари барча намозлар нафл ибодат, деган тушунча чиқиб қолмайдими? Ахир витр намози вожиб-ку?
Жавоб: Бу вақтда ҳали витр намози ҳам, икки ийд намози ҳам вожиб бўлмаган эди.
Бу ерда фарз намозлар ҳақида сўз кетмоқда, витр фарз намозлар таркибига кирмагани учун у ҳақида сўз юритилмади. Ёки витр намози хуфтон намозига тобе бўлгани учун уни алоҳида зикр қилмади. Икки ийд намозига келсак, у йилда бир марта ўқиладиган намоздир. Бу ерда эса кунлик ўқиладиган фарз намозлар ҳақида сўз юритилмокда.
(ва закаро лаҳу аз-заката) «унга закотни ҳам айтдилар». Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг закот борасидаги сўзларини айнан ёдлаб қолишмагани сабабли, эҳтиёткорлик билан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам закотни ҳам айтган эдилар», деб ривоят қилиптди.
(илла ан-таттовваъа) «лекин ўз ихтиёринг билан бўлса мустасно», яъни беш маҳал намоз зиммангга фарз қилинган. Агар нафл намозларни ҳам адо қилишни хоҳласанг, бемалол ўқишинг мумкин. Бу маъно «илла»ни «истиснои мунқатиъ» деб «лакин» маъносида қилганда бўлади. Борди-ю, «илла» сўзи «мунқатиъ» эмас, «муттасил» бўлса, матндан «Зиммангга беш вақт намоздан ўзгаси фарз эмас. Нафл ибодатга киришиб қўйсанг у ҳолда намозни охиригача тўлиқ ўқиб қўйишинг сенга вожиб бўлиб қолади», деган маъно чиқади. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Ва амалларингизни ботил қилмангиз» (Муҳаммад сураси, 33-оят). Қолаверса, саҳобаи киромлар нафл ҳажнинг амалларига киришиши билан унинг зиммасига ўша ҳажни охиригача адо қилиш вожиб бўлиб қолади, деб ижмо қилганлар. Бу далиллардан сўнг Ибн Ҳажар Асқалонийнинг: «Нафл ибодатларга киришгандан кейин уни охиригача адо қилиш лозим бўлиб қолиши ҳеч қандай далилга асос-ланмаган», деган сўзига ўрин қолмайди. Чунки Қуръони Карим ояти ва саҳобалар ижмоси ўта катта ҳужжат ҳисобланади.
Шофеъийлар нафл ҳаж ва умрага киши киришгандан кейин уни охиригача адо қилиши вожиб бўлади, деб билишади. Айни шу масалада уммат итгифоқ қилган.
«Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар асосида нафл ибодатга киришиш билан уни охирига етказиб қўйиш фарз бўлади», деб нимага айтмайсизлар, деган эътироз ҳанафийларга берилади. Унга бундай жавоб берилади:
«Ва амалларингизни ботил қилмангиз» (Муҳаммад сураси, 33-оят). Бу оят субути қатъий бўлса ҳам, далолати қатъий эмасдир. Шунинг учун бу оят билан фарзлик собит бўлмайди.
(ла азийду ва анқусу) «зиёда ҳам қилмайман, кам ҳам қилмайман», яъни «етказишда зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман» ёки «саволда зиёда ҳам, амалда кам ҳам қилмайман» ёки «ўзимдан бирор нарсани қўшмайман, шунингдек, кам ҳам қилмайман» ёки бу гап араб ҳамда ажамнинг ўзини сўзлашувига кўра айтилган ёки у киши қаттиқ итоат қилишини айтмоқчи бўлган. Бу ривоятнинг баёни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятида келади.
(афлаҳа ар-ражлу) «киши нажот топди» иборасидаги «алиф лом» жинс учун бўлиб, азму қарор билан ибодатга киришган ҳар қандай шахсни ўз ичига қамраб олади. Нажотнинг икки тури бор. Дунёвий ва охиратга тегишли. У киши ҳаётнинг ҳам, унинг сабабларини ҳам қўлга киритди. Охиратга тегишли нажотга келсак. у киши гапида ростгўй бўлса тугал нажотга эришди. Араб тилидаги «афлаҳ» сўзи барча яхшиликларни ўз ичига қамраб олади. Баъзилар нажотни қуйидагича изоҳлашган:
«Фаносиз боқий, фақирсиз бехожат, хорликсиз азиз ва жаҳолатсиз илмли бўлиш».
(ин содақо) «агар гапида турса» жумласига келсак, 108-ҳадисда мавжуд эмас. У ерда шартсиз («агар» сўзи айтилмасдан): «Ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўргиси келса, мана шунга қарасин», дейилган. 100-ҳадисда «агар гапида турса» деган шарт зикр қилинган. Борди-ю, воқеа ҳам, савол берувчи ҳам бошқа-бошқа бўлса, ҳеч қандай муаммо йўқ. Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ қатъий тарзда воқеани ҳам, савол берувчини ҳам бошқа-бошқа ҳолат деб айтган. Буни икки ривоятдаги, яъни 100 ва 200-ҳадислардаги саволлардан ҳам тушуниб олса бўлади. Борди-ю, воқеа бир бўлиб, савол берувчи ҳам бир бўлса, 108-ҳадисдаги қатъий ва ишонч билан айтилган сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиқиб кетганидан кейин айтилган бўлади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эканлигида, кибрланиб, ғурурга кетиб қолмаслиги учун «агар гапида турса» деб шарт билан айтган. Ёки бунга шундай жавоб берилади: «Набий карим соллаллоҳу алайҳи васалламга кишиларнинг ҳолати ўзгаргани борасида янги ҳукм олиб келиб турилган. Баъзан шаксиз ҳолатда бўлган ва баъзида шак-шубҳали ҳолатда бўлган».
(афлаҳа ва абиҳи) «отасига қасам, нажот топибди», деган жумлага келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Аллоҳ таолодан ўзгага, яъни ота-боболарга қасам ичишдан қайтариб, бу ерда ўзлари «ота» билан қасам ичмокдалар. Буни қандай тушуниш керак?
Жавоб: Бу лағв қасам. Яъни арабларнинг одатига кўра қасам ичишни ирода қилинмай айтилган гап-сўз. Қасам ичиш қасдида ота-бобо билан қасам ичишдан қайтарилган. Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур сўзлари қайтарикдан олдин бўлиши мумкин ёки бундай қасам ичиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мумкин, умматга рухсат бўлмаслиги мумкин.
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан